Сайт бўлимлари
Ҳақиқий эркакнинг иши
- Подробности
- Бўлим: Ҳикоялар
- Чиққан санаси: 04 Апрель 2013
- (Нашр қилинган санаси)
Тўсатдан қишлоққа борадиган бўлдим. Уйдан бир қўнғироқ бўлди-ю, фикримни жамлаб, нарсаларимни йиғиштиргунимгача пастда машина кутиб турганини маълум қилишди. Эрталаб соат саккиз бўлмай, ҳаво қизияпти. Салкам олти юз километрлик йўлда иссиқда қандай етиб оларкинман-а, деб шу ўйловнинг ўзиданоқ аъзойи баданимни чарчоқ аломатлари эгаллаб, аранг оёғимни судраганча еттинчи қаватдан пастга тушсам, кул ранг «Нексия» олдида менга таниш чеҳра жилмайиб турибди. Менга кўзи тушиб, ҳайдовчи подезд эшигига яқин келди. Уни танидим! Танидиму ҳайратда донг қотдим:
— Жасур?! Ўзингмисан?! Қойил-е, хаёлимга ҳам келтирмаганимни қара-я…
— Мен эса сени Тошкентда қолиб ишлаётганингдан хабардор эдим.- Собиқ синфдошим шундай деб кулди-да, сўрашиш учун қўл чўзди. Салом-аликдан кейин ҳайдовчи сумкаларимни юкхонага жойлаштириб, машинани ўт олдирди.
— Бу дейман, ишга берилиб кетиб, қишлоқни ҳам эсингдан чиқариб юборибсан-ми? Уйингдагилар мажбурлаб чақиришмаса, бундоқ ўзингдан билиб борай, демайсан ҳам. Синфдошларнинг ўн йиллик тадбирига ҳам бормадинг, бирортамизнинг тўйимизга ҳам бормагансан. Қойил-э, ўртоқ журналист, тамоман шаҳарлик бўлдим, деб ҳаммани унутиб юборибсан.- Жасур синфдош ўртоғим. Тўғриси, мактабни тамомлаганимиздан кейин уни кўрмагандим. Талабалик пайтларимда пойтахтда ўқийдиган синфдошимдан Жасурнинг институтга киролмаганини, ҳарбий хизматга кетиб қолганини эшитгандим. Шу бўйи синфдошларим ҳам, бир пайтлари мактабда ўқиганларим ҳам буткул эсимдан чиқиб кетди. Талабаликдан кейин ризқ-насиба шу ерларда сочилган экан, териб юрибмиз. Айрим пайтлар чой ичгани вақт тополмайману, синфдошларни эслаб ўтириш қаёқда?! Тошдан қаттиқ тирикчилик измига тушгандан кейин, ўзингни исмингни эслагани ҳам вақтинг бўлмай қоларкан. Ҳар сафар қишлоққа боришимдан аввал уйдан қўнғироқ қилишиб, аввал йиғлашади, сўнг койишади, ана ундан кейин тез бормасам бўлмаслигини айтиб, қатъий туриб олишади. Шу баҳонада бормасам, ишдан ортадиган вақт ҳам қаёқда. Шунинг учун ҳам кўпчилик синфдошларим қатори, Жасурнинг ҳаётидан ҳам юзаки, узунқулоқ хабарлари орқали воқиф эдим. Олти-етти ойда бир қишлоққа борганимда қариндош-уруғни тузук-қуруқ кўролмайману, синфдошлар билан кўришиш-гаплашишни орзу қилишга ҳам йўл бўлсин. Тавба, ҳозир биринчи кўрганимда кулиб-қувнаб салом-алик қилдиму, машина йўлга чиқиб, собиқ синфдошим суҳбатга баҳона излагани сари, мен ўз хаёлларим, хотираларим билан ёлғиз қолишни истаяпман.
— Ишинг яхшими? Мақолаларингни тез-тез ўқиб тураман. Мактаб даврларимизда ҳам ёзувчиликка қизиқардинг.- Ҳамроҳим пешойнадан тикилганча, яна савол берди. Тўғриси бу сўровидан энсам қотиб:
— Мен ёзувчи эмас, журналистман,- деган сўзлар тишларимнинг орасидан аранг чиқди. Қаердан ҳам бунга рўпара келдим, тавба. Ўзи шундоқ жазирамадан қийналаётган юрагимга батарроқ ҳаво етишмай қолди.
— Нима бўлганда ҳам, ўша пайтлардаёқ ҳеч кимга ўхшамаслигинг, қишлоқ меҳнати учун, сигир соғиб, ўт юлиш, эрта тонгдан шом қоронғусигача далада ишлаш сенга эмаслигини билардик. Тўғри қилдинг, Мадина. Сен шаҳарда ишлаб, шаҳарда яшашга мос қиз эдинг. Танлаган йўлинг сенга бахт олиб келишига ишонаман…- Собиқ синфдошимнинг бундай ақлли мулоҳазаларини эшитиб ҳайратда қолдим. Мен таниган билган Жасурнинг тамоман акси ҳозир машинани бошқариб бораётган эди. Мактаб пайтларида кўпчилик ўқитувчилар таъбири билан айтганда «аълочи» синфдошлар Жасурга ўхшаган фанларни яхши ўзлашитиролмайдиган, суст ўқувчиларни унча менсишмасди. Гўёки улар «аълочи» бўлиб эрта-индин шаҳар олишади-ю, «билмасвой»лар шаҳар оломай, чўпон бўлиб юраверишади. Лекин, тақдирнинг ишлари бир ғалат экан-да, ҳозирга келиб ўша «аълочи»лар автобусга осилиб, йўловчи чиптасида аранг ишга етиб олишади, (каминага ўхшаб!), бир пайтлари «билмасвой» бўлиб ўқитувчию синфдошларнинг ғашига тегиб юрганлар эса сўнгги русумдаги машиналарда савлат тўкиб юришади, данғиллама ҳовли-жойларида тўй-ҳашамлар қилиб, ҳамманинг эътиборини тортишади. Жасурнинг ҳозирги гапларидан тўғриси андак хижолат ҳам тортдим. Бу хижолатчиликни тарқатиш учун, гапни болалик дамларимизга бурдим:
— Ҳозир ҳам қўзичоқ боқишга ҳавасманддирсан?
— Ҳа. Ҳозир ҳам қўй-қўзиларим кўп. Лекин уларни боқадиган одамлар бор. Уларга ҳар ойда маош бериб турибман. Ўзим мана, кўриб турганингдек, аравакашлик қиламан. Ҳам тижорат, ҳам саёҳат дегандай…- Шу туришида ҳам худди ўқимаганидан, дипломли бўлолмаганидан хижолат чекаётгандай қимтиниб жавоб берди. Жасурнинг оилавий аҳволидан хабарим бор эди. Тўғрироғи, қишлоқ жойларида кўпчиликка ёт бўлган ҳолат — синфдошим бўз йигит бўла туриб, турмуши бузилган бевага уйланган эди. Аслида бу воқеанинг ҳам менга таниш бўлган тарихи анча узоқ эди. Яъни болаликка хос меҳр, самимий ва беғубор туйғулар ўсмирлик оламининг нурафшон, сеҳрли дамларида муҳаббат ҳиссиётларига ўрин бериб, Жасур синфдош дугонамиз Дилфузани яхши кўришини синфдошлар тугул, ҳатто мактабдош йигит-қизлар ҳам, боринг-ки, ўқитувчилар ҳам билар эди. Йўқ, бизнинг пайтимизда худди ҳозиргидек бешинчи-олтинчи синфда ўқийдиган қизалоғу болакайлар қўл ушлашиб хиёбону паркларда сайр қилишмасди. Йигитчалар ўзи ёқтирган қизини ҳимоячисидек сезарди ўзини. Яъни, Дилфуза синф навбатчиси бўлган кунлар, у қилиши керак бўлган ҳамма ишлар Жасурнинг бўйнида бўларди; йигит севгилисининг меҳрига сазовор бўлиш учун, ҳеч кимдан уялмай, тортинмай эшик олдидаги пол артадиган латтани намлаб, доскада бўр ва бошқа дарс учун зарур жиҳозларни ҳозирлаб қўяр, ҳатто дераза ромларини артиб, гулларга сув қуйишни ҳам юмуш санамас эди. Тавба, ўшанда биз қизлар бу эътибор, бу меҳрнинг устидан кулар, Дилфузага Жасурни имо қилиб, йигит бечорани калака қилган бўлардик. ўн биринчи синфда ўқиб юрган кезларимизда Жасурнинг йўлига шаҳарлик бир «қора ботир» ғов бўла бошлади. Дилфузанинг аллақаёқдаги қариндошлари орқали танишишган севишганлар, охирги имтиҳонгача аранг сабрлари чидаб, аттестатни олган заҳотимиз тўйни бошлаб юборишди. Кўпчилик синфдошлар олий ўқув юртларига кириш имтиҳонларига тайёргарлик кўраётгани учун Дилфузанинг тўйига қатнашолмадик. Мактабни тамомлаганимиздан кейин турган гапки, синфдошлар ҳам, уларнинг ҳаётию тақдири ҳам бир-биримизга аҳамиятсиз бўлиб қолган эди. Ҳамманинг ўзига яраша ташвиши, ўзига яраша муаммою ўйлови бор жойда, собиқ синфдошларининг ҳаёти кимга ҳам керак бўларди?! Талаба бўлганлар учун завқли, сурурли олтин дамларнинг ширин ташвиши, омади чопмаганлар эса кейинги йил албатта мақсадларига эришиш учун бор дунёни унутиб, тайёрланаётган бўлишади. Шундай кунларда янги йил арафасида қишлоққа бордим. Эндигина биринчи курсмиз, ҳаяжон, қувонч ва озгина бўлса-да, пойтахтда ўқиётганимиз сабабли кўнгилда уйғонган ғурур, кўзларда кибрдек кўриниб, таниш-нотанишларга осмондан қарангандай назар ташлаймиз. ўқишга кирганим, талаба бўлганимни билмаганлар ҳам билиб олсин, деган хаёл билан ўзим ўқиган мактабга йўл олдим. Собиқ синф раҳбаримиз кўзларида севинч ва ифтихор ёшлари, бир дунё дуо билан қарши олдилар. Сўнг синфдошлардан, талабалик гаштидан гапшлашиб ўтирдик. Шунда гап орасида устоз Дилфуза ҳақида гапириб қолдилар:
— Мадина қизим, ҳаммангиз йўлингизни топиш илинжида ҳаракат бошлаганингиз, нуфузли ўқув даргоҳларига талабаликка қабул қилинганингиз ниҳояда қувонарли, фахрли ҳол. Аммо биргина Дилфузанинг қалтис қадами туфайли адашиши юрагимни оғритди.
— Нима бўлди, устоз? Ахир, Дилфуз турмушга чиққанди-ку. Нега адашади?- Синф раҳбаримизни бир зумда саволга кўмиб ташладим.
— Э, у қуриб кетгур йигит роса нобоп чиқибди экан. Дилфузани уравериб дардчил қилиб қўйибди, мияси чайқалган экан. Ота-онаси олиб келишибди. Икки ой касалхонада даволанди. На қайнонаси, на қайнопалари ва на эри ҳолидан хабар олмабди. Шунақа гаплар. Қайси куни ўртоҚингни онасини кўрган эдим, Дилфуза ҳеч ким билан гаплашмас эмиш, кўчага чиқишга уяламан, деб йиғлар эмиш. Бориб бирровгина ҳол-аҳвол сўрасанг, кўнгли кўтарилмармиди…- Устозимнинг бу гапларидан кейин дугонамдан хабр олмаслик, унинг кўнглини кўтармаслик менга хос эмасди. Шоша-пиша ўқитувчиларим билан хайрлашиб, Дилфузаларникига йўл олдим.
— … Нега сиқиламан, дугонажон? Тақдиримда бор экан, кўрдим. Пешонамга ёзилган экан, бошимдан ўтказдим. Севги-муҳаббат деб ўткинчи ҳис-туйғуларга алданганим, эрмак бўлганим қолди. Майли, мени-ку, кўзим очилиб, ҳаётнинг паст-баландини, яхши-ёмонини кўрдим, одамларни билиб олдим, лекин мен чеккан изтироблар, менга рўпара бўлган қайғу-ҳасратлар ота-онамни, яқинларимни эзиб, майиштириб ташлади. Уларга қараб виждон азобида қийналаман. Қолаверса, бир пайтлари биргина табассумимга жонини фидо қилишга тайёр йигитларни кўрганимда ҳам, ер ёрилсаю ерга кириб кетгудай бўламан. Одамлардан қочиб юраман, худди ҳамма мени қўлини бигиз қилиб кўрсатиб, «анави севиб қолдим деб, ҳамманинг юзига оёқ қўйиб, бир бетайин, гиёҳвандга тегиб кетганди» деётгандай туюлади…- деди дугонам ўксиб-ўксиб йиғлаганча. Мен — ҳануз болалик тасаввури билан, болалик хаёллари билан юрган ўн етти яшар қиз ўша пайтда унга нима деб таскин беришни, кўнглини кўтаришни билмай қўрқа - писа:
— Дилфуз, балки оилангни асраб қолиш имкони бордир? Балки, эринг сени яхши кўрар, бу кунлар бир синовдир?- деб қўйдим, бирор нима дейиш, жим ўтирмаслик учун.
— Э, қайда, дейсан, Мадин,- ёшли кўзларини гинали тикди у,- наркоман экан у мараз. Кўчага чиқариб сотмагани фақат менинг ички кийимларим қолди, холос! Бир кун келиб ўша ҳаммадан яширган нарсаларимни ҳам чиқариб сотиб, пулига наша олиб чекади, деб қочиб келдим…- Дамим ичимга тушди. Кўзимга гўё дугонам дўзахдан қочиб чиққандай кўринди. Кейин навбатчи сўзлардан гапириб, кўнглини кўтарган бўлдим. У ҳаётда қоқилган, адашган дугона сифатида менга маслаҳатлар берди. Уйга қайтдим. Шу-шу тақдирим ҳукмига бўйсуниб, ўз ташвишларимга кўмилиб қолдим. Бошқа Дилфузани кўрмадим ҳам, гаплашмадик ҳам. Университетни тамомлаш арафасидалигимда қишлоққа бориб, Дилфузани синфдошимиз Жасур билан турмуш қурганини, дабдадбали тўю томошалар билан гўшангаларга кирганини эшитиб… тўғриси ҳайратдан оғзим очилиб қолганди. Негаки, қишлоқда бундай ҳолатлар камдан кам, ҳатто мутлақо бўлмайдиган воқеа ҳисобланади. Жасур қилган жасурликни ҳамма бирдай тушунмайди, қабул қилавермайди. Аммо шунга қарамай, йигитнинг бу тахлит жўмардлигига қойил қолмоқликдан ўзга чора йўқ эди. ўшандан бери уларни учратмадим ҳам, кўрмадим ҳам. Ўқувчилик пайтимизда Дилфуза Жасурни камбағал, деб назарига илмасди, тақдирнинг ўйинлари уни бир бойвачча, онасининг эркатойидан куйдириб, ҳалол, одобли, тарбияли йигит орқали куюгига малҳам қўяпти экан…
— Болалардан нечта, синфдош?- Хаёлга берилиб қолганимдан хижолат бўлиб, суҳбатга йўл очдим.
— Иккита. Иккови ҳам қизалоқ. Каттамиз кейинги йил мактабга чиқади, Худо хоҳласа. Шунақанги тили бийрон, шунақанги сўзамол-ки, баъзан онаси иккимиз унинг қақажонлигини сенга ўхшатамиз.
— Яхши-да… Дилфузани яхши кўрардинг, ўртоқ. Лекин жуда яхши иш қилдинг. Исм кишининг феъл атворига ҳам таъсир қилар экан. Ҳақиқий, мард, жасур эркакнинг ишини қилдинг. Дилфузани ҳаётга қайтариб, эл-юрт олдида юзини ёруғ қилганинг кўпчиликка ибрат бўлишга арзигулик иш… - Боядан бери тилимга чиқаролмаётган мулоҳазаларимни айтишга айтдиму, ноўрин гапирдимми, деган ўйдан ғашландим. Жасур пешойнадан жилмайган куйи менга тикилди:
— Қўйсанг-чи, Мадин, мен қилишим керак бўлган, анча кечиктирган ишни қилдим, холос. Ўртоғингни қийналганига, бир нокасга эрмак бўлганига ўзимни айбдор билардим. Йигит киши севган инсонини ҳимоя қилолмаса, битта қизнинг юзини ёруғ қилиб, кўнглини кўтаролмаса, нима қилиб юрибди, мен йигитман, деб?! Мен вазифамни бажардим, холос. Ортиқча ҳеч нарса қилмадим… Муҳими, ҳозир севган инсонимнинг кўзида бахт, юзида мамнунлик кулгуларини кўряпман. Мен учун энг катта мукофот —ана шунинг ўзи!..- Бир пайтлар синфдошлар ва ўқитувчиларимиз, бу билмасвой чўпонликни ҳам эплолмаса керак, деб калака қилиб юрган собиқ синфдошимнинг гапларини эшитиб, юрагим алланечук ҳислардан ҳапқириб кетди. Шу топда, қанийди ҳамма йигитлар ҳам сенга ўхшаган бўлсайди, Жасур, деб ҳайқиргим келаётганди. У туйғуларимни тушуниб тургандек, мусиқа маркази қулоғини бураб, вафо ва садоқат тараннум этилган қўшиқ овозини баландлатди…
Рухшона ФАРРУХ
Кўп манзур бўлган мақолалар
- Оилали фоҳишалар
- Эр-хотин ўртасида муҳаббатни кучайтириш учун 10 та восита
- Хар дарднинг шифоси бор
- Жинсий қарамлик (шаҳватпарастлик)
- Зинонинг “замонавий” тури
- Эр ўз аёлидан зерикканлигининг аломатлари
- Рамазонда хотини билан қўшилишлик
- «Мен ичмайман» дейсизми?
- «Сен буюк ялқов бўлиб етишасан!»
- Mаданий ҳордиқдаги маданиятсизлик
Ҳозир сайтимизда 119 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ
Оила, никоҳ, талоқ (фатволар)
- Ота-онамни бориб кўришдан тўсишга эримнинг ҳаққи борми?
- Аёл кишининг машина ҳайдаши
- Ажраш ҳуқуқи хотинга ҳам бериладими?
- Аёлларга тааллуқли масалалар
- Аёлларнинг қабристонга бориши
- Аёлларни эркакларга ўхшаб намоз ўқиши
- Сафар қилиш
- Махсус кунларда Қуръон ушлаш, тиловат қилиш ҳақида
- Етимни фарзандликка олса бўладими?
- Аёлларга қўйиладиган тақиқлар
- Депиляция
- Иккинчи турмуш
- Кўз зиносидан эркаклар қандай сақланади?
- Аёл киши телевидениеда журналист бўлиши, кўрсатувлар олиб бориши мумкинми?!
- Сочи узун эркаклар ва сочи калта қизлар