Мақолалар
Жинсий алоқа одоблари ҳақида
- Подробности
- Бўлим: Фатволар
- Чиққан санаси: 06 Июнь 2013
- (Нашр қилинган санаси)
Ҳар бир мусулмон ўз жуфти билан бирга бўлгандан сўнг ўзларини ҳаром ҳисоблаб, ғусл қилишади. Улар бу ишни қилишдан олдин ҳалол бўлишадими? Ёки бу ишни бажаришнинг ҳам ўзига яраша фарз, суннат амаллари борми ёки дуо ўқиш керакми? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат.
ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Одамнинг сиз айтган ҳолатини ҳалол ёки ҳаром дейилмайди, балки пок ёки нопок дейилади. Бундай ҳолатдаги шахс шаръий китобларда «жунуб» деб аталади. «Жунуб» сўзи луғатда «четда турувчи» деган маънони англатади.
Шариатда эса, жинсий яқинлик, уйқуда булғаниш ва бошқа сабабга кўра маний чиқариб, ғусл вожиб бўлган шахсга нисбатан айтилади. Fусл вожиб бўлган одам намоздан, Қуръондан, масжиддан ва шариат кўрсатган яна бир қанча нарсалардан четда бўлгани учун ҳам «жунуб» номини олган.
Эр-хотин жинсий алоқа қилишгандан кейин нопок бўладилар. Шунинг учун, ғусл қилиб покланиб оладилар.
Ислом таълимотларида эр-хотин ўртасидаги жинсий яқинликнинг одоблари батафсил баён қилинган. Биз улардан айримларини қисқача эслатиб ўтамиз. Эр-хотин қовушиш олдидан поклик, одоб-ахлоқ руҳида бўлишлари, алоқа мобайнида ҳам шариат доирасидан чиқмасликлари тавсия этилади. Хусусан, яқинлик қилишдан олдин қуйидаги ҳадисда келган дуони унутмаслик лозим.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Агар бирингиз ўз аҳлига яқинлик қилишни ирода қилган пайтида: «Бисмиллаҳ (Аллоҳнинг номи билан). Аллоҳим, биздан шайтонни четда қилгин ва шайтонни бизни ризқлантирган нарсангдан четда қилгин», деса, агар ўшандан уларга фарзанд бериладиган бўлса, унга шайтон абадий зарар етказа олмайди», – дедилар».
Бешовлари ривоят қилишган.
Жуфти ҳалолига жинсий яқинлик қилаётган киши ушбу дуони ўқиши лозим. Ўшанда шайтоннинг шарридан паноҳ топиши мумкин. Агар ўша яқинликдан ораларида фарзанд пайдо бўлса, унга ҳеч қачон шайтон зарар етказа олмайдиган бўлади.
Бугунги кунда генетика фани олимлари шуни аниқлашдики, ота-онанинг жинсий алоқадан олдинги ва алоқа вақтидаги жисмоний ва руҳий ҳолатлари бўлажак болага ўтиши мумкин экан. Хиёнат йўли билан – зинодан бўлган болалардаги айрим салбий ҳолатлар, эҳтимол, ана шу омил сабабидандир.
Айрим жиҳатлари энди-энди кашф қилинаётган ушбу масалада ҳам Ислом бундан ўн тўрт аср олдин керакли тавсия ва кўрсатмаларни бериб қўйган экан.
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Яланғоч бўлишдан сақланинглар. Чунки, сиз билан қазои ҳожат ва эр киши ўз аҳлига борган пайтдан бошқа вақтда ҳеч ажралмайдиган шахслар бўлади. Бас, улардан ҳаё қилинглар ва уларни икром этинглар», – дедилар».
Термизий «Одоб» бобида ривоят қилган.
Бу ривоятда «фақат икки ҳолатдан бошқа пайтда одамдан ажралмайдиганлар» деб айтилаётганлар фаришталардир. Ушбу фаришталарнинг баъзилари кишини турли бало-офатлардан қўриқлаб турсалар, баъзилари қилган амалларини ёзиб турадилар. Шунинг учун ҳам мўмин-мусулмонлар доимо ўша фаришталар, риоясини қилиб туришлари керак. Шариат рухсат бермаган ҳолатларда ҳеч қачон авратларини очмасликлари лозим. Акс ҳолда, фаришталарга озор етказадилар.
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Яҳудийлар: «Агар эркак хотинининг олдига орқа томонидан яқинлик қилса, бола ғилай бўлади», дер эдилар. Шунда «Аёлларингиз экинзорларингиздир. Бас, экинзорингизга хоҳлаган томонингиздан келинг» ояти нозил бўлди».
Тўртовлари ривоят қилишган.
Жинсий тарбия муҳим масалалардан бўлгани учун, Аллоҳ таоло уни Қуръон Каримда зикр қилган. Доим бўладиганидек, ўша пайтларда ҳам бу нозик ва ўта ҳассос масалада одамлар ичида бўлар-бўлмас гаплар чиқиб турар эди. Жумладан, аҳли китоб, маданият соҳиби саналган яҳудийлар ҳам турли дийдиёларни тарқатиб турар эдилар. Улар «Агар эр хотинининг олдига орқа тарафидан туриб яқинлик қилса, боласи ғилай туғилади» деган гапни тарқатган эдилар. Аллоҳ таоло юқорида зикр этилган оятни нозил қилиб, уларнинг гаплари ботил эканини баён этди. Қайси томонидан бўлса ҳам экинзорга – бола бўладиган жойга бўлса бўлди. Боланинг қандоқ бўлишига яқинлик қилиш ҳолати сабаб бўлмайди.
Сунан эгалари ривоятида:
«Ким аёл кишининг орқасига яқинлик қилса, малъундир», дейилган.
Ўз хотинининг олдини қўйиб, орқасига яқинлик қилиш катта гуноҳдир. Ундоқ одам Аллоҳ таолонинг лаънатига учрайди. Чунки, бу – шаръан ҳаром қилинган ишдир. Шариатда ҳаром қилинган ишни қилган одам эса, лаънатга учрайди, Аллоҳнинг раҳматидан қувилади.
Али ибн Толқ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Бир аъробий Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб:
«Эй, Аллоҳнинг Расули, биздан бир киши очиқ жойда бўлади. Ундан ҳид чиқади. Сув оз бўлади», – деди.
«Қачон бирингиз ҳид чиқарса, таҳорат қилсин, аёлларнинг орқаларига яқинлик қилманглар! Албатта, Аллоҳ ҳақдин ҳаё қилмас», – дедилар».
Аъробийлар саҳро табиатли бўлганлари учун, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан нима тўғри келса тортинмасдан сўраверишар эди. РАсулуллоъ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан доимо бирга бўладиган саҳобийлар ҳам аъробийлар келиб, бирор нарса сўрашса эди, биз ҳам фойдаланиб қолар эдик, деб туришар эдилар.
Мана, бир аъробий келиб, аъробийчасига савол сўради. Унинг саволи «ҳид чиқарган одам таҳорат қилмай қўяверса бўлавермайдими?» деган маънода эди. Расулуллоъ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳид чиқарган одам таҳорат қилиши шарт эканлигини таъкидлаш билан бирга, бошқа бир муҳим масалани ҳам айтиб ўтдилар. У ҳам бўлса, аёл кишининг орқасига яқинлик қилмаслик. Бу жуда муҳим масала, буни эркагу аёл – ҳар бир шахс билмоғи керак. Чунки бу, ҳалол-ҳаромга, гуноҳга тегишли иш. Бу, уят гап деб айтмай кетадиган нарса эмас. Шунинг учун ҳам Расулуллоъ соллаллоҳу алайҳи васаллам мазкур гапни айтганларидан кейин «Албатта, Аллоҳ ҳақдин ҳаё қилмас», деб илова қилиб қўймоқдалар.
Худди шу маъно бизнинг тилимизда «Шариатда шарм йўқ» деган ибора билан ифодаланган. Ҳалол-ҳаром, гуноҳ-савобга боғлиқ бўлгани учун, баъзи оддий ҳолатларда уятли ҳисобланган гапларни ҳам гапиришга тўғри келиши шундоқ изоҳланади.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Эркак ёки аёл кишининг орқасига яқинлик қилган кишига Аллоҳ назар қилмас», – дедилар».
Икковини Термизий ва Аҳмад ривоят қилишган.
Ушбу ривоятда зикр қилинган иш энг мункар, энг жирканч ишлардан эканлиги, уни инсонлик табиатидан чиқиб кетган малъунларгина қилиши мумкинлиги ҳаммага маълум ва машҳур. Валлоҳу аълам.
Кўп манзур бўлган мақолалар
- Оилали фоҳишалар
- Эр-хотин ўртасида муҳаббатни кучайтириш учун 10 та восита
- Хар дарднинг шифоси бор
- Жинсий қарамлик (шаҳватпарастлик)
- Зинонинг “замонавий” тури
- Эр ўз аёлидан зерикканлигининг аломатлари
- Рамазонда хотини билан қўшилишлик
- «Мен ичмайман» дейсизми?
- «Сен буюк ялқов бўлиб етишасан!»
- Mаданий ҳордиқдаги маданиятсизлик
Оила, никоҳ, талоқ (фатволар)
- Ота-онамни бориб кўришдан тўсишга эримнинг ҳаққи борми?
- Аёл кишининг машина ҳайдаши
- Ажраш ҳуқуқи хотинга ҳам бериладими?
- Аёлларга тааллуқли масалалар
- Аёлларнинг қабристонга бориши
- Аёлларни эркакларга ўхшаб намоз ўқиши
- Сафар қилиш
- Махсус кунларда Қуръон ушлаш, тиловат қилиш ҳақида
- Етимни фарзандликка олса бўладими?
- Аёлларга қўйиладиган тақиқлар
- Депиляция
- Иккинчи турмуш
- Кўз зиносидан эркаклар қандай сақланади?
- Аёл киши телевидениеда журналист бўлиши, кўрсатувлар олиб бориши мумкинми?!
- Сочи узун эркаклар ва сочи калта қизлар