Сайт бўлимлари
Мен ҳаммасини енгдим
- Подробности
- Бўлим: Ҳикоялар
- Чиққан санаси: 25 Июнь 2013
- (Нашр қилинган санаси)
Бу воқеани ёзишимга сабаб ким учундир ибрат бўлсин, ҳар ким ўзига керакли хулоса чиқарсин деган ниятда ёзишга жазм этдим. Дугонамнинг ҳаётидаги воқеалар балки ён-атрофимизда бизга таниш бўлган инсонларнинг ҳаётига ўхшаш бўлиши мумкин.
Инсон сўзининг маъноси аслида унутувчи, кўникувчи маъносини билдирар экан. Ҳақиқатан ҳам ҳаётимизда шундай воқеалар рўй берадики, бунга кўникмай иложимиз ҳам йўқ. Инсон зоти вақт ўтган сайин ҳамма нарсага кўникиб, мослашиб ҳам кетади. Аслида вақт ҳамма нарсани ўз измига сола олади, бўлган воқеалар унутилади, яна ҳаёт бир зайлда давом этади.
Яқинда дугонам билан телефон орқали боғланиб, ҳол-аҳвол сўрашдик. Кўришмаганимизга 1-2 йил бўлиб қолган бўлса-да, ўзимиздан ортиб кўришишга имкониятимиз бўлмаса-да бир-биримизга телефон орқали далда бўлиб турамиз. Охирги марта у билан гаплашганимда ҳаётидан мамнунлиги сезилиб турарди. Атрофида уни эъзозлайдиган инсонлар борлиги учун Тангрига минг бора шукроналар айтди. Шу ой охирида турмушга чиқаётганини айтганида тўғриси ҳайрон қолдим. Суҳбатларимизнинг бирида у менга шундай гапларни айтганди:
“Дугонажон, ҳаётда шундай воқеалар ҳам рўй бераркан, тақдирга тан бериб яшашдан бошқа чора ҳам бўлмас экан. Шундай кунлар бошимга қачондир тушишини етти ухлаб тушимдаям кўрмагандим. Яхши кунда ҳам ёмон кунда ҳам ёнимда бўлишга онт ичган, ишқимда ёниб-куйган, ҳаттоки осмондаги ойни олиб беришга тайёр бўлган севикли ёрим бошимга оғир мусибат келганда шу ҳолимда мени ташлаб кетди, бу ҳам етмагандек менга хиёнат қилди, не азобларни бошдан кечирдим. Ўша пайтдаги аҳволим ёлғиз Худога аён.
Ҳаётимнинг энг ёрқин дамлари, ўйнаб-кулиб юрган пайтларим 18 ёшимда автоҳалокатга учрадим. Мендек гўзал, қадди-қомати келишган, яқиндагина севганимга турмушга чиққан пайтимда бундай мудҳиш воқеа рўй бериши ҳаётимни тубдан ўзгартириб юборди. Севикли ёрим билан машинада, мусиқани баландлатиб, тезликни ошириб кетаётганимизда рўпарамизда бирдан машина пайдо бўлдию нималар бўлаётганини англолмай қолдим, қолганини эслолмайман...
Эслолганим, бир неча ойлаб касалхонада даволанганим, бошим қаттиқ шикастлангани, бир неча жойдан тикилган, сочларимни қириб ташлашган эди. Шифокорлар оёқ нерв томирларим қаттиқ жароҳатланганини, оқибатда бошқа юролмаслигимни айтишганида ақлдан озаёздим. Бир умр ногиронлар аравачасига михланиб қолишимни тасаввур ҳам қилолмасдим. Бундай кўргиликни душманимга ҳам раво кўрмайман. Гўёки ҳаёт мен учун тугаган, ҳамма-ҳамма орзуларим бир лаҳзада саробга айланган эди. Шундай пайтда кўз ёшлардан асло фойда йўқ эди. Ўша лаҳза кўзимга ёш ҳам келмади, нималар бўлаётганини тушунолмай қолдим.
Йўқ-йўқ, мен туш кўраяпман, ёмон туш кўраяпман, бироздан кейин уйғонаман ва ҳаммаси ортда қолади...
Қанчалик ўзимни алдашга уринмай ҳаммаси ҳақиқат эди, ҳа аччиқ ва аламли ҳақиқат эди. Энди ўзимни ҳеч кимга кераксиз буюмдек ҳис қила бошладим. Касалхонадан даволаниб чиққан куним турмуш ўртоғимнинг оила аъзолари мени аравачамда ота уйимга олиб келиб қўйишди. Чиққан қиз чиғириқдан ташқари дейишади. Аммо мен энди уй юмушларини бажаришгаям ярамай қолгандим, турмуш ўртоғимни ишдан қайтишида кутиб олиб, ишдан чарчаб келганида ширин-ширин таомлар пишириб бера олмасдим. Бундай аҳволда бу юмушларни бажара олмасдим ҳам. Шу сабабли қайнонам мени энди керак эмаслигимни айтиб уйимга жўнатди. Ўғлини онаси ўпмаган қизга уйлантираман деди. Шундан сўнг қайғуларим яна ловиллаб ёнди.
Энди қалбим бўм-бўшга ўхшарди. Ёнимда ҳаттоки севимли инсоним ҳам йўқ эди далда бўлгувчи. Авваллари дугоналарим кўп эди, касалхонадан чиққанимдан бери ҳеч бири йўқлаб келмади ҳам. Аравачага михланиб қолган бир бечора кимга ҳам керак энди. Баъзилари мени чўлоқ, энди юролмайсан деб мазах ҳам қилишди. Барини ичимга ютдим, сабр қилдим.
Кунлар шу зайлда ўта бошлади. Ўзимни қўлга олишга ҳаракат қилдим, оёқларим қимирламаса-да уйни ичида эмакланиб юрардим. Сингилларим хизматларимни қилиб юришди. Аммо бу ҳам вақтинча экан. Уларни ҳам жой-жойига узатдик. Яна уйда бир ўзим ҳувиллаб қолдим. Онам иккимиз уйда ёлғиз қолдик.
Турмуш ўртоғим билан севишиб турмуш қурганимиз туфайли у яна мени севгимиз ҳурмати қидириб келди. Хотини билан ажрашганини, барибир мени севишини айтиб росманасига кўз ёш тўкди. Уйимга олиб кетаман деб туриб олди. Унинг сўзларига раҳмим келиб ишондим, уйга олиб кетаман деганига кўниб кетаверибман. Мен у ерда бир неча кунлик меҳмон бўлдим холос. Яна ота уйимга олиб келиб қўйишди. Сабаби оила аъзолари мени кетсин деб жанжал қилишган экан.
Оёқларимни даволатишга кўп бора ҳаракат қилдим. Бир неча жойга мени олиб боришди, керакли муолажаларни олдим аммо оёқларимда бирорта ўзгариш сезилмасди. Бундай кўргиликдан яна тушкунликка тушдим.
Бу орада ўзимда қандайдир ўзгаришлар сеза бошладим. Кўнглим айниб, қайт қила бошладим. Онам менга бундай бўлаётганини ҳомиладорлик белгилари деди. Турмуш ўртоғимни ҳали ҳануз севганим, у кишиям ота-онасининг қаршиликларига қарамай мени ҳолимдан хабар олиб тураётгани менга оз бўлсада тасалли берарди. Бундай қувончли хабардан у кишининг боши кўкка етди. Аммо қайнонамнинг авзойи ўзгарди, қайнопамни бизникига юборибди. Тез кийинг, касалхонага борамиз дея туриб олди. Минг қаршилик қилмайлик барибир мени касалхонага олиб кетди. У ерда боламни олиб ташлашмоқчи эканлигини айтишганида бутун танам музлаб кетди. Ахир, бир парча этни, жажжигина болажонимни нима гуноҳи бор? Минг ялиниб-ёлворишимга қарамай боламдан жудо қилишди... Сен шу аҳволингда болани қандай туғасан, қандай парваришлайсан, эплолмайсан деб бақириб кетди.
Бу кўргилик ҳам пешонамга ёзилган экан нима ҳам қила олардим? Барига чидадим, яна сабр қилдим.
Бу воқеалардан сўнг тезроқ даволаниб оёққа туриб кетишни хоҳладим. Шаҳарнинг энг тажрибали шифокорлари мени даволашни бошлашди. Аммо бир неча йиллик даволанишлар ҳам менга кор бўлмади. Оёқларим учи сезмасди, қимирламасди. Ногиронлар аравачасида ўтириш мени баттар қайғуга соларди. Тезроқ юришни, югуриб юришни хоҳлардим.
Дугонажон эсингиздами, сизга ҳам кўп айтардим, ҳали кўрасиз мен югуриб кетаман, ҳали юриб кетсам сиз билан ким тез югуриш пойгаси ўйнаймиз деб айтардим.
Ҳа-ҳа эсимда деб кўзларимга ёш олдим...
Дугонажон, мен энди ҳаётнинг қадрига етаяпман, мен ўзимни тушкунлик домига тортиб, ўзимни-ўзим кўп қийнадим. Энди мен фақат ўзим учун ҳаракат қилишим керак, тезроқ юриб кетишим керак. Жамият учун ўз ҳиссамни қўшишим керак!
Яқин дугонам ана шундай қатъиятли фикрлар билан ўзини-ўзи даволади. Сўнгги пайтларда телефон орқали сўзлашганимизда у менга шундай деди:
“Мен авваллари ҳеч ҳам қўлимга китоб олиб ўқимасдим. Шу вақт мобайнида мен кўп китоб ўқидим, ўзимни овутишга, тушкунлик домидан чиқишга уриндим. Қанчадан-қанча билмаган нарсаларимни ўргандим. Асосийси тушкунликни енгдим, Аллоҳни танидим, диний билимимни оширдим, асосийси ўзим учун курашишни ўргандим”.
Мен шу вакт мобайнида ҳаётни кадрига ета бошладим. Уз ҳолимга шукр қилиб, атрофимдаги инсонларнинг ҳаётидан узим учун хулоса чиқардим. Биз учун берилган неъматлардан бири – Сабр нима эканини, бошимизга кулфат келганда ожизлик қиладиганимиз САБРни ўзимда жамлашга ҳаракат қилдим. Аллоҳга шукроналар айтаман, ҳозир ҳаммаси жойида. Яна ҳаммаси изига тушиб кетди.
У билан суҳбатлашар эканман, баъзида ўзимни арзимас нарсалар учун нолиганим, шикоят қилаётганим учун уялдим. Ахир бу қиз ўзини шундай аҳволда аравачага михланиб қолган бўлсаям, ўзини қўлга олиб, иродали бўлишга эришди. Ҳаётда турфа тақдирлар, турмушнинг паст-баландликлари бизни ўзига боғлайди, баъзан эса бу ташвишлар бизни тушкунлик қаърига ғарқ этади. Атрофимизга бир назар ташласак, унда турли хил инсонларни кўришимиз мумкин, ҳар кимнинг ҳаёт йўли ўзга, ҳар кимнинг ўз турмуш ташвишлари бор.
Дугонам шунча йилдан сўнг ўзини қўлга олишни ўрганди, ўзига ўхшаган инсонларни, ҳаттоки ўзидан-да аҳволи оғир инсонларни кўриб ўз ҳолига шукр қилди. Вақти келганда юришни машқ қилди, мана ҳадемай ҳасса-таёқ билан юра бошлади.
Бундан икки йил аввал дугонам Тошкентга даволанишга келганида биз кўришиб, яқиндан гаплашгандик. У менга кўп нарсаларни айтиб берди. Ҳаётда кўрган-кечирганлари фақат ибрат тўла ҳақиқат эди.
Шу икки йил мобайнида анча ўзгаришлар бўлди, автоҳалокатдан сўнг ташлаб кетган турмуш ўртоғи билан қонуний ажрашибди, тўғрироғи буни эри талаб қилибди.
Шунда ҳам у эгилмади, бошини ҳам қилиб қайғу домига тушмади. Балки ҳаётимда шундай воқеалар рўй бериши келажакда мени қандай орзуларга эришишим учун бир турткидир дея ўзини овутди, қўлга олди.
Яқин кунларда бир йигитдан совчи келиб уни шундай ҳолича турмуш ўртоғи, рафиқа сифатида қабул этиши учун қўлини сўрабди. Минг марта йўқ десаям барибир уйланишини айтиб ҳоли-жонига қўймабди. Даволаниш учун маблағини аямай, бир муштипар аёлни кўнглига малҳам бўлиб, уни ҳаётда бекаму-кўст рафиқа бўлиб яшаши учун қўлидан келган ҳамма ҳаракатларни қилаяпти.
Худога айтганим бор экан, менга шундай ғамхўр инсонни рўпара қилди. Ҳеч бир ёрдамини аямаяпти, у сабабли оёқларим юра бошлади ҳасса-таёқда бўлсада юраяпман,балки бу қалбимда ишонч уйғотган инсон туфайлидир. Худо хоҳласа бу йил ўқишга топшириб шу кунгача тўплаган билимимни синаб кўрмоқчиман. Бўлажак турмуш ўртоғим бу борада мени қўллаб қувватлаяпти, дугонажон, шу ойни охирида тўйга келинг дея севиниб менга телефон орқали ўз дил сўзларини сўзлаб берди. Овозидан унинг хушчақчақлиги, яна аввалгидек қувноқлик, бахли дамлари унга яна қайтиб келганидан хурсанд бўлдим, кўнглимда бир хотиржамлик ҳис этдим.
Дугонамга бу бахт бир умрга татигулик бўлишини ва севган инсони билан бир умр бахтли ҳаёт кечириб шириндан шакар фарзандларнинг ота онаси бўлиб юришларини тилаб қоламан.
Дугонажон, мени ҳам сизга айтар сўзларим бор. Сиз бахтли бўлишга ҳақлисиз! Сиздаги метин ирода барчамизга ибрат бўлсин. Сизнинг ҳаётга талпиниб яшашиз, умид ва келажакка ишончингиз ҳеч қачон сўнмасин!
Азизлар, бир-бирингиздан меҳрингизни аяманг, беш кунлик дунёда бир-биримизни асраб-авайлайлик. Атрофимизга бир назар ташлаб, ўз ҳолимизга шукр қилайлик. Меҳр-муҳаббат ҳеч биримизни тарк этмасин.
Наргиза Угламова
Кўп манзур бўлган мақолалар
- Оилали фоҳишалар
- Эр-хотин ўртасида муҳаббатни кучайтириш учун 10 та восита
- Хар дарднинг шифоси бор
- Жинсий қарамлик (шаҳватпарастлик)
- Зинонинг “замонавий” тури
- Эр ўз аёлидан зерикканлигининг аломатлари
- Рамазонда хотини билан қўшилишлик
- «Мен ичмайман» дейсизми?
- «Сен буюк ялқов бўлиб етишасан!»
- Mаданий ҳордиқдаги маданиятсизлик
Ҳозир сайтимизда 194 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ
Оила, никоҳ, талоқ (фатволар)
- Ота-онамни бориб кўришдан тўсишга эримнинг ҳаққи борми?
- Аёл кишининг машина ҳайдаши
- Ажраш ҳуқуқи хотинга ҳам бериладими?
- Аёлларга тааллуқли масалалар
- Аёлларнинг қабристонга бориши
- Аёлларни эркакларга ўхшаб намоз ўқиши
- Сафар қилиш
- Махсус кунларда Қуръон ушлаш, тиловат қилиш ҳақида
- Етимни фарзандликка олса бўладими?
- Аёлларга қўйиладиган тақиқлар
- Депиляция
- Иккинчи турмуш
- Кўз зиносидан эркаклар қандай сақланади?
- Аёл киши телевидениеда журналист бўлиши, кўрсатувлар олиб бориши мумкинми?!
- Сочи узун эркаклар ва сочи калта қизлар