1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Мақолалар

Фидя бериш ҳақида

Савол: Ҳаж ибодатида «ҳажжи бадал», яъни бошқанинг ўрнига ҳаж қилиш бор. Шу каби рўзада ҳам бировнинг ўрнига рўза тутиш мумкин бўладими?
Жавоб: Намоз ва рўза баданий ибодат бўлиб, ўзгалар тарафидан бажарилиши билан адо бўлмайди. Шариат қайсидир сабаблар билан рўза тутишга қодир бўлмаган инсонга фидяни тайин қилган.
«Рўзадорнинг ўрнига валийси рўза тутиб бермайди, намоз ўқиб бермайди. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бирор киши бошқанинг ўрнига рўза тутмайди, бошқанинг ўрнига намоз ўқимайди», деганлар» (Имом Молик ривоят қилган).
Савол: Фидянинг микдори қанча ва қандай адо этилади?
Жавоб: Фидя Аллоҳ таоло тарафидан бандаларига енгиллик қилиб юборилган ҳукмдир.
Аллоҳ таоло айтади:
«Рўза тутишга қодир бўлмаганлар зиммасига фидя тўлаш вожибдир» (Бақара сураси, 184-оят).
Ҳар кунлик фидянинг микдори фитр садақаси миқдоричадир, яъни буғдойдан ярим соъ - 1.900 гр, арпа ва хурмодан бир соъдан - 3.800 гр. Ёки буларнинг қийматини бериш билан ҳам фидя адо топади.
«Рўзадан ожиз қолган шайхи фоний. яъни жуда кексайиб қолганлар рўза тутмай, фидясини беришлари вожибдир. Рамазон ойининг аввалида бўлса ҳам, бир нечта фақирга бермай, битта фақирга берса хам бўлади. Фитр садақасига ўхшаб буғдойдан ярим соъ, хурмо ва арпадан бир соъ адо этилади» («Раддул мухтор»).
Савол: Рамазон ойи фидясини ҳам фитр садақаси каби муҳлатидан олдин адо қилса бўладими?
Жавоб: «Рамазон ойи фидясини Рамазон ойи кирмасидан олдин бериш жоиз эмас. Рамазон ойи киргач эса бўлаверади, яъни Рамазоннинг биринчи куни қолган кунларнинг фидясини бериш жоиз» («Аҳсанул Фатаво»).
Савол: Сурункали беморлар, заифлиги туфайли рўза тутолмаганлар касалликлари ва заифликлари сабабли бир неча йил рўза тутолмай, фидя тўлаганларидан кейин соғайиб, қувватга кириб, рўза тута оладиган бўлиб қолсалар нима қиладилар?
Жавоб: Бундай кишилар рўза тутишга қодир бўлиб қолсалар, аввалги берган фидялари бекор бўлиб, гарчи бир неча йиллик бўлса ҳам, фидяси берилган кунлар рўзасининг қазосини тутишлари вожиб бўлади.
«Рўза тутишдан ожиз қолганлар қачонки рўза тутишга қодир бўлсалар қазосини тутадилар. Зеро, фидя рўзанинг ўрнига ўтиши учун рўза тутишдан ожизлик умрининг охиригача давом этиши шартдир» («Раддул мухтор»).
«Айни вақтда рўза тутишдан ожиз қолган ва келажакда рўза тута олишдан умиди узилган киши рўза тутмай, мискинларнинг қўлларига бериб ёки чақириб таомлантиради» («Жомиъур Румуз»),
Савол: Фидяни адо этишда буғдой, хурмо, арпалар билан тўлов адо этилиши фиқҳий китобларда келтирилган. Буларнинг ўрнига қийматини бериш билан ҳам фидя адо этилган бўладими?
Жавоб: Қийматини берса ҳам фидя адо бўлади.
«Бу нарсаларда қийматни адо қилиш ҳам жоиз» («Жавҳаротун Наййироҳ»).
«Закот, ушр, хирож, фитр садақада, назр ва қул озод қилишдан бошқа каффоротда қийматни бериш жоиз. Бунда қиймат деб каффоротни бериш зиммасига бериш вожиб бўлган кундаги қиймат эътиборга олинади. Имомайн (икки имом): «Бераётган кунда-гиси эътиборга олинади», дейишган».
Савол: Рўзанинг фидяси кимларга берилади?
Жавоб: Мискинларга, фақирларга, бева-бечораларга, етим-есирларга, ночорларга, закотга қодир бўлмаганларга берилади.
Орасида туғиш ва эр-хотинлик алоқаси борларга, яъни ўзининг фарзандларига, фарзандининг фарзандларига, отасига, эрига, хотинига, бойларга, закотга қодир бўлганларга, закот бериш мумкин бўлмаганларга берилмайди.
«Орасида ота-ўғиллик борлар бир-бирларига бермайдилар.... фарзандларининг фарзандларига ўхшаш. Фарзанди никоҳ билан дунёга келган бўлсин ёки зино билан, барибир» («Раддул мухтор»),
Савол: Қазо рўзаларнинг фидясини бир вақтда битта мискинга берса бўладими?
Жавоб: Бир неча кунларнинг фидясини бир мискинга бир вақтда бериш мумкин. Лекин бу масалада турли хил қарашлар мавжуд бўлгани учун бир неча кунлик фидяни бир неча кишиларга бергани афзал. Бир мискинга бериб қўйган бўлса ҳам адо бўлаверади.
«Бир неча кунлик намоз, рўза ва бу кабиларнинг фидяларини бирданига фақирлардан бирига бериш жоиз. Қасамнинг каффоротининг акси ўлароқ, зеро, бунда бир кунда битта факирга ярим соъдан ортиғини бериш жоиз бўлмайди» («Мароҳил фалоҳ»).
«Рўза тута олмаганлар ўр фидясининг ҳаммасини бир кишига бирданига бериши жоиз. Лекин қасамни бузганнинг, зиҳор қилганнинг, рўзани очиб юборганнинг каффороти бундай эмас» («Фатавои Ҳиндия»),
Лекин Рамазон рўзасини қасддан бузганнинг каффороти фидясида олтмиш кунликни бир кишига бир кунда бериб қўйиш мумкин эмас. Берган тақдирда ҳам, фақат бир кунлик каффорот фидясини бўйнидан соқит қила олган бўлади, холос.
Бир мискинни эрталаб ва кечқурун, олтмиш кун тўйдирса ёхуд олтмиш кун фитр садақаси миқдорича қийматни адо қилса, жоиз бўлади. Ёки олтмиш мискинни эрталаб ва кечқурун бир кун тўйдирса ёхуд алоҳида-алоҳида фитр садақаси микдорича қийматни адо қилса бўлади.
«Эрталаб ва кечқурун», деган қайддан мурод шуки, эрталаб олтмишта мискинни таомлантирди, кечқурун эса бошқа олтмишта мискинни таомлантирди, дейлик. Токи эрталаб таомлантирганларини кечқурун ҳам ёки кечқурун таомлантирганларини эрталаб ҳам таомлантирмагунича фидя адо бўлган ҳисобланмайди.
«Агар эрталаб олтмиш мискинни, кечқурун эса бошқа олтмиш мискинни таомлантириш кифоя қилмайди. Айнан ҳам эрталабки, ҳам кечки таомни қилиб бериш шарт. Эрталаб бир кишини, кечқурун бошқа кишини таомлантирса, ўша кунги фидя адо бўлмайди» («Баҳрур-роик»).
«Шайхи фоний (жуда кексайиб қолган қария ёки сурункали оғир касал) билан каффорот рўзасининг фидясини адо қилаётган кишининг ўртасида фарк бор, яъни шайхи фоний бир мискинга бир кунда фидяни адо қилса бўлади» («Раддул мухтор»).
Савол: Қодир бўла туриб, намоз ўқимай ёки рўза тутмай, фидясини адо этса, бўйнидан соқит бўладими?
Жавоб: Бу амалларга қодир бўла туриб, фидясини тўлаш билан ўша амаллар зиммадан соқит бўлмайди.
«Рўза тутишдан ожиз қолганлар қачон рўза тутишга қодир бўлсалар, казосини тутадилар. Зеро, фидя рўзанинг ўрнига ўтиши учун рўза тутишдан ожизлик умрининг охиригача давом этиши шартдир» («Раддул мухтор»).
«Айни вақтда рўза тутишдан ожиз қолган ва келажакда рўза тута олишдан умиди узилган киши рўза тутмай, мискинларнинг қўлларига бериб ёки чақириб, таомлантиради» («Жомиъур Румуз»).
«Зиммасида Рамазоннинг қазолари бор киши вафот этиш чоғида қазоларининг фидясини тўлашни васият қилган бўлса, яқинлари унинг номидан ҳар кун учун бир мискинни тўйдирадилар... Ҳанафийлар наздида марҳум фидя тўлашга васият қилиши шартдир. Шофеъийлар наздида эса васият қилмаса-да, яқинлари унинг фидясини тўлашлари лозим. Закотнинг ҳукми ҳам шу кабидир».
Марҳум номидан фидяни адо қилишнинг бир неча масалалари бўлиб, ҳар бир киши уларни билиши лозимдир:
Зиммасида намоз ва рўзалариниг қазоси бор киши вафотидан олдин уларнинг фидясини тўлашни васият қилиши фарздир. Васият қилмай вафот этса, гуноҳкор бўлади.
«Вафот этиш билан қазоларни адо этишдан ожиз қолган чоғда фидяни васият қилиш вожиб бўлади» («Раддул мухтор»),
Маййит фидя тўлашга васият қилган бўлса, кафанлаш, қабрга қўйиш, қарзларини тўлашдан кейин қолдирган бор мол-мулки, уй-жойлари қийматининг учдан биридан маййитнинг фидясини адо қилишлари фарз бўлади. Адо қилмасалар, гуноҳкор бўладилар.
«Маййитнинг молини тасарруф қила оладиган яқинларига унинг намоз ва рўзалари қазоларининг фидясини тўлаш вожибдир».
«Маййитни кафанлаш, кабрга қўйиш, одамлардаги қарзларини узишдан ортган молининг учдан бир қисмидан фидяси адо килинади» («Раддул мухтор»),
Агар марҳум фидя тўлашни васият қилмаган бўлса ёки мол-мулк қолдирмаган бўлса, меросхўрлар ўз ихтиёрлари билан марҳумнинг фидясини тўлашлари улкан савоб ҳамда маййитга раҳм-шафқат ифодасидир. «Агар маййит васият қилмаган бўлиб, валийлари ўз ихтиёрлари билан мархумнинг фидясини тўласалар, иншааллоҳ, жоиз хамда яқинлари савобга эга бўладилар» («Раддул мухтор»).
Бир кунлик рўзанинг фидяси бир вақт намознинг фидяси каби, буғдойдан ярим соъ - 1.900 грамм, хурмо ва арпадан бир соъ - 3.800 граммдир.
«Фитр садақасига ўхшаб буғдойдан ярим соъ, хурмо ва арпадан бир соъ адо этилади» («Раддул мухтор»),
Назр рўзаларнинг фидялари ҳам Рамазон рўзасининг фидяси кабидир. Масалан, бир киши «Рўза тутаман», деб назр қилса-ю, тута олмай вафот этган бўлса, фидясини тўлайдилар. Ҳар душанба ва пайшанба кунларда рўза тутишни назр қилган одам тутолмай қолгани каби.
«Ҳар пайшанба рўза тутаман», деб назр қилса, бирор кун тутолмай қолса, қазоси лозим бўлади» («Фатавои Ҳиндия»),
«Маййитнинг фидясини тўлаш чоғида барчасини бир пайтнинг ўзида тўлашга имкон бўлмаса, масалан: уй-жой бор-у, сотиб фидяни тўлаш ўрнига сотмасдан фидясини тўламоқчи. Шунда оз-оздан тўлаш ҳам мумкин» («Апке масаил ўвр унке ҳал»).

Пошшохон Эшонхон қизининг
«Аёл – мўътабар зот» Аёлларга оид энг зарур фиқҳий масалалар, китобидан