1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Хиёнат изидан

—Қаердан олдинг бу гапни? Яна бирорта душманимнинг ишидир-да… Улар ҳам сенинг ҳар қанақа гапга лаққа тушишингни билиб олишган. Ҳаммани менга ўйнаш қилиб чиқишади… Шуҳратнингн чека томирлари бўртиб, юзлари қизариб кетган эди. Агар бундан икки-уч ой олдин эрини шу алфозда кўрганида Гулчеҳра ўзининг қилган ишидан хижолат бўларди. Аммо ҳозир унинг юрагини шубҳа заҳарлаб бўлган эди. У рўпарасида турган, ўзи жондан севган, унга ҳаётини, ёшлигини, ҳуснини бахш этган кишининг хиёнат қилиб юрганига ишонар, унинг башарасини очгиси, ниқобини йиртиб ташлагиси келарди.
—Демак, Шуҳрат ака, сизнинг ҳаётингизда бошқа аёл йўқ, шу чинингиз?
—Албатта-да. Гули, биласан-ку, ишим бошимдан ошиб ётибди. Доим шунақа. Мен сенга ўз жуфти ҳалолимга ҳафтада бир марта жилмайиб қарашга зўрға вақт топаман-у… Ўзгалар билан ўралашишга на фурсатим, на рағбатим бор…
Шуҳратнинг гап оҳангидан энди вазиятни юмшатишга ҳаракат қилаётгани сезиларди.
—Мен ҳозир Қуръони каримни олиб келаман, қасам ичасиз… Гулчеҳра ўрнидан турди. Шуҳратнинг ранги оппоқ оқариб кетди.
—Э, индамаган сайин ўзингдан кетасан! Нимага шунақа ифлос гапларнинг ичига муқаддас китобни аралаштирасан?! Қасам ўйинчоқми сенга? Мен айтадиганимни айтдим. Ишонсанг ишон! Ишонмасанг… ўзинг биласан!
Шуҳрат шахд билан ўрнидан турди-да эшикни шарақлатиб ёпиб, чиқиб кетди. Гулчеҳра бошига зарб билан калтак егандай турган жойида тоуриб қолди.
«Гули, сенга нима бўлди? Ўзингни тут! Орадан ўн икки йиллик турмушинг бор. Шу одам, яхшими-ёмонми, икки фарзандингнинг отаси, нима қиласан, кавлаштириб, иссиқ ошингга совуқ сув «қўшиб!» дерди ички бир овоз. Ахир, чидаса бўлади-ку, от айланиб, қозиғини топади. Икки фарзанди бор, қаергаям борарди?
Аммо бошқа бир овоз эса:
—Нима гуноҳинг бор? Нега сен хорланишинг керак?! Нега сен хиёнатга чидашинг керак? — дея исён қиларди. Ўзи Гулчеҳра эринниг бошқачароқ бўлиб қолганини ҳис қилаётган эди. Кўпинча уйга тунни ярим қилиб келганларида ўзига ўзи: «Олим бўлиш осонми? Бир варақ қоғоз маълумот учун бутун бошли китобни титкилашади…» дея таскин топарди. Аммо яқинда унга ишхонаси дан чиқаётганида битта конверт беришди. Бепарво, хаёл суриб чиқаётган эди, нима, ким, дея суриштирмасдан олди. Қизиқиб, компьтерда терилган матнга кўз югуртирди.
«Сизда ғурур борми? Бир қараса, туппа-тузук аёлга ўхшайсиз… аммо сиздақа анқов, гумроҳ хотинлар кўпайиб кетаётгани учун ҳам ахлоқимиз таназзулга учраяпти. Эрингизни йиғиштириб олсангиз бўлмайдими?» — Гулчеҳра хатни охиригача ўқишга чидамай, уни олиб келгувчини ахтарди. Зангори костюм-шим кийган нозиккина қизга ўхшаган эди. ерга кирдими, осмонга учиб чиқиб кетдими? «Йилт» этган зангори ранг бўлса, ёнига югуриб борди. Йўқ! Кўзимга кўринди, хаёлимга келди, деса, қўлида қоғоз турибди. Яна бир марта ўқиди. Бошқа ўқишга ҳоли келмади. Ҳарфлар худди думларини гажак қилиб турган чаёнларга ўхшарди. Кўпинча пулни аяб, автобусни кутарди. Катта йўлгаям чиқмай дуч келган таксига қўл кўтарди. Аччиқ устида ўша куниёқ эрини суроқ-саволга тутмоқчи эди. «Фитна бўлса-чи?» деган умидбахш бир савол кўнглига келди. Эрини кузатишга қарор қилди. Кунлар кунларни, лаҳзалар лаҳзаларни қувиб ўтар экан, эрдан шубҳанинг, умуман шубҳаланиш изтиробларининг бу қадар оғир эканига иқрор бўлди.
«Қандай яхши экан, ишониб яшаш,  ишониб севиш, ишонибмеҳр кўрсатиш…»
Гулчеҳра ўша қалбини тегирмон тошидай эзиб ўтаётган кунларнинг соатлари, дақиқаларида майдаланиб борарди, сочилиб борарди.
Эрига қўнғироқ қилар, жавоб бермаса: «Ёнида ўшаниси», деган азоб гирдобида қлар, келса, кўзига қарра, қувонч сувратини кўрса, «Ўша билан учрашувдан келяпти» деган ҳадик исканжасига тушар, ғам, қайғу аксини сезса, «Ўша билан айрилганидан азобда», деб ўртанарди. Костюмлари чўнтагини титкилар, ёқаларини ҳидла           рди. «Хиёнат шубҳаси одамни бу қадар издан чиқарса, ўзи телба қилиши ҳеч гап эмас экан-да». Бу фикр кунига неча марта хаёлидан ўтарди. Ахийри бугун портлади, аммо Шуҳрат сиртига сув юқтирмай чиқиб кетди. Нима қилсин? Кинолардагиларга ўхшаб детектив ёлласинми? Олим одамнинг изидан изқувар қўйиш кулгили эмасми?! Ахир, олимнинг ахлоқи бузуқ бўлса, кимга кимдан шикоят қилади… Хатда эри билан шакаргуфторлик қилиб юргнан аёлнинг исми шарифи, у ишлайдиган корхона манзилигача кўрсатилган эди.

* * *

Шуми Шуҳратнинг Гулчеҳрадан афзал кўргани? Тўладан келган аёлларнинг устидан кулиб юрарди-ю доим? «Эри арқон билан қучоқласа керак?» деб. Дўмбоққина аёл экан-ку… Аёл олдидан китобга бор диққатини бергани учун кимдир унга ёнбошидан тикилиб турганини пайқамасди. Олдидаги мўъжазгина давтарчага китобдан нималардир кўчириб ёзар, ора-сира шундоққина кўз олдида турган телефонига қараб-қараб қўярди. «Тўлагина бўлса ҳам чиройли экан…» Гулчеҳранинг ичини бир ҳовур ялаб ўтди. У ўша чаёнсифат хатда айтлиган манзилу ўша исмни топгунича рўпарама-рўпара келганида айтадиган гапларини кўп бор хаёлдан ўтказди. Аввал уни юмма талагиси келди.
—Эринг нуфузли жойда ишлар экан, ўғил деса, ўғлинг, қиз деса, қизинг бор. Ўзинг ҳам ҳаётда йўлингни топган аёл экансан. Сенга яна нима керак? Нега оилали, бола-чақали одамнинг бошини айлантириб юрибсан? Этагингни йиғиштириб олсанг, олдинг, бўлмаса, очиб, асл башарангни ҳаммага кўрсатаман! — дея шовқин-сурон солмоқчи бўлди. кейин: «Борди-ю, унинг ҳам эри хиёнат қилиб юрган бўлса-чи? Эзилган, бир яхши суянгчиққа муҳтож онларда Шуҳрат акамга дуч келган бўлса-чи…», деб ўйлади.
Шоҳиста Эргашовна деганлари билан яхшиликча гапиришмоқчи бўлди. Ўзини босиб, совуққонлик билан ўзига яраштириб кийинган бу аёлнинг иши бир нуқтага етишини кутди. Ниҳоят, у ўрнидан турди. Танаффус қилмоқчи, китоб-давтарларини йиғиштирмади…» Гулчеҳра аёлнинг изидан чиқди. «Вой, Худойим-ей, сигарета чекар экан-а… Ўзбек аёли тағин олима… Бирор дарди бормикин… Эҳтимол, эҳтимол…» Гулчеҳра ҳозир «эҳтимол»лар ичига ўзини кўмса, чиқа олмаслигини ҳис қилди. «Қаттиқроқ бўлишим керак» Гулчеҳра ўзини ҳужумга чоғлади. Аёлнинг рўпарасига тикка келди:
—Сиз Шоҳиста Эргашовнасиз-а, мен Шуҳрат акангизнинг хотиниман, — деди. Сўнг ўзи аёлдан кўзларини узмади. Аёлнинг қорачиқларида қўрқувми, ҳадикми… қандайдир бир шарпа «ялт» этиб ўтди. Сўнг ясама бир сохта кибр билан:
—Ким у Шуҳрат дегани?
—Жуда яхши биласиз. Менинг эрим, болаларимнинг отаси, сизнинг …. —Гулчеҳранинг тили тоза эди, ҳеч қачон беибо сўзларни гапирмасди, айтишга иуялар эди.   «Ўйнашингиз» сўзи бўғзига келиб тиқилди, қип-қизариб кетди.
—Ҳалигидақангиз…  —  деди овозини пасайтириброқ.
—Синглим, сиз адресни адаштирганга ўхшайсиз, — бу орада Шоҳиста Эргашовна ўзини тутиб олди, шекилли, юз ифодаси  ўзгармади.
—Жуда тўғри топиб келдим-да. Сиз бировнинг оиласини бузяп сиз. Хиёнат билан ҳаётига заҳар соляпсиз! — Гулчеҳра аллақайда ўқиганими, эшитганими аралаш-қуралаш қилиб гапира бошлади. Аммо ҳозирданоқ ич-ичидан бу аёлдан енгилишини, бу аёл унга ён бермаслигини ҳис этиб турарди.
—Биринчидан, ош ширин бўлса, уни бегона заҳарга айлантирмайди. Иккинчидан, оила ўзи бўлса, ўзи тузук бўлса, уни биров бузолмайди. Хўш, қанақа далил-исбот билан сиз мени эрингизга  мешлаяпсиз? — Аёлнинг сўзларидан киноя оғуси томарди.
—Сиз… ўтган ойнинг ўн учинчисидан йигирманчисигача эрим билан тоғда оромгоҳда бўлгансиз! Исбот, далилим йўлимда, ҳар ҳолда етти кун, бир ҳафта қора қозонда мошхўрда пишириб еб юрмагандирсизлар…
Гулчеҳра кўзларини яна Шоҳиста Эргашовнанинг кўзларидан узмай турди. Йўқ! Бу гал қорачиқларида ҳеч нарса ялтирамади, пинагини ҳам бузмад.
—Айтдим-ку, сизга ёлғон ахборот беришибди, д еб. Шерлок Холмсингизга бекорга пул тўлаб юрибсиз, аҳмоқ бўлиб. Мен ўша сиз айтган кунлари ростдан ҳам тоғда дам олганман. Фақат Роҳатой исмли дугонам билан! Ё сизнинг Шуҳратингиз вақти-вақти билан хотинларнинг кўйлагини кийиб, хотин қиёфасига кириб юрадими?
«Алвасти, иблис!» Гулчеҳра бу аёлнинг ёлғон гапираётганини билиб турарди. У ростдан ҳам эри билан борган ўша оромгоҳга. Аммо далил-исботини аввалдан тайёрлаб қўйган.
—Ҳайф-а, сенга олималик! Сигарет бурсиқитишини қара, аллакимларга ўхшаб!
Гулчеҳра терс бурилди.

* * *

«Фош қиламан! Барибир мен бу хиёнатни фош қиламан! Умримни тикиб бўлсаям фош қиламан!» Гулчеҳра нимага бунақа шаҳд қилганини ўзи ҳам изоҳлаб бера олмайди. Бир пайтлар катта энаси гапириб берган эди.
Катта бобоси отда юраркан, эл устида юрган одам экан.
—Катхудо, — дея мурожаат қилишар экан унга. Отда дарвозасидан кирар-кирмас:
—Ҳаби! — дея бақирар экан хотинига. Уйдан чиққунича:
—Чой! — дер экан. Агар:
—Чой-тайёр, отаси! — демай,
—Ҳозир қайнатаман… ё шунга ўхшаш у, бу деб тайсалласа, бувичини этиги билан тепиб юборар экан. Бобоси отдан тушиб, совугунча, буви учта қумғонда сув ҳозирлаши керак экан: юзига — совуқ (Тириш тушади, деб бобоси юзини илиқ сувда ювмас экан) қўлига-илиқ, бошқа нозик аъзолари учун — иссиқ…
Бувиси бу гапларни оғриниб эмас, чолининг шиддатли бўлганидан қувониб гапириб берган эди. Ўшанда Гулчеҳранинг дилида қаттиқ и сён уйғонган эди. Нимага бу ноҳақлик? Нега бобомнинг саккизта ўғлини боқаётган аёл, овқатини пишириб, кирини юваётган аёл эрига «Чой тайёр!» деб ёлғон гапири, кун кўриши керак?! То чоли таҳорат олгунча, ўлиб қолсаям, қумғонда чойни ҳозиру нозир қилиши керак?
Ҳозир мутлақо бошқа бир кайфият, бошқа бир ҳолатда  ўша исён уйғонди. Нега хиёнат қилганлар бир марта бўлсада хиёнатини тан олмайди? Мен хиёнат қилдим. Чунки сенга кўнглим йўқ», демайди эри. Шу гапни анови си гарета тутатаётган  хоним ҳам айтмайди. Кўзини лўқ қилиб ёлғонлайди. Яна қанча ёлғонларни эшитар экан бу  қулоқлари… Яна қанча  ёлғонларга чидар экан???
Гулчеҳра худди ёлғонни, хиёнатни фош қилиш учун саф турган лашкарларнинг лашкарбошисидай кайфиятда эди. Шу кайфиятда Роҳат деганларини топди. У ўртоғига мутлақо ўхшамаган, қорачадан келган, юз-кўзларида ёқимли бир нур бор аёл экан. «Бу… Шоҳиста Эргашовнадан қарздор. Нимаси биландир кунга қарам…» Аёлни биринчи кўрганиданоқ хаёлига шу фикр келди. Аёлнинг товуши ҳам ипакдек майин эди. У хушкайфият билан қаршилади.
—Вой-вой, сиз нималар деяпсиз? Шоҳистахоннинг эри эшитмасин бу гапни, кўтаролмайди. Сиз дугонамни  билмабсиз: арслондай ўғиллари, ойдай қизлари бор…
«Одатда,  ўзи оқ-сариқ, кўзлари кўкиш одамларни хоин бўлади, дейишади. Бу эса — қорача… барибир, ҳақиқатга хиёнат қиляпти. Анови хонимча унга аллақачон қўнқироқ қилиб менинг учрашим эҳтимолини айтиб қўйгандир…
Бу ҳам далил-исботини юмалоқлаб, олдимга чиқб турибди» Гулчеҳра бу аёлнинг виждонини уйғотишга уринди:
—Менинг болаларим бор, улар отасисиз ҳаётни тасаввур қила олмайди. Сизнинг дугонангизнинг болалари ҳам шудир. Мен ажрашмоқчи ё бировга озор бермоқчи эмасман. Фақат ҳақиқатга ташна бўлиб кетдим. «Ҳа, хиёнат бўлдим» деган рост сўзни эшитмоқчиман, холос. Аммо аёл ҳам:
—Биз тоққа Шоҳиста билан бирга борганмиз, — деган гапдан нарига ўтмади.
Шуҳрат акаси ўтган ойнинг ўша кунлари хизмат сафарида бўлган… Бир ҳафта… Сафарлардан гул-гул яшнаб қайтгани эсида:
—Сизга йўл ёқибди. Тез-тез жўнатиб туришса, бўлар экан, — дегани   эсида.
—Ўзим ҳам шу фикрдаман, — дея жавоб қилган эди эри. Демак, бу бир ҳафта васлу висол ҳафтаси бўлган. Гулчеҳра эрининг ишхонасию ўша оромгоҳга борса, сир тезроқ фош бўлишини биларди. Аммо у эрининг обрўсига путур етказмоқчи эмас. Фақат хиёнаткорлар ўз қилмишларига иқрор бўлса, бас!

* * *

«Нима ишингиз бор! Кимсиз, нимасиз?» Бу саволларга жўяли, ишонарли жавоб бергунча Гулчеҳранинг тинка-мадори қуриди. Шоҳиста Эргашовнанинг эри билан қўнғироқлашиш учун нақ бир ҳафта югурди. «Бошқа йўлим йўқ. Энди ёри орқали башарасини очаман!» Гулчеҳра қўнғироқ қилгунча шу ишончда эди.
—Саломалайкум… Гулчеҳра юмшоқ овозда салом берди.
—Салом! — қуруқ, расмий овоз эшитилди гўшакдан.
—Мен… ҳалиги…
—Эшитаман, сизни! Аниқ, лўнда гапиринг!
—Эримнинг  исми — Шуҳрат, олим… у хиёнат…
—Узр,  синглим. Оилавий масалалар билан бошқа  идора шуғулланади. Сизга бу номерни адашиб беришибди!
—Мен ҳалиги… хоти… Гулчеҳра «Хотинингиз ҳақида гапиришмоқчи эдим» дегунча бўлмай гўшак «тақ» этиб қўйилди. «Кириш қилмасдан тўғридан тўғри хотинингиз сизга хиёнат қиляпти», дейман деди-ю Гулчеҳра шоша-пиша яна номер терди. Телефон банд бўлган шекилли, қисқа-қисқа узуқ товуш бериб ётарди. Яна терди, яна… Титраб, кўзларига ёш тўлиб берарди.
—Синглим, бу уйингиз эмас-ку, ҳадеб телефонни банд қилгани кўрмаяпсизми, изингиз турнақатор бўлиб кетди… — Гулчеҳра сезмаган экан, телефон столи ёнида одамлар тизилибди…
«Унинг хотини хиёнаткор, у ҳақиқтани билиши керак!» деб қайтаргиси келди. Аммо навбатдаги одамларнинг чеҳраси шу қадар серташвиш эдики, улар ўз ташвишларидан ортиб, бировнинг гапини эшитадиган, ўша гап юкини кўтарадиган аҳволда эмасди. Гулчеҳра орқага тисарилди.
«Мен кўп нарса истамадимми?! Ахир ҳаётни ағдар-тўнтар қилиб ташламоқчи эмасман-ку, фақат: «Мен хиёнат қилдим» деган иқрорни эшитмоқчиман, холос…» Гулчеҳра судралиб кўчага чиқди. Ҳозир уйига борадими? Эрига:
—Сиз ўтган ойда етти кун бегона аёл — бировнинг хасми билан бирга бўлгансиз! — дейди.
Аммо эри:
—Ҳадеб ғашимга тегаверсанг, яна чиқаман, кетаман, — дейди. Шундай қилади ҳам. Гулчеҳра болаларига нима дейди? Отангнинг хиёнатини билиб қолдим, дейдими? Болалари — замонавий.
—Ойи-ей, садоқат, вафо — эскирган қўшиқ. Ҳар ким кўнгли ёш, чиройли  бўлса, қўйинг, ўйнасин. Ахир, телевизорда ҳар кун машҳур ҳофиз:
«Қўяверинг, ўйнасин!» деб куйлаб ётибди-ку, — деса нима жавоб қилади. Балки, улар Гулчеҳранинг ўзини айблар…
—Ўзингизга қаранг, қадрингизни билинг! — дер…
…Гулчеҳрага тўрт тараф ҳувиллаётгандек бўлиб туюлди. «Ҳеч нарса кўрма гандай кўру соқов бўлиб яшайверсаммикин? Узр, дадаси, адашибман. Хато қилишган экан, десамми? Ахир, қачонгача? Қачонгача хоинга: «Сен — хоинсан!» дея олмайман?»
Гулчеҳранинг оёқлари оғирлашиб бораётгандек эди. Ёшдан кўзларини тўр парда қоплади. «Йўқ, бу аҳволда кетмаслигим керак, ўтира турай, ўзимни босиб олай…» Йўл чеккасидаги ўриндиққа ўтирди. Қанча ўтди. Шуҳрат акаси билан яхши яшаган кунларини эслади… Болалари туғилган қувончли лаҳзаларни… Кўнгли сал ёришгандай бўлди. Ўрнидан турди, сумкасини ёнига қўйган эди, йўқ! Шошиб, ўриндиқ пастларига қаради: Йўқ! Атрофдан одамлар ўтиб-кетиб турибди, қай бири олди экан? Қачон? Балки, ўтириши билан ўмариб кетгандир. Сумкаси майли-я… ҳали сиқилиб, қулоғи, бармоқларидаги безакларини ечиб сумкасига солган эди.
«Мана, сенга хиёнатни фош этиш!» Гулчеҳранинг ичидан аччиқ кулги келди. Йўқ, бу на кулги, на йиғига ўхшамаган бир овоз эди…

ДАВЛАТБАХТ

Ҳозир сайтимизда 278 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ