Мақолалар
Тошбақамисиз, қуёнми?
- Подробности
- Бўлим: Ривоят
- Чиққан санаси: 19 Март 2014
- (Нашр қилинган санаси)
Бир куни тошбақа ва қуён «ким тез?» деб тортишиб қолишибди. Тортишув шу қадар жиддийлашиб кетибдики, ўрмондаги барча ҳайвонлар бу тортишувга ҳакамлик қиладиган бўлишибди ва ғолибни аниқлаш учун пойга ўтказилибди.
Табиийки, қуён илгарилаб кетибди ва чопқиллаганча йўлнинг ярмига етиб борибди. Кейин кибрланишга тушибди: «Нима қиламан ўзимни қийнаб? Барибир тошбақадан тезман! Яхшиси, бироз дам олай, ғолиблик эса қочиб кетмайди».
Шундай деб қуён катта бир дарахтнинг соясида уйқуга кетибди ва… тошбақа маррага яқинлашиб қолганида уйғонибди. Бор кучи билан югурса ҳам, ғолибликни бой берибди. Тинимсиз ҳаракат қилган тошбақа эса биринчи бўлиб маррага етиб келибди. Ҳамма ҳайвонлар тошбақага олқиш айтиб, меҳнаткашлиги учун мақташга, маррага иккинчи бўлиб етиб келган қуённи эса «дангаса» деб айблашга тушишибди.
Бу – ҳаммамиз яхши биладиган эски эртак. Ҳар сафар ўғлимга шу эртакни айтиб берганимда, «Мен тошбақаман, мен тошбақаман!» деб ўзини унинг ўрнига қўйиб кўради, қуённи дангасалиги учун ёмонлайди! Ўзини ғолиб ўрнида тасаввур қилиб, хурсанд бўлади.
Хулоса шундан иборатки – «секин, аммо давомий ишлаш доим тез, аммо бетартиб ишлашдан кўра унумлироқ натижа беради».
Яқинда бир китобда бу эртакнинг давомини учратиб қолмаганимда, уни сизга ҳикоя қилиб бермаган бўлардим. Эртакнинг давомини эшитинг.
Хуллас, мағлубиятга чидай олмаган қуён ўрмонда бош кўтариб юра олмай қолибди ва нима учун енгилганини яхшилаб мулоҳаза қилишга тушибди. «Мен эътиборсизлик қилдим, рақибни менсимадим, дангасалик қилдим», деб, ўз айбларини аниқлабди ва тошбақани яна бир марта пойга ўтказишга чақирибди. Тошбақа розилик берибди. Бу сафар қуён мутакаббирлик қилмай, тўхтовсиз югурибди ва катта фарқ билан ғалаба қозонибди. Ўрмондаги ҳайвонлар қуённи яна «энг тез ҳайвон!» деб тан олиб, ундан узр сўрашибди.
Демак, эртакнинг хулосаси ўзгарди – «тез ва тўхтовсиз ҳаракат қилиш секин ва давомий ҳаракат қиладиганларни доим катта фарқ билан мағлуб этади!». Меҳнаткаш тошбақа дангаса қуёндан яхши, аммо агар қуён дангасалигини ташласа, тезлик борасида тошбақа унга асло ета олмайди! Яъники, секин ва давомий ишлаш фойдали бўлгани билан тез ва давомий ишлаш ҳар доим яхшироқ натижа беради.
Қуён бўлиш барибир яхши-а? Аммо, шошманг, эртак ҳали тугагани йўқ.
Мағлубиятга учраган тошбақа ҳам аҳволни яхшилаб ўрганиб чиқишга киришибди ва мағлубият сабабларини аниқлабди. Қуённи текис йўлда енга олмаслигини тушунгач, ўз имкониятларини чамалаб кўрибди ва рақибини ўрмон ташқарисида, ўртасидан дарё ўтган йўлда пойга ўтказишга чақирибди. Ўзининг тезлигига ишонган ва аввалги ғалабасидан руҳланиб кетган қуён иккиланмасдан розилик берибди ва бутун ўрмон гувоҳлигида янга пойга бошланибди.
Кутилганидек, дарёгача қуён биринчи бўлиб етиб келибди. Аммо ҳарчанд уринмасин, дарёдан ўтишга кучи етмабди. У ёққа югурибди, бу ёққа чопибди. Аммо шундоққина дарёнинг нариги томонидаги марра чизиғини кесиб ўта олмабди. Бу вақтда тошбақа дарёгача бўлган йўлни ортда қолдириб, дарёга яқинлашибди, ундан осонликча сузиб ўтибди ва биринчи бўлиб маррага етиб борибди. Қуён иккинчи бўлиб келиш тугул, бу сафар ҳатто марра чизиғини кесиб ўтишдан ҳам ожиз қолибди. Ўрмондаги ҳамма ҳайвонлар яна тошбақани мақташга тушиб кетишибди. Ер ёрилмабди-ю, қуён ерга кириб кетмабди. Тошбақанинг ақллилиги унга фойда берибди. Ўрмондаги ҳамма ҳайвонлар «қуённинг тезлиги тошбақанинг ақли олдида ҳеч нарса эмас» деган фикрни билдиришибди.
Кўряпсизми, хулосамиз яна ўзгаради – «бирон бир ишни бошлашдан аввал ўз имкониятларимизни ўрганиб чиқиш, ўзимизга қулай йўл танлаш ва шундан кейингина ишга кириш зарур. Қуён балки тошбақадан тездир, аммо баъзи ишларда қуённинг тезлиги эмас, тошбақанинг ақли кўпроқ фойда келтиради!».
Хўш, энди кимсиз — тошбақами, ёки қуён? Жавоб беришга шошилманг, чунки бу ҳам ҳали эртакнинг охири эмас!
Уч марта ўзаро пойга ўйнаган қуён билан тошбақа яқин дўст бўлиб қолганлари учун масалага биргаликда ёндашишга қарор қилишибди. Ўзаро маслаҳатлашиб, сўнгги марта яна пойга ўтказишга ва бутун ўрмон аҳлини нафақат тошбақанинг ақли, балки қуённинг тезлиги ҳам фойда беришига ишонтиришга қарор қилишибди. Ҳаммани чақириб, ўртасидан дарё ўтган худди шу йўлни биргаликда босиб ўтишибди. Яъни, дарёгача қуён тошбақани кўтариб олиб борибди, дарёга етганларида, тошбақа қуённи кўтариб сузиб ўтибди ва иккала дўст маррага биргаликда, аввалгисидан анча тез етиб келишибди! Унчалик чарчашмабди ҳам! Муҳими, тошбақа ҳам, қуён ҳам бошини тик тутиб ўрмонга қайтибди. Ўрмондаги ҳайвонлар ҳам пойгани аввалгидек ярим кун томоша қилишмабди, иш қисқа фурсатда якунига етганидан хурсанд бўлишибди!
Энди сўнгги хулосага келсак. «Ёлғиз ишлаш, тезликка, ақлга ёки бошқа қандайдир устунликка эга бўлиш ўз ўрнида фойда келтириши табиий. Аммо мукаммал натижа учун жамоа бўлиб ишлай олиш, жамоадошининг айбини беркитиш ва керак жойда унга кўмаклашишдан кўра унумлироқ ечим йўқ! Беш бармоқ тенг эмас ва инсон қайсидир соҳада бошқалардан қобилиятли бўлса, қайсидир соҳада ундан-да қобилиятлироқлар борлигини тан ола билиши керак».
Кўряпсизми, қуён ҳам, тошбақа ҳам мағлубиятга учраганидан кейин тўхтаб қолмади. Ўз мағлубиятининг сабабини ўрганиб, хатоларини тузатди, тинимсиз меҳнат қилди ва келгуси пойгада албатта ғалаба қозонди.
Кўряпсизми, тошбақа бор кучини ишга солганида ҳам қуённи енга олмаганидан ке-йин, ўзи учун қулайроқ йўл излади ва шу йўл билан нималарга қодирлигини кўрсатиб берди! Одатий йўл фойда бермагач, бошқа йўлни синаб кўрди ва мақсадига эришди!
Кўряпсизми, қуён ва тошбақа доим мағлубиятдан керакли хулоса олишди ва охир-оқибат бир-бирларига қарши эмас, вазиятга қарши курашишди. Бу эса энг яхши натижага эришиш учун имкон яратиб берди!
Хўш, энди айтасизми қуён ёки тошбақалигингизни? Рости, бу саволни ҳали ўғлимдан ҳам сўраб кўрганимча йўқ. Унга ҳали бу эртакнинг давомини ҳам айтиб беришга улгурмадим. Лекин биринчи марта бу эртакни айтиб берганимдан кейин у энди анча улғайган. Ҳозир ҳамма саволга ўйлаб жавоб беради! Эртакни сиз тушунгадек тушунадими-йўқми, билмадим-ку, лекин «тошбақамисан, қуёнми?» деб сўрасам, ҳойнаҳой «Мен Билолман!» деб жавоб берса керак. Менимча, шу гапи ҳам тўғри. Чунки тошбақа ёки қуён бўлиб яралиш бизнинг истагимиздаги нарса эмас, қўлимиздан келгани – ўз имкониятимиздан унумли фойдаланиш. Қуёнлар югурсин, тошбақалар ақлини ишлатсин, муҳими – маррага имкон борича тез етиб келайлик ва ҲАММАМИЗ БИРГАЛИКДА ғалаба қозонайлик.
Аваз Бердиқулов
Кўп манзур бўлган мақолалар
- Оилали фоҳишалар
- Эр-хотин ўртасида муҳаббатни кучайтириш учун 10 та восита
- Хар дарднинг шифоси бор
- Жинсий қарамлик (шаҳватпарастлик)
- Зинонинг “замонавий” тури
- Эр ўз аёлидан зерикканлигининг аломатлари
- Рамазонда хотини билан қўшилишлик
- «Мен ичмайман» дейсизми?
- «Сен буюк ялқов бўлиб етишасан!»
- Mаданий ҳордиқдаги маданиятсизлик
Оила, никоҳ, талоқ (фатволар)
- Ота-онамни бориб кўришдан тўсишга эримнинг ҳаққи борми?
- Аёл кишининг машина ҳайдаши
- Ажраш ҳуқуқи хотинга ҳам бериладими?
- Аёлларга тааллуқли масалалар
- Аёлларнинг қабристонга бориши
- Аёлларни эркакларга ўхшаб намоз ўқиши
- Сафар қилиш
- Махсус кунларда Қуръон ушлаш, тиловат қилиш ҳақида
- Етимни фарзандликка олса бўладими?
- Аёлларга қўйиладиган тақиқлар
- Депиляция
- Иккинчи турмуш
- Кўз зиносидан эркаклар қандай сақланади?
- Аёл киши телевидениеда журналист бўлиши, кўрсатувлар олиб бориши мумкинми?!
- Сочи узун эркаклар ва сочи калта қизлар