Сайт бўлимлари
Машҳур тадбиркорнинг армони
- Подробности
- Бўлим: Ҳикоялар
- Чиққан санаси: 04 Апрель 2013
- (Нашр қилинган санаси)
Зулхумор оқ тангадай ўрик гуллари тўкилган кўча бўйлаб ўйчан юриб кетяпти. Чорраҳанинг нариги бетидаги кафтдеккина хиёбон оралаб кетаркан, у айни пайтда бу ерда ўтказган ширин онлари, илк муҳаббатига, севгидан, бахтдан тўлиб порлаган кўзларига мафтун бўлган, биринчи изҳор, биринчи титроқ, биринчи бўсасига гувоҳ бўлган хиёбон ҳақида ўйламасди. Зулхумор ҳаттоки қаердан, қай алпозда ўтиб кетаётганини ҳам, нима учун бораётганини ҳам ҳозир англолмайди. У кетяпти. Ўзини уйида интиқ кутаётган бир жуфт кўз- эри Соҳибжон ҳам ҳозир Зулхуморнинг хаёлида эмас. У шошилиб-шошилиб кетяпти. Йўл юрар экан, юраги алланечук алам ва изтироб қоришиқ ҳапқиришдан тез урар, худди қаердандир, нимадандир кечикаётгандек таҳликали ҳаяжон ичида юриб борар эди. Соҳибжон… У қанчалик чексиз меҳр ва садоқат билан севади Зулхуморни. Унинг кўзлари ниҳоятда чиройли, меҳрли… Аммо мунгли, маъюс. Зулхумор эрининг маҳзун нигоҳларига дош беролмай қолди сўнгги пайтларда. Унинг ёшликда қилган биргина хатоси туфайли ҳозир жуфтининг кўнгли синиқ. Уни «хато» деб аташ тўғримикан?..
Зулхумор мактабни тамомлаш арафасида унаштирилди. Сумбул сочлари шаршарадек тўлғониб, шамшод қоматига ажиб кўрк бағишлаб турган, манглайида бир жуфт юлдуз ёниб турган қизалоқ балоғат бўсағасига қадам қўйиб, оқи оққа қизили қизилга ажраганидан бошлаб уйининг остонаси совчиларнинг қадамидан ейилиб кетди. «Вой, ҳали қизимиз ёш», «Вой, бизни узатиладиган қизимиз йўқ эди-я» деб совчиларнинг ҳар кунги ташрифидан ўзида йўқ севинса-да, ҳаммага бир гапни такрорлайдиган онаси, мактабдан хомуш қайтган қизининг дабдурустдан бошлаган гапидан қотиб қолди:
- Ойи, нега Зуфаржоннинг совчиларига йўқ, дедингизлар? У мени ўқитади, биласизми, институтда ўқитади. Шунга келишганмиз. Эртага яна совчилари келишади, ҳеч иккиланмай розилик бераверинглар. Дадамга ҳам айтинг!
Она ҳайратдан ва хавотирдан донг қотиб қолди. Бу не ҳол?! У ҳали бола деб ўйлаган қизи аллақачон улғайган, ҳатто ўз ҳаётини, ўз тақдирини ўзи белгилайдиган бўлган экан-ку! У бўлса, эшигини тақиллатганларга, қизим ёш деб юрибди-я. Қачон улғайибди, қачон оила қуришга ҳавас пайдо бўлибди унда? Нега у ғофил қолибди қизидаги бундай ўзгаришдан? Ахир оналарнинг кўнгли сезгир бўлади, дейишади-ку, наҳотки у ғафлатда қолган бўлса?..
- Сен қизни тушунмай қолдим, бу нима деганинг?- Она ўзида зўрға куч топиб, қизининг қаршисига келди-да, уни саволга тутди.
- Нимасини тушунмайсиз, ойижон? Нимаси сизга мавҳум? Мен айтяпман, Зуфаржондан келадиган совчиларга розилик беринг. Лекин ҳали тўй ҳақида ҳеч гап бўлмайди. Мен аввал ўқишга кираман, Зуфарларнинг оиласи шартнома пулини тўлашади, ундан кейин бошқа тадбирларни ўтказишга келишасизлар. Менимча, бунинг ҳаммаси оддий, тушунмасликка сабаб йўқ.
- Сен қачондан бери ўз ҳаётингни ўзинг қурадиган бўлдинг? Бу нима ҳар куни телевизор тагига мук тушиб кўрадиган сериалларингни таъсирими ёки туни билан ухламай комьпютерга тикилиб интернетдан ўрганганингми?- Она ғазаб ва аламдан титраб, қизига яқинроқ келди.
- Ойи-и-и, ўзингизни босинг. Сериал билан интернетнинг бунга нима алоқаси бор?! Мен ўн етти ёшга кирдим, шунақами? Икки ойдан кейин мактабни тугатаман, тўғрими? Уйга ит ҳам бит ҳам совчи бўлиб келяпти, дадам иккингиз мени бошингизга ёстиқ қилмайсиз, ука-сингилларим турибди. Қачондир узатасиз-а? Шу Зуфар ҳар куни йўлимдан чиқаверди, йўлимни тўсиб «севаман» дейдими-ей, «ўламан» дейдими-ей. Қарасам, чиройли йигит, келишган оиласи ҳам ўзимизга мос, ўзига тўқ хонадон. Қолаверса, Зуфар институтнинг иккинчи курсида ўқияпти. Орқамдан эргашиб юрган эди, шарт тўхтадим-у, «Мақсадинг нима, менга уйланмоқчимисан? Агар ниятинг жиддий бўлса, уйга совчи жўнат, фақат битта шартимга рози бўлсанг», дедим-да, ўқишга қўйишини, агар тўлов-шарнома билан ўқишимга тўғри келса, пулини тўлашини айтдим. Бор гап шу!
Она қизининг гапларига бир ишонмай, бир ишониб унинг хонасидан чиқди. Эртаси куни чиндан ҳам Зуфаржоннинг номидан яна икки хотин келишди. Она минг бир истиҳола ичида уларга, «ўйлаб кўрамиз» деб қўйди-ю, буёғига эрини нима деб кўндиришни ўйлаб қисинди…
Зулхумор Университетга ўқишга кирди. Аммо ўзи ўйлагандек, тўлов шартномада эмас, давлат гранти асосида ўқийдиган бўлди. Бу орада Зуфаржон қизнинг кўнглига йўл топиб, уни чин маънода мажнунага айлантирди. Йигит учинчи курсни, қиз биринчи курсни тамомлагач, катталар тўй тарадудини бошлаб, икки девона ошиқнинг бошини қовуштириб қўйишни лозим кўришди. Тўйдан кейин икки ёшнинг муҳаббат ришталари яна-да мустаҳкамроқ боғланиб, бир-бирини кўз қорачиғидек асраб –авайлаб яшай бошлашди. Келинчак ҳар куни ўқишдан чиқиб чин уйига ошиқар, йўл-йўлакай жон азиз кўрган куёви қандай таомларни хуш кўришини ўйлаб, кела солиб ошхонага ўрнашиб оларди. Ҳар куни эринмай Зуфаржоннинг ишдан қайтишига ҳаммом тайёрлаб, оҳорли, тоза сочиқларни шай қилиб, дастурхон тузаб, шам ёқиб, кутарди. Бир-бирига ярашиқли жуфтлик, бир-бирига мос севишганлар эдилар…
Бир йилча ана шундай муҳаббат ва соғинчга ошуфта яшашди. Кейин…
Ўша куни Зуфаржон эндигина иш бошлаган ишхонасида бироз ушланиб кечроқ қайтганди. Уйга кирса дастурхон тузалмаган, шам ёқилмаган, ҳатто ҳаммом ҳам, тоза сочиқлар ҳам йўқ. Йигитнинг юраги «шув» этиб кетди:
- Тинчликми, нимага бунақа маъюссиз? Нима бўлди, ўқишингизда биров хафа қилдими?
- Бўйимда бўп қолибди… Ҳомиладор эканман…- Диванга мук тушиб, қўллари билан бошини чангаллаб ўтирган Зулхуморнинг йиғидан кўзлари шишиб кетган, эрига қарамай зўрға жавоб берди.
- Ажойиб-ку! Қачон билдинг буни? Нега бунақа хафа бўлиб ўтирибсан, ахир бу дунёни бошга кўтариб қувонадиган хабар-ку!- Зуфаржон биринчи марта хотинини ўзи билмай сенлаб юборди. У шундай деб келинчагини бағрига босиб, даст кўтариб олди. Уйни гир айлантириб, ерга қўяркан, Зулхуморнинг кўзларидан дувиллаб ёш оқди.- Нега йиғлаяпсан, қувонч ёшларими бу?
- У шудай деб хотинининг лўппи юзларидан ўпиб олди.
- Ҳозир ўрни эмас. Бола тарбиялайдиган ёшда эмасман.- Зулхумор баттар ҳиқиллаб йиғлай бошлади. – Тушуняпсизми, мен ёшман, ҳали фарзанд кўришга вақтим етарли. Ҳозир бунинг кераги йўқ эди…
- Нима деяпсан, Зули? Тушунмаяпман, сени? Бу нима деганинг?
- Вой нимасига тушунмаяпсиз, а, нимаси тушунарсиз?! Мен эндигина йигирмага тўламан. Бунақа ёшда она бўлиб, болага ўралиб қолишни истамайман. Хуллас, гапни кўпайтиришдан фойда йўқ. Ҳомилани олдираман.
- Нима?! Сен эсингни еб қўйдингми, жоним?! Ахир боланинг бахтимизга нима зиёни бор? Аксинча, фарзанд муҳаббатимизни, бахтимизни мустаҳкамловчи ришта. Унақа ношукрлик қилма. Худога хуш келмайди.
- Менинг орзуларим кўп. Ҳали ўқишим кеак. Келажакда ўқишимни хорижда давом эттиришни ният қилганман. Сизга нима учун турмушга чиққанимни унутдингизми? Ўқишимга, орзуларимга эришишга ёрдам берасиз, деб, мени тушунасиз деб сизни танлаганман. Агар бир этак болага ўралашиб, уй хотини бўлиб ивирсиб юришга кўнганимда, манаман деган бойваччалардан бирининг этагини тутиб кетардим. Ўқийман, деб ўзимни овора қилмасдим. Мен ўқишим керак, чет элда малакамни ошириб, шахсий бизнесимни йўлга қўйиб олшим керак. Таниқли, машҳур тадбиркор аёл бўлганимдан кейин фарзанд кўриш ҳақида ўйлаб кўраман.
- Болани олдирмайсан! Бунга асло рози бўлмайман.
Жондан севган аёлидан эшитган гаплари Зуфаржонни карахт аҳволга солган эди. У хотиним мени севади, ардоқлайди деб ўйларди, суюнарди. Лекин унга орзулари йўлида зинапоя вазифасини бажараётганидан бехабар эди. Шундай бўлса ҳам беихтиёр ялинишга тушди,- Илтимос, Зулхумор, болани нобуд қилма. Бир куни ўзинг пушаймон бўласан. Майиб бўлиб қолишинг мумкин. Биринчи фарзандини олдирган аёлларда кейинчалик фарзанд кўрмаслик эҳтимоли кўпроқ бўлади. Бунақа ақлсизлик қилма.
- Болани олдираман, менга керак эмас. Ҳали фарзанд кўрадиган ёшда эмасман!
- Унда уйдан кет! Бошқа бу ерда қорангни кўрмай!
Зуфаржон алам билан чўккалаб, тиз чўкканча бақирди.
- Кетаман! Мушукка ўхшаб ҳар ойда болалайдиганига уйланинг!- Зулхумор уч-тўрт кийимини жомадонга солиб, уйдан чиқиб кетди. Кўзлари жиққа ёшга тўлган Зуфаржон тиз чўкканича ўтириб олди…
Ажрашишди. Судда ҳам Зуфаржон эгик бошини кўтармади. У хотинига ҳеч қандай айб қўймади. Уни ёмон отлиқ қиладиган гап ҳам гапирмади.
Зулхумор суд кунигача ҳомилани олдириб ташлаганди. «Ортиқча дардисар»дан қутулган Зулхумор ўқишни битириб, ўзи истаганидек хорижда малака ошириб қайтди. Бизнесини йўлга қўйиб, орзу қилганидай таниқли, машҳур ва бой тадбиркор аёлга айланди. Унинг кўнглига яна муҳаббат оралади. Севилди, севди, ишқдан сархуш бўлиб, садоқат жомидан қониб-қониб шароб ичди. Соҳибжон билан тақдирлари қўшилган экан, турмуш қуришди. Аммо тўрт йилдирки, севгидан гуркирраб ўсаётган оила ниҳолига куч бергувчи ришта-фарзанд тирноғига зор яшашяпти. Зулхумор бир пайтлар севган инсонининг кўнглига ханжар уриб, жиноятга қадам қўйганди- ҳали туғилмаган гўдакни тиғ остида нобуд этганди. У ўша машъум айбига жавоб бераётган эди, лекин Соҳибжон… Унинг маъюс чеҳрасида ғам соясини кўравериб, Зулхумор виждон азобида ўртаняпти...
Хиёбон оралаб саросар, телбаларча кетаётган аёлнинг қулоғига таниш овоз эшитилди:
- Умиджонни кўп қалин кийинтирибсиз, терлаб кетибди, аяси…- Ўша овоз! Ўша меҳр тўла, муҳаббат ва эҳтиром тўла товуш! Бир пайтлари шу овоз унинг исмини эҳтирос билан жаранглатарди, мана шу ёқимли товуш Зулхуморга қадрдон эди.
Аёл бошини кўтариб қаршисида бир қизалоқ ва болачани етаклаб кетаётган эр-хотинларга қаради. Бахтиёр жуфтлик бор дунёни унутиб, болаларининг ифоридан сармаст бўлиб кетишар, эркак бир қўли билан болачасининг жажжи қўлчасидан тутган, бири билан аёлининг елкасидан енгилгина қучиб, нималарнидир берилиб гапирганча кетиб борарди. Зулхумор таниди. Бу –Зуфаржон эди. «Демак, уйланган экан… иккита фарзанди бор экан… Хотини ҳам хушрўйгина жувон. Улар бахтиёр…» Эр-хотиннинг ортидан ҳавас билан термулиб қолди. Сўнг оёғидан мадор қочиб, чеккадаги ўриндиққа чўкди-ю, бир пайтлари бошига қўнган бахт қушини калтак кўтариб қувгани учун афсусланиб, ҳўнграганча йиғлаб юборди.
Рухшона ФАРРУХ
Кўп манзур бўлган мақолалар
- Оилали фоҳишалар
- Эр-хотин ўртасида муҳаббатни кучайтириш учун 10 та восита
- Хар дарднинг шифоси бор
- Жинсий қарамлик (шаҳватпарастлик)
- Зинонинг “замонавий” тури
- Эр ўз аёлидан зерикканлигининг аломатлари
- Рамазонда хотини билан қўшилишлик
- «Мен ичмайман» дейсизми?
- «Сен буюк ялқов бўлиб етишасан!»
- Mаданий ҳордиқдаги маданиятсизлик
Ҳозир сайтимизда 269 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ
Оила, никоҳ, талоқ (фатволар)
- Ота-онамни бориб кўришдан тўсишга эримнинг ҳаққи борми?
- Аёл кишининг машина ҳайдаши
- Ажраш ҳуқуқи хотинга ҳам бериладими?
- Аёлларга тааллуқли масалалар
- Аёлларнинг қабристонга бориши
- Аёлларни эркакларга ўхшаб намоз ўқиши
- Сафар қилиш
- Махсус кунларда Қуръон ушлаш, тиловат қилиш ҳақида
- Етимни фарзандликка олса бўладими?
- Аёлларга қўйиладиган тақиқлар
- Депиляция
- Иккинчи турмуш
- Кўз зиносидан эркаклар қандай сақланади?
- Аёл киши телевидениеда журналист бўлиши, кўрсатувлар олиб бориши мумкинми?!
- Сочи узун эркаклар ва сочи калта қизлар