Сайт бўлимлари
Хато таъқиби
- Подробности
- Бўлим: Ҳикоялар
- Чиққан санаси: 04 Апрель 2013
- (Нашр қилинган санаси)
Бир неча кундан бери Шерзод ўқишига ҳам бормай уззукун уйида қамалиб ўтирибди. Эрталаб нонуштага, иштаҳам йўқ, деб чиқмайди. Кечки овқатга дадасининг мажбурлашилари билан бирровга чиқиб, таомдан чўқиллаган бўладию, яна бир сўз демай хонасига кириб ётади. Ота-она болаларидаги бу ўзгаришдан ҳайрон:
— Ўғлингга нима бўлган, онаси? Аввалгидек ҳазил-ҳузул қилиб ўртоқларига қўнғироқ қилмайди. Дастурхонга ҳам мажбурлаб олиб келяпман, шунда ҳам чеҳрасини очиб ўтирмайди. Сабабини сўрамадингми?- Шавкат ака хотинига саволчан тикилди.
- Ўғлингиз менга сир берармиди, дадаси? Нима бўлди, деб сўрайвериб оғзим қуриди. Индамайди. Ичкарига қамаоволиб ким биландир телефонда узоқ гаплашиб ўтиради… Унингизнинг ичига кириб чиқибманми кўнглида нима гаплигини мен қаердан билай?! Ўзи шуни ўйлаб сиқилганимданми юрагим тез-тез санчиладиган бўлибди…- Гулюз опа эрининг саволидан оғринган куйи қўлини чап кўксига олиб бориб, оҳиста силаниб қўйди.
- Оббо, бу хотинларга бирор гап айтиб бўлмас экан-да, дарров бошимией, юрагимей аллақаёқларининг оғриётганини айтган гапингга важ қилиб кўрсатишади. Қанақа онасан, болангни нима муаммо қийнаётганини билмасанг!? Балки ўқишида бирор гап бўлгандир, сўраб боқ-чи, бундоқ. Айтмаяпти, деб болани ўз ҳолига ташлаб қўверасанми?- Гулюз опа эрининг гапларини ичида тан олиб турган бўлса-да, ёлғондакам араз билан қовоқ уйди. Эрини ишга кузатгач, айвон устунига суяниб хаёлга берилганди, юрагини алланечук ғашлик қоплаб, хижилланди. «Наҳотки… болам бирор номаъқулчилик қилиб қўйган бўлса?! У… никоҳсиз вужудимда пайдо бўлган эди… Боламнинг одоб-ахлоқига, юриш-туришига эътиборли эдим. Бизнинг гуноҳимиз касри уриб бирор ножўя ишга қўл урмасин, деб ҳалак эдик… Ё, Худоё, боламни ёмонликлардан асра! Дадаси иккимизнинг гуноҳимиз жавобини у бермасин. Ўзинг биз ғофилларни кечир…» Гулюз опа кўнглида шундай деб илтижо қилдию, ўҚли билан астойдил гаплашиб олишни мақсад қилиб унинг хонаси эшигининг тутқичига қўл чўзди…
* * *
Шавкат узоқдан Гулюзнинг қорасини кўриб омонат ўтирган ўриндиғидан даст туриб кетди. Қизнинг яқинлашишига ҳам сабри чидамай олдинга бир-бир қадам босди. Қизнинг тунд юзида алланечук хавотиргами, қўрқувгами ўхшаш маъно бор зуҳур эди. Ҳатто ўзига орзиқиб пешвоз чиққан Шавкатга ҳам қуруққина салом билан кифояланди. Йигит севгилисига бир муддат ҳайрон тикилиб турди-да, кейин жаҳли чиққанини овозида сездириб:
- Нима бўлди, Гули? Қовоғингиздан қор ёғмаса, биров арпангизни хом ўриб қўйдими?
- Аҳвол чатоқ Шавкат ака, тўйни тезлаштирмасак бўлмайди… Бирор ҳафтадан бери мазам бўлмай, еганимни қайт қилиб қийналиб, иштаҳам бўлмай юргандим. Бугун дўхтирга борсам, ҳомиладорсиз, деса борми!? Юрагим нақ оғзимга келди. Поликлиникадан қандай чиққанимни билмайман, дарҳол сизга қўнҚироқ қилдим.- Қиз шундай деб Шавкатга зимдан кўз тикилди.
- Тавба, шунга шунча ваҳимами, Гули? Ўзи кеча кечқурун, аямлар тўй маслаҳатига қудаларникига бориб келамизми, деб туришувди. Буёқда ўзларича тўй кунини ҳам белгилаб қўйишган, фақат сизникиларга маъқул келса бўлди. Тўй куни тезлашади. Хурсанд бўлавермайсизми, Худонинг шунчалик бериб қўйганига…- Гулюз йигитга «ялт» этиб қаради:
- Шавкат ака, мендан нима ўтаётганини биласизми ўзи?! Гапингизни қаранг, «бериб қўйганига хурсанд бўлинг»миш. Қанақасига хурсанд бўлишим керак, вужудимда валади зино ўсаётганигами ё эҳтиросларим ақлим кўзларига ниқоб тортиб қўйганими?! Шарманда бўлдимку, мен. Бу кунимдан ўлганим афзал эди.- Шавкатнинг боши эгилди, қўлларини беихтиёр мушт қилиб тугди:
- Сиз мендан шубҳадасиз-а? Тан олмайди, мени шарманда қилади, деб ўйлаяпсиз-а? Ахир унаштирилган бўлсак, фотиҳамиз элга маълум қилинган бўлса… Хомсут эмган бандамиз, ўшанда шунчаликка боришимни билганимда… Яқинда тўй қиламиз, билинмай ўтиб кетади… Сиз хавотир олманг, бу сирни ўзимизда асраймиз.- Гулюз нафрат билан юзини четга бурди:
- Ўзимдан нафратланиб кетяпман… Мен шунчалик ўзини асролмайдиган қиз эдимми… Тавба, Худо одамни йўлдан адаштираман, деса ҳеч гап эмас экан… Тўғри, сиз айтгандай унаштирилганмиз, фотиҳамиз маълум қилинган. Аммо тўнғич боламиз валади зино бўлади, тушуняпсизми?! Бу дегани бир умр боламнинг қисматидан чўчиб яшайман, бир умр болам бировга зиён етказиб қўймасин-да, деган хавотир билан яшайман, деганим. Никоҳсиз туғилган боладан яхшилик чиқмайди, дейишади. Мен эрталабдан бери ана шу изтиробдан қийналаяпман…
- Бўлди-да, Гулюз! Мен қилдим шу хатони, менга ҳамма жабр, гуноҳ бўлсин. ҳадеб бунақанги гапларни гапираверманг. Керак бўлса тўйни ўн кундан кейин эмас, бир ҳафтанинг ичдаёқ ўтказиб юборамиз. Бола туғилгунгача биз никоҳланган бўламиз, ҳеч нима қилмайди. Биз… бузуқ мақсад билан бу ишга қўл урмагандик… Сизда гуноҳ йўқ… Ўша куни ўртоғингиз бир ўзингизни ташлаб тоққа — дам олишга кетмаганида мен ёнингизда қолмасдим. Ёнингизда қолганимда ҳам, ўзимни бошқарганимда, ҳадимда турганимда шунчаликка бормасдик… Менга нима бўлса бўлсин, аммо боламга эмас! Илтимос, бошқа менинг боламни валади зино деяверманг! Кўнглим оғрийди!..- Гулюз индамай бошини эгди. Шавкатнинг мардона айтган гапларидан кўнгли таскин топгандай эдию, аммо барибир бўлажак қайнонаси бу сирдан хабар топса, бир умр тили қисиқ юришдан чўчиётган эди.
Тўй куни ҳамманинг хурсандчилиги бир дунё эдию, Гулюзнинг ичига чироқ ёқса, кўнгли ёришмасди. Янгалари, амма-холалари ҳар-ҳар замонда келин-куёвнинг столига келиб, жиянларига танбеҳ бериб кетишарди:
- Келинпошша бундоқ чеҳрангизни очиб ўтиринг, сизни биров мажбурлаб куёвга бермаяпти, ўзингиз хоҳлаган, ўзингиз танлаган йигитга дабдабаю асъаса билан узатиляпсиз…
Никоҳ маросим тугаб, келин-куёв ёлғиз қолишганда ҳам бу хавфли сирдан биров хабар топмади. Ёпиқлиқ қозон ёпиқлигича қолди, деб ўйлаб ўз-ўзига таскин берса-да, бир пайтларда Гулюзнинг юраги бирданига ғаш тортиб кетарди. Айниқса, қорни билиниб қолгандай бўлганда, уялиб қайнонасигна гинеколог шифокорга бориш ҳақида гап очганида баданида муздай тер чиқиб кетди. Янги келинчакнинг тушганига энди бир ойдан ошиб дарровдан хотин дўхтирга бормоқчилигига Нодира опа ҳайрон бўлган бўлса ҳам, қувониб- суюниб келинига ҳамроҳлик қилишини айтди. Қайнонасининг жавобидан келиннинг юраги орқага тортиб кетди. У ўша ўзининг ҳомиладорлигини айтган, ўзига ва ҳомиласига эҳтиёт бўлиши ҳақида тегишли тавсиялар берган шифокорга бормоқчи эди. Агар қайнонаси ҳамроҳлик қиладиган бўлса, маҳалласидаги поликлиникага чиқишади. Кейин ҳаммаси тамом…
Хуллас, ана шу машмашалардан қутилишнинг ягона йўли сифатида эр-хотин шаҳарга кўчиб келишни танлашди. Ва шундай бўлди ҳам. Ўғли Шерзоднинг никоҳдан бироз муддат ўтиб туғилганига биров аҳамият берди, биров бермади. Худонинг каромати билан улар бошқа фарзанд кўришмади. Кимдир «бўри чиллада кўзингиз ёриган» деди, биров туғруқдан кейин шамоллагансиз деди, ишқилиб ана бўлади, мана бўлади деб даволаниб юраверибди, юраверибди, буёқда Шерзоднинг бўйи чўзилиб, овози дўриллаб қолганини сезмай ҳам қолибди. Кейин ўзи фарзанд кўришни хоҳламади:
-Худо хоҳласа, Шерзодим йигит ёшига етган заҳотиёқ уйлантириб, невара пойлайман. Келинимга, Худо берса кўп фарзанд кўришини тайинлайман, армонларимни ўлдирсин,- деб ният қилди.
* * *
… - Ойи, қўйинг, ҳеч нарса бўлмади… Шунчаки ўзим… Бироз чарчаганман, чоғи…
- Ёш бола ҳам чарчайдими, тавба қилдим-ей, ўн тўққиз яшар йигитчани қандай ташвиши бўларди? Ё…- Гулюз опа маъноли кўз ўйнатиб қўйди:— Бирорта қиз… юракдан уриб қўйдими, арслоним? Ўзим ўргилай сендан, ким экан у?- Онасининг гапларини эшитиб Шерзод қулоғигача қизариб кетди. Асабийликдан дағ-дағ титраётган бармоқларини яширишга уринганча:
- Ойи, қўйинг шунақа гапларни… ҳеч кимни яхши кўрмайман мен,- деди, худди ўғирлик устида қўлга тушган жиноятчидек хонанинг чор-атрофига аланг-жаланг қараб.
-Унда одамни асаб қилавермай дардингни айтгин! Отанг бугун менга сен билан гаплашиб, дардингни билиб олишни тайинлаган. Ё ҳозир коллежингга бориб ўқитувчиларинг билан гаплашаман. Бола, кўнглингдаги гапни айт! Биласан, даданг бу ишга аралашса, ҳаммасини тагига етказмай қўймайди. Шунинг учун кўнглингдаги гапни гапир-да, мениям, ўзингниям кўп ташвишга қўйма.- Гулюз опанинг тоқати тоқ бўлиб овозини баландлатди.- Биттаю битта боламизсан, лекин, дадангнинг феълини биласан, сени кўп эркалатишимни хушламайди. Шундай экан ҳадингни бил бола, нима гап бўлса ҳозир менга айт. Бўл, ташвишинг нимада?!..- Гулюз опа гапини тугатишга улгурмаган ҳам эди, дарвозахона томондан кимнингдир, «Эгачи, ҳов эгачи» деган овози эшитилди. Гулюз опа ўғлига, «ҳали сен билан гаплашамиз» дегандай тикилиб, ҳовлига чиқди.
…- Энди, ўзингиздан қолар гап йўқ, айланай. Ёшлар ақлсизлик қилиб шу гуноҳга қўл уришибди, энди вақтни кўп чўзмасдан тўйнинг ҳаракатини бошлайверсак ҳам бўлар…- Оёқ-қўлидан мадор қочиб, оғзи қуруқшаб, тили калимага келишмаётган Гулюз опа аёлга ўқрайиб қарадию, бу қараши ўзига ҳам малол келди шекилли, дарров кўзларини ерга тикди. Аслида тўй истаб келган хотинларга аччиқ-аччиқ гапирмоқчи эди. «Ўзини асролмаган, бир имода инон-ихтиёрини йигитга топшириб қўйган қизга тўй наҳожат?! Ана, шармандаликдан қочадиган бўлса, ўзи келиб уйимда яшайверсин. Унга сарфлайдиган сариқ чақам ҳам йўқ» деб қиз томондан ўғлига келган «совчиларни» узиб-узиб олмоқчи эди. Бироқ гапиришга оғиз жуфтлаган ҳам эди, ўзининг қисмати, ўзининг ҳолати хотирасида жонланди… «Мен унда фотиҳали эдим,- деди аламли товушда ўзига ўзи,- мен ўзим турмушга чиқаётган йигит билан…» Барибир ўзини оқлаёлмади. «Нима бўлганда ҳам гуноҳ қилган эдинг, вужудингда никоҳсиз бунёд бўлган жон билан гўшангага қўрқа-писа, нотинч кўнгил билан киргандинг, - деди ичидаги яна бир қаҳрли овоз. – Никоҳсиз қорнингда кўтарган болангдан бундан ортиқ яна қандай каромат кутасан?! Ҳозирги аҳволингдан беш баттарини қилмаганига ҳам шукр қил-да, тез орада уларни никоҳлаб қўй!»
Гулюз опа меҳмонларга тез орада қизникига совчиликка боришни ваъда қилиб кузатдию, эрига қайси юз билан бу гапни етказишни ўйлаб юраги қашланди. Нимадан қўрқсанг, кун келиб шу нарсага рўпара келаркансан. Гулюз опа умр бўйи бир пайтлари эри иккови йўл қўйган хатоси ўғлининг ҳаётига раҳна солишидан, ҳарқанча унутишга тиришмасин, ёшликдаги қалтис гуноҳининг зарбаси ҳар қадамда таъқиб этишидан чўчиб яшади. Хато хатога доялик қилар экан, ўзларининг қисмати ўғилларида такрорланди…
…— Йиғлайверма, энди, юрагимни тилкалаб… Ўғлинг шунинг учун ўзгариб қолган экан-да… Ё, Худойим… Бу қандай юзқаролик бўлди, энди бу гуноҳ таъқибидан бир умр қутулолмас эканмиз-да… Ўғлим… никоҳсиз…- Шавкат ака гапининг давомини айтишга ўзиданми, хотиниданми истиҳола қилди.- Неварам ҳам никоҳсиз бунёд бўлган… Бундан ортиқ жафо бўлмаса керак, одам боласи учун… Майли, бўлар иш бўлиб, бўёғи кўчиб бўлибди. Энди муҳокама қилган билан бирор нарса ўзгармайди. Тўйни тезлаштиришимиз керак!- Эрининг гаплари ҳукм сингари жаранглаб чиқди. Гулюз опа ҳафсаласизлик билан сандиғини кавлаштиргани тушди.
* * *
- Алло, эгачи, бу сизмисиз? Яхшимисиз? Уйлар тинчми? Сизга касалхонадан қўнғироқ қилаётгандим.- Нариги томондан, касалхонада нима қиляпсиз, деган савол бўлди чоғи, Гулюз опа хотиржам гапида давом этди:- Келинпошшанинг мазалари бўлмай қолганди, касалхонага қараб югурдик. Дўхтирлар ҳомиланинг нобуд бўлиш эҳтимоли борлигини айтишяпти. Олти ойча даволаниб, куч тўплаб олиши керак экан. Жони соғ бўлсин, ҳали бир этак фарзанд кўришади. Касалхонага келарсизлар, ҳа ўша, шаҳар туғруқхонасининг гинекология бўлимидамиз, айланай.- Гулюз опа қудаларига хабарни етказиб, енгил тортди. Сўнг, «Худойим ўзинг кечиргину, никоҳсиз бунёд бўлган боланинг туғилмагани ҳам яхши бўлди. Ҳартугул ёлғизгина ўғлимнинг насли тоза бўладиган бўлди… Ишқилиб хайрли бўлсин…», деган ўйлар кўнглидан кечиб келини ётган палата томон юрди.
Рухшона ФАРРУХ
Кўп манзур бўлган мақолалар
- Оилали фоҳишалар
- Эр-хотин ўртасида муҳаббатни кучайтириш учун 10 та восита
- Хар дарднинг шифоси бор
- Жинсий қарамлик (шаҳватпарастлик)
- Зинонинг “замонавий” тури
- Эр ўз аёлидан зерикканлигининг аломатлари
- Рамазонда хотини билан қўшилишлик
- «Мен ичмайман» дейсизми?
- «Сен буюк ялқов бўлиб етишасан!»
- Mаданий ҳордиқдаги маданиятсизлик
Ҳозир сайтимизда 272 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ
Оила, никоҳ, талоқ (фатволар)
- Ота-онамни бориб кўришдан тўсишга эримнинг ҳаққи борми?
- Аёл кишининг машина ҳайдаши
- Ажраш ҳуқуқи хотинга ҳам бериладими?
- Аёлларга тааллуқли масалалар
- Аёлларнинг қабристонга бориши
- Аёлларни эркакларга ўхшаб намоз ўқиши
- Сафар қилиш
- Махсус кунларда Қуръон ушлаш, тиловат қилиш ҳақида
- Етимни фарзандликка олса бўладими?
- Аёлларга қўйиладиган тақиқлар
- Депиляция
- Иккинчи турмуш
- Кўз зиносидан эркаклар қандай сақланади?
- Аёл киши телевидениеда журналист бўлиши, кўрсатувлар олиб бориши мумкинми?!
- Сочи узун эркаклар ва сочи калта қизлар