1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Мақолалар

Номус энг қимматли борлиғи эди

Бу ҳикоя ёш қизчаларимизга бир армуғондир. Ҳикоя қилаётганим бу воқеа Буюк Пайғамбаримиз Ҳазрат Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг замонларида Мадинада рўй берган.
Ул замонларда инсонлар қабилалар ҳолида яшар эдилар.
Бир кун Ҳузайл қабиласидан бир ўспирин туясига миниб йўлда кетар эди. Якка ўзи ёлғиз йўлдан келар экан, қирлар, адирлар ҳам кимсасиз, унсиз эди. Ҳеч бир ерда сас, садо йўқ. Ул одам туясига миниб саҳроларда сассиз, жим кетаркан, узоқда қўйлар сурувини кўрди. Сурувга яқинлашганида қўйларни ўтлатиб юрган чўпон аёл киши эканлигини билди. Яна ҳам яқинлашганидан сўнг чўпон аёл Рашид исмли одамнинг қизи эканлигини таниди. Ўспирин йигитнинг қалбида бир бузуқлик бор эди, ҳар ҳолда сурувга яқин келганда фикри бузилди. Шул онда туясини чўктириб, яна туриб кетмасин деб тизгинидан боғлаб қўйди. Сурувни ўтлатиб юрган ёлғиз қизга:
— Бу ерда ёлғиз ўзинг қўрқмайсанми? Биз бир қардошмиз, кел қўйларингни бирга ўтлатайлик. Оқшомда уйга бирга кетамиз. Мен сенга ҳамроҳ бўламан, — деб унга яқинлаша бошлади.
Қўйларини ўтлатиб юрган қиз ақлли, оқила қиз эди. «Бу элнинг одами менга қандай қилиб қариндош бўлади» деб ўйлади ва жавоб берди:
— Бу ердан дарҳол кет. Мен қўйларимни ўзим ўтлатаман. Бу ерда турма, тез даф бўлиб кет!
Йигитнинг нияти бузуқ эди, унинг қонида бузукдик борлигидан қизнинг ёнига яқинлаша бошлади.
— Олдимга келма, келсанг ўлдираман, — деб ҳайқирди қиз.
Шунга қарамай, ҳариф йигит қиз ёнига яқинлашаверди. Қиз ундан халос бўлишнинг бошқа йўли йўқлигини сезиб, бутун қувват ва жасоратини тўплаб ўзини мудофаа этишга қарор берди. Ҳарифни бир зумда ерга йиқитди ва ҳайқирди:
— Олчоқ ҳариф, тез даф бўласанми ёки сени мажаққаб ташлайинми?
Ҳариф қўрққанидан:
— Ҳозир кетаман, мени кечир, — деб ёлворди.
Қиз бу нопок йигитни — душманини кечирди. Ўспирин ўрнидан турди, сўнг бир оз жасур бўлиб, яна қизга ташланди. Қиз бир ҳамла билан уни яна ерга улоқтирди, ердан қўлига тош олди ва:
— Номуссиз, бу ердан даф бўлиб кетасанми? Ёки шу тош билан сени урайинми? — деб бақирди. Фикри ва қони бузуқ ул йигит ёлворди:
— Кечир, Асила, мен ҳозир кетаман, олдингга бормайман, - деди.
Қизнинг исми Асила эди. Йигит ўрнидан турди-да, яна ўзини ўнглаб қизга ёпишди.
Қиз номусини сақлаш учун кучини йиғиб йигитни ерга йиқитди-да, кўкрагига ўтириб томоғидан бўғди. Жаҳл устида қўлидаги тош билан кўкрагига қаттиқ урди, ўспирин ҳушидан кетиб қолди.
Қиз: «Ё раббий! Сенга ҳамд бўлсин, сенга беҳад шукрлар қиламан. Номусимни бу олчоқ, ахлоқсиз одамдан қутқардинг», деб ўрнидан туриб кийимини тузатди.
Қиз бир оз вақт ўтиб, қўйларини ҳайдаб уйига кетди. Орадан қанчалар вақт ўтгач, йўловчилар ўша ердан ўтдилар. Улар Ҳузайл қабиласидан эдилар. Қарасалар, ётган одам ҳам ўз қабиладошлари экан.
— Сенга бу ерда нима бўлди? Сен ўзимизнинг Ҳамала эмасмисан? Не ҳол бўлди? — деб сўрадилар йигитдан.
Қиздан таъзирини еган Ҳамала тетикланди:
— Сўраманг, - деди у, — туям мени устидан отиб юборди. Шаталоқ отиб ирғишлади, йиқилиб яраландим.
— Таажжуб, сенинг туянг бу ерда боғлиқ ётибди. У сени қандай йиқитиб юбора олади? Қара, бу ерда мана бу тош ётибди, қонга булғанган. Сенинг бошинг ёрилган, кўксингда тошдан жароҳатлар бор, — дедилар.
Бузуқ ахлоқли Ҳамала қизариб-бўзариб кетди, тили тутилди. Нима дейишини билмай:
— Нега мени сўроққа тутасизлар? Мен нима деган бўлсам, ўшандай бўлди. Яхшиси, мени туямга миндириб қўйинглар, — деди.
Ҳамала исмли бу ахлоқсиз йигитни туясига миндириб уйига олиб бордилар. Бу йигит бир кеча кун ётгач, аҳволи ёмонлашди. Қабиладошлари ундан умид узишди ва ундан сўрадилар:
— Ҳамала, сенинг аҳволинг оғирлашди. Йигитлик вақтингда ўлиб кетасан. Сени бундай ҳолга туширган кимлигини айт, ундан ўч оламиз, — дедилар.
У хаста овоз билан:
— Рашид, Асила, — дея олди холос ва жони узилди. Ҳузайл қабиласининг оқсоқоллари тўпланиб Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларига келдилар:
— Ё Расулуллоҳ! Ўғлимиз хунини Рашиддан олишни истаймиз. Ўғлимизни у яралади. Ўғлимиз ўлди, энди қасос олишимиз керак, — дедилар.
Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қизнинг отаси Рашидни чақиртирди. Рашид билан яна бир одам бирга келди. Бўлган ишни эшитгач, у:
— Менинг бу воқеадан хабарим йўқ, — деди.
— Ё Расулуллоҳ! — дедилар даъвогар одамлар, — Рашиднинг ўзи эмас, унинг қизи Асила қотилдир. Ҳамалани яралаган Рашиднинг қизидир.
Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қизни чақиртириб келтирди. Қиз келганидан сўнг Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) унга:
— Асила, Ҳузайл қабиласидагилар сени Ҳамалани ўлдирган деб иддао қилмоқдалар, бу хусусда нима дейсан? — дедилар.
Асила бир оз ўйланиб, сўнг:
— Ҳеч бир хотин эркакни енгиб ўлдира оладими? - деди. Асила оқила қиз эди. Шунинг учун ўзининг берган жавоби Пайғамбарига бериладиган тўғри жавоб эмаслигини тушунди.
— Ё Расулуллоҳ! Ҳодиса айнан бундай бўлди: у уч дафъа менга ёпишди. Ёнимга келмаслигини, тўғри йўлига кетишини сўрадим, у қулоқ солмади, — деб воқеанинг тўғрисини Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га айтиб берди.
Яна Асила:
— Ё Расулуллоҳ! Мен ўзимни мудофаа этдим. Номусимни сақламоқ учун унинг бошини яралашга мажбур бўлдим, — деди.
Йигитнинг қабиладошлари бунга қарши:
— Бўлган ишни бу қиз ўз оғзи ила эътироф этди, ўғлимизнинг қасосини, хун ҳақини даъво этамиз, — дедилар.
— Бўлган ишни мулоҳаза этайлик. Қиз ўз номусини мудофаа этган. Қизга душманлигини қилмоқ истаган ўғлингиз ўзининг қотили бўлиб қолган. Баъзан ўлдирган, баъзан ўлган қотилдир. Бунда ўғлингиз қотилдир. Қиз эса номусини ҳимоя қилган. Инсон номус учун яшар. Қиз шарафли бир ҳаракат қилган. Ўғлингиз ўзининг қотили бўлиб қолган, деди.
Шундан кейин қизнинг отаси, «Ақлли ва номусли қизнинг отаси бўлганим учун Яратганга шукр дейман» деб, даврадан бошини тик тутиб чиқиб кетди. Ўлган ахлоқсиз одамнинг ақраболари бошларини қуйи солиб, у ердан кетдилар.

Юсуф Товаслийнинг
"Ҳикматлар хазинаси" китобидан