1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Мақолалар

Суннатга мувофиқ тўй қандай бўлиши керак?

 

Ихлос бўлиши керак: ишнинг пойдеворида ихлос бўлмаса, риё бўлади. Усиз ҳам ҳаётимизнинг ҳам ма соҳасини риё эгаллаб олди. Фарқига бормаган, моҳиятини англамаган ҳолда бир-бирларимизга риёни талқин қилиб бормоқдамиз. Риё ҳаётимиз-га шунчалар ўрнашиб кетганидан риёкорлар каби муносабатда бўлганимизни ҳам билмай қоляпмиз.

Мавзу тўй масаласи бўлгач, риёкорликнинг одатдаги даражаси бир бўлса, уни ўнга чиқармоқдамиз. Одамлар ғаройиб ҳолатда ўз имконларига ёки маошларига қарамасдан, хўжакўрсинга мусобақалашмоқда. Кўп эмас, тўйдан бир неча ой ўтмасидан Пайғамбаримиз соллаллоху алайҳи васалламнинг ҳадисларида келганидек ҳалокат масаласи бошланади. Қарзини тўлаш учун фоиз олган ва тўлашнинг уддасидан чиқолмаган мусулмонларнинг кўплиги ҳақиқатан ҳайратланарли. Ҳали турмушнинг биринчи ойларидаёқ муаммолар чиқишни бошлайди. Оёғимизни кўрпамизга қараб узатганимизда, имконимиз нисбатича тўй қилганимизда, риёкор бўлмаганимизда «Одамлар нима дейди, деб эмас», «Аллоҳ нима дейди?» қайғуси билан ҳаракат қилганимизда саодатга эришишимиз ҳам осон бўларди.
Ихлос, айниқса, тўйда бўлиши керак бўлган жуда муҳим масала. Чунки нима иш қилинишидан қатъи назар Аллоҳучун қилинган амалгина ихлос ҳисобланади. Агар тўйлар ихлос билан ўтказилса эди, тўй олди, тўй куни, тўй кечаси, тўй эртаси каби бутун умрга етадиган безовталиклар бўлмасди. Масалан, тўй учун бирорта жой ижарага олинар экан ва тўй соати белгиланар экан, намоз вақтларига қараб белгилаш мумкин. Келин либосини намоз ўқишга мос шаклда танлаб кийиши ҳам мумкин.
1. Эълон қилиш: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Никоҳни эълон қилинглар» деб буюрганлар. Яширин никоҳнинг бўлмайдиган иш экани ҳаммага маълум.
Бошқа бир ҳадисда эса Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Никоҳга чақирилсангиз, чақириқни ижобат қилинг» деб буюрганлар (Бухорий, Никоҳ 72).
Яна бир ҳадисда эса: «Кимда-ким таклиф қилинган чақириққа ижобат қилмаса, ҳақиқатда у Аллоҳ ва Расулига хиёнат қилган бўлади. Рўзадор бўлса ҳам чақириқни ижобат қилади ва дуода бўлади. Агар рўзадор бўлмаса, ейди ва дуо қилади. Агар сабабсиз еб-ичмаса, гуноҳкор бўлади ва жафо қилган бўлади» [Муслим, Никоҳ 110; Абу Довуд Атъима, 1).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бошқа ҳадисларда биронта меҳмондорчиликка нафл рўза тутиб борган одамга агар уй эгаси рўзасини очишини истаб туриб олса, уни очишга рухсат берганлар. Бу рухсат яна шу чақириққа хурмат сабабидан берилган.
Анас ибн Молик (р.а.)нинг нақлига кўра, Пайғамбаримиз тўйдан қайтаётган аёл ва болаларни кўриб, ўрнидан туради ва уларни хурмат билан:
«Аллоҳга қасамки, сизлар менга [ҳозир] одамлар ичида энг суюкликсизлар!» (Бухорий, Никоҳ 75).
Демак, никоҳни эълон қилиш керак ва мусулмонлар шарт-шароит топиб, ўзини мажбурлаб бўлса ҳам эълоннинг ижобати учун ҳаракат қилишлари лозим.
Муҳаммад ибн Ҳотиб ал-Жумаҳийнинг нақлига кўра, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Никоҳнинг ҳалол ёки ҳаром эканини бир-биридан ажратадиган энг муҳим нарса дўмбира чалиш ва сўздир» деганлар (Термизий, Никоҳ 6).
Қаранг, Ойша онамиз бу мавзуда бизга қандай ҳадис нақл қилмоқда: «Тўйларингизни халққа очиқ жойларда қилинг ва тўйларингизда дўмбира чалинг» деб буюрди (Ибн Можа, Никоҳ20).
Ойша онамиз Асад ибн Зуроранинг қизи Ҳабиба бинт Асад билан Саҳл ибн Ҳунайфнинг тўйига қатнашган эди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ойша! Нима қилдинглар, келинни йўлчи қилдиларингми? Келинни куёвнинг уйига жўнатдингларми?» - деб сўраган эдилар, у ердагилардан биттаси «ҳа» деб жавоб берди.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳазрати Ойша онамизга: «Келин билан бирга дўмбира чалиб, ашула айтадиган жориялар ҳам жўнатдингизми?» - деб сўраганда, Ойша онамиз «Йўқ, ё Расулуллоҳ» деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Нимага қилмадинглар? Ансорнинг гўзал ғазаллари ва қўшиқлари бор. Улар ҳам ўйин қилишни яхши кўрадилар. Кошки, қилсангиз эди ва улар яхши кўрган шу хиргойини айтсангиз эди:
Сизга келдик, сизга келдик, Сизга салом, бизга салом. Бўлмасайди қизил олтинлар Кўринмасди пешоналар. Бўлмасайди қора буғдойлар Семирмасди вужудлар...
«Қани эди шундай хиргойи билган биронтасини жўнатсангиз эди», деганлар (Бухорий, Никоҳ 63; Ибн Можа, Никоҳ 21; Тобароний, Муъжамул Авсат 3/315).
Ҳадиснинг биринчи қисми Бухорий ва Ибни Можада, қўшиқларнинг сўзлари эса Тобаронийда келган.
Холид ибн Заквон ал-Маданий шундай нақл қилади: «Бир байрам куни қарасам, Мадина кўчаларида баъзилар даф чолиб, қўшиқлар айтмоқда. Жуда ажабландим «бу жоизми ўзи» деб ўйладим. Кимдан сўрашим мумкин дедим. Ўйланиб хаёлимга ўша кунларда (ҳали тирик бўлган) Рубайя бинт Муаввиз келди. Дарров унинг олдига бордим, ўзимни таништирдим ва сўрадим: «Одамларни бу қилган ишлари тўғрими?» (Саҳобалар саволларга жавоб беришганда Расулуллохдан нима кўришган бўлса шуни айтарди. Масалан «Биз Расулуллоҳнинг ёнларида бўлганимизда шундай қилардик, бундай қилардик, Расулуллоҳ шундай деди» каби жавоб беришарди.)
Рубайя бинт Муаввиз ўз тўйини айтишни бошлади: «Аллоҳ Расули соллаллоху алайҳи васаллам турмуш қурганимизни эшитганди. Ўша куни эрталаб уйимизга ташриф буюрдилар. Худди сен ўтирганинг каби ўша садрнинг устига ўтирдилар. Ўша вақтда жорияларнинг қўлларида дўмбиралар бор эди ва дўмбира чалиб, бир нималар айтарди.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг келганини кўриб яна ҳам ҳаяжонландилар. У қў-шиқда оталаримизнинг ва боболаримизнинг Бадр жангидаги қаҳрамонликлари куйланарди. Шу вақт жориялардан бири «Орамизда эртага нималар бўлишини биладиган Пайғамбар бор», деди. Буни эшитган Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бундай деманглар. Эртага нима бўлишини Аллоҳдан бошқа ҳеч ким била олмайди. Сиз бироз аввал айтаётганларингизни давом эттиринг» деб буюрдилар (Бухорий, Никоҳ 49; Ибн Можа, Никоҳ 21; Термизий, Никоҳ 6).
Омир ибн Саид шундай дедилар: «Бир тўйда Қараза ибн Каъб ва Абу Масъуд ал-Ансорийнинг ёнига бордим. Шу аснода кичкина қизлар қўшиқлар хиргойи қиларди. Мен ҳам: «Сизлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг асҳобидансиз ва Бадр жангига қатнашувчиларсиз, ёнингизда қўшиқлар куйланмоқда ва сизлар ҳеч нарса қилмаяпсизлар», дедим. Улардан бири: «Хоҳласанг сен ҳам кел, ёнимизда ўтир ва айтилаётганларни эшит ёки ўрнингдан туриб кетгин, тўйимизни муҳокама қилмагин. Бизларга тўйларда ўйин-кулги қилиш учун рухсат берилди» (Насоий, Никоҳ 80).
Бу ҳадисларни баъзи хулосалар чиқариш учун ўқидик. Лекин бир дона ҳадис ўқиб, ундан умумий ҳукм чиқарадиган бўлсак, унда бошимизни деворга ўзимиз урган бўламиз. Зотан, ҳукм чиқариш бизнинг ҳаққимиз эмас. Илм оламида бизнинг қай даражада сўз ҳаққимиз борки, Аллоҳнинг китобини ва Расулуллоҳнинг ҳадисларини ўқиб, ундан ҳукмлар чиқарайлик? Хукм чиқариш мужтаҳид имомларнинг иши. Илмда маълум даражаларга борганларнинг иши. Бу даврнинг одамларига ҳукм бериш енгил масала каби кўриниши мумкин, лекин ҳукм бериш масаласига ҳатто саҳобаларнинг кўпчилиги ҳам жуда эҳтиёт бўлганлар. Шунинг учун ҳам фатво берган саҳобаларнинг сони битта қўлнинг бутун бармоқларидан ошмаган. Шу сабабли ҳам бир дона оятга, бир дона ҳадисга қараб масала ҳақида сўнгги ҳукм берилмайди.
Иккинчи масала эса шу: мужтаҳид олимларимиз қайсидир мавзуга тўғридан-тўғри боғлиқ ёки бошқа жиҳатдан алоқаси бўлган оят-ҳадисларни тўплаб, ҳаммасини биргаликда ўқиб чиқар эдилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг 23 йиллик пайғамбарлик даврида буларнинг қайси бири аввал, қай бири кейин келганини топишар эди. Пайғамбаримизнинг ҳаётидаги амаллардан ихтилофли бирор масала чиқиб қолса, Расулуллоҳнинг ҳаётлари давомида энг кўп такрорланганини топиб, шунга қараб ҳукм чиқарар эдилар. Шунинг учун ҳам ҳукм чиқариш масаласи осон иш эмас. Ушбу мулоҳазаларни нақл қилсак, умумий олганда саккизта моддани айтишимиз мумкин (Батафсил маълумотларни юқорида берилган асарлардан олишингиз мумкин).
• Мусиқа, ўйин ва мазах мўминнинг хурсандчилигига, руҳиятига зиён етказмаслиги керак, мўминнинг ҳаётида буларнингўрни оз бўлиши керак, яъни бир парчагина бўлиши мумкин.
• Мусиқа одамларни Аллоҳ йўлидан тўсмаслиги керак. Диний вазифалари ва масъулиятларини ортда қолдирадиган даражада таъсир қилмаслиги керак. Мусиқага асло ибодатга қаралгандек қаралмаслиги керак.
• Мусиқадаги сўзлар шариатнинг руҳига тўғри келиши, диний қадриятларимизни оёғости қилмаслиги керак.
• Мусиқанинг сўз ёки ижросида ёлғон, туҳмат ва зинога ташвиқ, сирларни очиш, ҳаромларни ва гуноҳларни енгиллаштириш каби динимиз тарафидан ман қилинган хусуслар жой олмаслиги керак.
• Инсонлар орасида душманликни, ёмон туйғуларни, нафсоний орзуларни орттирмаслиги, диний ёки дунёвий манфаатлардан батамом узоқ шаклда фойдасиз нарсалар билан машғул қилмаслиги керак.
• Тўйда зиёфат бўлиши керак: Тўйнинг энг муҳим суннати валийма. Дўст, қариндош ва ўртоқлар билан бир дастурхонда таом ейилгани сабабли бу валийма номини олган. Ҳанафийларда тўйдаги валийманинг хукми суннати муаккада, қолган мазҳабларга кўра эса вожибдир.
Абдураҳмон ибн Авф Мадинага ҳижрат қилганда Пайғамбаримиз соллаллоху алайҳи васаллам уни ансорлардан Саъд ибн Рабийъ билан биродар қилдилар. Саъд биродарини уйига олиб борди. Овқат олиб келди ва биргаликда едилар. Бу аснода Саъд Абдураҳмон ибн Авфга шундай деди: «Эй қардошим! Мен Мадинанинг (ансорнинг) мол жиҳатидан энг бойлариданман. Молимни кўргин ва ярмини олгин. Менинг иккита аёлим бор. Сен эса менинг Аллоҳ йўлидаги биродарим бўлганинг ҳолда хотининг йўқ. Қара, қай бири сенга ёқса, менга айтгин дарров талоғини бераман. Иддаси битганда унга уйлангин», деди. Абдураҳмон ибн Авф: «Йўқ! Аллоҳга қасамки, буларнинг ҳеч бирини қабул қилмайман. Аллоҳ молингни ва аҳлингни муборак қилсин. Сен менга бозорни кўрсат», деди. Унга бозор йўли кўрсатилди. У ҳам бозорга бориб бир нарсалар сотиб олди ва сотиб, фойда қилди. Эртаси куни яна бозорга борди. Фойдасига сут ва ёғ олиб, уйидагиларга олиб келди. Бир муддатдан кейин Пайғамбаримизнинг масжидларига борди. Ундан ўша даврда куёвлар сурадиган махсус ҳид келаётганди. Пайғамбаримиз соллаллоху алайҳи васаллам: «Бу нима аҳвол?» деб сўрагач, Абдураҳмон ибн Авф ансордан бир аёлга уйланганини айтди. Расулуллоҳсоллаллоху алайҳи васаллам маҳрга нима бердинг, деб сўрагач, у беш дирҳам миқдорида олтин берганини айтди. Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи васаллам: «Аллоҳ сенга барака ато этсин! Ҳеч бўлмаса битта қўчқор сўйиб тўй зиёфати бергин!» деди.
Агар суннатнинг қадрини тушунсак, шундай қиламиз: тўйхоналарга миллионлаб пул бериш ўрнига яна ҳам чиройли ва сокинроқ жойда таомларнинг сифатини орттиришимиз мумкин. Имкони шунга етса, бошқа иложи йўқ. Лекин риё учун пуллар сарфланиб, валиймада хасислик қилинса, бунда муаммо бор. Гўштли, мазали таом тайёрланиши керакки, келганлар дуо қилсинлар. Шу йўл билан тўйнинг энг муҳим суннати ўз ўрнини топган бўлади.
• Эҳтиром бўлиши керак.
Тўйга чақирилган меҳмонларга ҳурмат ва эҳтиром кўрсатилиши керак. Улар бемалол ўтиришлари учун муносиб жойлар ташкил қилиниши ва келганлар пушаймон бўлмасликлари керак. Таклифни ижобат қилиб келганларга мавқейига қараб эҳтиром кўрсатилади. Масалан, келган одам қабила раиси бўлса, унга тўрдан жой бериларди. Бунда худди исломга тўғри келмайдиган амалдек ҳайратланманг. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай эҳтиромни ўзи учун хоҳламас эди. Аммо Саъд ибн Муоз ичкарига кирганда «Туринглар! Сизнинг раисингиз, жанобингиз келди» дер ва одамларни унинг олдида ўрнидан турғизар, уни эса тўрга ўтқизарди. Бундай ҳаракатлар суннатга мухолиф эмас.
• Эҳсон бўлиши керак.
Эҳсон луғатда «ёрдам бериш» деган маънода келади ва бу хусус тўйларда бўлиши керак. Келинга тилла ёки тўёна масаласи «эҳсон бўлиши керак» боби остида кўриб чиқилиши лозим. Ислом жамиятида бир-бирининг устида ҳақ хуқуқлари бўлган инсонлар тўй масаласида ҳам бир-бирларига ёрдам кўрсатишлари керак. Бу ёрдам масаласида тўй қилаётган тарафнинг талаб қилишини, сўрашини кутиб ўтирмаслик керак.
Никохда эҳсон масаласида менга энг кўп таъсир қилган жиҳат Ҳазрати Усмоннинг Ҳазрати Алига қилган ёрдамидир. Пайғамбаримиз соллаллоху алайҳи васаллам Фотима онамизни Ҳазрати Алига беришга рози бўлган вақт Ҳазрати Алини ёнига чақириб: «Фотимага маҳр сифатида нима берасан?», - дейдилар. Ҳазрати Али: «Ҳеч нарсам йўқ эканлигини биласиз. Битта туям, бир дона Бадрда менга берган зирҳингиз бор. Бошқа ҳеч нарсам йўқ», - деди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳазрати Алининг аҳволини билсалар ҳам сўрадилар. Бу ерда Пайғамбаримизнинг ибрат мақсадида айтган ҳикмати бор: «Бошқаларга суяниб яшаш йўқ!» Ҳазрати Али Ҳазрати Фотимага уйланиш мақсадида тўй чиқимлари учун зирҳини сотувга қўйди. Бозорда Ҳазрати Усмонни кўрди. Ҳазрати Али дарров хушхабар берди. Сўнг маҳр бериш учун зирҳини сотаётганини маълум қилди. Ҳазрати Усмон 480 дирҳамга зирҳни сотиб олди ва пулини тўлади. Кейин у зирҳни Ҳазрати Алига тўй ҳадяси қилиб юборди.
Бизда шундай одатлар бор: Кимдир тўйда бирон нарса берса ёки тақиб қўйса, уни қарздек беради. Олган тараф ҳам вақти келганда худди ўша берилган нарса миқдорида қарзини тўлагандек қайтаради. Бу тўғри одат эмас. Ҳамма одам моддий ва маънавий томондан бир хил аҳволда эмас. Бундай одатлар ислоҳ қилиниши керак. Мана шу эҳсон масаласини тўғри тушунсак, бу каби муаммоларни ҳам тушунган бўламиз.
Аллоҳ таоло бизнинг тўйларимизни ҳам шу беш пойдевор асосида бўлишини насиб қилсин.

Муҳаммад Амин Йилдиримнинг
"Никоҳ аҳлоқи" китобидан