Сайт бўлимлари
Ҳаловат кўчаси. Тоҳир Малик - Юзма-юз
- Подробности
- Бўлим: Ҳаловат
- Чиққан санаси: 16 Апрель 2013
- (Нашр қилинган санаси)
Юзма-юз
Боши берк кўчага кўндаланг тушиб, этагини боғлаб турадиган уй Тўла оқсоқол билан Маъсума бувига тегишли. Бу ёши улуғлар кўчанинг икки қанотида яшовчи қўшниларни бир-бирларига занжир халқаси каби боғлаб туришганга ўхшайди. Уларнинг тўнғич ўғли кўп қаватли уйда яшайди. Қизлари ҳам ўзларидан тинишган. Фақат икки йилга, деб хорижга дипломатик ишга кетган кенжасининг қайтишидан дарак йўқ. Унинг кетишига Маъсума буви қарши эди, чоли “Раъйини қайтарма, дунёни кўриб келсин”, демаганида остонага ётиб олишдан ҳам қайтмас эди. Кенжаси кетгач, тўнғичининг кўчиб келишини исташди. “Эшитса, “Акам кетишимни пойлаб турган экан”, деб укамнинг кўнгли эзилади”, деган баҳонада тўнғич ота-она хоҳишини бажармади. Қизлар жон-жон деб келишарди-ю, лекин уларнинг истаги билан ким ҳисоблашади? Гап “ичкуёв – пучкуёв”, деган висир-висирдан иснод қилувчи куёв тўраларда!
Уй ҳувиллаб ётмасин, деб янги оила қурган келин-куёвни ижарага қўйишган. Номи ижара холос: Мардоннинг ҳовлидаги ишларга, Шафоатнинг кир-чирга қарашганидан қувонган чол-кампир улардан иккинчи ойдаёқ ҳақ олмай қўйишган.
Уй ҳувиллаб ётмасин, деб янги оила қурган келин-куёвни ижарага қўйишган. Номи ижара холос: Мардоннинг ҳовлидаги ишларга, Шафоатнинг кир-чирга қарашганидан қувонган чол-кампир улардан иккинчи ойдаёқ ҳақ олмай қўйишган.
Маъсума бувининг кунботарда қўни-қўшниларни бир-бир йўқлаб чиқадиган одати бор. Бу оқшом ҳам одатини канда қилмай, ҳовлисига қайтиб, Мардонни кўрди-ю, ҳол-аҳвол сўрай кетди:
-Мардонжон болам, эсон-омон келдингизми? Бувингизнинг соғлиқлари яхшими?- У шундай деб Мардонга яқинлашди-да, елкасига қоқиб кўришди.- Шафоатхондан ҳар куни сўрайман, денг. Қариларнинг иши қийин-да. Омон бўлинг, ишқилиб, болам, кунда икки марталаб хабар олиб турибсиз. Бўлмаса, Шафоатхон сиқилиб, тарс ёрилиб кетардилар...
Мардон бу гапни эшитиб, хотинига қаради. Шафоат ҳеч нима билмагандек ҳовлини супураверди. Кампир ҳомиладор жувонга синчковлик билан тикилиб турди-да, нима учундир бош чайқаб,“Бўлди, болам, энди кўп уринманг” дегач, уйига кириб кетди.
-Гапларини эшитдингизми?- деди Мардон хотинига яқинлашиб.- Қайси бувимни айтяптилар?
-Билмасам,- деб елка қисди Шафоат.
-Сиз айтгандирсиз-да?
-Ҳа, мен айтдим. Ё «аразлаб кетиб қолдилар», дейишим керакмиди?
Бу савол Мардонни гангитиб қўйди. У қайтаётиб, Шафоат онасиникига кетиб қолгандир, деб гумон қилган, ўзича уни қайтариб олиб келиш йўлини излаган эди. Эшикдан кириши билан ҳовлига сув сепаётган хотинини кўрди-ю, кўзларига ишонмади.
Мардон чиндан ҳам аразлаб кетган эди. Йўқ. У Шафоат билан айтишмади, жанжаллашмади ҳам. Фақат ҳаётнинг аёвсиз тўлқинига илк бор дуч келиб, довдираб қолди: мустақил яшашга ҳали тайёр эмаслигини анча кеч тушуниб етди. Болаликда «беш» баҳо олиб суюниш, икки олганда ранжиш, баъзан раҳмат эшитганда қувониш, танбеҳ эшитганда эса қайғуриш етилиб келаётган ҳақиқий бахт билан ғамнинг куртаклари эканини эканини барвақт англаёлмади.
У Тошкентга келиб, дорулфунунда ўқий бошлаганида ўзини энг бахтли одам хис этган эди. Назарида, олам бахтга лиммо-лим тўлаю ундан истганича симира олади... Шафоат лўппи юзидаги кулгичларини ўйнатиб, унга жилмайиб боққанида ҳам Мардон ўзини бахтли ҳис қилган эди. Шундан сўнг муҳаббат бобидаги омад қўл ушлашиб келаверди: аввал илк бор «Мардон ака», деган сўзни эшитганида, кейин биринчи марта сайрга чиқишганида, сўнг илк бўса олганида ўзини ерда эмас, самода учиб юргандек ҳис этди.
Мардон қизнинг ҳусниданми ё ширин сўзиданми, иболи қарашлариданми маст эди. Шунинг учун ҳам оёғи остида ташвиш тошлари ётганини сезмади. Бир куни ана шу тошларга қоқилиб йиқилиши мумкинлигини хаёлига ҳам келтирмади. Назарида, ҳаёт фақат яхши яшаш учун, бахтиёр дамларни лаззат билан ўтказиш учун берилган эди.
Эҳтиросларига эрк берган ўша куни ҳақиқий ташвиш билан биринчи марта юзма-юз келди. Шафоатнинг «Энди нима бўлади?» деган саросима тўла сўзидан кейин бу ташвишнинг юки янада оғирлашди.
Улар тоққа сайрга чиқишганида, шайтоннинг йўриғига киришди-ю, нафсларини жиловлай олмай, никоҳдан ташқарида эр-хотин бўлиб қолишди. Бундай бўлишини иккови ҳам олдиндан кутмаган, ҳатто истамаган эди. Лекин шайтоний куч уларнинг иродасидан устун келдию чимилдиқда юрак ютиб, ҳаяжонланиб ўтириш бахти орзулигича қолиб кетди.
Тиззасини қучоқлаганича бош эгиб ўтирган Шафоат: «Энди нима бўлади?» деб аста пичирлаганида, Мардон: «Нима бўларди, тўй-да!» деб кулиб қўйган эди. Дастлаб бу воқеадан унчалик ташвишга тушмадилар. Чунки, улар бир-бирларини севардилар. Бир кунмас-бир кун шундай бўлиши муқаррарлигини ҳам билардилар. Тоғдаги воқеа бир-бири билан синашта бўлиб қолган севишганларнинг бахтига човут солувчи ёки уларнинг бахтини ғамга айлантирувчи қудратга ҳам эга эмас эди. У шунчаки ҳаёт ташвишларининг дебочаси эди.
Шафоатнинг ота-онаси юраклари тўрида узоқ йиллар беғубор сақлаганлари орзу-ҳавасларининг барбод бўлишига чидай олмадилар. Айни пайтда улар ночор қолган эдилар. Тоғдаги шармандали воқеанинг исини чиқармасдан Мардонни куёв қилишга мажбур бўлдилар.
Тўй кунлари Мардон айбдор одамдек бўйнини қисиб юрди. Дадаси, онаси укалари, сингилларининг ёзу қиш далада ишлаб топган пуллари бир неча кунда совурилди. Улар орзу-ҳавас деб йиққан-терганларини шу ерга тўкиб, кичкина тугунча билан қишлоққа қайтишди.
Тотли кечалар бошлангач, Мардоннинг қалбидаги бу эзилишлар унутилди. Шафоатнинг чиройи янада очилиб кетди. Жилмайганида оппоқ юзидаги кулгичларининг ўйнаши, нозли сўзлари Мардонни сирли- илоҳий дунёга етакларди. Бу дунёда улар икковлари гўё ёлғиз қолишар, ҳамма нарсани буткул унутишарди...
Ана шундай тотли кечаларнинг бирида Шафоат эрининг бўйнидан қучиб, деди:
-Ҳали ойим келиб-кетдилар. Эртага тоғам чорлаётганмишлар.
-Бўпти, дарсдан кейин ўтаверамиз.
-Вой?!
-Ҳа?
-Икки қўлимизни бурнимизга тиқиб, шўппайиб кириб борамизми?
-Тушунмадим? Қандай кириб боришимиз керак?
-Худди бошқа дунёнинг одамига ўхшайсиз-а? Чорлашнинг ўзи бўладими, лозимандаси бор.
-Шуни сиз қилмай қўя қолинг. Ўқимаган, тушунмаган аёл бўлганингизда бошқа гап эди. Улар бизнинг кўтариб борадиган нарсамизга зор эмасдирлар?
-Сиз кеннойимни билмайсиз. Қариндошларнинг ичида шарманда қилишдан ҳам тоймайдиган хотин у. Битта мен тушунганим билан иш битмайди-да.
-Хўш, нима олиш керак?
Шафоат бармоқларини букиб, санаб берди.
-Тоғамга ҳеч бўлмаганда битта яхши кўйлак, кеннайимга бир кийимлик вилюра, ўғилларига, қизларига...
-Отасига танк, онасига паравоз, қитъалараро ракета керак эмасми?-деди Мардон мазах оҳангида.- Бомбардимончи самолётчи?
-Нега масхара қиласиз?-деди Шафот лабини буриб.
-Шунақа ҳажвий кино бор-ку, Эргаш Каримов ўйнаган. Ўша кино олинганидан бери олам ўзгариб кетди. Лекин сизлар ўзгармабсиз. Хўп, ўзингиз айтинг: шунча нарсага пул қани? Стипендиямизни қўшсак етадими?
-Битта-яримтадан қарз олинг.
-Масаланинг ечими осон экан-ку?!-Мардон шундай деб бўйнини қашиган бўлди.- Хўп, майли. Лекин огоҳлантириб қўяй: фақат бир марта!
Бу кеча Мардон учун тотли туюлмади. Тўғрироғи, унинг учун ташвишли кечалар юз оча бошлади.
Бир томонда - ўқиш, имтиҳонлар яқинлашган, бир томонда - меҳмондорчилик. Шафоатнинг амма-холалари кўп экан, бири чорлайди, яна бири тўйга айтиб кетади... Ҳаммасига бориш керак. Боришнинг эса ўзи бўлмайди... Охир-оқибат стипендиялар ҳам, қишлоқдан келиб турувчи ёрдам пули ҳам томизғига арзимай қолди. Анча-мунча қарзга ботиб, ўзларини давралардан четга тортадиган бўлиб қолишди.
Бир куни кинога кетаётган курсдошларидан ажраб, уйга қайтишса, Шафоатнинг онаси Маъсума бувига куйиб-пишиб гапириб ўтирган экан.
-Боламнинг кўнглига қарашдан бошқа иложим қолмади, бўлмаса қишлоққа қуда бўлиш менга зарур кептими? Бой-бой хонадонлардан совчи келаётувди. Мана энди қизимнинг ижарада яшашига чидаб ўтирибман. Куёв дегани топарман-тутарман бўлса ҳам майли эди.
-Сабр қилинг, қоқиндиқ, иккови ўқишни битириб олса, мартабалари баланд бўлиб кетади, уларнинг роҳатини кўрасиз,-деб юпатган бўлди Маъсума буви.
Хасратини давом эттирмоқчи эди, қизи билан куёвини кўргач, гапи оғзида қолди. Маъсума буви секин туриб, уйига кириб кетди. У қизининг пешонасидан ўпиб, куёви билан эса совуқроқ сўрашди. Шафоат айвонга жой солмоқчи бўлади.
-Қўй уринма, кетаман,- деди у дастурхон ёзмоқчи бўлган қизига.
-Мунча!- деди Шафоат онасига эркаланиб.- Қачон қараманг, отингиз эгарлоғлиқ.
-Дадамни соғиниб қолсалар керак-да,- деди Мардон ҳазиллашиб. Аммо қайнонасининг энсаси қотганини кўриб, изза чекди. Қайнона эса унинг гапини эшитмагандек, Шафоатга юзланди:
-Эртага Фотиҳ амакинг неварасига бешик қиляпти. Шуни айтгани келувдим.
-Хўп, ўқишдан чиқиб бораман.
-Ўқишинг нимаси! Бир кун қолсанг, дунёни ер ютиб кетмас. Сен ҳам оилали одамсан, қадрингни билиб, ҳамма қатори кириб бор. Итнинг кейинги оёғи бўлиб судралиб юрма.
Қайнонанинг кейинги гапи Мардонга тегиб кетди. Бирор нарса деб юборишдан ўзини тийиб, ҳовлига чиқди. Қайнона унинг изидан ҳиссиз боқиб, гапини давом эттирди:
-Яна анави савил сумкангга тўртта нон солиб, шўппайиб кириб бормагин. Тузукроқ тугун қилиб, устига бир кийимлик чит бўлса ҳам қўй, тушундингми? Бўпти, энди мен кетдим, омин, Аллоҳу акбар!- Ўрнидан туриб, куёви билан тил учида хайрлашди-да, чиқиб кетди. Мардон билан Шафоат айбдор болалардек бир-бирларига тикилиб қолишди.
-Тугунга пулни қаердан оламан?- деди Шафоат бўшашиб.
-Бормайсиз.
-Вой, гапларини эшитдингиз-ку? Қариндош-уруғлар ичида шарманда бўламиз.
-Эртага академик Қодировнинг ўзи дарс ўтади. Шундоғ дарсни ташлаб, бешик тўйига борасизми?
-Қизиқсиз-а, улар академик Қодировнинг кимлигини билишадими?
-Ҳа, бўпти, бораверинг. Имтиҳонда сонлар назарияси ўрнига тўйдаги бемаъни гапларни гапириб берарсиз.
Шафоат лабини буриб, тескари қаради.
-Қариндошларим бир нима қилишса, дарров норози бўласиз,- деди у таъна билан.- Ўзингизники келмаса, мен айбдорманми?
-Менинг қариндошларим билан ишингиз бўлмасин. Улар сизникига ўхшаган бекорчимас.
-Мана шунақасиз-да...
-Бўлди!- Мардон ўзини тутолмай бақириб юборди.- Бораверинг, дедим-ку!
-Унда харажат қилиб чиқинг.
-Ўзингиз қилаверинг.
-Пул беринг.
-Пул йўқ.
-Вой, мунчаям зиқна бўлиб кетяпсиз?
Мардон индамади. Дераза олдига бориб, райҳонларни тешачопиқ қилаётган Маъсума бувига тикилди, кейин хотинига юзланди:
-Онангиз ўйламасалар, сиз ўйланг. Пулни қаердан топамиз?
Шафоат эрининг елкасига бош қўйди-да, гуноҳкор одамнинг овози билан деди:
-Мен нима қилай? Одатимиз шунақа. Қариндош-уруғдан четга чиқиб қолмайлик, дейман-да. Ўқишимизни битиргунча қийналармиз, кейин яхши бўлиб кетар...
Мардон ташқаридан кўз узмай, яна жимиб қолди. Ниҳоят, тўрхалтани кўтариб, бозорга жўнади.
Харажат қилиб қайтса, уйда амакиси ўтирибди. Мардон сўраша туриб, унга зимдан разм солди. Ўтириши ўша-ўша: чордона қуриб, қўлини тиззасига қўйган, нимадандир хижолат чекаётган одамдек бўйнини сал қийшайтириб, дастурхон четини химариб ўйнаяпти. Юзидан бирор фикр уқиш қийин, ёлғон гапираётганида ҳам, рост сўзлаётганида ҳам, жим турганида ҳам туси сира ўзгармайди. Шунинг учун Мардоннинг дадаси, жахли чиққанида, уни «кесак башара», деб сўкиб юради.
Шафоат чойнак кўтариб кирди-да, остонага чиқиб, эрини имлаб чақирди.
-Шу сабзидан ишлатаверайми?-деб сўради шивирлаб, Мардон остона ҳатлаши билан.
-Бошқаси борми?
-Қизиқсиз-а?
-Бўлмаса нимага сўрайсиз. Ишлатаверинг. Эртага бир гап бўлар.
-Ул-бул олиб келмайсизми? Қуруқ ош билан...
Мардон «қўяверинг», деб ичкари кирди. Амакиси тикилиб тургани учун унга тик қараёлмади.
-Нима деяпти?- деб сўради амакиси.
-Ҳеч нарса... ўзи шунчаки...
-Овқатга уннамасин, кетаман.
-Ие, қуруқдан қуруқ-а?
-Чиқиб айт, уннамасин.
Мардон ноилож ўрнидан туриб, амакисининг буйруғини бажарди.
-Қийналиб қолганга ўхшайсан, ма, ол, кам-кўстингга ишлатарсан,- деди амакиси пул узатиб. Мардон қўл узатмагач, гапни кўпайтирмай, кўрпача қатини кўтариб, пулни ташлаб қўйди-да, сўзини давом эттирди:- Шу хоначага қанчадан тўлаяпсан?
-Биздан пул олишмайди.
-Олишмайди? Бу чўпчагингни бошқаларга айт, жиян! Камида юз мингни қуртдай санаб берарсан. Шу ҳам турмуш бўлди-ю...
-Кўпи кетиб, ози қолди. Ўқиш тугаса...
-Ўқишинг тугаса ҳам шундай шўппайиб юраверасан. То қаддингни тиклаб олгунингча, ота-онангнинг бели букилади. Отанг бечора: «Тўнғичим ўғил бўлди!» деб қувониб юрарди. Тўнғичининг аҳволи мана бу. Йигирма иккига чиқибди-ю, уйига икки чақалик фойда келтирмабди.
-Нима қилай, амаки, шунақа бўлиб қолди. Ниятларим бошқача эди...
-Ниятингни яхши биламан. Ҳой бола, кўзларингни оч. Ўқиб олим бўламан, деб чучварани хом санама. Одамлар ниманинг дардида ғимирлаб юришибди? Чўнтагинг қаппайиб турмаса, биров сенинг билимингни сариқ чақага олмайди. «Ёнимга кир», деганимда, «Ўғри бўлайми?» деб кўнглимни оғритган эдинг, эсингдадир? Ўқишни битириб борадиган ерингда ўғирлик бўлмайдими? Бўлади! Хўп, ўғирликка қийналиб бординг нима-ю, осон йўл билан бординг нима? Ҳали ҳам кеч эмас, тўрвахалтангни кўтариб, қишлоққа қайтавер. Ҳеч бўлмаса ота-онангни ўйла.
Мардон нима деярини билмай қолди. «Амаки, фикрингиз нотўғри, ҳаммани ўз қаричингиз билан ўлчаманг», деса, бари бир тушунмайди, қайтага баттар аччиқланади. Ҳар бир одам дунёга ўз кўзи билан қарайди, ҳаёт фалсафасини ўзича идрок этади, бировнинг онг доираси кенг, бировники тор. Шундай экан, амакисига гап уқтиришнинг фойдаси бормикин?
Икки ўт орасида тутунсиз қоврилиш Мардонни имтиҳон пайтида айниқса қийнаб юборди. Биринчи имтиҳондан жавоб бера олмаса ҳамки, унинг ҳамиша аъло ўқиб келаётганини назарда тутиб, устози «аъло» қўйди. Аммо иккинчи имтиҳонда аранг «уч»га илинди. У ҳеч кимга қарамай, йиғламоқдан бери бўлиб, уйга қайтди. Жавобга тайёрланиб ўтирган Шафоатни ҳам кутиб ўтирмади. Кела солиб каравотга узала тушди. Устози билан бўлган савол-жавобларини бир-бир эслади. Орқа столда жавдираб ўтирган Шафоат кўз олдига келди-ю, қилган ишидан пушаймон еди. «Ҳали ҳам бўлса борай», деб ўрнидан турди. Кўча оғзига етганида қайнонасига йўлиқиб, тўхтади.
-Уйда ким бор?- деб сўради қайнона куёвининг саломига беписанд алик олиб.
-Ҳеч ким.
-Ўзи шунақа, қачон келмай, ҳеч ким бўлмайди.
Мардон Шафоатнинг ҳозир келиб қолишини айтиб, уни уйга бошлади.
-Қишлоғингиздан дарак борми?-деб сўради қайнонаси фотиҳадан сўнг.
-Ҳа, хабарлашиб турибмиз.
-Бир келишса, чақириқни гаплашиб олардик.
-Яна чақириқми?
-Ие, куёв тўра, қуда чақириқлар қилинмади-ку?
-Шу... чақириқлар ҳам кўпайиб кетди-да...
-Уни қаранг-а, хотин олишни осон деб ўйлаган экансизда, а?! Қизимни-ку, йўлдан уриб уйландингиз. Хўп, дардимиз ичимизда, энди удумларимизга ҳам чидамайсизми? Қўйинг, тилимни қичитманг, уришиб қоламиз.
-Чақириқни ўқиш тугагандан кейин қилсак-чи?
-Ҳой, куёвжон, биз саҳройи биёбонда турмаймиз, эл-юрт ичида яшаймиз. Биз ҳам уларнинг тузини тотганмиз. Маҳалла-кўйда ўзимизга яраша обрўйимиз бор. Ё уч киши бўлганларингда чақириб, шармандамиз чиқсинми? Одамлар нима дейди, ҳеч ўйлайсизми?
-Одамларнинг бизлар билан нима ишлари бор? Битта-яримта сўраса, ҳозир иложи йўқ экан, денг-қўйинг.
-Ҳм... Яхши... Нимага иложингиз бор ўзи?! Балки, қизимни боқиш ҳам ортиқчалик қилаётгандир? Айтинг, қурбингиз келмаётган бўлса олиб кета қолай!
Бу гап Мардоннинг суяк-суягидан ўтиб кетди.
-Олиб кетасизми?- деб сўради алам билан. Шу тобда қайнонаси кўзига жуда-жуда хунук кўринди. Унинг юпқа лаблари, туташ қошлари шунчалар беўхшов туюлдики, юзига қарагиси ҳам келмай қолди.
Айни пайтда Мардон ҳам қайнонасининг кўзларига ёмон кўринаётган эди. У куёвининг «Олиб кетасизми?» деган пўписасига чидай олмади, шартта ўрнидан турди-да:
-Ҳа, олиб кетаман!- деб хитоб қилди.
Борлиғини ғазаб чулғаган Мардон қайнонасининг овозида қатъиятликдан кўра хавотир кучли эканини сезмади, бирдан қўл силтаб: «Олиб кетаверинг!» деди.
Бу гап билан тутаётган ўтинга мой сепилди. Аланга забтига олаётганда Шафоат кириб келди. Онасининг узуқ-юлуқ гапларидан ҳеч нима тушунмай, эрига боқди, Мардоннинг тутаб турганини кўриб, онасига ялинди.
-Қани, нарсаларингни йиғиштир,- деди онаси.
-Нимага?- деб сўради Шафоат ажабланиб.
-Йиғиштир, йиғиштир, деяпман. Махсимчанг ўзини эпласа ҳам катта гап! «Олиб кетинг!» деяпти.
-Ойи!- Шафоат бу гапдан изза чекиб, онаси учун кечирим сўрагандай Мардонга юзланди. Мардоннинг лаблари титради. Нимадир дейишга оғиз жуфтлади-да, лекин чурқ этмай чиқиб кетди.
Мардон шу чиққанича қишлоғига жўнаворди. Ота-она икки кун ўғилнинг оғзини пойлашди. Ундан садо чиқавермагач, онаси қийин-қистовга олди. Мардон шунда ҳам ёрилмади.
-Ўқишни ташладим, ўйлаб қарасам, олган дипломим билан тирикчилик ўтказсам бўлади, магистратурада ўқиш шарт эмас экан, энди амаким билан ишлайман,- деб гапни калта қилди.
У энди отаси билан бўлажак жиддий можарога шайланарди. Бироқ, отаси ўша куни ҳам, эртасига ҳам индамади. У хотинининг гапини эшитиб: «Индамай тура тур. Бугун-эрта эси кириб, қайтиб кетади», деган эди. Бу гапдан бехабар Мардон отасининг индамаганини «ризолик аломати» деб билиб, амакиси очган янги дўконда ишлай бошлади. Шунда ҳам отасидан садо чиқмади. «Дадам айтолмай юрган эканлар-да», деб ўйлади Мардон. Дўконда куни ўтгани сайин унинг юрак-бағри эзилаверди. Шафоат сира кўз олдидан кетмайди, худди эшикдан кириб келадигандай туюлаверади. Кечалари тушига ўртоқлари, устозлари, қайнонаси кириб, уйқуси қочганда, «Ҳаммаси ўткинчи, кўникиб кетаман», деган хаёл билан ўзини овутди.
Бир ҳафтадан сўнг амакиси унинг қўлига пул тутқазди:
-Мана жиян, меҳнатингга яраша ҳалоллаб оляпсан бу пулларни. Худо хоҳласа, ҳадемай елкангга офтоб тегиб қолади. Бу йил ҳажга боришнинг иложини қилолмасам, Чуқурқишлоқда битта дўкон қуриш ниятим бор. Уни ўзингга бериб қўяман, юритаверасан. Она томондан катта дадамиз тижоратчи бўлганлар, қонимизда савдогарнинг қони бор. Савдода ишлаш –савоб.
Мардон бойий бошлаганидан қувониб турганида дўконга қишлоқнинг ардоқли онахонларидан бўлган Маъсуда ҳожи она кириб келди. Келажакнинг тилларанг саройи орзусида турган Мардон унга салом беришни унутди. Ҳожи она салом кутиб, унга бир оз қаради, кейин афсус билан бош чайқади-да, ўзи салом берди. Шундан кейингина Мардон хомхаёллик гиламидан ҳақиқат бўйрасига тушиб, уялди.
-Бир кило шакар торт, болам,-деди Ҳожи она.
Мардон елимхалтага шакар солиб тарозига қўйди. Тарози кўрсатгичи тўхташга улгурмай, халтани олиб кампирга узатди. Шундай қилишни амакиси ўргатган. Шунча кундан бери биров унга танбеҳ бермаган эди. Ҳожи она халтани олиб, тарози ёнига қўйиб унга синовчан тикилиб турди. Кейин сўз бошлади:
-Болам, отангнинг суяги меҳнатда қотган, сенам эгатларда эмаклаб юриб, катта бўлгансан. Олимликка ўқиётган экансан, нега энди бу ишни маъқул топдинг?
Кампирдан бундай саволни кутмагани учун Мардон бир оз довдиради, кейин амакисининг тижорат ҳақидаги гапларини эслаб, жавоб қайтарди:
-Тижорат савоб-ку? Пайғамбар ҳам тижоратчи бўлган-ку.
-Бунақа гапларни ҳам биласанми?-деди Ҳожи она норози қиёфада қараб.-Билганинг яхши, лекин аввали шуки, Пайғамбаримиз алайҳиссалом кўчадаги ўртоғинг эмаслар, муборак номларини тилга олганингда сенсирамагин-да, салом йўллашни ўрган. Тижоратда савоб борлиги тўғри, лекин ҳаром аралашган тижоратдан савоб кутмагин. Афсуски, Қуръони Каримни қўлга олмаган кўринасан. Ўқиганингда эдинг, Исро сурасидаги “Ўлчаган чоғингизда тўлиқ ўлчанг ва тўғри тарози ила тортинг. Ана ўша яхшидир ва оқибати гўзалдир”, деган маънони фаҳмлаган бўлардинг. Бу қалб поклигининг аломати, ўзаро ишончга боғлиқ нарса, хайр-барака омили. Яна Шуаро сурасида: “Ўлчовни тўла ўлчанглар ва камайтириб тортувчилардан бўлманглар ва тўғри тарози билан тортинглар. Одамларга нарсаларини камайтириб берманглар ва ер юзида бузғунчилик қилиб, санқиб юрманглар”, дейилган. Энди юрагинг сиқилмасин-да, битта ривоятни эшит: Ҳижоз билан Фаластин ўртасида Ақаба кўрфазида яшовчи Мадян халқига Аллоҳ таоло Шуайб алайҳиссаломни пайғамбар этиб юборган. Мадянликлар ичида ўлчовда алдаб, бировнинг ҳаққини уриб қолиш авжида экан. Уларнинг диёри савдо карвонлари ўтадиган асосий марказ бўлиб, у ерда савдо ривожланган. Бу қавм фақат тарозида эмас, бошқа соҳаларда ҳам бировнинг ҳаққини уриб қолишга уста экан. Шуайб алайҳиссалом уларни инсофга чақирганларида улар ул зотни ёлғончига чиқардилар. Шунда Аллоҳ таоло уларни азобга тортди. Ўлкани ғоят иситиб юборди. Нафас олиб бўлмайдиган даражага етганда осмонда булут кўриниб, ҳамма унинг соясида ором топмоқ истагида тўпланди. Шунда булутдан чақмоқ чақиб, ўт-олов чиқиб, барчаларини куйдириб юборди.
Ҳожи она гапларим қандай таъсир этяпти экан, деган маънода унга тикилиб турди. Мардон унинг ниятини англаб, бошини эгганича тураверди. Бу сомелик Ҳожи она кўнглига равшанлик берди, “Бу йигитнинг юраги ҳали тош қотмаган”, деган фикрда гапини давом эттирди:
-Ўтмишда азобга тортилган гуноҳ бугун жазосиз қоладими? Раҳматли Ҳожи тоғанг вафотларидан олдин бир воқени айтиб берган эдилар: у кишига нариги қишлоқдаги одамлар келишиб: “ўлим тўшагида ётган бир беморимиз бор, дам солиб қўйинг”, дейишибди. Тунги соат учда боришса, бемор беҳуш, ғоят оғир аҳволда экан. Ҳожи тоғанг калимаи таҳвид, калимаи шаҳодатни айтдиришга ҳаракат қилибдилар. Бир маҳал бемор ҳушига келиб, Ҳожи тоғангга бақрайиб қараганича: “Нимага мени мажбур қиляпсиз? Кўрмаяпсизми-ки, тарозининг бош қисмидаги темирини томоғимга санчиб-санчиб олмоқдалар!” дебди-ю, талвасага тушиб, кейин жон таслим қилибди. Ҳожи тоғанг унинг жон талвасасидаги гапидан ажабланиб, бунинг сабабини хотинидан сўрабдилар. “Бу ҳақда сўраб, ярамга туз сепманг, устоз,-дебди бева ўкинч билан.-Эрим тижоратчи эдилар. Тарозилари иккита эди. Кам кўрсатадиганини мол сотиб олаётганларида, кўп кўрсатадиганини сотаётганларида ишлатардилар”. У киши бир тарозида тортган бир кило мол иккинчисида саккиз юз грамм чиқаркан. Халқни алдаб яшаган одам шунақа қийналиб ўлган экан. Суфёни Саврий деган ҳазрати шайхнинг: “Ҳаром мол топмоқ Қиёмат ҳисобига ишонмасликдир. Кимки Қиёмат ҳисобига ишонмаса, кофир бўлур”, деган ҳикматли гапларини хотирангга михлаб олсанг, адашмайсан, болам.
Кампир шундай деб, шакар солинган елим халтани қўлига олиб, тарозига оҳистагина қўйди. Мардон тарози кўрсатгичига қаради-ю, яна бошини эгди. Шу он Ер ёрилса-ю, қаърига тушиб кетса ҳам рози эди. Гарчи Ҳожи онанинг нурли чеҳрасида ғазаб сояси кўринмаган бўлса-да, Мардоннинг юрагини қандайдир темир қўл бураб сиқа бошлади. Ҳожи она чиқиб кетгандан кейин ҳам жойида қотганича анча туриб қолди. Кейин дўконни ёпиб, сой бўйига тушиб кетди. То шомга қадар ёлғиз ўтирди. Кўп ўйлади, тўғри йўл топмоқни истади. Ҳаёт тажрибаси етарли бўлмаган одамнинг тўғри йўл топмоғи осон эканми?
Кун ўтган сайин Ойниса адойи тамом бўлаёзди. У ёқда ҳомиладор келини, бу ёқда тумтайиб, дардини очмаётган ўғли... Охири, ўйлай-ўйлай, қишлоқнинг эътиборли онахони ҳузурига борган эди. Боришга борди-ю, хасрат дафтарини дарров очишга ийманди.
-Ҳожи она, ўғлимнинг келиб қолганини эшитгандирсиз?-деди ерга кўз тикканича. Боласининг қилмишидан уялган онага нақадар қийин! Ҳожи она унинг аҳволига тушуниб, мулойим овозда жавоб қайтарди:
-Эшитдим, яхши бўлмабди. Худодан инсоф сўровринг, эси кириб, ўқишига қайтиб кетади.
-Қўлига пул тушиб, эси кирадиганга ўхшамайди. Тарозидан ураётганмиш, қайтимни тўғри бермаётганмиш. Қишлоқда бош кўтаролмай қолдим.
-Яна пича сабр қилинг-чи, Худо хоҳласа инсофга кириб қолади. Ёшликда шунақа адашувлар бўлиб туради. Кўпам куюнаверманг.
Ойнисани шу каби гаплар билан овутиб жўнатган Ҳожи она дўконга келиб, Мардонга рўпара бўлган эди. Онасининг қилмишидан бехабар Мардон Ҳожи онанинг кириб келишидан ажабланмаган эди... У учун кутилмаган ташрифнинг оқибати бунақа уятли бўлиб қолди...
Мардон кечки овқат ейилиб, дастурхон йиғилгач, пулни отасига узатди.
-Нима бу?- деди отаси пулга қўл ҳам узатмай.
-Иш ҳаққим,- деди Мардон отасининг феъли айниганини сезиб.
-Шунақа дегин... Онаси, қара-я, ўғлимиз пул топиб келибди,- деди отаси заҳархандалик билан.- «Ўлимликка атаб тўрт танга ташлаб қўймайсиз», деб буровга олаётган эдинг. Мана, энди бу ёғидан кўнглингни тўқ қилавер. Ўғлинг пултопар бўлиб кетибди. Топган пулларига ўраб, юмалоқ-ёстиқ қилиб кўмади иккимизни. Тепамизга чиройли тош ҳам бостириб қўяди.
-Дада!
-Э аттанг, ўғлим олим бўляпти, деб кўкнорихаёл бўлиб юраверибман-ку, охиратимни шу пуштикамарим куйдириши мумкинлигини ўйламабман...
Отаси шундай деб юзини тескари бурди. Унинг гаплари Мардоннинг жон-жонидан ўтиб кетди. Чангалидаги пулни қаттиқ сиқди. Отаси бошқа индамади, бошини хам қилганича ўтираверди. Онаси эса ошхона олдида қотганича тураверди. Айвонда ҳайрат билан тикилиб турган укаларига Мардоннинг кўзи тушди-ю, қўлидаги пулни ерга уриб, шартта кўчага чиқиб кетди. Онаси: «Мардонжон, болам!» деган кўйи қолаверди.
Фарзанд ғазаб отига минганида она: «болам ўзини бир нима қилиб қўймаса эди!» деб хавотирланади. Ҳозир ҳам онаси Мардоннинг изидан югурмоққа шайланди-ю, эрининг қаҳрли нигоҳини кўриб, тўхтади.
Гарчи Мардон уйдан жаҳл билан чиққан бўлса-да, «ўзини бир бало қилиш» нияти йўқ эди. У фақатгина ёлғиз қолмоқни истарди. Киндик қони томган тупроқдан, шовқинсиз, оҳиста оқувчи лойқа сойдан, сув бўйидаги тераклардан, гузардаги кўпни кўрган қайрағочдан сўрайдиган саволлари кўп эди... Аммо бу тун саволларига жавоб ололмади. Зеро, бундай сўроқларга на тупроқ, на сув, на дарахт жавоб бера оларди. Улар, балки, қачонлардир мушкул ҳолларда одамзодга жавоб қайтаришгандир, лекин ҳаётнинг аёвсиз, телба тўлқини фаразларини барбод қилгач, сукут сақламоқни афзал билгандирлар? Кечмишнинг қоронғи кўчалари зулмат чодирига бурканган, бу чодир оғушидаги тупроқ, сув, дарахтлар не-не фиғонларнинг, не-не нолаларнинг гувоҳи бўлишмаган? Мардоннинг кичкинагина ташвиши улар олдида нима экан?
Тун бўйи бедор кезиб чиққан Мардон қалбидаги саволларга ўзи жавоб излади... Саҳар чоғи уйига кириб келганини ўзи ҳам сезмади. Отаси ишга отланаётган экан, унинг саломига алик олиб, кетмонни елкасига қўйганича чиқиб кетди. Мардоннинг хўнграб йиғлагиси келди. Онаси уни бағрига босиб, юз-кўзларидан ўпди.
-Болам, бизни рози қиламан, десанг, ўқишингга қайтгин,- деди у пичирлаб.
Мардон онаси берган тугунни олиб, далага жўнади, отасини шийпондан топди. Отаси унинг гапини эшитмаёқ баланд овозда сўради:
-Ҳа, ўғлим, сафар қаридими?-Сўрашга сўради-ю, жавоб кутмай, ҳовуз лабида чойнак юваётган мўйсафидга юзланди:- Марасул бува, ўғилнинг атпоскаси тугабди. Қани, “омин” денг. Дуони қуюқроқ қилаверасиз, яқин орада, бу яқин атрофдан менинг ўғлимга ўхшаган зўр олим чиқмайди. Қишлоғимизнинг шуҳратини дунёга таратади.
Мўйсафид чойнагини қўйиб, кафтини этагига артди-да, қўлини фотиҳага очиб, узоқ дуо қилди, йигитга олимликнинг улуғ мартабасини тилади.
Отаси катта йўлгача кузатиб чиқди. Йўлда гапирмади, насиҳат ҳам қилмади. Қўл кўтариб, йўловчи машинани тўхтатдилар. Отаси хайрлашар маҳали “Келинимга салом айт. Ой-куни яқиндир, ёлғиз қолдирмагин,-деб уни қучоқлаб бағрига босди-да, қулоғига шивирлади:- Бизни рози қиламан, десанг, олимлик йўлингдан қайтма, болам.
Шаҳарга қайтиб, Шафоатни уйда кўрди...
Мардоннинг бахтига хотини ҳам гина-кудурат қилмади. Маъсума бувининг бояги гапидан кейин Мардоннинг кўнгли тўлиб кетди: сўраганларга хотини шунча кун ёлғон гапириб, унинг айбини яширибди...
-Шафоат,- деди у уй томон юриб. Жувон эрининг мақсадини англаб, супургисини ташлади-да, унинг изидан уйга кирди.- Нимага индамайсиз? Бундан кўра дўппослаганингиз яхши,- деди Мардон хотинини белидан қучиб.
-Ураман ҳам,- деди Шафоат ёлғондан қовоғини уйиб.
Мардон чап юзини тутди. Шафоат аста шапати урди. Мардон ўнг юзини тутди.
-У ёғига Зайнаб урсин,- деди Шафоат кулгидан ўзини зўрға тутиб.- Ё Зайнабни қишлоқда қолдириб келдингизми?
Мардон Шафоатнинг айёрона кулиб турган кўзларидан ўпди...
Кўп манзур бўлган мақолалар
- Оилали фоҳишалар
- Эр-хотин ўртасида муҳаббатни кучайтириш учун 10 та восита
- Хар дарднинг шифоси бор
- Жинсий қарамлик (шаҳватпарастлик)
- Зинонинг “замонавий” тури
- Эр ўз аёлидан зерикканлигининг аломатлари
- Рамазонда хотини билан қўшилишлик
- «Мен ичмайман» дейсизми?
- «Сен буюк ялқов бўлиб етишасан!»
- Mаданий ҳордиқдаги маданиятсизлик
Ҳозир сайтимизда 57 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ
Оила, никоҳ, талоқ (фатволар)
- Ота-онамни бориб кўришдан тўсишга эримнинг ҳаққи борми?
- Аёл кишининг машина ҳайдаши
- Ажраш ҳуқуқи хотинга ҳам бериладими?
- Аёлларга тааллуқли масалалар
- Аёлларнинг қабристонга бориши
- Аёлларни эркакларга ўхшаб намоз ўқиши
- Сафар қилиш
- Махсус кунларда Қуръон ушлаш, тиловат қилиш ҳақида
- Етимни фарзандликка олса бўладими?
- Аёлларга қўйиладиган тақиқлар
- Депиляция
- Иккинчи турмуш
- Кўз зиносидан эркаклар қандай сақланади?
- Аёл киши телевидениеда журналист бўлиши, кўрсатувлар олиб бориши мумкинми?!
- Сочи узун эркаклар ва сочи калта қизлар