1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Эркак уйда ёлғиз қолса…

 

 

 

Эрталаб кайфиятсиз уйғонган Абдушукур бир ўзи нонушта қилишни ҳам истамади. “Кетаман. Мажбурий яшашдан турмуш бўлармиди?! Мени севмаса,  мен билан яшагиси келмаса, ихтиёри. Кетаман. Ўша яйдоқ далаларимга, бепоён қишлоғимга...” Йигит  шу ўйларда сафар халтасини очиб  кийим-бошини жойламоқчи бўлиб  кийим жавони қаршисига келди. Жавон ичида ўзининг,  Фариданинг, Қизчаси Рухшонанинг кийимлари аралаш-қуралаш бўлиб ётар,  кийим илгичлардаги чанг димоғни бўғар эди. “На уйга, на рўзғорга кўнгли бор. Ҳаммаси мен туфайли...” Бир зум кўнгли ўксиб, ғамгин туриб қолган Абдушукур қўлига латта олиб, жавонни арта бошлади. Кейин хотинининг нарсаларини жой-жойига қўйиб тартибга сола бошлади. “Шу жавонни тартибга келтириб, сўнг чиқиб кетаман...”

Абдушукур оиланинг кенжаси. Мактабда жуда аъло ўҚимаган бўлса-да, ҳарқалай интилиши яхши ўқувчи эди. Мактабни битирган йили пойтахтга ҳужжат кўтариб борди. Бўлмади. Кейинги йил яхшилаб тайёрланиб, сўнг келарман, деган ниятда қишлоғига қайтди. Баҳор фаслида йигитни ҳарбий хизматга чақиришди. “Яхши бўлди, хизматни муваффақиятли ўтаганларга  имтиёз берилади. Албатта олий ўқув юртига кираман”, деб бу имкониятдан ҳам  унумли фойдаланди. Аммо аскарликдан қайтган йигитнинг уйидагилари ўқишга унча рўйхушлик беришмади. Ота-онаси ўғлини, кенжасини тезроқ уйлаб қўйиб, яна бир ташвишдан озод бўлгилари келибди.  Ҳатто келин ҳам танлаб қўйилган. Абдушукур кўнса бўлди, буёғи қарс бадабанг тўй.  Айтганча, йигит томонга келин топиш ҳам қизиқ бўлди. Бир пайтлари шу қишлоқдан шаҳарга-қариндошига узатилган Ойниса дўхтир, тўнғич қизини  шаҳарлик йигитга куёвга бериб ҳеч ёлчимабди. Куёв тушмагурнинг қўли “югурик” экан. Боз устига, икки ёш бола билан Ойнисахоннинг Қизини ташлаб, аллақандай суюқоёқ билан Россияга кетиб қолибди. Хотини  икки йил кутиб, эридан дарак бўлмагач, болаларини етаклаб онасиникига келиб ўтириб олибди. Ойнисахон  бирда қишлоқдаги қариндошларининг маъракасига келиб:
-    Агар шу қишлоқдан кичик қизимга ким харидор бўлса, берганим бўлсин. Энди қизларим эрсиз ўтиб кетса ҳам шаҳарликка узатмайман. Биринчи қизимдан ёмон куйдим. Лекин қишлоқ йигитига узатсам ҳам, шаҳарга кўчириб олиб кетаман. Икки хонали уй олиб бераман,- деганмиш. Бу гапни эшитиб Абдушукурнинг холалари опасиникига чопди:
-    Опа, Ойниса дўхтир қизини қишлоқдан ким харидор бўлса, берармиш. Тўнғичидан оғзи куйибди-да бояқишни.
-    Яна шаҳардан квартира ҳам қўшармиш қизининг сепига.- Гапга қўшилди кичик сингил Ҳамидабону.
-    Э, Ойниса Абдушукурни куёв қилармиди, у қишлоқнинг бой-бадавлат одамларини кўзда тутиб гапиргандир.- Замира опа даставвал сингилларининг таклифига рўйхушлик бермади. Аммо холалар гапидан қайтишмади.
-    Опа, сурнайчидан битта “пуф” экан-да. Ҳа, қизини бермаса, ўзимизни қўяр. Нега мени қизимга оғиз солдиларинг, деб ўлдирмас.- Табиатан тутган жойидан кесмаса қўймайдиган Салимабону, Қўярда қўймай келгуси чоршанба Абдушукурнинг суратини олиб, дову-даскоси билан Ойнисахоннинг эшигини супургани борадиган бўлди. Мезбон меҳмонларни хушнудлик билан қаршилади. Нон-чой, жиз-биздан кейин аёлларнинг ташрифи боисини билиб Ойниса дўхтирнинг чеҳраси ёришди:
-    Замира опа хўп ақлли, фаросатли аёл. Ўғли ҳам албатта шундаё онанинг тарбиясини олиб ёмон бўлармиди? Менга маъқул, фақат жиянингиз аскарликдан келгач, ёшларни учраштиришимиз керак. Ана ундан кейин жавобимни айтаман. - Шундан кейин қавм қариндош Абдушукурнинг ҳарбийдан қайтишини кутишди.
Йигит қиз билан учрашувга чиқиб ҳафсаласи пир бўлиб қайтди:
-    Менга бу тўйни умуман қизиғи йўқ. Чунки опамнинг тақдиридан қўрққан онам ўз билганича иш кўряпти. Буёғини энди пешонамдан кўраман.- Абдушукур уйга келиб онасига қизнинг гапини айтиб, уйланишдан бош тортди:
-    Яхши кўргани бор шекилли, тузук гаплашгиси ҳам келмади. Индамай узоқларга қараб ўтирди.
-    Ҳа энди, қиз бола нарса нима ҳам дерди. Сенга тегаётганимдан хурсандман, дейдими?! Бунақа гапларни йиғиштир, якшанба куни фотиҳа. Шундай қиз қўлдан чиқмасин. – Йигит индамади. Бир  ҳисобда унга ҳам шаҳарда яшаш маъқул келяпти, аммо қизнинг кўнгли бошқада бўлиши мумкинлигидан чўчияпти ҳам.
Ҳаш-паш деганча тўй ҳам ўтиб, Фарида билан Абдушукур шаҳарда, келин томон ҳадя қилган икки хонали квартирада яшай бошлашди. Гарчи ўқишга киролмаган бўлса-да,  кичиккина ташкилотда ишлаяпти. Сиртдан қараганда бахтли оила, лекин жуфтларда бир-бирга талпиниш йўқ. Айниқса Фарида эрига бирор марта бўлсин меҳр билан муомала қилмайди. Ҳатто  ўзига яқинлаштирмай, Абдушукурнинг нафсониятига теккан пайтлари ҳам бўлган. Бир марта шундай қилганида ҳамияти оғриган Абдушукур хотинига тарсаки тортиб юборганди. Фариданинг эрига кўнгли бўлмагани учунми, рўзғорга, уйга ҳам меҳри йўқ. Хоналар деярли ҳаммавақт ивирсиб ётади, музлатгичда маҳсулот тиқилиб ётса ҳам тузукроқ овқат тайёрламайди. Пардалар чангдан қорайиб кетган. Газ плитаси устида тошган сут куйиклари ёпишиб, нохуш иси кишининг нафасини қайтаради. Аёл қачон қараманг нимадандир норози кўринади...

Абдушукур жавонни тозалаб, кийим-бошларни тартибга келтиргач, қўлини ювиш учун ҳаммомга кирди. Кафелларга сув сачраб, қорайиб ёғ босиб ётибди. Бир четда ювилиши керак бўлган кирлар уюми. Қўланса ҳиддан кўнгли беҳузур бўлиб, дарҳол ортига Қайтиб чиқди. Бир оздан кейин, “кетишим олдидан шу кирларни ювиб, ҳаммомни ҳам тозалайман. Нима бўлганда ҳам икки йил шу уйда яшадим”, деб ўйлади. Апил-тапил кирларни ювиб-чайиб, балкондаги дорга ёйди. Ҳатто осилганидан бери тоқорага кирмаган  эшик-деразаларнинг пардалари ҳам қолмади. Аскарликда бўлгани зап қўл келди-да. Кир ювишни ўшанда ўрганган эди. Бир пасда ҳаммомни чиннидай ярқиратиб Қўйди. Йигит руҳида аллақандай енгиллик туйиб, ошхонага ўтди. Кетиши олдида сўнгги марта бу уйда овқат ейишни истади. Музлатгични очиб, бир муддат қандай таом тайёрлашни ўйлаб қолганди, бирдан кўнгли палов ейишни тусаб қолди. Аммо иркит ошхонада палов пишириш татирмиди?! Абдушукур шахд билан ошхонани тозалашга киришди. Газ плитасини артиб, асл ҳолига қайтарди. Девордаги чанг-ғуборларни артди. Сўнг ҳафсала билан ош дамлашга тушди.
Паловни дамга босиб, дераза оша маҳзун хаёл сурайётган  йигит, уйдан шундоқ чиқиб кетмасликни, Фаридага бир энликкина мактуб қолдириб кетишни ўйлади. Телефон дафтарчаси дан бир варақ  қоғоз олиб ёза бошлади: “Фарида! Мен кетишга қарор қилдим... Кўнгил суймагани билан саодатга эришмасэкан. Ҳарқанча кўнглингга йўл излашга уринсам-да, сен ҳеч имкон бермадинг. Мен билан бахтли бўлолмадинг. Мени кечир, Фарида... Айтганча, Рухшонани эҳтиёт қил. Уни жуда ҳам яхши кўраман... ” Шу ерга келганда Абдушукурнинг ўпкаси тўлиб, кўзларида ёш айланди. Киприкларини бармоғи билан артиб, яна ёзишга тутинган эди, бирдан эшик қўнғироғи жиринглади. “Қўшнилардан бирови шекилли”, деган ўйда эшикни  истамай очган Абдушукур ўзига хижолатли термулиб турган хотини, ва жажжи қўлчаларини унга чўзиб, талпинаётган қизчасини кўриб ҳайратда қолди:
-    Келинглар... Акам келинойим билан дам олишга кетибди, бир ҳафта онамларникида бўламан дегандинг-ку?..- Ботинмайгина Фаридага сўз қотди эри.
-    Э, кеча кечаси билан эркатойингиз йиғлайвериб тинкамни қуритди. Ойим, олиб бор, дадасига ичикиб касал бўлмасин. Сен ҳам оилали аёлсан. Мен жиянларинг билан ўтиравераман, деб кузатиб юбордилар.- Фарида эрига тез қайтганларининг боисини тушунтирарди-ю, кўзлари атрофни “тафтиш” қилаётганди.
-    Бу дейман, дадангни тез-тез шунақа ёлғиз қолдириб туришимиз керак экан-да, асалим. -Фарида қизалоғини бағрига босиб, кўз қири билан эрига миннатдорона тикилди.- Ошхонадан қандайдир ёқимли ҳид келяптими? Оҳ-ҳо, эркаклар ошга уста бўлади, деб эшитганману аммо умримда эркак киши дамлаган ошни емаганман. Паловнинг ҳиди иштаҳамни очиб юборди.- Хотинининг ошхона томонга ўтганидан фойдаланиб Абдушукур, боя ёзган хатини апил-тапил буклаб, чўнтагига солди. “Ишқилиб, сафар халтага нарсаларимни  жойлаб қўйганимни кўрмаган бўлсин-да”, хаёлидан кечирди йигит. Аммо Фарида уйга кирган заҳоти коридордаги жавон олдида турган катта сумкага эътибор қаратган эди.
-    Ош ланж бўлмасин, қани дастурхон ёзайлик.- Абдушукр кўнглидаги хижилликни тарқатиш учун жилмайишга уринди.
-    Меҳмон келармиди?- Ийманибгина сўради Фарида.
-    Йўғ-а, ўзим шунчаки бир ишчанлигим тутди-да. Келишларингни кўнглим сезибдими. Қани ошни сузасанми?
-    Ҳозир, дадажониси...- Абдушукур хотинининг мулойим бўлиб қолганидан ҳайратга тушди. Фарида бўлса, чиннидек ярқирраб турган уйига, тоза ювилган кийимларга, қозондаги овқат, ораста ошхонага қараб хижолатланган куйи:
-    Менга бир дарс бўлай, дебсиз-да, деди. – “Шу экан-ку! Фақат шугина экан-ку, аёл кишига вақт-вақти билан ёрдам бериш, эътиборли бўлиш, уни аяш билан кўнглига йўл топиларкан-ку. Наҳот шунча пайт шу оддий ҳақиқатни англаб етмадим-а?! Эҳ, каллаварам, сал бўлмаса гулдай оиламдан айрилаёзардим-а... Астоғфуруллоҳ...”
-    Ошдан кейин бирор ёққа борамизми? –Фарида эшик олдидаги сафар сумкасига ишора қилди.
-    Ҳа сизларни бир қишлоққа олиб бориб айлантириб келайин. Қишлоққа бормаганларингга ҳам минг йилча бўлдиёв...- Шу жавоб билан Абдушукуринг кўнглидаги қора хижиллик буткул тарқаб кетди. Эр-хотин қизчаларини дам-бадам тиззалари устига олиб ошхўрлик қилишди. Шу топда улардан бахтиёрроқ кишларни топиш мушкул эди...

Рухшона ФАРРУХ

 

 

 

Ҳозир сайтимизда битта меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ