1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Ҳаловат кўчаси. Тоҳир Малик - «Бахтли» келин


«Бахтли» келин
  Маъсума Наргиза билан кўчага чиққач,  сув сепаётган Раҳимни кўриб, унга яқинлашди.
-Эсон-омон келдингми?-деб сўради саломга алик олгач.- Яхши жойлашиб олишдими? Бултургига ўхшаб, икки кунда қочиб келишмайдими?
-Бу сафар кишанлаб келдим,-деди Раҳим кулиб.
-Астағфируллоҳ! Нима деяпсан, қанақа кишан?
-Неваралари билан кишанлаб қўйдим. Неваралари ёнларида бўлса, дунё билан ҳам ишлари бўлмай қолади.
-Ҳа, ваҳманг қурсин, шунақа демайсанми? Буни яхши ўйлабсан. Ҳалилжонникига кириб чиқдингми?
-Йўқ, тинчликми?
-Тинчлик ҳам гапми, суюнчилик.
-Шуҳрат топилдими?
-Ювош бола топилмай қаёққа ҳам борарди. Кириб чиқа қол. Қўшничилик минг йилчилик.
-Шунақа дейсиз-у, Ҳалилбой  ҳам баъзан ошириб юборади. Ўзи инженер-у, лекин уйидаги кранни тузатишни билмайди. Шуҳрат йўқолмасидан бурун “шу ўғлингиз ҳунарга қизиқади, зеҳни ҳам зўр, ёз бўйи менинг ёнимда юрсин, кузгача бинойидек уста бўлиб олади”,  десам, энсаси қотди. Ўзи заводда ишчилар билан ишласа ҳам, ҳунарнинг қадрига етмайди, шунисига доғман. Шуҳрат ҳам шундан куйган, бола бечора. Бир куни йиғлагудай бўлиб, “адамнинг қўлларидан келганида ҳамма китобларини сувда қайнатиб миямга қуйган бўлардилар”, дейди.
-Ҳалилжонни бекорга айбламагин, болам олим бўлсин, дейди-да, яхши ниятга айб йўқ.
-Зўрлаган билан ўзида бўлмаса, боладан олим ҳам, уста ҳам чиқмайди. Худо бериши керак. Худо бермаса биров эшак бозорга даллол ҳам бўлолмайди.
Бу гап кампирга таъсир қилиб, кулиб юборди:
-Гапинг ҳам бор бўлсин...  Бу қўшнинг  кўринмадими?
-Олимбекни кўрмадим-у, лекин келин эрталаб кўча супураётганиди.
-Кирай-чи, бахтли келиним тинчмикин ишқилиб?
Маъсума буви шундай деб замонавий темир дарвозаси берк, аммо ёнидаги эшик салгина очиқ турган хонадон сари юрди. Салгина олдин ўтаётганида эшик ҳам берк эди. “Бирон ерга кетган бўлса энди келгандир”, деган фикрда кампир эшикни каттароқ очиб, “бисмиллоҳ” деганича остона ҳатлади.
Акбар домланинг рўпарасидаги хонадон аҳли маҳаллага кўп аралашавермайди. Бу уйда кичик оила - эр-хотингина яшайди. Баланд бўйли, қориндор, олдинга сал эгилиб юрадиган хонадон соҳибининг қаерда ишлашини кам одам билади. Миниб юрадиган машинасини йилда бир, баъзан икки ўзгартириб олганидан сердаромад жойда ишласа керак, деб тахмин қилишади, холос. Хотини эса уззукун уйда. Азонда кўчани супуриб қўяди, гузарга чиқиб сут-нон олиб келади, эрини кузатади... Шу бўйи уйига кириб кетганича оқшомда кўринади - кўчага сув сепади. Ёш эр-хотин ўзларини четга тортишгани учун қўни-қўшнилар зарурати бўлмаса уларникига киришмайди.
Уй бекаси энди овқатга уннаётган эди, кўча эшиги очилиб,  Маъсума буви кўринди. Кампир:  «Бисмиллоҳ», деб остона ҳатлаб ичкари киргач, “вой белимей” деб ўзича нолиб қўйди.
Уни кўриб, келиннинг чиройи очилди. Маъсума буви келиннинг одамови эканини билганидан бу хонадонга тез-тез кириб турарди. Келинчак бунга кўникиб қолган, бувидан бир кунгина дарак бўлмаса, алланимасини йўқотиб қўйгандек гарангсиб юрарди. Ҳарҳолда одам бор жойга одам келади. Айниқса, Маъсума бувидай меҳрли одам кирса, ташвиш оташида қоврилаётганингни ҳам унутасан...
Кампир ошхонадан ўзи томон пешвоз чиқаётган келинчакни кўрмай:
-Маҳбубахон, уйдамисиз?- деди.
Келин  буви билан  сўрашди-да, тизиллаб отилиб турган фаввора ёнига юмшоқ стул қўйди.
-Иссиқ ямлаб ютаман дейди-я!- Кампир шундай деб стулга ўтирди.- Ажаб кун бўлди ўзи. Бир ёқда хурсандчилик, бир ёқда аза. Ҳалилжоннинг ўғли топилганини эшитмабсиз шекилли?
-Эшитдим... Ўғлингиз вақтлироқ келсалар, бирга кириб чиқармиз, девдим.
-Шундай қилганларинг ҳам яхши. Боғ кўчада Ҳақберди деган турарди.  Розиқ деган ўғли эрингиз билан унча-мунча шерикчилик ишлар ҳам қилиб юрарди, шекилли? Ўтган йили қамалиб чиқувди, бугун эрталаб яна қамаб қўйишган экан, ҳаммаёқни тинтиб, бор-йўғини хатлаб кетишибди. Мол аччиғи, жон аччиғи ёмон-да, Ҳақбердининг юраги ёрилиб кетибди. Эрталаб жаноза бўлишини Олимбекка айтиб қўярсиз...
Раҳим Маъсума бувига “сўнгги ахборот” деб лақаб қўйиб янглишмаган. Маҳаллага тегишли қандай хабар бўлса, кампирнинг гап сандиғидан жой олади. Сандиқ очилдими, хабарлар шодаси тугамагунга қадар қопқоғи ёпилмайди, жағ ҳам тинмайди. Айрим хабарлар икки-уч такрорланса ҳам, эшитгувчилар малол олишмайди, жимгина тинглайверишади. Ҳозир ҳам шундай бўлди:
 -Ҳалилжонникидан чиқиб, қарасам,  Акбар домлангизнинг эшиги олдида одамлар туришибди. Куёви ҳам бор. Ҳилолани олиб кетишибди.  Акбаржонга ҳам қийин. Болаларини эр боши билан катта қилди. Наргизасини ҳам узатиб олса эди...  Субҳидам кўчада турадиган Ойниса опангизни биласиз-а?
Маҳбуба айтилаётган аёлни яхши билмаса ҳам, кампирнинг сўзини бўлгиси келмай, бош ирғаб, “ҳа” ишорасини қилди. Маъсума буви бундан қаноатланиб, маҳалла янгиликларини баёнини давом эттирди:
-Катта қизи ўтган ҳафта аразлаб қайтиб келувди. Бугун кичигига совчи келибди. “Куёв бола ёққан бўлса, ўйлаб ўтирмай, тўйни бошлаб юбораверинг, шу тўй баҳонасида каттангиз ҳам эри билан ярашиб олар”, дедим. Тўғри айтибманми? Сизга ўхшаб бахти очилиб кетса, ажабмас. Худо хоҳласа, қўчқордек ўғил туғиб олсангиз, сиздан бахтлироқ одам бўлмайди бу дунёда. Ҳа. Мени айтди дерсиз...
Маҳбуба бу гапни эшитиб, юзини тескари бурди. Турмуш қурганига тўрт йилдан ошяпти. Шу вақт ичида уч марта бўйида бўлди. Аммо бирон марта ҳам ой-куни етиб туғиш насиб этмади. Маҳалла-кўй буни яхши билади. Айб Маҳбубанинг ўзида деб ўйлайдиганлар ҳам бор. Аммо, ҳамма бало эрининг ичкиликка ружу қўйганидан эканини ёлғиз ўзию врачларгина билишарди. Маҳбуба буни ҳеч кимга айтмаган. Фақат иккинчи бола ташлашида эрига сўз очиб, ҳақоратнинг тагида қолиб кетган.
Кампир келиндаги ўзгаришни сезмай гапида давом этди.
-Уч марта бола ташлаганингизга кўпам куюнаверманг. Худо тўртинчисини беради. Фақат... кўнглингизга олманг-у, қизим, бир гапни айтай. Олимбекнинг кўчада қанақа юришини билмайман. Агар сал ҳаром-ҳаришга аралашиб қолаётган бўлса, тийилсин. Эр чакки юрса, балоси боласига уради, дейишади. Сизга астойдил яхшилик тилаганимдан айтяпман, бу гапни, хафа бўлманг.
    Бу гапни эшитиб, Маҳбуба сесканиб тушди. Лабларида титроқ турди. Бироқ, ҳолатини сездирмасликка уриниб, жавоб қайтарди:
-Вой, нега хафа бўламан. Ўғлингиз унақамаслар. Энди буям Худонинг тақдири-да. Буви, олма териб қўювдим. Олиб чиқмоқчийдим, ўзингиз кириб қолдингиз.
Маъсума буви унга яхши тилак тилайман, деб ярасига туз сепиб қўйганини сезиб, энди туриши лозимлигини англади-да, юзига фотиҳа тортгач, “Раҳмат қизим, олмаларимиз тўкилиб, ер билан битта бўлиб ётибди”, деб чиқиб кетди.
Маҳбубанинг кўнгли кун бўйи хижил эди. Одатини тарк қилиб, чошгоҳда гузарга чиқиб келгач ҳам ғашлиги тарқалмади. Маъсума буви чиқиб кетганидан сўнг эса, дили баттар ўртанди. Ошхонага йўлагиси келмай, юмшоқ стулга ўтирди. Ҳовли ўртасига кунгирадор қилиб экилган садарайхонларга ўйчан тикилди..
Маҳбуба ёлғизликка ҳам, эрининг саёқ юришларига ҳам кўникиб кетган. Дастлабки ойлардаги ота-онасини ҳадеб соғиниши ҳам энди анча сусайган. Унинг шаҳарда қариндошлари кўп, бироқ улар билан фақат тўй-хашамлардагина учрашади. Бошқа вақт борди-келди қилмайди. Бунинг учун на унинг ўзи, на қариндошлари ўпка-гина қилишади. Тўғрироғи, «Бундай бормайсиз ҳам-а...» қабилидаги мулозамат соясида сохталик борлигини сезиб, бу гапларга у кўпда аҳамият бермайди.
Кичкиналигида шўхлик қилса, отаси хўмрайиши билан жимиб қоларди. Қилма, деган ишни қилмасди. Тегма, деган нарсага тегмасди. Улғайгач, кийма, деган кийимни киймади. Ўқима, деди - ўқимади. Турмушга чиқ, деди - чиқди. «Хотин киши уйнинг фариштаси, уй тутиб ўтир», деди - ўтирибди. Кам-кўсти йўқ. «Эрингнинг юзига тик қарама», девди, ерга боқиб юрадиган бўлиб қолди...
Отасининг айтганини сўзсиз бажаришга одатланган эди. Унинг бу қадар итоаткор эканига дугоналари аччиқланишар, онаси эса баъзан: “Хўп”,  деб бўйнингни хам қилавермай, дилингдагини очиқ айт, даданг тушунадилар», деб койир эди.
У отасига кўп марта ботиний қаршилик билдирган. Қаршилигини сиртига чиқаришга аҳд қилган пайтлари ҳам кўп бўлган. Аммо бу гаплар тилига чиқмай қолиб кетаверган. Онаси қизининг бўйсинувчанлигини одобдан эмас, қўрқувдан деб биларди. Буни қизига ҳам, эрига ҳам қайта-қайта айтган. Маҳбубанинг ўзи ўша воқеани яхши эслайди. Тўрт ёки беш яшар пайти эди. Отаси бир куни уйга анча кеч қайтди. Энди кўзи илинган Маҳбуба унинг овозини эшитиб, тоғаси олиб келган қўғирчоқни кўрсатиб мақтаниш учун «Дада, дадажон!» дея югурганича айвонга чиқди, дадаси тушуниб бўлмайдиган гапларни айтиб, бақира бошлагач, таққа жойида тўхтаб қолди. Дадаси гапини тугатмай, деразани муштлади, ойна чил-чил бўлди, кейин стул ҳам деворга урилиб, синдирилди... Ўшандан кейин Маҳбуба икки-уч ой дудуқланиб юрди.
Маҳбуба турмуш қургач, ҳали чилласи чиқмаёқ, эри ичиб кела бошлади. Ана шу кезларда, айниқса ҳомиладор бўлганида ўша воқеани кўп эслаб, эзилди. Вужудида яна отасига қаратилган қаршилик уйғонди. Аммо бу ички қаршилик фақат унинг ўзинигина куйдириб-ёндирарди.
Кеча ҳам шундай бўлди.
У одатдагидек бир ўзи овқатлангач, уйга кириб телевизор қулоғини буради. Маҳбуба телевизорда нима кўрсатилса ҳам кўраверади. Вақт ўтказишнинг бундан бўлак йўлини билмайди. У телевизорни қўйган маҳалда уч-тўрт одам гапни бураб-бураб, бирининг сўзини иккинчиси тасдиқлаб, фандаги янгиликлар ҳақида сўзларди. Маҳбуба юмшоқ курсига чўкиб, уларга лоқайд тикилди: тикилди-ю, юраги беҳос «шиғ» этиб кетди. Энг четда қисиниб ўтирган йигитни Анварга ўхшатди. Агар сочи тўкилиб, ингичка мўйлов қўйгани, тўлишгани бўлмаса, Анварнинг ўзгинаси. Маҳбуба энди ундан кўз узмай, сўз олишини пойлади. «Ё гапириб бўлганмикин?» деган ўйни хаёлидан қувиб, умид билан кутди. Ниҳоят, кўзойнак таққан сапчабош одам: «Бу ҳақдаги сўзни халқаро мукофот билан тақдирланган ёш олим Анвар Захриддиновдан эшитсак», деб қолди. Анвар худди биров телевизорни ўчириб қўяётгандек тез-тез гапира бошлади.
Маҳбубанинг кўзларига ёш келди. Негалигини ўзи ҳам билмади. У Анварнинг овозини  эшитар, бироқ, нима ҳақда гапираётганини англамас эди. Назарида Анвар ҳозир телевизордан Маҳбубани қандай севганини ҳаммага айтиб бераётгандек эди... Бир пайтлар шундай деган эди. Ўшанда икковлари мактабнинг янги боғига - адирга чиқишган эди.
-Маҳбуб, сени яхши кўраман, биласанми?-деган эди Анвар томдан тараша тушгандек.
Маҳбуба буни биларди. Йигитчанинг йўл пойлашлари, дарсларда эса кўз узмай ўтиришларининг маъносига етмаслик мумкинмиди? Маҳбуба Анварнинг қачондир шундай дейишини билар, аниқроғи, буни кутар эди. Жавоб ҳам ҳозирлаб қўйган эди. Бироқ, муҳаббат изҳорининг бу қадар оддий кечишини ўйламаган эди. Шунинг учун тайёр жавобини унутиб, довдираб қолди. Ерга қараб, бир қадам чекинди-да: «Дадам билсалар...» дея олди, халос.
-Нима бўпти, бари бир биладилар. Совчи юборсам, дарров билиб оладилар. Совчига кўнмасалар, дадангга айтиб қўй, телевизорга чиқаман-да: «Мен Маҳбуба деган қизни яхши кўраман, у ҳам мени яхши кўради, лекин эскилик сарқитидан қутилмаган жоҳил отаси йўлимизга ғов бўлиб турибди», деб эълон қиламан.
Маҳбуба бу гапни эшитиб жилмайиб қўйди. Аммо йигитдан устун келмоқчи бўлиб, қошларини чимирди:
-Ҳеч ҳам-да...
-Нима, «ҳеч ҳам»?
-Ҳеч ҳам яхши кўрмайман. Сенга жонидан кечган қиз тегади.
-Нима, мен аждаҳоманми?
-Ўзинг жоҳилсан, қолоқсан.
Анвар «Бир сўз билан ўлдирдинг!» деб қаҳ-қаҳ урганича, қорнини чангаллаб йиқилди. Майсалар устида юмалаб, ҳузур қилиб кулди. Маҳбубанинг ҳам кулгиси қистаса-да, ўзини тийиб, нари кетди. Анвар ирғиб туриб, унинг йўлини тўсди. Қўлларини белига қўйганича, муғамбирлик билан қовоқ уйди:
-Қани, исбот қил!-деди у овозини дўриллатиб.
-Нимани?
-Олдин жоҳиллигимни, кейин қолоқлигимни.
-Сен хотинингни ҳар куни калтаклайдиган золим эр бўласан...
-Катта бувам раҳматли: «Хотинлар тез-тез уриб турилмаса, қадди-қомати бузилиб, семириб кетади», деган эканлар.
-Темирчи бувангми?..-Маҳбуба шундай деб Анварнинг елкасига туртди. Анвар чап кўкрагини ушлаб йиқиларкан:
-Иккинчи ўқ юракка тегди, тамом!- деб кўзларини юмиб олди.
Маҳбуба бу гапи билан тўртинчи синфда ўқишаётганда бўлиб ўтган бир воқеага шама қилган эди. Ўшанда улар бир партада ўтиришарди. Анвар сергап эди, дарсларда чакаги тинмасди Танаффусда-ку, унинг овозига бас келадигани топилмасди. Маҳбуба бир гал: «Мунча бақирасан, отанг темирчими?»- деб балога қолган эди. Анварнинг дадаси ростдан ҳам темирчи эди. Маҳбуба буни ўйламай -  одамлар оғзида юрадиган матални айтиб юборган, Анвар эса буни ўзича ҳақорат деб тушуниб, белидаги аскарча энли камарни ечиб: «Йўқ, катта бувам темирчи!» - деб уриб қолган эди...
...Экранда шоша-пиша гапираётган Анвар одамларга шуларни сўзлаб бераётгандек эди.
Кўрсатув якунланди. Маҳбуба Анварнинг тез гапиришидан биринчи марта аччиқланди. Шошилмай гапирганда-ку...
Маҳбуба шундан кейин телевизорни ўчириб, анчагача ҳовлида айланиб юрди. Уйига сиғмади. Анвар билан бирга ўтказган беғубор кунларини эслади. Йигитнинг куйиб-ёниб қолгани кўз олдига келди. Улар хаёл билан ҳаёт ўртасида  осмон билан ерча фарқ борлигини билмай, муҳаббат ҳақидаги китобларни ўқиб, ўзларича маст бўлиб юраверишган экан.
Бечора Анвар совчи юборишга ҳам улгурмади. Маҳбуба ўнинчида ўқиб юрганида отаси унинг тақдирини ҳал қилиб бўлган эди. У қизини боболари яшаб ўтган катта шаҳарга узатмоқчи эди. Патир синдирилган куни унга мақсадини англатмоқчидек: «Биз асли ўша катта шаҳарданмиз,- деди ўйчан бир тарзда.- Аждодларимиз тижорат билан машғул бўлишиб, бутун юртни Ҳиндистон билан боғлаб туришган. Ўша даврларда бу ерда кичкина карвонсарой бўлган экан. Қанақадир фалокат юз бериб, катта боболаримиздан бири сафарини давом эттиролмай, шу ерда қолиб, Ҳиндистондан келган молнинг барчасини бор-баракага сотиб олганлар. Шу зайлда - сафарда хориган савдогарларнинг молини олиб, сотиб кун кўраверганлар. Кейин бу юмуш маъқул тушиб, бошқа уруғларини ҳам чорлаганлар. Карвонсарой шу тариқа шаҳарчага айланган экан. Орадан кўп-кўп йиллар ўтиб кетди. Энди бизларнинг бу ерларда қиладиган ишларимиз қолмади. Энди секин-секин бўлса ҳам ота юртимизга қайтишимиз керак. Шунинг учун сендан кейин сингилларингни ҳам ўша ёқдаги қариндошларга узатиб, укаларингни  катта шаҳарлик жигарларимизнинг қизларига уйлантирамиз. Қайтиш бизларнинг қисматимизда бўлмаса, сизларникида бордир. Зурёдимиз ота юртда туп қўйиб, палак отса, минг бор шукр қиламиз...»  Отаси бу гапларни айтмаса ҳам, Маҳбуба қаршилик билдиролмасди. Муҳаббати қўрқувдан ожиз бўлса нима қилсин?..
«Ота юртда яшаш шунчалик шарт бўлса, мана, Анвар ҳам шу ерда экан... Энди бундай дейишимнинг нима кераги бор? Ҳозир у бошқа олам, мен эсам бошқаман. У – халқаро мукофот лауреати. Мен-чи? Ҳеч нимам йўқ. Бу уй, жиҳоз, безаклар... Аслида меники, лекин... меники эмас. Тўғрироғи, менга аталган, бироқ олиб қўйишса ҳам индаёлмайман. Чунки, меҳнатим сингмаган. Дугоналарим ҳасад қиладиган  нарсаларим бор-у, аммо меники эмас...»
Эри телевизордаги тунги концерт охирлаганда келди.
Наҳорда чой ҳам ичмай кетди.
Маҳбуба кун бўйи Анварнинг хаёли билан юрди, оқшом тушишини интизор кутди. Назарида бу оқшом ҳам телевизорда Анвар чиқадигандай эди...
У оғир-оғир қадам босиб ошхонага борди. Кундузи зиёфатларда бўкиб овқат егани учун, тунда маставанинг сувини ичиш билан чекланадиган эрига атаб овқатни пиширди-да,  газни ўчириб, уйга кирди. Овқатни ҳар куни икки кишига мўлжаллаб, шу пайтга тайёрлайди, аммо ҳар куни бир ўзи ейди. Эри вақтли келганида ҳам овқатга қарамайди, лекин Маҳбуба барибир унга илинади...
Телевизорда аллақайси хўжаликнинг молхонаси кўрсатиларди. Маҳбуба эътиборсиз ўтириб тамоша қилди. «Ахборот»дан кейин «Оламга саёҳат» бошланди, сўнг эса эски бир фильм бошланганда автомат тарзда тепага кўтарилувчи дарвоза очилиб эрининг машинаси кириб келди. Маҳбуба чаққон туриб, эрига пешвоз чиқди. Олимбек саломга жавобан енгил бош қимирлатиб қўйиб, юкхонадан учта елим халта олиб, унга узатди.              
-Овқат тайёр эди, сузаверайми?-деди Маҳбуба умидли овозда.
-Қорин тўқ, тарс ёриламан, деб турибди. Ошни ҳам  юрғизворган экан, лаганнинг таги кўрингунча олаверибмиз. Кайфият яхши бўлса, ош ҳам ўрмалаб кетаверади-да.-Олимбек шундай деб унинг белидан қучди-да, ўзига тортди. Ёноғидан ўпиб қўйгач, уйга бошлади. -  Бугун зўр бир ишни охирига етказдим. Энди оқ “мерс” олсам ҳам бўлаверади. Ошналарим нима дейди, биласанми? «Машинани қўлқопдай осонгина алмаштирасан-у, аммо хотинингни янгиламайсан», деб ҳазил қилган эди, мен: «Машинанинг уруғи кўп, аммо бизнинг хотин аёллар ичида битта», дедим.-Тобелик билан эргашиб келаётган Маҳбубанинг тўхтаб қолганини кўриб, ажабланди:- Сен бир аччиқ кўк чой дамла. Ҳа, нега қараб турибсан?
-Ҳалил аканикига чиқиб келамизмикин, девдим. Ўғли топилибди.
-Топилса ҳам югуриб чиқиш керак эканми? Мен нега вақтли келдим, биласанми? Билмайсан. Билишни ҳам истамайсан. Шунақа меҳрибон хотинсан! Мен эшшакдай чарчаганман. Ўзимнинг уйимда бир пас дам олгани келганман. Шуни тушунасанми? Тушунсанг, бор, кўк чой дамла. Йўқ, иссиқда чой кетмайди, қара, коланинг муздеги борми?
          Маҳбуба айб иш қилиб қўйгандай шошиб қолди. Музлатгичдан “кола” олиб очиб берди. Олимбек роҳатланиб ичиб, оромкурсига ястанди-да:
-Кел, ёнимга ўтир,-деб чақирди.-  Зокирни танийсан-а, анави туя бор-ку, ўша ишхонасидан мукофот олган экан, шуни ювди.
-Қанақа мукофот?
-Аниқ билмайман-ку, лекин  битта чет эл фирмасини чув тушириб берибди.
-Кўпми?
-Нима? Фирмами?
-Йўқ, мукофот пулини сўраяпман.
-У писмиқ айтармиди?-Олимбек шундай деб қандайдир қизиқ гапни эслагандай қиқирлаб кулиб юборди.- Кўкидан бир-икки юз олгандир. Лекин дастурхонига гап йўқ, эшшагидан тушови қимматга тушди! Оламда йўқ нарсаларни тўкиб ташлабди. Ҳиммати баланд-да. Кейин, бунақа мукофот дуч келганга берилавермайди. Каллали бола, бу туя.
-Телевизорда бир йигитни кўрсатишувди,- деб юборди Маҳбуба туйқусдан.- Халқаро мукофот олибди.
-Ким экан?
-...
-Ким экан, деяпман?
-Эсимда йўқ.
-Эсингда йўқ бўлса нимага бошимни қотирасан? Танишим эканми, депман.
-«Мукофот» деганингизга эсимга тушувди. Қанча берар экан?
-Нима каромат кўрсатибди ўзи?
-Билмадим... олим шекилли...
-Ҳа... олимчаларми? Уларга кўп бермайди.
Маҳбуба енгил хўрсинди. Эри бирпас ўйланиб, давом этди:
-Мукофоти халқаро бўлса, нари борса беш юз кўкидан берар, четдагилар пул сочадиган анойимас. Улар пули туғса сарфлайди, бўлмаса “тошингни тер”, деб тураверишади. Олимчаларга сарфлайдиган пули туғмайди, шунинг учун болага хўрозқанд бергандай алдашади, кейин буни телевизорда карнай қилиб чалишади.-деди Олимбек ишонч билан, сўнг тўсатдан кулди:- Эртага мен ҳам лауреат бўламан.
-Қанақасига?
-Эртага мен ҳам камида беш юз кўкидан ишлайман. Ҳали айтдим-ку? Беш юз - лауреат деганими, ахир?! Бу ёғини суриштирсанг, хотин,  эржонинг ойида камида тўрт-беш марта лауреат бўлади. Кўкрагингни тоғ қилиб юравер...
            Шу пайт эшик қўнғироғи жиринглаб Олимбек “ким бўлдийкин?” деган маънода савол назари билан қаради. Маҳбуба “билмасам” дегандай елка қисгач, “нега лаллаясан, қарамайсанми!” деб дўқ қилди.
            Маҳбуба шошганича ўрнидан туриб, кўчани кўрсатиб турадиган мослама тугмасини босди. Кафтдек экрандаги тасвирда одам қораси кўрингач, Олимбек “ким экан?” деган маънода имлади.
-Ҳалиги… водопроводимизни тузатиб берган қўшнимиз,-Маҳбуба унинг исмини билса-да, эри ҳузурида тилга олишдан чўчиди.
-Ҳа, Раҳимми?-деди Олимбек энсаси қотиб.- Мени сўраса, «ғирт» бўлиб ётибдилар, де. Машинада у ёқ- бу ёққа олиб боринг, деса керак-да. Ҳе, ўргилдим.
             Маҳбуба “хўп” дегандай бош ирғагач,  иккинчи тугмани босди синиқ овозда “Ким?”  деб сўради.
-Мен қўшниларинг, Раҳимман. Ҳалилникига чиқиб кетаётувдим, Олимбек бемалол бўлса, бирга чиқармикин?
-Олимжон акам ишдан... сал мазалари бўлмай келувдилар. Ҳозир дори ичиб ётувдилар.
-Ҳа, Худо шифо берсин, тузалганида чиқар. Эзгу ишнинг эрта-кечи бўлмайди.
            Маҳбуба мосламани ўчириб, эрининг ёнига қайтди.
-Боласи топилганига шунча ваҳмами?-деди Олимбек, энсаси қотиб.
-Энди... қўни-қўшничилик, “суюниб қолдингларми”, деб қўйилса, яхши-да.
-Шу гапни эртага айтса ҳам бўладими? Бўлади!-деди Олимбек зарда билан.- Ўн кундан кейин айтса ҳам бўлади. Суюнгани ўн кунда тугаб қолмас.
-Мен бир нарса дедимми?
-Ақл ўргатиб туриб, яна “бир нарса дедимми?” деб безраяди-я!
            Маҳбуба айбдор боладай бошини эгиб бир пас ўтирди-да кейин  турмоқчи бўлди.
-Дарров тумтаймасдан ўтир,-деди эри яна ўша зардали овозда.- Розиқ чиқмадими? Омонатини кеча қайтариши керак эди, инида писиб ётибди шекилли?
-Қайси Розиқ?-деб сўради Маҳбуба унга ажабланиб қараб.
-Боғ кўчадаги новвойнинг қўшниси, Ҳақберди аканинг ўғли-чи? Сурбетбашара бола, уч-тўрт марта чиқувди-ку, эсингда йўқми?
-Бултур қамалиб чиққан, девдингиз ўшами?
-Қамалган бўлса қамалгандир, сенга нима?
-Ўшанисини бугун эрталаб яна қамаб қўйишибди-а, шунга сўраяпман.
-Нима?!
Олимбек худди илон устига ўтириб олгандек сапчиб туриб кетди. Буни кўрган Маҳбубанинг баданига енгил титроқ югурди. Ўша йигитнинг  қамалишида айби бордек, эрига қўрқув билан тикилди.
-Эшитмовдингизми?-деди довдираган бир аҳволда.
-Онангникидан эшитаманми!-зардали оҳанг энди бақириққа айланди. Олимбек эшик томон икки қадам қўйди-ю, тўхтади. “Нима қилсам экан?” дегандай бошини қашиб туриб қолди. Ғазаб ўрнини қўрқувга осонгина бўшатиб бергач, худди ўзига ўзи гапиргандай деди: - Оббо… шуниси етмай турувди. Қарз сўраганда бергим келмовди-я! Энди бу ёғи нима бўлади?.. Отаси ҳам қурумсоққина, ундан ундиришнинг ўзи бўлмайди.
-Дадаларини... эшитмадингизми?
-Нимасини эшитаман, униям қамашибдими?
-Йў-ўқ... тинтув қилиб, топган-тутганларини олиб чиқиб кетишган экан, у кишининг юраги ёрилиб ўлиб қолибди.
-Нима?! Боятдан бери минғирламай, келишим билан айтсанг ўлармидинг!
-Менам яқинда Маъсума бувидан эшитдим. Ўзингиз биларсиз, деб ўйлабман.
-Онангникидан биламанми! –Олимбек шошилганича қўшни хонага чиқиб пўлат сандиқни очди. Ҳаром ўлгурнинг фалокати менга ҳам урмаса эди. Милиса бир бураганда валдираб  берган бўлса. Тур тез! Тилла тақинчоқларингни туг.  Хитой гиламни ўра. Опамникига ташлаб келаман.
Бундай ҳолат Маҳбуба учун янгилик эмас. Шу сабабли эрининг буйруқларини итоаткорлик билан тез бажарди.  Машина «майда-чуйда» деб аталмиш қимматбаҳо  нарсалар билан тўлди. Олимбек эшикни қия очиб, кўчани хадик билан кузатди. Сўнг машинасига ўтирди. Пешкўзгу тепасидаги тугмани босиб, дарвозани ўзи очди. Кўчага чиқиши билан машинани тезлатди. Ҳалилникидан чиқиб келаётган Раҳимни туртиб юборай деди. Ҳалил унинг изидан ажабланиб қараб қолди. Кейин хафаҳол турган Маҳбубага қаради. Маҳбуба ундан кўзини олиб қочди. Кейин тезгина бурилди-да, ичкари кириб, дарвозани беркитди.
Эрини ҳаяжонсиз кузатган бахтли келин тонгни ёлғиз қаршилади.

Ҳозир сайтимизда 105 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ