Мақолалар
Сафар ойида тўй қилиб бўлмайдими?
- Подробности
- Бўлим: Фатволар
- Чиққан санаси: 21 Ноябрь 2014
- (Нашр қилинган санаси)
Сафар ойида сафар қилиб, тўй ўтказиб бўлмас эмиш, бу ойда сафар қилса йўлда офатга дучор бўлармиш, тўй қилса, оиласи бахтсиз бўлармиш, деган гаплар юради. Динимизнинг бундай иримларга муносабатини билмоқчи эдим.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари жавоб берадилар:
Бу гапларни ўзим ҳам болаликдан буён эшитиб келаман. Дастлаб, сафар ойида сафар қилиб бўлмасмиш, деган гапни эшитганимда номи сафар бўлгани учундир-да, деб хаёл қилган эдим. Кейин билсам, ой номи сафар эмас, «софар» экан. Бу ой номининг сафарга ҳеч қандай алоқаси йўқ экан. Отамиз раҳматли бу ой тўғрисидаги одамлар ичида тарқалиб қолган гап-сўзлар нотўғри эканини айтиб юрар эдилар. Албатта, бошқа аҳли илмлар ҳам ҳақиқатни халққа етказишар эди. Аммо халқ орасида барибир сафар ойидан шумланиш маъносидаги гаплар давом этаверарди. Сафар ойи ҳақидаги нохуш тушунча ва эътиқодлар ҳозир ҳам давом этмоқда.
Қуръони каримда сафар ойига оид маълумот борми? Текширишлар шуни кўрсатдики, йилнинг бошқа ойлари қатори сафар ойи ҳам Қуръони каримда ўз номи ила тилга олинмаган экан. Аммо Қуръони карим оятларини тафсир қилиш ва улардаги ишораларни англаб етиш учун келтириладиган маълумотларда сафар ойи борлиги аён бўлди. Аллоҳ таоло Тавба сурасида: «Албатта, «насийу» куфрда зиёда бўлишдан ўзга нарса эмас. Бу билан куфр келтирганлар залолатга кетказилади. Аллоҳ ҳаром қилган нарсанинг ададига мослаш учун уни бир йил ҳалол қилиб, бир йил ҳаром қилишади. Бас, бу билан Аллоҳ ҳаром қилган нарсани ҳалол қилишади. Уларга амалларининг ёмонлиги зийнатланди. Аллоҳ кофир қавмларни ҳидоят қилмайди» деган (37-оят).
Ояти каримадаги «насийу» сўзи луғатда “ортга суриш” маъносини ифода қилади. Жоҳилият даврида уруш ҳаром қилинган ойнинг ҳукмини бошқа, кейин келадиган ойга суриш одати бўлган эди. Яъни, араб мушриклари ҳам тўрт ой –муҳаррам, зулқаъда, зулҳижжа ва ражабнинг ҳаром (яъни, қон тўкиш ҳаром қилинган) ойлар эканини тан олар, ўша ойларда уруш тамоман тўхтар эди. Агар бирор киши шу ойларда отасини ўлдирган одамни учратиб қолса ҳам, унга тегмасди. Аммо бордию, урушни хоҳлаб қолишса, аслида ҳаром бўлган ойнинг ҳаромлигини орқага суриб қўйиб, уруш қилишаверар эди.
Мисол учун, муҳаррам ҳаром ой, аммо шу ойда уруш қилгилари келиб қолса, бу йил унинг ҳаромлигини сафар ойига сурдик, ўша ойда уруш қилмаймиз, деб му-ҳаррамда жанг қилишар эди. Сафарда эса, урушишмасди. Янаги йили аксинча бўларди. Улар бир йилда тўрт ой урушмасак бўлди-да, қайси ойда бўлишининг нима фарқи бор, дегандек иш тутишар эди.
Жоҳилият замонида яшаганлар сафар ойини муҳаррамга яна бошқа бир мақсадда ҳам алмаштиришар эди. Уларнинг бу ишини қуйидаги ривоятдан билиб оламиз: Ибн Аббосдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади: «Қурайш ва унинг динини тутганлар ҳаж ойларидаги умрани ер юзидаги энг катта фужурлардан бири деб билишарди. Улар муҳаррамни сафар қилар ва «Қачон туянинг яраси битса, излар йўқолса, сафар ойи тугаса, умра қилувчига умра ҳалол бўлади», дейишар эди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у зотнинг саҳобалари тўртинчи куни эрталаб ҳажга эҳром боғлаб келишди. У зот саҳобаларга умра қилишни амр қилдилар. Бу уларга катта иш бўлиб кўринди ва улар: «Эй Аллоҳнинг расули! Ҳалолликнинг қайсиси?» дейишди. «Ҳалолликнинг барчаси», дедилар» (Имом Бухорий, Муслим, Абу Довуд ривоят қилишган).
Жоҳилият аҳлининг бунга ўхшаш ўзларича жорий қилиб олган номаъқул ишлари жуда ҳам кўп эди. Ўша ишлардан бири уларнинг ҳаж ойларидаги умрани ер юзидаги энг катта фужурлардан бири деб билишлари эди.
Исломдан олдинги жоҳилият даврида сафар ойидан шумланиш одати ҳам бор эди. Улар “сафар ойида янги иш бошлаб бўлмайди”, “никоҳ ақди қилиб бўлмайди”, “аёли билан бирга оилавий ҳаётни бошлаб бўлмайди”, “сафарга чиқиш мумкин эмас” каби бир қанча хурофотлар асосида бу ойдан шумланишар эди. Уларнинг фикрича, бу ой хосиятсиз бўлиб, унда турли ёмон мавжудотлар ер юзида тарқалар ва мазкур ишларни қилган одамларга зарар етказар эмиш.
Барча нотўғри эътиқодлар қатори динимиз бу каби хурофотдан иборат фикрларни ҳам тўғрилади. Пайғамбаримиз алайҳиссолату вассалом бу борада бир қанча ҳадис айтганлар: Абу Ҳурайрадан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалам: «Касаллик юқиши йўқ, бойқуш йўқ, навъу йўқ ва сафар йўқ», дедилар» (Имом Бухорий, Муслим, Абу Довуд ривояти).
Ҳанафийларнинг энг машҳур фатво мажмуаларидан бири бўлмиш «Фатавойи Оламгирия» ва шаръий одоблар бўйича мазҳабимизнинг асосий манбаларидан бўлмиш «Барийқаи Маҳмудия шарҳи Ториқаи Муҳаммадия» китобларида сафар ойига оид қуйидаги маълумотларни ўқиймиз: «Сафар ойида сафар қилмайдиган, никоҳ ва бошқа ишларни бошламайдиган, Набий алайҳиссаломдан ривоят қилинадиган «Ким менга сафар чиққанининг башоратини берса, мен унга жаннат башоратини бераман» деган гапни маҳкам тутиб олган кишилар ҳақида сўрадим. Бу ривоят ўзи тўғрими? Сафар ойида бахтсизлик ва машъумлик борми? У ойда бир иш қилишдан қайтариш борми?» деб сўрадим. У киши қуйидаги жавобни берди: «Сафар ойи ҳақида айтган гаплари (жоҳилиятдаги) арабларнинг гапидир. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбат бериб айтган ривоятлари қип-қизил ёлғондир» («Жавоҳирул фатаво»дан).
Жоҳилият даври аҳлининг сафар ойидан шумланишига тамоман зид ўлароқ бу ой Исломда «сафарул хойр» – «сафар яхшилик» деб номланди. Жоҳилиятдаги одамларнинг: “сафар ойида иш бошлаб бўлмайди”, деган хурофотига зид ўлароқ Исломда кўпгина ишларни айнан сафар ойида бошланди. Масалан, Масжиди Набавийнинг қурилиши биринчи ҳижрий сананинг айнан сафар ойида бўлди. Жоҳилиятдаги кишиларнинг сафар ойида сафарга чиқиб бўлмайди, деган эътиқодига зид ўлароқ мусулмонлар худди бошқа ойлардаги каби бемалол сафарларга чиқишди. Пайғамбар алайҳиссалом сафар ойида сафарга чиқиб, Хайбарни фатҳ қилдилар. Жоҳилият давридагиларнинг сафар ойида никоҳланиб бўлмайди, деган сафсатасига қарши ўлароқ мусулмонлар бу ойда никоҳлар ўтказишди. «Туҳфатул Муҳтож фии шарҳил Минҳож» китобида ва бошқа манбаларда имом Зуҳрийнинг ривоятлари асосида келтирилишича, Пайғамбаримиз алайҳиссалом айнан сафар ойида қизлари Фотимаи Заҳрони Али розияллоҳу анҳуга никоҳлаб бердилар. Ўшанда ҳижратнинг иккинчи йили эди. Демак, сафар ойидан шумланиш динимизда йўқ нарса экан.
Шайх Муҳаммад Содиқ МУҲАММАД ЮСУФ.
(“Зикр аҳлидан сўранг” китобидан).
Кўп манзур бўлган мақолалар
- Оилали фоҳишалар
- Эр-хотин ўртасида муҳаббатни кучайтириш учун 10 та восита
- Хар дарднинг шифоси бор
- Жинсий қарамлик (шаҳватпарастлик)
- Зинонинг “замонавий” тури
- Эр ўз аёлидан зерикканлигининг аломатлари
- Рамазонда хотини билан қўшилишлик
- «Мен ичмайман» дейсизми?
- «Сен буюк ялқов бўлиб етишасан!»
- Mаданий ҳордиқдаги маданиятсизлик
Оила, никоҳ, талоқ (фатволар)
- Ота-онамни бориб кўришдан тўсишга эримнинг ҳаққи борми?
- Аёл кишининг машина ҳайдаши
- Ажраш ҳуқуқи хотинга ҳам бериладими?
- Аёлларга тааллуқли масалалар
- Аёлларнинг қабристонга бориши
- Аёлларни эркакларга ўхшаб намоз ўқиши
- Сафар қилиш
- Махсус кунларда Қуръон ушлаш, тиловат қилиш ҳақида
- Етимни фарзандликка олса бўладими?
- Аёлларга қўйиладиган тақиқлар
- Депиляция
- Иккинчи турмуш
- Кўз зиносидан эркаклар қандай сақланади?
- Аёл киши телевидениеда журналист бўлиши, кўрсатувлар олиб бориши мумкинми?!
- Сочи узун эркаклар ва сочи калта қизлар