Сайт бўлимлари
Туққан эмас, боққан она!
- Подробности
- Бўлим: Туғруқхонадан мактублар
- Чиққан санаси: 04 Апрель 2013
- (Нашр қилинган санаси)
(Ўн иккинчи мактуб)
Болалари бўла туриб, зериккан аёл
нафратга лойиқдир.
Жан ПОЛЬ
Ассалому алайкум, Фарҳод ака!
Саломатлигингиз жойидами? Ишларингиз яхшими? Ойижон, дадажонга мендан кўп салом.
Бизлардан сўрасангиз, ҳаммаси яхши.
Кечаги мактубимни ўқиб, бирор ажабланарли нарсага дуч келмадингизми? Телефон қилишингизни кутгандим, аммо ҳалигача жимжитсиз. Биласиз, менинг ичим тор, бирор нарсани билгим келса, сизга ўхшаб узо-о-оқ кутиб юролмайман. Яхшиси, ўзим айтақолай. Кечаги хатда сизга атайлаб, “дадаларнинг энг меҳрибони” дея мурожаат қилгандим. Ўқиганингиздан сўнг: “Заҳро, соғлигинг яхшими? Ҳали мен ота бўлганим йўқ-ку, бу гапни қаёқдан олдинг?” дейишингизни кутгандим. Сиздан садо чиқмаганидан билдимки, демак бу атамам сизга жудаям ёққан кўринади. (Ёқмай қолсин!) Кумуш опам ёзган мактубларида турмуш ўртоқларига “дадаларнинг энг яхшиси”, “энг меҳрибон дада” дея мурожаат қилардилар. Негадир мен ҳам сизнинг дунёдаги энг яхши оталардан биттаси бўлишингизни истадим... Бор гап шу. Донишмандларнинг ўгитларини эсланг: “Ота бўлиш жуда осон. Аксинча, оталик қилиш қийин”. Жудаям ибратли гап, тўғрими? Яна биттаси бор: “Туғдирган эмас, тарбиялаган — ОТА”. Сиз фарзандини тарбиялай оладиган оталардан бўлишингизга ишонаман. Ўйлайманки, йўқ-йўқ, умид қиламанки, сиз менинг бу улкан ишончимни оқлайсиз!
Айтганча, ажойиб битта янгилигим бор. Эшитиб, хурсанд бўлишингиз аниқ! Эртага менга жавоб тегди. Эрталабдан келсангиз, пешингача бир амаллаб уйга етиб борсак керак. Намунча энди, рухсат теккан бўлса, шифохонадан чиқишгаям ярим кун вақт кетадими, дея ажабланяпсизми? Шундай, ярим кун вақт кетади. Бир кун вақт кетмаганига шукр қилсангиз-чи! Хат-ҳужжат, югур-югур, “қистир-қистир” дегандек... Ошиқманг, насиб қилса, бир кун кутадиган пайтингиз ҳам келади. Бу ўша — чақалоқ туғруқхонадан олиб чиқиладиган “тантанали” кун. Ҳозир мен сизга нима учун бир кун вақт кетишини тушунтириб бераман. Ёзганларимни ўқиб, тағин қўрқиб қочиб кетмасангиз бўлгани!
Бугун битта шеригимизни уйига жўнатдик. Аммо унинг уйига кетгунгача бўлган жараённи кўриб, ҳушим бошимдан учди. Жувон онасини нақ уч кун “обориб-обкелди”. Шўрлик оналаргаям қийин экан. Ҳам туғсанг, ҳам боқсанг, ҳам узатсанг, туғруқхона харажатларига теппа-тенг шерик бўлганинг етмагандай, туғруқхона “тўла-тўла”ларидан орттириб, чақалоқ олиб чиқиладиган кун қизингга бош-оёқ сарпо қилиб келсанг. Ҳали олдинда “Қовурдоқ” деган дабдаба турибди! Биринчи набира бўлса, “Бешик” деган “чиқим” турибди. Бу ёғи сериал: “Олинг қуда, беринг қуда...” Оналарнинг, тўғрироғи қиз томон қудаларнинг жонига тўзим берсин. Хуллас, гап кўп...
Нима деётгандим? Бўлди-бўлди, эсладим. Шеригимизнинг онаси билан суҳбатини ногоҳ тингларканман, ачиниб кетдим. Онаизорга ачиндим.
“Ойи-и-и! Нима деяпсиз? Сиз айтаётган кўйлагимни олганимга икки ой бўлган. Келиб-келиб, энди эски кийим билан “роддом”дан чиқаманми?”
“Кўйлагингни яқингинада олган бўлсанг, нима қилибди? Юз “дўллир”лик кўйлак бўлса! Яп-янги турибди-ю! Мен шўрлик иккита чит кўйлак билан бешта болани катта қилибман. Нимага кўйлагинг эски, деб ҳеч ким уришгани йўқ. Қизим, менгаям осон тутмагин-да, ахир. Шунча чиқим қилаётганимни аданг билиб қолса, ўлдиради! Бу ёқда яқинда келинойингниям кўзи ёрийдиган. Битта ўзим шунча “тала-тала”га қандоқ қилиб дош бераман?!”
“Сизнинг замонингиз бошқа эди. Ҳозир чит кўйлак кийиб кўчага чиқсангиз, ҳамма устингиздан кулади! Ҳозироқ бозорга тушиб, янги чиққан “Диаглесса” деган кўйлакдан олинг. Оёғимгаям тузукроғидан олинг, алламбало нарсани кўтариб келманг, яна! Қудаларийиз тағин келинимнинг онаси “пас” экан демасин. Қўни-қўшним устимдан кулмайдими?”
“Қанақа кўйлак? Прагресса?.. Шунақасиям чиқибдими?”
Уларнинг суҳбатини тишимни-тишимга босганча тингларканман: “Кийим-бошга қараб муомала қиладиган ўша қўни-қўшнингизни мушук есин!” деб юборишимга сал қолди.
Биласизми, яна нимани ўйладим? Ажойиб ғоя! “Скрытая” камера ўрнатиб, чақалоққа уйига жавоб бериладиган кундаги “томоша”ларни ёзиб олиш керак. Чақалоқни йўргаклаган, кўтариб олган, гувоҳномасини ушлаб олган, онанинг тугунларини кўтаришиб чиққан “жонкуяр”ларнинг “тала-тала”ларидан иборат фильм ишлаш керак. Кейин ўша фильмни айнан “қаҳрамон”ларнинг ўзларига қўйиб бериш керак. Йўқ-йўқ, фильммас, сериаллар ишлаш мумкин. Сериалнинг номиниям топиб қўйганман: “Тўла-тўла”ми ёки “Тала-тала”? Аслида, “Тила-тила” қўйсак ҳам ёмон бўлмайди. Нима дедингиз? Улар “тила-тила” қилишмасаям, фарзандини соғ-омон уйига олиб кетаётган ота хурсандчилигидан ҳам кўнглидан чиқариб, ҳаммани рози қилиб кетади-ку, тўғрими?
Хуллас, эрталаб рухсатни қўлга киритган гўдак то уйига етиб боргунигача пешин бўлади. Пешинда изн олса, кеч бўлади. Энди ҳал бўлмаган битта муаммо қолди: хўш, ярим кунлик югур-югурлар тинкасини қуритган янги туққан аёлнинг соғлиғини ким ўйлайди? Сизу биз билган баъзи соғлик “посбонлари”ми? Улар бу муаммолар устида бош қотириб ўтиришса, у ҳолда ким пул санайди?!
Шукрки, пул санашга қизиқмайдиган инсофли дўхтирлар ҳам бор экан.
Бир бой хонадоннинг келинига бир ҳафта аввал рухсат берилган эди. Чақалоқ — паҳлавондек ўғил бола. Аммо... бугун ўша гўдак дунёдан ўтгани ҳақидаги совуқ хабарни эшитиб, бағримиз эзилди. Оддийгина битта ярани деб, бир жон ҳаётга видо айтиб кетиши мумкин экан-да...
Омонат дунё!
Шифокорнинг айтишича, бола туғилганида кичкина яра билан туғилган экан. Бир парча гўшт бўлган гўдакнинг ярасига малҳам қўйиш нозик терисига шикаст етказиши мумкин. Дўхтирлар кенгашиб, чақалоқни махсус аппарат ичида асрашди. “Боламиз ногиронми?” дея хавотирга тушган ота-онага: “Ҳеч қандай хавфли ери йўқ. Аммо ҳозир ярага дори қўйишга эрта. Териси озгина кучлансин. Кейин керакли дори-давони қўллаймиз. Ҳаммаси яхши бўлиб кетади”, дея тушунтирилгач, уйига рухсат берилди.
Чақалоқ боришига карнай-сурнай билан дабдабали тўй уюштирилибди. Ўйин-кулгисини хизмат кўрсатган хонандалардан биттаси таъминлабди. Болани муолажа қилган дўхтирлар алоҳида таклиф қилиниб, конвертларда “кўк”идан узатилибди. Дастурхонда туяқуш тухумидан бошқа йўқ нарсанинг ўзи йўқ эмиш.
Тўй ўтгач, гўдакни даволаган шифокор ҳар кун бир бора чақалоқнинг аҳволидан хабар олиб турибди. Учинчи кун борса, келин кўчада ўртоқлари билан гурунглашиб ўтирган эмиш. Ичкаридан эса чақалоқнинг биғиллаган йиғи овози эшитилиб ётганмиш. Нима бўлаётганини англаёлмаган дўхтир уйга кириб, кўзларига ишонолмай қолибди. Қоронғу хонада ҳали чилласи чиқмаган чақалоқ битта ўзи чирқиллаб йиғлаб ётган эмиш.
“Нега бунинг ёнида ҳеч ким йўқ?” дея сўрабди онасидан. “Ёнида ўтирганим билан йиғлашдан тўхтармиди? Нима қиламан, юрагимни сиқиб унинг ёнида?” чимирилибди эркатой келинчак. “Балки қорни очдир? Шунга йиғлаётгандир?” хўрсинибди дўхтир. “Қорни очмас. Ўзинглар шифохонадан рухсат бериб юбординглар. Ўн-ўн беш кун даволаб, ярасини тузатиб берсанглар бўларди-ку! Бола касал бўлганидан кейин мен нима қилишим керак?” меҳр-шафқат ҳисси ўзига бегона эканини яшириб ўтирмабди “она”. Дўхтир қулоқларига ишонмай, гўдакни олиб, келинчакка узатибди ва: “Қани, битта эмизинг-чи, балки очдир?” дебди. Ўз боласини истар-истамай, ижирғаниб қўлига олган жувон кўкрак бераркан, очликка маҳкум этилган чақалоқ ютоққан кўйи эмишга тушибди! Беш дақиқа ўтибди, ўн дақиқа ўтибди ҳамки гўдак эмишдан тўхтамабди...
“Туққан эмас, боққан ОНА!” деб шунга айтсалар керак-да. Йўқса, чилласи чиқмаган келиннинг мурғаккина гўдагини оч ҳолда ёлғиз ташлаб, дугоналарининг ёнида нима иши бор? Онаям ҳеч замонда ўз боласидан жирканадими? Ҳатто ақлсиз санаганимиз мушуклар ҳам дунёга келтирган боласини тишларида тишлаб юриб, ҳаммадан қизғаниб катта қилади-ку!..
Чақалоқнинг дунёдан ўтганини эшитган ўша дўхтир: “Данғиллама тўй қилиб, хизмат кўрсатган артистларни чақириб, бошидан пул сочгандан кўра, қавм-қариндошларига бош-оёқ сарпо кийдиргандан кўра, она ўз туққан боласидан “ногирон” дея жирканмасдан, озгина меҳрини, эътиборини дариғ тутмаганида бўларди-ку?! Яхшиям тўйига бормаганим, яхшиям пулларини олмаганим. Уч ярим килолик миқтигина чаққалоқ эди-я! У очликдан ўлган, қаровсизликдан ўлган”, дея йиғлади...
Меҳр-шафқат ҳиссидан бенасиб одамзоднинг бу жоҳилона қиссасини тинглаб, менинг ҳам кўнглим қоп-қоронғу бўлди, зим-зиё бўлди...
Жавоб текканини эшитганимдан буён ҳаловотим бузилган. Нега, дейсизми? Нега бўларди, мактубларни давом эттирадиган номзодни излаш билан оввораман. Палатамиздагилар ичидан муносиброғини тополмаяпман. Шерикларимнинг ҳаммаси мактуб ўқишни яхши кўришади, айниқса, сиёҳи қуримай туриб. Аммо ёзишга келганда: “Илтимос, нима десангиз денг, фақат менга бундай масъулиятли вазифани юкламанг!” дейишяпти. Уларнинг гаплари ҳақ, буни билиб турибман. Бунинг устига, палатамдаги аёлларнинг кўпчилиги туғишга яқин қолган. Уларга руҳан босим ўтказишга асло ҳаққим йўқ. Улар ҳам руҳан, ҳам жисман соғлом фарзандлар туғишлари керак!
Яхшиси, даволанишга келган келинлар билан “ҳамкорлик” қилганим тузук. Шунингдек, бирор нарсани ҳақиқати билан ёзиш учун киши худди Шерлок Холмсга ўхшаб жудаям синчков бўлиши лозим. Ва кўрган-билганларини қоғозга тушира билиши учун янада кучли истеъдод керак бўлади.
Икки кун аввал еттинчи палатага Осиё исмли жувон келган эди. Менга маъқул келган томони, жудаям очиқкўнгил экан. Кейин адашмасам, бўлажак журналист экан. Ҳозир аспирантурада ўқиётган эмиш. Қачон қарасам, газетми, журналми, китобми ўқиётган бўлади. Ўқигандаям дуч келган нарсани эмас, териб, танлаб, савиясига қараб ўқийди. Ундаги мутолаага бўлган кучли иштиёқ ҳамда нозик дид мени ҳайрон қолдирди. Тунов куни дўхтирлардан: “Сиз даволангани келганмисиз, ёки китоб ўқишга? Қачон қарама, мук тушиб олиб ўқиганингиз-ўқиган. Ҳозирча кўп ўқиш сиз учун зарарли!” дея гап ҳам эшитиб олди.
Мактубларимизни давом эттиришни ундан илтимос қилсам, йўқ демаса керак. Сабаби, кеча хатлар битилган дафтарни бир ўтиришда ўқиб чиқди. Мактублар таъсиридан гоҳ йиғлаб, гоҳ куларкан: “Ким ўйлаб топган бўлсаям, жудаям хайрли ишга қўл урибди. Ҳомиладор аёллар меҳрга, шафқатга муҳтож. Миллатимиз келажаги бўлган ёшларимизни асраш учун ҳам энг аввало аёлларни, оналарни авайлашимиз, ардоқлашимиз керак”, деди. Бу менинг кўнглимдаги гаплар. У билан фикрларимиз, дунёқарашимиз оз бўлса-да, яқин эканидан қувониб кетдим. Ишонтириб айтаманки, Осиё ёзадиган мактублар Заҳроникидан кўра таъсирлироқ, теранроқ бўлади. Чунки мен олий маълумотга эга бўлмаган бир аёлман. Осиё бўлса, ҳам ўқимишли ҳам дунёқараши кенг, зукко жувон. Умид қиламанки, “Туғруқхонадан мактублар”дан бу гал қандай хабарлар?” дея интизорлик билан кутаётган мухлисларимиз муносиб номзод топа билганим учун менинг ҳам, дунёга келажак фарзандимнинг ҳам ҳаққига дуо қилишни унутмайдилар.
Фарҳод ака! Сиз билан эртагача, мухлисларимиз билан эса туғруқхонага кейинги гал келгунимгача, дея хайрлашаман. Эзгуликни дилига жо айлаб, ҳаётдек улкан неъматдан фақат яхшиликлар учун фойдаланишни мақсад қилиб яшаётган барча инсонларга соғлик ва омонлик тилаб:
ЗАҲРО
Кўп манзур бўлган мақолалар
- Оилали фоҳишалар
- Эр-хотин ўртасида муҳаббатни кучайтириш учун 10 та восита
- Хар дарднинг шифоси бор
- Жинсий қарамлик (шаҳватпарастлик)
- Зинонинг “замонавий” тури
- Эр ўз аёлидан зерикканлигининг аломатлари
- Рамазонда хотини билан қўшилишлик
- «Мен ичмайман» дейсизми?
- «Сен буюк ялқов бўлиб етишасан!»
- Mаданий ҳордиқдаги маданиятсизлик
Ҳозир сайтимизда 276 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ
Оила, никоҳ, талоқ (фатволар)
- Ота-онамни бориб кўришдан тўсишга эримнинг ҳаққи борми?
- Аёл кишининг машина ҳайдаши
- Ажраш ҳуқуқи хотинга ҳам бериладими?
- Аёлларга тааллуқли масалалар
- Аёлларнинг қабристонга бориши
- Аёлларни эркакларга ўхшаб намоз ўқиши
- Сафар қилиш
- Махсус кунларда Қуръон ушлаш, тиловат қилиш ҳақида
- Етимни фарзандликка олса бўладими?
- Аёлларга қўйиладиган тақиқлар
- Депиляция
- Иккинчи турмуш
- Кўз зиносидан эркаклар қандай сақланади?
- Аёл киши телевидениеда журналист бўлиши, кўрсатувлар олиб бориши мумкинми?!
- Сочи узун эркаклар ва сочи калта қизлар