Сайт бўлимлари
Бола қалби яхшиликни унутмайди
- Подробности
- Бўлим: Ҳикоялар
- Чиққан санаси: 04 Апрель 2013
- (Нашр қилинган санаси)
Ботир ака туман ижтимоий таъминот бўлими идораси олдига келиб бир муддат яқиндагина таъмирдан чиққан, катта шаҳарлардаги иншоотлардан чиройи қолишмайдиган бинога тикилиб қолди. «Қандай кўркам, киши баҳри дилини очадиган масканга айлантиришибди», дея кўнглидан ўтказиб, бинонинг ўтган йилллардаги аҳволини эслади. Ўшанда бирда отасининг, бирда онасининг ҳужжатларини олиб келганди. Зиналари емирилиб бораётган, деворлари нураб ётган идора ичига киришга қўрқарди киши. Орадан бир йигит ёшичалик вақт ўтиб Ботир ака ўзининг ҳужжатларини кўтариб бу ерга келяпти. Пенсия ёшига етишиш ҳам бахт. Айниқса энг қийин, машаққатли иш ҳисобланган ҳайдовчилик билан шуғулланганларга. Ботир аканинг қанчадан қанча сафдошлари, ҳамкасблари бу шарафга эришолмай, қарилик гаштини суролмай дунёдан ўтиб кетишди. Бу кунларга етганлар ҳам бор, етмаганлар ҳам.
У қирқ йилдан ортиқ вақт шаҳар ичида автобус ҳайдади. Шу давр мобайнида қанчадан қанча кишиларни узоғини яқин қилиб,манзилига соғ-омон етказди. Ҳеч қачон йўловчиларга баланд товушда гапирмасди, бекатда одам борми-йўқми албатта тўхтаб ўтарди. Айниқса Ботир ака ёш болаларни жуда ҳам яхши кўрарди. Бирорта болани жеркимас, айримлари йўл кира бермаса, сўраб ҳам ўтирмасди.
Қайси куни невараси уйга йиғламоқдан бери бўлиб кириб келди. Айтишича мактабдан қайтишда ёнида йўлкираси йўқ экан, автобусга чиқса назоратчи тушмагур “ёнингда пулинг борми?” деб сўрабди. Бола пули йўқлигини айтган экан, назоратчи уни автобусдан тушириб юборибди. Болакай ўртоқларининг олдида роса изза бўлиб, пиёда келишга мажбур бўлибди. Ботир ака ҳайдовчиларнинг бу инсофсизлигидан қаттиқ ўкинди. Ахир ўзининг шахсий машинаси эмас, давлатнинг автобуси бўлса, шунчаликка бориш шартмикан?! Дунё омонат, одамлар ғанимат, яхшилик эса ҳеч қачон ўлмайди. Лекин негадир кейинги пайтда одамларга савоб эмас, фақат пул керак бўляпти...
Ботир ака идорага кириб даставвал қайси эшикка киришни билмай ўтган-кетганга хижолатли назар ташлаб тураверди. Сўнг икки-уч кишининг эшигига “Қабулхона” деб ёзилган хонага кириб-чиқишаётганини кўриб, у ҳам шу хонага кирди. Тўрда, бир тўда қоғозларни асабий титкилаб ўтирган котиба ундан нима мақсадда келганини эшитди-ю, қошлари билан бошлиқнинг хонасига киришини тушунтирган бўлди.
- Ассалому алайкум, мумкинми?...-Ботир ака секингина эшикни очиб, юмшоқ ўриндиқда омонат ўтиргандай шоша-пиша, аллақандай қоғозларга имзо чекаётган хушбичим, ёш, аммо савлатли йигитдан кириш учун изн сўради. Бошлиқ қилаётган ишидан бош кўтармай, саломга алик олди-ю “келинг”деб қўйди. У ишини битиргунча Ботир ака кутиб турди, йигит қўлидаги қоғозларини бир чеккага қўйиб, “хўш, хизмат? ” дегандай, унга қаради-ю, қилаётган ишидан хижолат тортиб дарҳол ўрнидан турди:
- Ие, амаки, ассалому алайкум. Яхшимисиз? Соғ-омон юрибсизми? Уйдагилар саломатми?- Ботир ака йигитни таниёлмади, лекин ўзига билдирмай ҳол-аҳвол сўрай бошлади:
- Ваалайкум ўғлим. Худога шукр, юрибмиз. Ўзингиз тузукмисиз? Уй ичилар омон юришибдими?
- Шукур, амаки. Зап келибсиз-да... Хўш, биз томонларга қандай йўлингиз тушиб қолди? – Ижтимоий таъминот бўлими бошлиғи Ризамат Йўлдошев Ботир акага саволчан тикилди.
- Шу... пенсияга ҳам етиб қолибмиз.. Шунга ҳужжатларимизни топширгани келган эдим...
- Яхши! Қандай ҳужжатлар кераклигини биласизми? Мен ҳозир...- йигит шундай деб ён томонидаги аллақандай тугмачани босди. Зум ўтмай эшик очилиб қабулхонадаги қиз кўринди:
- Лаббай?
- Бу амакимизни дарҳол Субҳоновга учраштиринг. Шахсан мен тайинлаганимни айтинг ва тезда ҳужжатларини тайёрлаб менга олиб киришсин. Амаки,-бошлиқ Ботир акага қаради,- ишларингиз битгандан кейин албатта менга учрашинг.
- Майли, ўғлим, раҳмат сизга.- Ботир ака котиба қиз билан бошлашиб хонадан чиқар экан, бу йигитни қаерда кўрганини, кимлигини ҳеч эслаёлмасди. Яқин танишлари, қавм-қариндошлари ичида бундай ёш раҳбар бўлганлари йўқ эди. Ўзидан сўрашга эса истиҳола қиларди. Субҳонов котибанинг гапини эшитиб, қўлидаги юмушини йиғиштириб, Ботир ака билан шуғуллана бошлади...
Ризамат Ботир аканинг ортидан кулимсираб қолди: ”танимадилар... Ҳа орадан қанча йиллар ўтиб кетди. Лекин мен уларни танидим, оқкўнгил, сахий кишилар қаримайди...”
Ўшанда Ризамат саккиз-тўққиз ёшлар чамасида эди. Улар янги уйларига кўчишгани учун ўқиётган мактаби болакайга узоқлик қила бошлади. Ота-онаси ҳарчанд уриниб уни бошқа мактабга ўтказмоқчи бўлишмасин, Ризамат кўнмади. “Ўқитувчимдан, синфдошларимдан айрилмайман” деб йиғлади. Ота-она ноилож боласини ўзининг мактабига қолдиришди. Ёш оила бўлгани, қолаверса ота-онаси маош билан кун кечиришгани учун ҳам баъзан Ризаматга автобус учун йўл кира беришолмасди. Бошқа ҳайдовчилар Ризаматдан кира ҳаққини сўраб изза қилишар, фақат гавдаси катта, кўзлари мулойим кулиб турувчи, ҳамиша Ризаматга “ҳа домла”, деб кўзини қисиб қўювчи ҳайдовчи амаки ундан пул сўрамас, ҳаттоки айрим пайтлари тушликдан тежаб ушлаб қолган пулини берса ҳам :
- Қўяверинг, домла. Эртага ширин кулча олиб ерсиз- деб йўл кирани олмасди. Кейинчалик билса ҳайдовчи амаки нафақат унга, балки ҳамма болаларга шундай қиларкан. Мактабда узоқдан қатнаб ўқийдиган кўпчилик болалар шу амакини кутиб қолишарди. Йиллар ўтиб Ризаматларнинг оиласи тўкин-фаровон бўлди. Дадаси яхши ишлагани учун катта лавозимларга кўтарилди. Ризаматнинг ҳам чўнтагида тушлигидан ташқари ортиб қоладиган пули бўлди, аммо ўша меҳрибон, қўли очиқ амакининг автобусидан бошқа уловга чиққиси келмасди...
Вақт ўтиши билан амаки уларнинг йўналишида кўринмай қолди. Энди Ризамат ҳам мактабига бормас, у нуфузли бир ўқув даргоҳининг талабасига айланган эди. Ўқишга ҳам дадаси талаба бўлгани муносабати билан олиб берагн “Нексия”да бориб келарди. Ўша кезларда ҳам йигит равон йўлларда кишилар узоғини яқин қилиб ҳар томонга шошаётган автобусларни кўрса, юраги бир ҳаприқиб ўзининг беғубор болалик чоғларидаги меҳрибон ҳайдовчи амакини эсларди. Таҳсилдан сўнг турли ташкилот ва муассасаларда ишлади. Бу орада йиллар ипи умр онларини бир-бирига бойлаб, турмуш, иш ташвишларига кўмилиб кетган Ризамат ҳайдовчи амакини ҳар вақт-ҳар вақтда эсига тушганда хотирлаб қўядиган бўлди. Бугун ўша ҳайдовчи унга иши тушиб келибди. Дунё тор, ер юмалоқ деганлари шу бўлса керак-да...
- Ризамат Рўзиевич, мумкинми?- Бошлиқнинг хаёлларини ходимлардан бири бўлди.
- Келинг, Султон ака,- Ризамат ўрнида туриб, Субҳонов ва Ботир акани қаршилади.
- Бу акамизнинг ишлари деярли битди. Фақат аризаларига имзо чексангиз бўлди.- Субҳонов шундай деб бошлиққа ҳужжатларни топширди. Ризамат уларни бир қур кўздан кечирган бўлди-да, аризага имзо чекиб ходимга узатди:
- Яқин кунларда ҳисоблаб чиқасиз-а?
- Албатта.
- Майли, Султон ака, сизга рухсат. Саломат бўлинг.- Ботир ака бошлиққа раҳмат айтиб, Субҳонов билан бирга чиқмоқчи эди, Ризамат унга “бир дақиқа” деб, бир пиёла иссиқ чой тутди.- Амаки, бу дейман, мени танимадингиз-а?- Ризамат столининг тортмасидан тақсимчада ширинлик олиб Ботир аканинг олдига қўяркан, жилмайган куйи сўради ва:- Сиз менга ўхшаган қанча болани манзилига етказгансиз, ҳаммасини ҳам эслаёлмайсиз-да, деб қўшиб қўйди. Ботир ака йигитга кулимсираб:
- Тўғриси, ўғлим чеҳрангиз иссиқ кўриняпти-ю, бироқ ҳеч таниёлмаяпман...- деди. Ризамат беозоргина кулиб қўйди:
- Амаки, бир пайтлар сизнинг автобусингизда мактабга бориб келардим. Ҳеч қачон йўл кира сўрамасдингиз. “Ширин кулча ейсиз, домла” деб берган пулимни ҳам қайтарардингиз. Биз болалар сизни жуда яхши кўрардик. Фақат сизнинг автобусингизга чиқардик. Олдимга кирганингизда кўзларингизга қараб танидим...
- Қойил, қойил ўғлим. Баракалла, болалар яхшиликни унутишмайди, буни билардим. Илойим, мартабангиз бундан ҳам зиёда бўлсин. Ота-онангиз ҳузур ҳаловатингиздан яйрасинлар.- Ботир ака кўнгли ийиб йигитни узоқ дуо қилди.
- Раҳмат амаки. Ўша кезларда менга қилган яхшилигингизни бир умр унутмайман. Сизга ўхшаган иймонли, қўли очиқ инсонлар кўпайсин. Амаки, бу менинг телефон рақамим, қандай хизмат бўлса бемалол тортинмай, келаверинг. Қўлимдан келгунча бажаришга ҳаракат қиламан.
Бу дунёда яхшилик изсиз кетмаслигига яна бир бор иймон келтирган Ботир ака борган жойидан манун ва хурсанд қайтди...
Рухшона Фаррух
Кўп манзур бўлган мақолалар
- Оилали фоҳишалар
- Эр-хотин ўртасида муҳаббатни кучайтириш учун 10 та восита
- Хар дарднинг шифоси бор
- Жинсий қарамлик (шаҳватпарастлик)
- Зинонинг “замонавий” тури
- Эр ўз аёлидан зерикканлигининг аломатлари
- Рамазонда хотини билан қўшилишлик
- «Мен ичмайман» дейсизми?
- «Сен буюк ялқов бўлиб етишасан!»
- Mаданий ҳордиқдаги маданиятсизлик
Ҳозир сайтимизда 267 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ
Оила, никоҳ, талоқ (фатволар)
- Ота-онамни бориб кўришдан тўсишга эримнинг ҳаққи борми?
- Аёл кишининг машина ҳайдаши
- Ажраш ҳуқуқи хотинга ҳам бериладими?
- Аёлларга тааллуқли масалалар
- Аёлларнинг қабристонга бориши
- Аёлларни эркакларга ўхшаб намоз ўқиши
- Сафар қилиш
- Махсус кунларда Қуръон ушлаш, тиловат қилиш ҳақида
- Етимни фарзандликка олса бўладими?
- Аёлларга қўйиладиган тақиқлар
- Депиляция
- Иккинчи турмуш
- Кўз зиносидан эркаклар қандай сақланади?
- Аёл киши телевидениеда журналист бўлиши, кўрсатувлар олиб бориши мумкинми?!
- Сочи узун эркаклар ва сочи калта қизлар