1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Мақолалар

ЗИНОКОРГА КЎРИНМАС ЖАЗО: Ёхуд бачадон бўйни саратони қаердан пайдо бўляпти?

Россиялик аёлларда янги, кўринмас ва жуда хавфли душман пайдо бўлди. Сўнгги 10 йил мобайнида Россияда бачадон бўйни саратонидан оғриган аёллар йигирма беш фоизга етди.
Роспотребнадзор эпидемиология илмий-текшириш институтининг молекуляр диагностика маркази мутахассиси,  оппортунистик ва папилломавирус инфекция диагностикасининг янги услубларини ўрганиш гуруҳи раҳбари Олга Шипулина саратон хасталигининг бошқа турлари ичида хавфлилиги ҳисобига бачадон бўйни саратони биринчи ўринга кўтарилганини таъкидлайди. Бу хасталикка чалинганларнинг аксариятини 35 ёшга тўлмаган аёллар ташкил этади.
Шипулина берган маълумотларга кўра, муаммо — замонавий аёллар жинсий ҳаётининг эрта бошланиши ва жинсий шерикларнинг жуда кўплиги билан боғлиқ. Эркакларда жинсий шериклар кўп бўлса, шу ерда вируснинг жуда кенг тарқалгани қайд қилинган.
20 ёшга тўлмасдан жинсий ҳаётни бошлаб юборган қизларда бошқаларга нисбатан бачадон бўйни саратон касалигига чалиниш эҳтимоли жуда юқори ҳисобланади. Бетартиб жинсий ҳаёт билан яшайдиган эркаклар жуда хавфли бўлиб, улар инсон папиллома вирусини  (ИПВ) ташиш билан “шуғулланади”.  Бу вирус жинсий алоқа йўли билан ўтади.
Никоҳдан ташқаридаги жинсий алоқалар статистикаси эса ўта даҳшатлидир: 75 фоиз эркаклар аёлига хиёнат қилади, 25 фоиз аёллар эса эридан бошқалар билан зино қилади. 60 фоиз эркаклар эри бор аёл ўйнашлари билан учрашиб туради. 12 фоиз аёллар ўз қўшнилари билан зино қилишади.
Шипулина зинокорларга эмланиб туришни тавсия қилади. Бироқ бу арзон эмас ва маълум вақт ўтгач яна такрор эмланииш талаб этилади.
Тартибсиз жинсий алоқа, яъни зино Исломда катта гуноҳ ҳисобланади. “Ва зинога яқинлашманглар. Албатта, у фоҳиша иш ва ёмон йўлдир”, дея Қуръони каримда марҳамат қилинади. Ҳадиси шарифларда ҳам зинонинг гуноҳ эканлиги зикр қилинган. Шундай бўлишига қарамай, аксар одамлар, хусусан ўзини мўмин санаганлар ҳам бундай огоҳлантиришларга писанд қилишмайди. Ҳаё, одоб-ахлоқ йўқ бўлган замонавий ҳаёт тарзини рўкач қилиб ҳам қўйишади.
Бироқ, вақт ўтиши ва илм-фаннинг ривожланиши билан гуноҳлар ҳақидаги огоҳлантиришлар “эски китоблар”дан олинган ўгитлар, одоб-ахлоққа бўлган чақириқларгина эмаслиги маълум бўлиб, булар инсониятнинг мавжуд бўлиши учун мажбурий шарт экани ойдинлашмоқда.
Бугун ўзларининг моддий муаммоларини ўзига тўқ эркаклар ҳисобидан ҳал қилмоқчи бўлган қиз ва аёллар кўпайиб кетди. Бу иллат мусулмон ўлкаларида ҳам кенг тарқалиб бормоқда. Бундай “тўкин ҳаёт”нинг асл баҳоси қанча, деб сўралса, одатда, ҳаётда эришилган ютуқларни кўра олмай, ҳасад қиляпсизлар, деган маънода жавоб билан оғизга урилади.
Бироқ, асл ҳолат шуки, улар Аллоҳ таоло инъом этган ёшлик, гўзалликни “матоҳ” сифатида арзон баҳога сотишмоқда. Хўш, кейин-чи... кейин нима бўлади?
Аллоҳ таоло ҳаром қилган нарсаларни ҳисобсиз равишда бузавериш жазосиз қолмайди. Жазо келади ва у албатта осмондан момақалдироқ каби тушавермайди. Баъзан у кўринмас вирус шаклида келиб олдин шунча яшаган умрни бир зумда маънисиз қилиб қўяди.

Интернет маълумотлари асосида
Абу Муслим тайёрлади