1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Этик ҳангомаси

 

 

 

Оила фарзандлардан бошланади.
А. И. Герцен
Ассалому алайкум, оиламизнинг таянчи ва устуни бўлган азиз ДАДАЖОНИМИЗ!
Соғ-омонмисиз? Ҳамма яқинларимиз соғ-саломатми? Мендан сўрасангиз, бугундан ўзимни анча яхши сезяпман. Ҳаш-паш дегунча ғиз этиб етти кун ўтиб кетибди, а? Мен бу ерда ортимдан келган тайёр овқатларни еб, дам оли-и-иб ётибман. Сиз менсиз ош-овқатдан анча қийналиб қолгандирсиз, тўғрими? Бир ёғи ишингиз қийин.
Эрталаб ухлаб қолиб, ишга кечикмаслик учун шошганингиздан бир оёғингизга оқ, иккинчисига қора пайпоқ кийиб кетаётганингиз йўқми, ишқилиб? Яхшиям шу гапни ёнингизда туриб айтмадим. Йўқса, “Ҳозирча томим жойида, Заҳро. Сен ўзингдан эҳтиёт бўлгин!” дея асаларига ўхшаб, бир “чақиб” олармидингиз? Ҳалиям томингиз жойида. Аммо мен ҳам бу гапларни осмондан олиб гапираётганим йўқ-да. Янги келган Санобар исмли шеригимиздан эшитдим. Унинг ҳикоясини тинглаб, бутун бошли палатамиздаги аёллар кулаверганидан чакаклари қийшайиб қолай деди. Тушлик пайти овқатланаётиб ҳаммамиз оғриб кетган жағимизни ушлаб ўтирдик.
Нима экан ўзи сизларни шунча кулдирган воқеа, деяпсизми? Ҳозир айтиб бераман. Санобарнинг айтишича, талабалик йилларида шундай воқеанинг гувоҳи бўлган экан:
“Бу воқеага ўн йилдан ошган бўлишига қарамай, қачон эсласам, ўзимни кулгидан тўхтатолмайман. Курсимизда Д. исмли жиззахлик бир қиз ўқирди. У биз билан қўшни хонада яшарди. Ўзи ниҳоятда дилкаш, содда қиз бўлиб, ўткир билими билан ажралиб турарди. Аммо “Ҳар тўкисда бир айб” деганларидек, одамнинг кулгисини қистайдиган ғаройиб ҳолатларга тушиб турадиган одати бор эди. У айнан бизнинг гуруҳимизда ўқиганлиги боис, нуқул “қовун тушириб” юриши билан гуруҳдошларимиз ичида “машҳур” саналарди. Аммо “Этик ҳангомаси”дан кейин у янаям “машҳур” бўлиб кетди.
Талабалар шаҳарчасидаги иккинчи ётоқхонада яшардик. Қиш мавсуми эди. Бир куни одатдагидек дарсларимиз тугагач, ётоқхонага қайтдик. Тушлик тайёрлаётган эдик, Д. зарур иши борлигини, тезда қайтишини айтиб, чиқиб кетди. У кетгач, мени пастдан қишлоқдошларим чақириб қолишди. Синфдош қизларимиз экан. Улар билан ётоқхона тагидаги ўриндиқлардан бирида гаплашиб ўтирсам, бир маҳал Д. шундоқ ёнгинамиздан худди метиоретга ўхшаб “шуввв” этиб ўтди-да, ўқдай учиб ётоқхонага кириб кетди. Негадир менга унинг юриши жуда ғалати туюлди-ю, аммо гап нимада эканидан мутлақо бехабарлигим боис, эшик олдида тўпланиб турган ўн-ўн беш чоғли йигитларнинг нега “гур-р-р” этиб кулиб юборганининг сабабини англолмай қолдим. Уларнинг бу тушунарсиз ҳаракатини енгилтакликка йўйганим боис ичимдан: “Шилқим бўлмай ўлларинг!” деган ўй кечди.
Синфдошларимни кузатиб, хонамизга кириб келсам, хонадошларимнинг кулгидан кўкариб, букчайиб қолганига кўзим тушди. Аввалига худди менинг устимдан кулаётгандек, уларнинг ажабтовур қилиқлари мени саросимага солиб қўйди. Бир маҳал кўзим Д.га тушди. Унга юзланиб сўрадим: “Ҳа-а, тинчликми, нима бўлди?” У гапиролмас, фақат қўли билан остонада турган этикларни кўрсатганча буралиб  куларди. Ҳайрон бўлиб у кўрсатаётган томонга қарадим. Уч-тўрт жуфт этик айқаш-уйқаш бўлиб ётар, фақат энг чеккада бир пой қора этик билан бир пой жигарранг этик ёнма-ён турарди. Шундаям мен ҳеч нарсани англамай, яна кулгидан ичаклари узилар даражага келиб қолган хонадошларимга юзландим.
Шунда кўзларидан оқаётган ёшни артганча Д.нинг ўзи бир амаллаб тушунтира бошлади: “Сал олдин мени пастда кўрдингизми?” “Ҳа”, дедим. У давом этди: “Оёғимга қарамадингизми?” “Йўқ”, дедим сал-пал ниманидир англагандай бўлиб. Энди менинг ҳам кулгим қистай бошлаганди. “Дарсдан келгач, зарур иш билан бешинчи ётоқхонадаги танишимнинг олдига бормоқчи эдим. У кетиб қолмасин, деган хаёлда шошганимдан оёғимга дуч келган этикни кийиб, югуриб кетибман. Пастда йигитлар турган экан. Улар менга ғалати-ғалати қараётганини сездим, аммо шошаётганлигим боис, кўпам эътибор бермасдан йўлимда давом этдим. Танишимнинг олдига боргач, хонасига кирдим. Унга айтадиган гапларимни айтгач, ўзимга керак бўлган китобни сўраб олдиму яна шошилиб ортимга қайтдим. Эртага назорат ишида менга қўл келадиган китобни қўлга киритганимдан мамнун эканимдан хотиржам келаётиб, оёғимдаги ғалати ўзгаришни сезиб қолдим. Эгилиб қарасам, не кўз билан кўрайки, оёқларимда икки хил этик — бири қора рангли, пошнаси паст этик, иккинчиси жигаррангдаги пошнаси баландроқ этик! Устимдан кимдир бир челак муздек сув қуйиб юборгандек бўлди. Мен шошганимдан бир оёғимга ўзимнинг, иккинчи оёғимга Дилбарнинг этигини кийиб кетган эканман. Танишим ҳам бир оғиз айтмабди, номард. Ўзим ҳам: “Мени кўриши билан бунинг нега ранги ўчиб кетди экан?” деб ўйлагандим-а!
Кўчанинг қоқ ўртасида нима қилишни билмасдан қотиб қолдим. Ётоқхонамизга яқин қолганман. “Биров кўриб қолмасин-да!” деган хавотирда тезликни “мингга қўйиб” югурдим. Аммо кетаётганимда пастда турган йигитлар ҳалиям тарқалмабди. Улар аниқ менинг қайтишимни кутиб туришган...
Бу хаёлпараст, соддадил дугонам ҳикоясини тугатганида кулгидан менинг ичакларим узилар даражага етган, кўз олдимдан эса оқсоқланган кўйи ўқдай учганча ётоқхона эшигидан кириб кетаётган дугонам нари кетмасди”.

* * *
Ҳангомам ёқдими? Бу гапим билан нима демоқчи эканимни тушундингизми? Хаёлпараст ва паришонхотир  бўлиш яхши эмас, демоқчиман.
Энди кулгили мавзуларни ёпиб, жиддий мавзуларга ўтамиз.
Мадина исмли аёл бизга ўзи бошидан кечирган жудаям ибратли битта воқеани гапириб берди. Учта қиз фарзанди бор экан. Тўртинчисига ҳомиладор бўлгач, шифокор назоратига чиқибди. УЗД таҳлилини ўтказган шифокор: “Ҳомилангиз ўғил экан. Аммо... унинг қўл-оёқлари ўсмай қолган. Бунинг устига, туғма юрак пороги ҳам бор экан. Олдириб ташламасангиз, ногирон бола туғасиз!” дебди гапни қисқа-лўнда қилиб. Ўғил кўриш умидида олам-олам орзулар билан яшаётган Мадина опа бу “башорат”дан сўнг “шок”ка тушиб қолибди. Шифокори Дилдора опа билан маслаҳатлашибди. Дилдора опа эса: “Мадина, УЗД таҳлили ҳар доим ҳам аниқ чиқавермайди. Сиз ўзингизни қўлга олиб, турмуш ўртоғингиз ҳамда қайнонангиз билан кенгашинг. Уларга ҳаммасини очиқ айтинг. Лекин умидингизни узманг, мени айтди дейсиз, болангиз ногирон эмас, соппа-соғлом!” дебди.
Турмуш ўртоғи ҳамда қайнонаси бор гапдан хабардор бўлишгач,  “Ногирон туғилсаям, ўз боламиз. Ундан воз кечолмаймиз. Пешанамизга ёзилгани бўлади”, дея Мадина опага сабрни, сиқилмасликни тавсия қилишибди.
Аммо баъзи “билимдон дўхтир”лар уни ваҳимага солишда давом этибди. Вақти соати етиб, тўлғоқ бошлангач, яна битта муаммо пайдо бўлибди. Шифокорларнинг айтишича, бола тескари келаётган экан. “Жудаям қайсар хотин экансиз! Ўзи бошидан шу ногирон болангиздан воз кечганингизда, бугун шунча одамни муаммога рўпара қилмаган бўлардингиз. Туғма юрак пороги бор битта мажруҳ болани деб, ўзингизнинг ҳаётингизниям хавф остига қўйиб ўтирибсиз. Кесарево қилишдан ўзга иложимиз йўқ!” дейишибди улар. Яна Дилдора опа аёлнинг жонига оро кирибди: “Шошилманглар, вақтимиз етарли, секин-аста туғдириб оламиз”.
Орадан бирор соатлар ўтиб дунёга келган гўдакни кўрган шифокорлар ёқа ушлаб қолишибди. Негаки, уларни ҳайрат денгизига ғарқ этиб, қаршиларида ногирон эмас, соғлом ва миқтигина чақалоқ ётган эмиш! Нақ уч килою тўрт юз грамм оғирлик билан туғилган полвончанинг қўл-оёғи бутун бўлиб, уни дунёга келтириш учун онаизорининг бошидан не хавотирли кунлар ўтганидан бехабар ҳолда, “туғма порог” ташхиси қўйилган митти юракчаси “Ҳа-ёт! Ҳа-ёт! Ҳа-ёт!” дея урмоқда эмиш!.. Боланинг тўрт мучаси соғ ҳамда машаққатли туғруқ жараёнида ҳолдан тойганидан қорни очиб кетган шекилли, кичкина оғизчасини катта очганча яшаш илинжида кўкрак ахтариб ётган эмиш!
“Ҳозир ўғлим икки ёшни тўлдирди. Ширинлигини кўрсангиз эди! Ақлининг ўткирлиги, тилининг бурролигини айтмайсизми? Мени умидсизликдан ҳамда ўз боламнинг қотилига айланишдан қутқариб қолгани учун Дилдора опадек шафқатли шифокорларнинг ҳаққига бир умр дуодаман!” деди Мадина опа биздан кўз ёшларини бекитиб.
“Бола дунёни тебратар”, дейилган нақл ҳаётга кўчиб, балки келажакда айнан шу бола дунё аҳлини ҳайратга солгулик оламшумул кашфиётларга эшик очса, не ажаб?! 
Фарҳод ака, фикримга қўшиласизми? Ҳозир хаёлимдан қандай ўй кечганини биласизми? “Умидли келажагимиз бўлган болажонларимизни асрайлик!” дея ҳайқиргим келяпти...

Ер юзидаги барча оналарга гўдакларининг бахту саодатини кўрмоқликларини  тилаб:
ЗАҲРО

 

 

 

Ҳозир сайтимизда 276 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ