1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Бахти бўлинганнинг кўнгли ҳам бўлинган

Оёғим тортиб тортмай қишлоққа борадиган бўлдим. Ёз тўйлар мавсуми. Одамларнинг саволчан нигоҳларидан “Сен қачон оила қурасан?” деган саволни уқиш, бу каби маъноли тикилишлар заҳрини туйиш, юрагингдаги оғриқни қайта-қайта ҳис қилиш азобини олдиндан тасаввур этиб қишлоққа кириб бордим. Шаҳарга сиғмай кетганим учун,  туғилиб ўсган қишлоғим, ота уйимдан бошқа борадиган жойим бўлмагани учун қишлоққа бордим. Шаҳардалигимда амакимнинг иккинчи қизи- жиянимнинг унаштирилгани ҳақида эшитгандим. Қишлоққа борганимда сўнги янгиликлар орасида жиянимнинг унаштириш дастурхони бекор қилингани ҳақида эшитдим. Урф-одатларимиз бўйича қиз узатаётганлар ёшлар фотиҳа қилинишидан олдин  йигит тарафга тўй харажатлари рўйхатини беришади.  Амакимларнинг тўйга мўлжаллаган  харажатлари йигит томонга маъқул келмабди. Ўзи жияним йигит билан аҳдлашиб юрган экану, олдиндан йигитнинг яқинлари “биз у қизни келин қилмаймиз, бизга унинг кераги йўқ” деган гапларни қилиб юрган экан. Хуллас, аслида келин қилиш мақсади бўлмай, шу харажатлар баҳонасида мақсадини айтганми, ким билади. Дастурхони бекор қилинибди, деган гапни эшитиб юрагим “шув” этиб кетди. Бу мусибат менинг ҳам бошимга тушган эди. Мен ёшлик қилибми, охирини ўйламай фотиҳамни бузган эдим. Бўлажак куёвни соддаликда айблагандим. Бунақанги овсар билан яшай олмайман, деб тўйни тўхтатиб шаҳарга келгандим. Шу-шу шаҳардаман. Ит эгасини танимайдиган, биров билан бировнинг иши бўлмаган шаҳарда бир чимдим меҳр, бир оғиз ширин сўзга муҳтож бўлиб юрибман. Дардим ичимда. Хато қилганимни биламан. Қиз боланинг бахти қайтмасин экан. Бахти бўлинганнинг йўллари ҳам бўлиниб кетаркан. Бу кунларни бошдан кечирганим учун дарҳол амакимнинг уйига бордим. Келинойимга жиянимнинг тўйини тўхтатмаслигини, мен ҳам бир пайтлари қилган ишимдан пушаймондалигимни айтдим.
-    Амакингиз бир этикка оёғини тиқиб олган,- деди келинойим ҳам кўз ёшни оқизиб.-  “Қизларингиз керак эмас деб кетдими, энди бу остонага қадам қўймайди!” деб туриб олганлар. Ҳамиятлари оғриган-да...
Шунда ҳам қайта-қайта қудалар билан ярашишни айтавердим. Ахир бу савдо ўз бошимдан ўтиб турибди-ку. Мен бахтимни қайтариб озмунча азият чекяпманми? Мусофир жойларда, етти ёт бегона одамлар орасида бир дилдош, бир меҳрибон топа олмай, ўксинаётганим, тенгдошларим фарзандини етаклаб кўча-куйда айланишаётганда, дугоналарим эри олиб берган кийимларни мақтаниб кияётганда, “Сиз нега шу пайтгача турмуш қурмагансиз?!” деган саволга ҳар дуч келганимда хатоларим жафоларидан қочгани жой тополмайман. Бу оғриқни тил билан тушунтиришнинг иложи йўқ. Мен кечираётган дардни фақат ҳис қилиш мумкин. Қайта –қайта  келинойимга бу ҳақида айтаверганимдан мени бир куни уйига чақиртирди.
-    Илтимос, ўзингиз жиянингиз ва амакингизга тушунтиринг. Жиянингиз сизни яхши кўради, амакингиз ақлли қиз деб сизга ҳавас қиладилар. Зора гапларингиз таъсир қилиб, амакингиз қудалар билан келишиб кетсалар. Бир ёқда жиянингизнинг кўз ёшлари, бир ёқда амакингизнинг қайсарлиги, қайси томонга ён босишни билмай адоман.- деди келинойим телефонда.
Мен ахмоқ тентак бўлмасам бораманми? Ҳар учраган нокасу номард тош отавериб, шафқатсизларга чайнатавериб қонталашу абгор бўлган юрагимга яна ханжар уришларига  имкон яратиш учун ўз оёғим билан кириб борибман-а!?
Амаким қудалар билан ярашмаслигини тан олди. Бу масалани энди ҳеч ким билан муҳокама қилмаслигини айтди.
-    Жиянингни ишга жойлаштиришимиз керак. Университетни ҳам тамомлади. Ҳеч йўқ бир йил ишласин, яхши- ёмонни, фойда-зарарни фарқига борадиган бўлсин, кейин узатаман,- деди амаким менга маслаҳат солгандай. “Ўзингиз биласиз” дегандай қилиб индамай бошимни эгиб туравердим.
-    Мен ишламайман! Бошқага турмушга чиқмайман ҳам!- деб бир маҳал шанғиллай кетди жияним.- Юравераман уйда. Ишимнинг ташвишини қилмай қўя қолинглар!
Ҳайрон бўлиб қараб турибман. Жияним отаси- амакимдан ҳам андиша қилмай бақир-чақир қилиб кетса! Амаким:
-    Сен нима десанг шу! Бўлмаса уйимда хизматимни қилиб юраверсан. Мана Шоҳида опанг юрибди, ойдай, бировдан ками йўқ...- деган эди, қизи жазавага тушиб кетди:
-    Худо асрасин! Мен бу йўлни танламайман! Менга керак эмас унақа ҳаёт!..
Қулоғим битиб, оёғим остидаги ер чирпирак айланиб қолди. Йиғлаб юбормаслик учун лабларимни қаттиқ тишлаб, шарт эшикка йўналдим. Орқамдан амаким билан келинойим нималарнидир жавраганча қолишди. Уйга келдим. Қани энди бояги йиғи кўзларимдан оқиб кетса! Йўқ. Томоғимни алам аччиғи ачиштиряпти.  Жиянимнинг гапи юрагимга ханжардай ботиб, жон-жонимдан ўтиб кетди. Демак, мен ўзим шу тақдирни ўзим истаб танлаган эканман-да... Одамлар Худо берадиган нарсага, эртанги кунига катта кетиб, катта гапириб нима қиларкин а? Тўғри, бир пайтлари мен ҳам хато қилганман, ота-онамнинг гапига қулоқ солмай ўзбилармонлик қилиб тўй дастурхонини қайтарганман. Лекин то ҳанузгача биргина шу хатойимнинг жафолари зарбасидан ўзимга келолганим йўқ. Қаердадир бир гап ўқигандим. Доно киши атрофидагиларнинг хатосидан ўрганиб ўша камчиликларга ҳаёти давомида йўл қўймасликка ҳаркат қилар экан. Ақлли киши ўзининг хатоларидан хулосага келиб, бошқа янглиш қадам босмасликка ҳаракат қиларкан. Нодон эса на ўзининг, на ўзгаларнинг хатосидан ҳаёт учун зарур ибратни олади. Балким унинг бадбахтлиги- нодонлиги ҳам шундадир...
Айтмоқчиманки, одамлардан озор кўравериб ўрганиб кетдим. Аллоҳ кўриб турибди ҳаммасини, Унинг неъматига, Унинг тақдирига катта гапириб бўлмайди. Уч-тўрт йил олдин онамнинг жияни- тоғамнинг ўғли қиз узатаётиб, тўйга айтгани келган эди. Бизникидан чииқб бошқа бир қариндошимизникига борган экан, уялмай уларга “Аммам ҳалигача қизини узатмай юрибди, энди унинг қизини ким ҳам оларди, бир хотини ўлган ё хотин қўйган уйланмаса...” деган экан. Ҳалиги қариндошимиз ҳам кўнгли оғриб қолар демай, андишани унутиб бир бефаросатнинг гапини онамга етказибди. Онам шўрлик бир неча кун йиғлаб юрдилар. Ўша жияннинг қизи узатилди, икки йилгина эри билан яшади. Бир қизчаси билан ажрашиб, гапи вазнидан катта отасининг уйида яшаб юрибди. Маломат қилиш эмас, яхши жойга тушганди. Биргина қайнона-қайнота, бир эр. Бир қайнэгачиси узатилганди. Шу учта кишининг кўнглини топа олмабди. Ажрашишига изоҳ қилиб келтирган сабабининг тайини ҳам йўқ. Майли, тақдир экан. Лекин нима бўлганда катта гапиришнинг оқибати яхши эмас. Бу - ҳаёт. Ҳаётда эса ҳамма нарса бўлиши мумкин. Қолаверса, кўнгил оғритганнинг жавоби оғир бўлади. Қанийди буни ҳамма ҳам англаб етганида эди...

Хонзода оққа кўчирди 

Ҳозир сайтимизда 265 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ