Сайт бўлимлари
У
- Подробности
- Бўлим: Ҳикоялар
- Чиққан санаси: 15 Сентябрь 2015
- (Нашр қилинган санаси)
Ўзимни таниганимдан бери У мен билан бирга. Ҳар ишимда, ҳар кечмишимда ҳамдам, ҳамнафас. Лекин У билан ҳеч чиқишолмаймиз. Баъзан жуда ошириворади. Устма-уст савол бераверади: "Нега бундай қилдинг? Наҳотки уялмасанг? Қачонгача шундай юрасан?"
Кеча бундай бўлди: тушликдан қайтаётган эдим. Қаршимдан бир қиз келаверди. Бир қизки... (биласиз, баҳор келиши, кунлар исиши билан табиат жонланиб, ҳамма нарса ОЧИЛАВЕРАДИ) Энди нима десам экан, кўзим қамашиб қолган бўлса керак-да, У мени бир туртди: "Сен мўминмисан?"
“Ҳа, ҳар қалай даъвоиймиз шунақа”, дедиму унинг навбатдаги саволларидан қўрқиб, “бўлди бошқа қарамайман, шунчаки кўзим тушиб кетди”, деб қўшиб қўйдим.
Шунинг ўзи етарли, тўғрими? Лекин У бунга қўймайди-да. "Қанчалик мўминсан?", деди.
“Қанчалигини билмайман, лекин...”, дедим довдираб.
"Унда бир гап айтаман, шунга қараб қанчалик мўмин эканингни билиб ол", деди.
Мен рози бўлдим. У бундай деди: "Қаршингдан келаётган ҳар қандай ожизани бу менинг синглим, бу менинг опам, деган эзгу хаёлга кела олсанг, сен яхши мўминсан".
"Тўхта", дедим ичимда. Камина ходимингиз ҳам жа-а қалин-қалин китобларни ҳатм қилмаган бўлса-да, ҳар қалай, унча-мунча китоб варақлаган, ўзини оқлаб олишга қурби етади.
“Менга қара, – дедим жиддий туриб, – Аввало, қаршимдан келаётган ўша ожиза ростдан ҳам опамга ёки синглимга ўхшаб келиши керак-да. Унинг келишини кўрдинг-ку, кўрпанинг ичида ҳам кийиб ётишга уяладиган алламбалоларни кийиб олган. Шунга...”
Анови оғзимга битта туширди: "Қўй ўзининг оёғи билан осилади". Сен шу фитнадан сақлана олсанггина мўмин бўласан-да".
Тўғриси, яна бир балолар деб ўзимни оқламоқчи бўлдиму, лекин "ўтмади".
Ана шунақа! Уни деб тузукроқ атрофга ҳам қарай олмайсан.
Сиз суд жараёнида қатнашганмисиз? Судда албатта битта "қораловчи" иштирок этади. Жиноятчининг энди бироз "юки" енгиллашди деганда, битта савол билан ҳаммасини барбод қилади. Бизнинг сафардош ҳам шунақа! Қораловчи! У билан шу пайтгача қанча йўл босган бўлсак, бирор марта мени мақтамади-я! Мақтамаганига яраша ҳалал беришини-чи...
Қайси куни ГАИга тушдим. Айб ўзимда. Телефон жиринглаб қолди. (Нима қилай, фойдали эди-да) Қарасам, "ока"лар кўринмади. Шартта олдим. Мен нодон тузукроқ қарамаган эканман, бир қизил таёқни симёғоч тўсиб турган экан. Ўлгур симёғочнинг келиб-келиб туриб қолган жойини қаранг!
– Ока, бошлиқ телефон қилиб қолганди, иложини қилолмадим, – дедим.
"Эй, ёлғончи, нималар деяпсан?" деди анови Қораловчи.
“Жим турсанг-чи, жарима икки юз мингдан ошиб кетади ахир”, дейман ғижиниб.
"Шунинг учун қоидага амал қилиб юриш керак. Айбингни тан ол ва жазоингни торт!"
“Ҳой, шафқатсиз! Мен шуни тўламасам давлатнинг ғазнаси бўшаб қоладими?”, дедим жаҳлим чиқиб.
– Ким билан гаплашаяпсиз? – деди ГАИ ходими ҳайрон бўлиб.
Тавба, жаҳл устида гапириб юбордим шекилли.
– Ака, сиз билан гаплашаяман! Агар талонга ёзворсангиз, кейин ростдан ҳам ўзим билан ўзим гаплашиб қоламан, – дедим кулиб.
ГАИ акамнинг кўнгли бўш одам экан. Очиқкўнгил, меҳрибон ва оқибатли экан. Мени “қўйиворди”. Мен акамга қайта-қайта раҳмат айтиб машинага чиқсам, У нима дейди денг: "ГАИ ҳам ўзингга ўхшаган виждонсиз экан".
Хўш, бунга нима дейсиз энди? ГАИдан қутилса бўлади, аммо бундан қутилиб бўлмайди. Бунинг айтиши бўйича, мен хато қилдимми, жабрини тортишим керак экан. Икки юз минг сўмлик жаримани тўлашим керакмиш. Тўламайин десам, рисоладагидек юришим керак экан. Эй барака топкур, мен оддамман-ку ахир! Яхшиям бир жойдан ўқиб олган эдим: инсон "нисён" – “унутувчи”, “адашувчи” экан. Ҳеч гап тополмасам, Ундан шунақа деб қутиламан.
Яқинда олис вилоятдан бир қадрдон ака келиб қолди. У киши бир каттароқ ишни бошлаган экан. Шунга бир ҳимо бериб юбориш керакмиш. Худди мен пойтахтнинг яримини сўраб тургандай, шу ишга ёрдамлашиб юборишим керак экан.
– Ака, бунақа ишлар менинг қўлимдан келмайди, ундан кўра шеър ёзиб бер денг, – дедим ҳазилга буриб.
Қайдам, ишонмайди ярамас.
– Сизнинг таниш-билишларингиз бор, ҳаммаси ҳал бўлган, фақат пойтахтдан кимдир айтиб қўйса бўлди, – дейди.
Мени шунақа ишларни ҳам ҳал қилади деб ўйлашса, демак, мен ҳам чакана одам эмас эканман-да, деб шишиниб ҳам қўяман ичимда. Лекин менинг "танка"м – бор-йўғи ҳалиги Қораловчим, бошқа ҳеч кимим йўқ. Энди буни меҳмонга қандай тушунтирасан. Ахир у шунча йўлдан эмраниб келиб ўтирибди. Нима десам экан? Ўйланиб қолдим.
"Нега ўйланасан, бунақа ишларга мутлақо аралашма!"
Кимлигини биласиз-ку, У яна бошлади. Ана энди икки ўт орасидаман. "Қўлдан келганча ҳаракат қиламан дейман”, дедим Унга. "Қўлингдан келмайди, келганда ҳам аралашма", деб жеркиб берди У. Лекин мен барибир айтганимни қилдим.
– Ака, қўлдан келганча ҳаракат қиламан, лекин иш битмаса хафагарчилик бўлмасин, – дедим.
– Ука, сиз шу ишнинг пайида бўлинг, хизматингиз ерда қолмайди. Ҳаммаси жойида бўлади.
Меҳмонни кузатдим. Меҳмон билан бирга унинг таклифини ҳам, "хизмат"ларини ҳам қўшиб кузатиб юбордим. "Бирон ойлардан кейин иш битмади", деб қўяман-да, дедим ичимда.
Қизиқ бўлди. Мен ичимдагини айтишга ҳам улгурмай, роппа-роса бир ҳафтадан кейин қадрдоним завқ-шавқ билан сим қоқиб қолса денг!
– Ука, минг раҳмат сизга! Ҳаммаси жойида бўлди, эртага эрталаб учрашамиз!
Худбинликни қаранг, индамай қўяқолдим. Майли, ҳафсаласи пир бўлмасин дедим-да. Лекин аканинг келишига ишонмаган эдим. Ҳарқалай, у энди иши битган одам-ку! Аммо ака ваъдасига биноан эртасига етиб келди. Олдимга "тап" этиб бир нарса ташлади. Қоғозга ўралган "нарса"нинг бир чеккаси озгина очилиб қолди. Оҳ-ҳо, жуда "мазмун"ли! Пачақроқ бир машина беради.
– Ука, бошлаган ишларимиз юришиб кетсин, ҳали яна гаплашамиз, – деди.
Имтиҳонни қаранг! Эй Худо, нега бунча оғир "савол" бердинг, дейман ўзимга-ўзим. Бир пайт, одатдагидек У келди-ку!
"Ака, мен сизнинг ишингизга мутлақо аралашганим йўқ, бу пулингизни ололмайман, де! Қани, бошла", деди.
“Менга қара, – дедим жиддий туриб, – у шу пулни Худо рози бўлмайдиган бирор жойга сарфлаворади. Мен озгинасидан фойдаланаману, лекин муҳтожларга ҳам ёрдам бераман!”
"Бўлмайди, сен ёлғон айтиб пул оляпсан", деди.
“У ўзи рози бўлиб беряпти. Бунинг устига, жуда керакли пайтда келди. Ахир ҳозирги аҳволим ўзингга маълум-ку!”
Хуллас, У билан роса тортишдим. Охири, мен ғолиб чиқдим. Сир бой бермай, пулни олиб қолдим. Меҳмоним менинг қудратимга тасаннолар айтиб ишига кетди. Бир зумда бойиб кетдим. Ҳалигини ушлаб-ушлаб қўяман. Жуда жозибалида ўлгур! Шиқир-шиқирини эшитсанг, яна санагинг келади. Лекин менинг бу завқ-шавқимни У расво қилади-да: "Сен қандай одамсан? Қанақа мусулмонсан? Нега сен охиратдан қўрқмайсан?" Саволларнинг салмоғини қаранг! Қани энди бундан қочиб қутилолсанг. На ҳушимда, на уйқумда ҳаловат қолди.
– Нега хомуш бўлиб қолдингиз? – дейди хотин.
Хотинга бу сирни айтиб бўладими? Билиб қолса дарров "ремонт қилиш керак" бўлиб қолади. Анови эса тинчимайди: "Ҳалол йўл билан топилмаган бир дирҳам пул...", деб бошлаб қолади. "Ўзим ҳам биламан буни", деб бақираман. "Билганларига амал қилмаган...", деб яна жон жойимдан олади.
Охири бўлмади. Учинчи куни йўлга тушдим. Дабдурустдан қадрдон акамнинг уйига кириб бордим. Ака мени кўриб шошиб қолди. Ким билади, у нималар деб ўйлади.
– Ака, – дедим мен ҳам столнинг устига ҳалигини "тап" этиб ташлаб, – сизнинг ишингизга мен мутлақо аралашганим йўқ. Бу сизга Худонинг бир лутфи бўлди. Ишингиз ўз-ўзидан битиб кетган. Мана, берган пулингиз, буни мен ололмайман. Ўша куни нафснинг ғулғуласи билан олиб қўйдим. Аслида...
– Ука, сизга минг раҳмат! Биласизми, сизга бормасимдан олдин бу пул бир амалдорнинг қўлида эди. У мени салкам бир йилдан бери алдаб юрганди. Бир амаллаб олиб, сизга бергандим, – деди у жиддий туриб. Сўнгра кўзлари ғилт-ғилт ёшланиб, менга қаради:
– Сизни қиёматлик укам десам, рози бўласизми?
– Албатта!
– Ака-укалар бир-бирига ҳадялар берса бўладими?
– Бўлади, – дедим мен. Ишонинг, хаёлимга ҳеч нарса келгани йўқ. Сиз билмасангиз, У билади. Чунки шундоққина ёнимда турганди.
Ака столдаги "бир даста"ни олдимга суриб қўйди.
– Мен сизга чин дилдан ҳадя қилдим!
– Ака, бу жуда катта...
– Худо менга бундан ҳам кўпроғини бериб қўйибди, – деди у.
Уйга қайтдим. Кайфиятимни айтмайман. Биламан, айтсам устимдан куласиз. Йўл-йўлакай Ўзига муножот қилдим: Ўзингга шукур, шуни менга ҳалол қилиб бердинг! Яхшиям менга бир Қўриқчини ҳамроҳ қилдинг! Йўқса мен...
Гапимни тугатолмадим.
“Ўл-а, чўнтагингга тўрт сўм пул кирса шунақа муножот ҳам қилиб қоларкансан! Сенга шунақа қилиб келиб турса, эслаб қоласан-да-а?!” деди У.
Яна бир нарсалар демоқчи эдим, афсуски, қолгани бўғзимда қолиб кетди. Айтишга анавидан уялдим. Нима қиларимни билмай, ғунғиллаб-ғунғиллаб қўяқолдим. Сўнгра киши билмасгина қилиб, чўнтагимни ушлаб қўйдим-да, йўлда давом этдим.
Алишер Назар
Кўп манзур бўлган мақолалар
- Оилали фоҳишалар
- Эр-хотин ўртасида муҳаббатни кучайтириш учун 10 та восита
- Хар дарднинг шифоси бор
- Жинсий қарамлик (шаҳватпарастлик)
- Зинонинг “замонавий” тури
- Эр ўз аёлидан зерикканлигининг аломатлари
- Рамазонда хотини билан қўшилишлик
- «Мен ичмайман» дейсизми?
- «Сен буюк ялқов бўлиб етишасан!»
- Mаданий ҳордиқдаги маданиятсизлик
Ҳозир сайтимизда 278 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ
Оила, никоҳ, талоқ (фатволар)
- Ота-онамни бориб кўришдан тўсишга эримнинг ҳаққи борми?
- Аёл кишининг машина ҳайдаши
- Ажраш ҳуқуқи хотинга ҳам бериладими?
- Аёлларга тааллуқли масалалар
- Аёлларнинг қабристонга бориши
- Аёлларни эркакларга ўхшаб намоз ўқиши
- Сафар қилиш
- Махсус кунларда Қуръон ушлаш, тиловат қилиш ҳақида
- Етимни фарзандликка олса бўладими?
- Аёлларга қўйиладиган тақиқлар
- Депиляция
- Иккинчи турмуш
- Кўз зиносидан эркаклар қандай сақланади?
- Аёл киши телевидениеда журналист бўлиши, кўрсатувлар олиб бориши мумкинми?!
- Сочи узун эркаклар ва сочи калта қизлар