Сайт бўлимлари
Руҳлар "шод" бўлган кун
- Подробности
- Бўлим: Ҳикоялар
- Чиққан санаси: 04 Апрель 2013
- (Нашр қилинган санаси)
— Ҳой, Зарифабону, патнислар қаерда? Кечадан бери тайёрлаб қўйинглар, ҳаммаси шай бўлиб турсин, қудалар келганда талмовсираб қолмайлик, деб неча марта жаврадим-а. Қани, бўлинглар-чи, Нилуфарнинг сарполари тахтми, анави дастурхонни сурпга ўранглар, тоза бархатга гард қўнмасин, дейман-да…
Нилуфар ичкари хонада туриб ташқарида қўли олти, оёғи саккиз бўлиб хизмат қилаётган Зевар холасининг овозини эшитиб, маҳзунгина жилмайиб қўйди. Холаси чиндан ҳам онаси ўрнини босишга ҳаракат қилди. Бебаҳо аёл экан, айримлар ҳатто ўз болаларига оналик қилолмайди. Тўғрироғи оналик қилишни эплолмайди. Холаси ўзининг олти боласидан ортиб, бевақт вафот этган опасининг тўрт боласига ҳам оналик қилишни уддалаяпти. Уддалашда ҳам уддалаш бор экан-да, ўз болаларидан афзал қараяпти жиянларига. Яратганнинг ҳеч бир иши беҳикмат бўлмайди, Нилуфарларни онасидан эрта жудо этгани билан шундай меҳрибон, бағрикенг холасини паноҳ қилиб ёрлақаганига ҳам шукр. Хола дегани билан ҳамма холалар ҳам Зевар холасига ўхшайвермайди. Курсдоши Дилрабо ҳам синглиси билан холасининг қарамоғида қолиб кетган. Ота-онаси Сурхондарёдан Тошкентга келаётиб тоғ йўлида автоҳалокатга йўлиқиб вафот этишган. Дилрабонинг акасига амакиси оталик қилишни бўйнига олибди, чирқираб қолган икки қизалоқ холасига қолибди. Акаси уйланиб, уйларига солиҳа бир келин келгунича Дилрабо ўртоғининг киприкларидан нам, қорачиқларидан ғам аримади.
— Дугонажон, сен ҳеч қачон тақдирингга иддао қилмагин, онангнинг умри қисқа бўлгани билан, холангнинг меҳрибончилигини қара, сизларни ўз фарзандларидан ҳам аъло кўриб оқ ювиб, оқ тараб, ўқишларингга имкон қилди, ўгай она қўлида хор қилмади. Холангни хола демагин, она дегин, ўртоқжон, шукр қилгин. Мана, менинг холамга қара, ношукрлик бўлмасину, холам бирор марта бизга кулиб гапирганини, эркалаб кўнглимизни кўтарганини эслолмайман. Йўқ, айтганча кулиб гапирган жойи ҳам бўлган, қачонки, бизга нафақа пули берилган пайтда. Почтачи пулни обкебериб, қўлимиздан тийин-тийинигача санаб олгунигача холам бизга кулиб турарди. Сўнг яна ўша дағдағалар, еб-ичганимизнинг миннати, ҳақоратлар, хўрликлар…
Нилуфар дугонасининг гапларидан кейин холасини яна-да қаттиқроқ яхши кўриб қоларди. Онаси вафотидан сал олдин Зевар холасига болаларига яхши қарашни, уларнинг кўнглини оғритмасликни қайта-қайта илтижо қилиб сўраганди. Ўшанда Нилуфар онасининг ҳансираб-қийналиб айтаётган гапларини эшитиб, донг қотганди: «Зевар, сингилжоним, кўнглим сезяпти, умрим поёнига етяпти, чоғи. Армон билан кетадиган бўлдим, синглим. Ҳеч йўқ Нилуфаримнинг чиройли кийиниб шаҳарга ўқишга кетаётганини, ўқишларини тамомлаб, диплом олганини кўрсам эдим. Иззат –икром билан гўшангага келин бўлишини кўриб, бахт тиласам эди, келин бўлиб қайнонасининг хизматини қилганларини, сенга тарбия берган онангга раҳмат, деган олқиш олганларини эшитиб ўлсам, армон қилмасдим. Зеваржон, сендан илтижоим, болаларимни ўкситма, уларнинг ўқишига эътиборли бўл, айниқса Нилуфарим албатта университетда ўқисин, ўзи орзу қилганидек инглиз тили ўқитувчиси бўлсин. Мени, опам кўзи очиқ кетмасин, гўрида хотиржам ётсин, десанг, болаларимни қанотинг остига ол. Дадасининг, аммаларининг аҳволини кўриб турибсан, ҳали жоним чиқмасидан, юзимга лаҳад ғубори қўнмасидан тезроқ уйланишни истаяпти. Бир-икки жойларга совчиликка ҳам чиқишибди. Мен улардан хафа эмасман, нима бўлса тақдиримдан, болаларим азият чекмаса, уларнинг кўнгли ўксимаса, бўлгани. Бошқа ҳеч нарса керак эмас…» Пиқ-пиқ йиғлаётган холаси, яхши гаплардан, кўнгилда умид уйғотувчи таскин сўзлардан гапириб, опасининг кўнглини кўтаришга уринди. Нилуфар йиғлаб юбормаслик учун лабларини қаттиқ тишлаб олганди, онаси «мен шу бедаво касаллик ўзимга ёпишганини аллақачон билгандим, саккиз ой аввал мазам бўлмай дўхтирга борганимда, таҳлил натижалари саратон хасталиги пайдо бўлганини кўрсатган эди. Аммо ўшанда дўхтирлар ҳарқанча уқтириб, даволанишим зарурлигини таъкидлаганига қарамай, Нилуфар қизимни ўйлаб уларга қулоқ солмадим. Болам бояқишнинг орзулари бир олам, ўқишга, илм олишга, тил ўрганишга меҳри баланд. Агар мен даволанадиган бўлсам, дори-дармонга, муолажааларга анча пул кетади, кейин қизимнинг репетиторига дадаси пул бермайди, шартнома билан ўқишига тўғри келса, боламни чирқиратиб контрактни тўламайди, деб дардга тишимни-тишимга босиб чидадим. Худога шукр, қизим талаба бўлди. Мен кўрмасам ҳам арвоҳим кўриб, дуо қилиб юради. Фақат, унинг ўқишига шароит қилиб бер, Зеваржон. Болам пулдан қийналиб, онасизлиги билиниб ўқишидан кечиб кетмасин. Болаларим сенга омонат…», деган гапларини эшитиб, ўзини тутиб туролмади. Нариги хонага кирволиб, ҳўнграб-ҳўнграб йиғлаётган Нилуфар, бироздан кейин холасининг, қаттиқ овозда, «Нилуфар, Музаффар, тез буёққа қаранглар», деган чақириғидан ўзига келди...
Онасини сўнгги манзилга кузатишди… Онасининг ўзидан яширинча айтган гапларини бехос эшитиб қолган қиз, «жигарим»лаб бўзлаётган хола-тоғаларига, «онанг ўлсин болам, гўримга кирдинг болам» деб кўксига муштлаётган бувисига қараш учун ўзига куч тополмасди. Айниқса, Зевар холасининг кўзларига кўзи тушишдан хижолат тортарди. Онасининг ўлимида, ўзларининг етим бўлиб қолишида ўзини айбдор сезарди…
Онасининг «уч»идан кейин ўқув даргоҳларида дарс бошланди. Аза кийими кийиб, рўмол ўраб ўз ёғига ўзи қоврилиб Ҳтирган Нилуфарнинг олдига кирган Зевар холаси секингина гап бошлади:
— Эртага, ўқишингга бор. Бу ерда ўзимиз бўламиз. Дарсингни қолдирма.
— Одамлар нима дейди, хола?! Кеча онамдан айрилиб, эртага байрам қилгани кўчага чиқаманми?!- Нилуфар иззиллаб йиғлади.
— Сени байрам қил, деётганим йўқ. Ўқишингдан қолма, деяпман. Бу онангни орзуси эди. Бу ерда Ўтирганинг билан нима қилиб берардинг?! Одамлар билан ишинг бўлмасин, боравер. Ўқишингдан қайтгач, хола-жиян ўтириб бир дардлашамиз, сенга айтадиган гапим бор.
Зевар холаси шундай деб Нилуфарни ўқишга жўнатиб юборганди. Бахтига бюджет асосида ўқишга кирганди, аввал бошда холаси билан поччаси берган пулларни тежаб-тергаб эҳтиёжларига сарфлаб юрди, кейинчалик аъло ўқиб яхшигина стипендия оладиган бўлди-ю, ўзини ўзи эплай бошлади. Онаси бетоб бўлиб ётиб қолганидаёқ уйланиш ҳаракатига тушган дадаси икки ойгина аранг чидай олди холос. Қўшни маҳалладан эридан ажрашган, ёшгина, Нилуфардан атиги уч ёш катта жувонга уйланиб олди. Шундан кейин Зевар холаси жиянларини ўзиникига олиб кетди. Ўзиникиларга қўшиб, опасининг етим қолган болаларини ҳам бағрига босди. Тоғалари бир бўлиб Нилуфарларга ўзларига яқин жойдан уй қуришди, бошпана қилиб беришди. Бу орада Нилуфар аввал бакалаврни, сўнг магистратура ўқишини тамомлади. Бир курсдоши билан севишиб, аҳду паймон қилишган экан, у томондан совчилар келиб, қизга белгили қилишгач, Нилуфар холасига укасини уйлантириш ҳақида гап очди. Музаффар ҳам энди бакалаврни тамомлаб, магистратурага ҳаракат бошлаган эди. Опасининг қистовидан кейин йигит синфдошининг уйига ишора қилди. Қиз тиббиёт институтнинг бешинчи курсига ўтиш арафасида экан. Нилуфар узатилишидан аввал келин тушсин, деб апил-тапил тўй бошлашди. Уларнинг тўйидан икки ой ўтиб, Нилуфарга ҳам ўлан айтишяпти…
Нилуфар ичкари хонада, дераза рафига суяниб онасининг суратига термулган куйи бошидан кечирган кунларни ўйлаб, киприги намланди. Ана шу —ташқарида куйиб пишиб, ҳаммани тўрт томонга тўзғитиб, тўйда хизмат қилаётган Зевар холасининг меҳридарёлиги сабабидан улар етимлик машаққатини тортишмади. Тўғри, она ўрнини бошқа биров босиши, унинг оташин меҳрини бегона одам инъом этиши мумкин эмас, Нилуфар ҳам, ука-сингиллари ҳам соғинч изтироби билан, омадли, бахтли кунларини онаси кўролмаганидан ўксиниб яшашяпти, аммо холасининг шарофати билан улар элга қўшилишди, ҳаётда бирин-кетин ўз ўринларини топишга эришишяпти. Нилуфар киприкларидан думалаб, ёноғига қўнган томчини бармоғи билан секингина сидириб ташлар экан, «Борингизга шукр, умрингиз зиёда бўлсин, холажон» деб пичирлади…
Ҳой, келинпошша, Муножотхон, қани қайнэгачингизнинг зар паранжисини олиб келинг, тахт қилиб қўяйлик айланай. Жияним чин уйига асл кийимда, юзида ҳаё-ибо пардаси билан, ҳурмат-иззати билан қадам қўйсин. Қани бўлинглар, ҳали-замон меҳмонлар келиб қолишади. Келин-куёвнинг устидан сочиладиган сочқиларни олиб келинглар-чи, бирров кўздан кечирай. Ширинлик билан ёнғоқни кўпайтиринглар. Жумагул аммага айтинглар, ўзларига қараб, чиройли кийимларини кийиб ўтирсинлар. Улар пиру бадавлат, ҳамма болалари қўли узун, бойвачча, поччам билан ҳеч қачон овозлари кўчага чиқмаган, Нилуфаргинамнинг кийимларини Жумагул аммам кийгизадилар…
Нилуфар ҳовлининг ҳар бурчагида жаранг бераётган холасининг овозига қулоқ бериб, ёшли кўзлари билан жилмайиб қўйди: «Холажоним ўзимни, ҳамма гапни одамларга эшиттириб бажаришлари бор-да. Ҳали паранжи кийиб, куёвникига боришга анча пайт бор-ку, ҳалитдан ҳаммага теревога қилишлари-чи…» Кейин нариги уйда кўзгу олдида бир тўп қизлар билан ўзига оро бераётган синглисини имлади-да, холасини ичкарига киришини сўради.
— Холажон, бу гапларни айтиш менга хижолатли… аммо сиз тушунинг, мен кийимларимни ўзингиз кийдиришингизни, мени куёв уйига ўзингиз кузатиб олиб боришингизни истайман… Мен сизга ўхшаб ҳар томонлама саодатли бўлишни истайман, холажон. Сизга ўхшаб бағрикенг, иродали, меҳридарё бўлгим келади… Ўшанда, онам вафот этишларидан сал аввал сизга айтган гапларини бехосдан эшитиб қолгандим. Раҳматли онамнинг мени деб, мени ўқишимни деб бедаво касалга йўлиқиб қолганларини сир тутганларидан хабарим бор, холажон… Агар мен даволансам, дадаси қизимнинг ўқишига пул бермайди, болам тайёрланмаса ўқишга киролмайди, деб ўзини қурбон қилган онамнинг вафотида, ука-сингилларимнинг онаси бор тенгдошлари олдида кўнгли ўксиниб қолганида мен айбдорман, холажон…- Нилуфар овоз чиқариб йиғламаслик учун холасининг кўксига бош қўйиб пиққилллаб юборди. Аввалига Зевар холаси ҳам ўзини тутолмай, жиндак кўз ёш қилган бўлди-ю, ҳартугул бугун тўй, опаси раҳматли орзиқиб кутган кун — тўнғич фарзандининг бахт уйига қадам қўётгани эсига тушиб ясама жаҳл билан жиянини туртиб қўйди:
— Сен шунча иш турганда мени чақириб олиб, бу яп-янги кўйлагимни ҳўл қилишдан мақсадинг нима ўзи?! Сени мизиғингни артишдан бошқа ишларим ҳам тиқилиб ётибди. Қани, опамнинг эрка қизи, мени ақлли жиянимнинг тўйида кўз ёшингни йиғиштир-чи! Раҳматли опамнинг шодланиб юрган арвоҳини ҳам ранжитяпсан, яхши эмас! Мен бугун йиғламайман, бугунги шодиёнани озмунча орзиқиб кутмадим мен!- Нилуфар холасини қаттиқрорқ бағрига босди:
— Сизни яхши кўраман, холажон, жудаям яхши кўраман. Илоҳим умрингиз узоқ бўлсин, ҳеч қачон мушкул ҳолатда қолманг, холажоним…
— Айтганинг келсин, қизим, худоё сенинг бахтинг очилиб, саодатинг кулгани рост бўлсин. Ўтган кунларни ўйлаб, ўзингни айбдор қилиб қийналма, опамнинг руҳи безовталанади. Ҳаммаси Яратганнинг хоҳиши, биз ожиз бандаларининг қўлидан нима ҳам келарди?! Муҳими, онанг қилган орзулар бирин-кетин амалга ошяпти, болам. Буёғига ҳам шундай бўлсин..- Зевар холаси Нилуфарнинг сочларини силади. Қиз холасининг меҳрли бағрига сингиб кетгудай бўлиб энтикди:
— Албатта, холажон, Худо хоҳласа, бундан кейин ҳам онамнинг орзулари ушалаверади…
Тўйхонада «қудалар келишди», «куёв келди» деган овозлар чувиллади. Олис-яқиндан машиналарнинг сигнали чалиниб, қизнинг оппоқ юзи пушти тус олди. Холаси Нилуфарни койигандай беозор чимдиб, «ҳа қиз, яна қачонгача нозланиб куёвни илҳақ қиласан?! Қани сени кийимларинг», деб тараддудга ошиқди…
Рухшона ФАРРУХ
Кўп манзур бўлган мақолалар
- Оилали фоҳишалар
- Эр-хотин ўртасида муҳаббатни кучайтириш учун 10 та восита
- Хар дарднинг шифоси бор
- Жинсий қарамлик (шаҳватпарастлик)
- Зинонинг “замонавий” тури
- Эр ўз аёлидан зерикканлигининг аломатлари
- Рамазонда хотини билан қўшилишлик
- «Мен ичмайман» дейсизми?
- «Сен буюк ялқов бўлиб етишасан!»
- Mаданий ҳордиқдаги маданиятсизлик
Ҳозир сайтимизда 255 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ
Оила, никоҳ, талоқ (фатволар)
- Ота-онамни бориб кўришдан тўсишга эримнинг ҳаққи борми?
- Аёл кишининг машина ҳайдаши
- Ажраш ҳуқуқи хотинга ҳам бериладими?
- Аёлларга тааллуқли масалалар
- Аёлларнинг қабристонга бориши
- Аёлларни эркакларга ўхшаб намоз ўқиши
- Сафар қилиш
- Махсус кунларда Қуръон ушлаш, тиловат қилиш ҳақида
- Етимни фарзандликка олса бўладими?
- Аёлларга қўйиладиган тақиқлар
- Депиляция
- Иккинчи турмуш
- Кўз зиносидан эркаклар қандай сақланади?
- Аёл киши телевидениеда журналист бўлиши, кўрсатувлар олиб бориши мумкинми?!
- Сочи узун эркаклар ва сочи калта қизлар