1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Мақолалар

Валийлик ва тенглик

Ақлли, озод, балоғатга етган аёлнинг валий(Валий - аёлни эрга бериш ҳақига эга бўлган ота, бобо, ака ва амаки каби ишбошилардир.) розилигисиз ҳам ўз тенги бўлмаган эркак билан тузган никоҳи шаръий кучга эга бўлаверади. Бироқ мазкур ҳолатда валийнинг эътироз билдириши, яъни қозига арз қилиб никоҳни бузиш ҳақи сақланиб қолади. Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳдан, аёл ўз тенги бўлмаган эркакка валийнинг рухсатисиз тегса, бундай никоҳнинг ботиллиги - ҳеч қандай шаръий кучга эга эмаслиги ҳақида ривоят бор.

Валий балоғатга етган аёлни, гарчи у бокира бўлса ҳам, мажбурламайди. Бокира қизнинг розилик сўралганда ёки эрга тегиш ҳақидаги хабарни эшитганда жим туриши, кулиши ва овоз чиқармасдан йиғлаши розилик аломатидир. Овоз чиқариб йиғлаши эса норозилик аломатидир. Бунда куёвнинг номи айтилиши шарт, маҳрнинг қанчалигини айтиш шарт эмас.
Узоқроқ валий, масалан, бобо ёки амаки бокира қизнинг турмуш қуришга розилигини сўраганда, у ўз розилигини жувон аёл сингари сўз билан билдириши керак. Қизлиги зино ёки жинсий яқинликдан бошқа сабаб билан кетганларнинг розилиги ҳам бокира қизники кабидир. Бунга сакраш ёки йиқилиш сабабли қизлик кетишини мисол қилиш мумкин.
Валий кичик ёшли ўғил ёки қиз болани никоҳлаб. қўйиши мумкин. Мазкур ҳолатда ота ёки бобо валийлик қилган бўлса, улар валийлиги остида никоҳланган ўғил ёки қиз балоғатга етгач, бу никоҳни бузиш ҳуқуқига эга бўлмайдилар. Аммо уларни ота ёки бободан бошқа валийлар никоҳлаган бўлсалар, балоғатга етгач ёки балоғатга етиб никоҳдаликларини билганларидан сўнг қозига арз қилиб никоҳни бекор қилиш ҳуқуқига эга бўладилар. Мазкур ҳолатда, яъни балоғатга етган пайтда ёки балоғатдан сўнг никоҳланганлигини билган жойда дарҳол никоҳни бекор қилиш ҳақида сўз очмаса, бокира қизнинг никоҳни бузиш ҳуқуқи бекор бўлади. Бундай пайтда ҳам қизнинг сукут сақлаши розилик аломати деб ҳисобланади. Ўзининг никоҳни бекор қилиш ҳуқуқига эгалиги ва унинг пайтини билмаслик узр ҳисобланмайди.
Никоҳдаги чўри аёл озод қилингач, шу никоҳга рози эканини дарҳол билдириши шарт эмас. Балки эри билан қолиш ёки қолмаслик ҳақидаги ихтиёри шу масала муҳокама қилинаётган мажлиснинг охиригача давом этаверади.
Ўғил боланинг ва жувоннинг никоҳни бекор қилиш ҳуқуқлари очиқ-ойдин розиликсиз ёки унга далолат қиладиган нарсасиз (қучоқлаш, ўпиш каби), шунингдек, мана шу масала кўрилаётган мажлисдан туриб кетишлари билан бекор бўлмайди.
Отаси ёки бобоси томонидан кичиклигида никоҳлаб қўйилган шахслар балоғатга етганларида никоҳни бекор қилмоқчи бўлсалар, қозига мурожаат қилишлари шарт. Озод қилинган чўри учун эса шарт эмас.
Валий деганда озод, ақлли ва балоғатга етган бўлиш шарти билан «асаба»лар, яъни ўғиллар, оталар, ака-укалар ва амакилар каби яқин эркак қариндошлар тушунилади. Мусулмон йигит ёки қизга валий бўладиган шахс ҳам мусулмон бўлиши шарт. Агар асабалардан валий топилмаса, у ҳолда она валий бўлади. Она мавжуд бўлмаган ҳолатда она томонидан бўлган қариндошлар қизга яқинликларига қараб валий бўладилар. Агар улар ҳам бўлмасалар, ўзаро дўстлик аҳду паймони бор киши валий бўлади. У ҳам бўлмаса, валий бўлишга ҳуқуқ берилган қози бўлади.
Яқинроқ валий узоқда бўлсаю (баъзилар сафар муддатича узоқликда бўлса дейдилар), келиннингтенги бўлган куёв кутишни истамаса, узоқроқ валий ҳам никоҳлайверади.
Никоҳда келин ва куёв орасидаги олти турдаги тенглик эътиборга олингани маъқул. Бу ҳолатда тақво - Аллоҳ таолодан қўрқиш асосий мезон эканини ёддан чиқармаслик шарт. Биринчиси: насабда тенглик керак. Қурайш насабидан бўлганлар бир-бирларига тенг, бошқа араблар эса бир-бирларига тенгдирлар. Иккинчиси, ажамларда, яъни араб бўлмаганларда эса насаб эмас, балки мусулмонлик жиҳатдан тенглик керак. Масалан, уч ёки ундан ортиқ ота-боболари мусулмон бўлган кишига отаси ва бобоси мусулмон бўлган киши тенг ҳисобланади. Бироқ отасигина мусулмон бўлган одам, икки ва ундан ортиқ ота-бобоси Исломда бўлган одамга тенг бўлолмайди. Ўзигина мусулмонликни қабул қилган киши бир ёки ундан ортиқ ота-бобоси Исломда бўлган одамга тенг бўлолмайди. Учинчиси, келин-куёв озодлик, яъни ўзи ёки авлодлари қул бўлган-бўлмагани масаласида тенг бўлишлари керак.
Бу масала ҳам иккинчи турда тилга олинган мусулмонлик масаласидек ҳал этилади. Тўртинчиси, диёнатдаги, яъни диндорлик жиҳатидан тенглик. Масалан, фосиқ йигит солиҳ ва тақволи кишининг қизига тенг бўлолмайди. Бешинчиси, бойликдаги тенглик. Маҳрнинг дастлабки (кўпинча маҳр иккига бўлиб берилади ва аввал берилгани дастлабки қисм ҳисобланади. Иккинчи қисми эса кейинроқ берилаверади) қисмини ва аёлнинг нафақасини бера олмайдиган йигит камбағал қизнинг ҳам тенги эмас. Маҳрнинг дастлабки қисмини ва нафақани бера оладиган йигит эса бой қизга тенг бўла олади. Олтинчиси, касб-ҳунардаги тенглик. Масалан, тўқувчи, қон олувчи, фаррош ёки тери ошловчилар атир-упа сотувчи, газлама сотувчи кабилар тенги эмас.
Агар аёл валийнинг рухсатисиз ўзига муносиб маҳрдан озга никоҳланган бўлса, валийнинг маҳрни тугал қилиш ёки ажралишни талаб қилиб, эътироз билдиришга ҳақи бор.
Бировни унинг рухсатисиз бошқа кишига никоҳлаб қўйган одамнинг (бундай одамни фузулий дейилади. Бундай одам ўзи никоҳламоқчи бўлган кишининг валийси ёки вакили бўлмаслиги керак. Акс ҳолда фузулий ҳисобланмайди) қилган никоҳи никоҳ қилинган одамнинг рухсатига боғлиқ. Агар у рози бўлса, никоҳ амалга ошган, рози бўлмаса, амалга ошмаган ҳисобланади.
Фузулий бўлмаган никоҳлантирувчи киши ҳар икки тарафдан, яъни келин ва куёв тарафидан валий бўлиб, никоҳни амалга ошира олади. Масалан, бобо бир пайтнинг ўзида бир ўғлининг қизи ва бошқа ўғлининг ўғлига валий бўлиб, никоҳга бош-қош бўла олади. Шунингдек, бир одам икки томоннинг ҳам вакили бўлиб ёки бир тарафдан вакил, бошқа тарафдан валий бўлиб, никоҳ ишида қатнаша олади.

"Ҳанафий фиқҳидан зарур масалалар" китобидан