1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Ароқ қўйиб, тўй қиламан келсангиз...

 

Аввалги мақолаларимизда водийдан Андижон ва Наманган, кейин пойтахт Тошкент гапирилди. Бу сафар энг чекка ғарбий вилоятимиз – Хоразм ҳақида тўхталсак, нима дейсиз?  Мамлакатимиздаги энг санъаткорона ўлкалардан саналадиган Хоразм аҳолиси айни пайтда миллий маросимларимизни қандай ўтказмоқда? У ерда сарфлар жуда катта бўлади, деб эшитгандик, қийналиб қолишмаяптимикан? Бугун шу ҳақда ҳикоя қилишга жазм этдик.

Айни пайтда пойтахт Тошкентда биз билан бир жойда, фақат бошқа соҳада меҳнат қилаётган бир таниш акамиз бор, хоразмлик. У киши билан суҳбат жараёнида ушбу мақолани оққа туширишга муваффақ бўлдик.

- Хў-ўш… нима десам экан? Хоразмда ичкилик бўлмаса тўй бўлмайди, - суҳбатдошим шундай дея гап бошлаганида, ичимни нимадир росмана тирнаб ўтди. Чунки мулоқотимиз шундай ҳунук сўзлар билан бошланади, дея ҳеч ўйламагандим. Хоразм ичкиликка муккасидан кетган одамлардангина иборат эмаслигини яхши билсам-да, бу гап анча ёмон таъсир қилди. Айниқса, кейинги жумлани эшитганимда баданимда дард устига чипқон чиққандек бўлди. Хоразмчасига айнан шундай сўзлар янграганди:

- Ҳеч нарсага харажат қилмасалар ҳам, ароққа харажат қиладилар.

Хўш, яна қандай изоҳ, қандай таъриф керак? Коммунизм даврида ишчи ва деҳқонларнинг одатий ва кунлик ичимлигига айланган вино ва пиво, ундан сал баландроқ «планка» - ароқ, афсуски, Хоразм маросимларининг ажралмас бўлаги эканича қолмоқда. Нафақат тўйлар, балки турли ўтиришлар, «гап» деганлари, туғилган кун ва шунга ўхшаш маросимларда ҳам спиртли ичимликлар иштирокчиларга ҳамиша ҳамроҳ бўлаётир.

Мулоқотимиздан олдин Андижондаги одатлар ҳақидаги мақолани ўқиб чиққан ҳамсуҳбатим унга ишора қилиб гап бошлади:

- Аксинча, бизнинг тўйларда қиз чиқариш жуда осон. Қизини узатадиган томон ҳеч нарса қилмайди, деса ҳам бўлади. Ҳамма нарсани куёв томондагилар олиб беради. Кийим-кечак, латта-путта қилади, қолаверса, келиннинг қариндош-уруғини ҳам кийинтиради. Ҳамма нарсасини қилиб беради. Мебелни ҳам куёв томон харид қилади. Тўйга атаб келиннинг уйига мол, қўй олиб боради. Хуллас, ҳаражатлар шундай кўпки, асти қўяверасиз…

Тўйдан уч-тўрт кун олдин иккала томондан икки кишидан, жами тўрт киши бозорга йўл олишади. Бу тўрт киши – келин, куёв, уларнинг янгаси ёки яқин қариндоши, баъзида келиннинг онаси ҳам бўлиши мумкин.

- Наҳотки шундай, келин билан куёв иккаласи тўйдан олдин бирга бозор қиладими?, - дея сўрайман.

- Нега ажабланасиз, бу одат-ку ахир, сиз давомини эшитинг!

- Хўш-хўш…

- Бозорда келин ўзига кийим танлайди, уни оламиз, буни оламиз, деб. Куёв эса орқада - харид қилинган нарсаларнинг пулини тўлаб юради. Келинга кўпинча онаси «ёрдамчилик» қилади - нималар олиш кераклигини эслатиб туради, йўқ, кўрсатиб туради!

Бундай пайтларда келин «Уни оламан, буни олмайман», деб хархаша қилиши одатий ҳол. Куёв эса аксинча «Уни эмас, мана бунисини олақол», дейди, «Сенга буни олиб берсам, фалон нарсага пул етмайди», дея камроқ пул сарфлашга ҳаракат қилади. Кейин эса тортишув бошланади. Ишқилиб, келиннинг кўзига нима яхши кўринса, олинади-да!

- Агар пул етмай қолса-чи, унда нима бўлади?

- У ҳолда куёв тўйдан кейин олиб бераман, деб ваъда беради. Масалан, мен ўшанда бўлажак хотинимга «Ҳамма қариндошингни кийинтирдим, энди пул тугади, ўзингга тўйдан кейин олиб бераман» деганман, кейин икки йил куним шу билан ўтди. Тахминан шунча муддатда «қарзим»ни уздим.

- Агар куёвнинг пули етмай қолса, уялиш ҳисси пайдо бўладими?, - дея сўрайман.

- Бўлади. Ахир у ҳам инсон-ку! Нега энди уялмасин экан? Лекин бир амаллаб вазиятдан чиқиб кетишга ҳаракат қилади. Шунга мажбур-да. Мол-дунём сенга кетди, дейди. Ойни олиб бераман, деб ваъда беради. Бошқа йўллар қидиради. Ишқилиб амаллайди...

Шу ерга келганда ўзимнинг фикримни икки оғиз билдириб ўтсам. Жуда катта сарф қилинадиган «бозор маросими»нинг бевосита КЕЛИН ВА КУЁВ ИШТИРОКИДА ўтиши менга умуман ёқмади.

Биринчидан, бу манзаранинг ўзи турқи хунук. Иккинчидан, ахир, куёв деганлари у ерда ҳар хил ноқулай ҳолатга тушиши мумкин, у бечорада ҳам эркаклик ғурури бор-ку! Ҳали тўй бўлмасиданоқ ғурур топталишини қандай қабул қилиш мумкин? Шунақада оила оила бўладими? Айниқса, ҳозирги кунимизда - пул бир зумда тугайдиган арзон ва қадрсиз матоҳга айланиб қолган замонда-я?

Айнан шу фикр миямга ўша суҳбат пайтидаёқ келганди. Ҳамсуҳбатим буни тасдиқлагандек, мендан бехабар ҳолда шундай дея давом этди:

- Шу бозордаги харид пайтида қиз қанча кўп нарса талаб қилса, кейин тўй ўтгач, ўзига шунча қийин бўлади. Бирон кор-ҳол чиқса, куёв томондагилар дарров сарпо харажатларини унинг юзига солишади, кейин у гап қайтаради. Қарабсизки, «ўзбекча сериал» ҳам бошланиб турибди-да! Келинлар кўпинча «Мен куёвимга хизмат қиламан, сизларга эмас», дейишади.

Иккита қизиқ нарса айтиб берайми? Юқорида, тўйдан уч-тўрт кун олдин келин-куёвлар бозорга чиқишади, дедик. Ўша куни сотиб олинган буюм ва сарполар битта машинага ортилиб (харажатини куёв тўлайди), келиннинг уйига олиб борилар ва энг қизиғи, 4 кундан кейин яна қайтиб куёвнинг уйига келтирилар экан.

Шунингдек, бозорга чиқишдан бир кун олдин келиннинг уйида бўладиган каттакон йиғилиш ҳам жуда қизиқ маросимдек туюлди, менга. Бу йиғилишда худди анави новелладаги каби, кимга нима харид қилиниши ҳал қилиб олинар экан. Масалан, тоғаси унга айтаркан: «куёвинг менга фалон нарса қилиб беради, чунки ўз вақтида мен ҳам сенга қилганман», деб. Лекин олинадиган нарсаларни аниқлаш, рўйхат тузиш жараёнида ўртада қиз турар эканки, у рухсат берсагина кимга нима олиниши аниқ бўларкан. Яъни, сарполар рўйхатини келин белгилайди ва унинг розилигисиз ҳеч кимга ҳеч нарса ёзилмайди.

Бир томондан олиб қараганда тузукка ўхшайди, лекин бунинг остида қандай даҳшатли машмаша ётганини фақат ва фақат ТУШУНГАН ЭРКАКЛАР билишади.

Суҳбатимиз давом этади:

- Хоразмда қалин пули жуда катта деб эшитганмиз…

- Ҳа, юқорида санаб ўтилган сарфлардан ташқари, куёв томони яна қалин пули ҳам беради.

- Ҳозирда қалин пулига 800 минг сўм беришаяптийкан, деб эшитдим…

- Агар унақа бўлса яхши-ю, менимча, ундан анча кўпроқ бўлса керак. Мен анчадан буён Хоразмга борганим йўқ. Охирги нархларни ҳозир айтолмайман…

- Бу пул қанча бўлиши кераклигини қандай аниқлашади? Аниқ бир ёзиб қўйилган шаблони бўлмаса керак…

- Маҳалла-кўйдан сўралади, бироз олдин бўлиб ўтган тўйларда қанча берилган бўлса, сўраб-суриштириб, шунча беришади.

Шу ерга келганда яна қитмирлигим қўзиб, савол бераман: «Агар, мисол учун ҳамма 2 миллион бераётган бўлса, лекин сизнинг пулингиз умуман кам бўлса ва 200 минг сўмгина беришингиз мумкинлигини айтсангиз, унда нима бўлади?»

- Қизини бермайди. Аниқ бермайди. Мумкин, йигит жуда лойиқ бўлса, яъни ёқса ёки қиз йигит билан севишса, унда беради.

- Ота-она арзон нархга кўнмаса, демак қизлар «сотиларкан-да»?

- Йўқ, жуда-а унчалик эмас. Масалан, бизда «Тенг-тенги билан» деган гап бор. Худди бой камбағалга қизини бермаганидек, камбағал ҳам бойга қизини беришни хоҳламайди. Кейин қийинчилик кўришини тасаввур қилади-да, бермайди. Шунинг учун томонлар олдиндан ўйлаб иш кўришади.

- Ҳа, буниси яхши… Хоразмда маҳр деган тушунча борми?

Шу ерга келганда ҳамсуҳбатим ўйланиб қолди, бу сўзни олдин умуман эшитмаган экан, жавоб беролмади... Нега буни ёзганимни тушуниб бўлдингиз, менимча.

Хоразмда яна битта яхши одатни учратдим. Қиз унаштирилаётганда, оила бошлиқлари келин бўлмишнинг акаларидан, яъни ўз ўғилларидан ҳам розилик олишаркан. Эътибор қилинг, ҳамма жойда ҳам йўқ, бу одат.

Ўғиллар ота-онанинг ёнига чақирилиб, улардан битта-битта сўраларкан: «Синглингни фалон йигитга турмушга берсак, розимисан?», деб.

- Агар розилик бермаса, нега бундай қилаётгани суриштирилади, - дейди ҳамсуҳбатим. - Ростдан ҳам ака — қизнинг қўрғони, кўча-кўйда юради, бўлажак куёвни кўриб юрган бўлади. Унинг қинғир ишларини билса, розилик бермаслиги мумкин.

Олдин хоразмлик бир киши билан ярим кунча суҳбатдош бўлгандим. Унинг битта гапи ҳеч эсимдан чиқмайди:

- Хоразмда аёлларнинг «нархи» жуда паст. Эркаклар уларга хоҳлаганча ёмон муносабатда бўлишади. Шахсан, мен кўп жойларда бўлганман. Мана ҳозир водийга кетаяпман, биламан, у ерда аёлларга жуда меҳрибонлик кўрсатишади.

Шундай дер экан, у ўзбекча сўз тополмай «Хоразмда эркаклар - как второй бог» дея таъриф берганида, ҳамма нарсани ифодалаб қўйгандек бўлганди, менимча. Бугун Хоразмдаги баъзи миллий анъаналарни ўрганар эканман, турли маънавий ўпқон, нотекисликларга дуч келдим. Бу ҳақда қаламим етганча ёзилди, фикр қилиш ва хулоса чиқариш эса яна сиздан, азиз мухлис!

Беҳзод Аҳмаджонов

Ҳозир сайтимизда 75 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ