1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

“Дадаси, рашкингиз жонга тегди!”

«Рашк — иймондан, дейилади Ҳадиси шарифда. Дарҳақиқат, рашк, қизғаниш муҳаббатнинг асосини ташкил қилиши шубҳасиз. Аммо ҳар нарсада меъёр - мезон бўлгани яхши экан.

Севишиб юрган кезларимиз унинг рашк қилишидан роҳатланардим. Ҳатто бу менга хуш ёққанидан атайлаб унинг рашкини келтиришга ҳаракат қилардим. Бироқ турмуш қурганимиздан кейин эримнинг ҳуда-беҳудага рашк қилавериши, баъзан рашк устида жанжал чиқариб, ҳаттоки менга қўл кўтаришгача боришидан безиб кетдим. Доим шубҳада юради. Унинг хаёлида кўчадан ўтиб бораётган эркакнинг кўнглида ҳам менга нисбатан «нимадир» бордай туюлаверади. Кунда кун, орада бўлаётган уруш-жанжаллардан болаларим ҳам юрак олдириб қўйган. Авваллари ёшмиз, шунинг учун ҳам эрим рашк қилади, мени бегона нигоҳлардан қизғанади, деб кичик дилхираликларга кўпам аҳамият бермасдим. Эндиликда эрим ҳаддидан ошиб кетяпти. Бу ёқда ўғил-қизларимизнинг бўйи етган. Эримнинг аҳволи эса… Билмадим, нима қилишга бошим қотган.
Ўқитувчилар байрами арафасида болаларимнинг устозига совға қилиш учун қўшнимизнинг ўғлидан гул келтириб беришини сўрагандим. У илтимосимни бажариб, гулдастани уйга олиб келганида эрим гулларни тўрт томонга ирғитиб жиннилик қила бошлади.  Ҳатто мени, «Гулларни ўйнашинг туҳфа қилдими?!» деб ҳақорат қилишгача борди. Ўша кунги жанжалдан кейин оғир жароҳатланиб касалхонада ҳам даволаниб чиқдим. Ҳамширалик касбини эгаллаганман. Лекин эримнинг ноўрин рашки ва касбимни ерга уриб камситишлари сабаб иккинчи ўғлим туғилганидан кейин ишдан бўшагандим. Ҳар гал оиламни сақлаб қолиш ва эримнинг ҳурматини жойига қўйиш учун унинг айтганларига сўзсиз бўйсуниб келганман. Эндиликда ёшим қирққа қараб кетаётган бир пайтда, очиғи ўринсиз рашку қизғанишлар менга малол келяпти. Билмадим, қачон эримга Худо инсоф беради-ю, қачон менинг оиламда ҳам тинчлик бўларкин…»
Биз таҳририятга келган ушбу мактуб юзасидан муштарийларимиз ва руҳшуносга мурожаат қилдик.

Акром ота, 68 ёш:
— Бу қизимизга сабр тилаган бўлардим. Шунча йилни сабр-тоқат билан ўтказибсиз-ку болам, ёшлигингизда чидаб, ҳаёт аччиқ-чучугини татиб билганингиздан кейин нима қилай, дейишингиз менга бироз ғалати туюляпти-да. Қизим, бир ўйлаб қўринг-а, сизнинг эрингиз рашк қилиб, қизғаниб жанжал қилар экан. Шундай эрлар борки, уялмай-нетмай аёлини номаҳрамлар билан бозорларга ёки бегона шаҳарларга юборишяпти. Худо кўрсатмасин, ана шунақа эркакка рўпара бўлганингизда нима қилардингиз? Инсон яхши мукофотга ҳам, ёмон ажрга ҳам шукр қилиши керак. Тўғри, ҳамма нарсада меъёр бўлгани яхши, аммо нима бўлган тақдирда ҳам уч нафар фарзандингиз борлигида эрингиздан норизо эканингизни унча ёқламайман. Болаларингиз буни сезиб қолса, кўнгли ўксийди. Хуллас, сиз сабрли бўлинг. Зеро сабрлиларга Яратганнинг мукофоти беҳисоб бўлади.

Сарвиноз, 26 ёш:
— Шунча йилдан бери бунақанги кўнгли эгри одам билан яшаётган бу опага қойил! Албатта эрининг қизғаниши ҳар бир аёлга хуш ёқади, лекин рашк ортидан ҳақорат эшитиш, камситилиш ўртадаги меҳр-муҳаббатни йўққа чиқаради-да. Опамиз турмуш ўртоқлари билан севишиб турмуш қурган эканлар. Тўғри, муҳаббат рашк булоғидан баҳра олиб яшнайди, аммо шубҳа-гумон уни емиради-да. Мен уларга хўжайинлари билан очиқчасига гаплашиб олишларини, нимага асосланиб улардан бунчалик шубҳаланишига ойдинлик киритишларини маслаҳат берган бўлардим.

Нигора Ёқубова. Руҳшунос:
— Бу мухлисамизнинг гапларига қараганда, турмуш ўртоқлари рашк баҳонасида уларга қўл кўтаришгача борар эканлар. Рашк ҳиссиётининг ўзига баҳо берадиган бўлсак, аввало у кишнинг қаттиқ кўнгил қўйган одамига ёки бирор буюмига нисбатан бошқаларнинг дахл қилишини истамаслигидан келиб чиқади. Баъзилар севган инсони ё турмуш ўртоғини бегоналардан қизғанишини сездирмасликка ҳаракат қилади. Айримлар эса, рашкни шубҳа билан аралаштириб юборишади ва ўз-ўзидан қизғанаётган кишисига қаттиқ озор бериб қўяди, ҳаттоки бу ҳол хунук оқибатларга  ҳам олиб келиши мумкин. Яна бир томони, ўзига ишончи бўлмаганлар ҳам кўпинча қизғанишини, рашк қилишини рўкач қилиб ўзига қайсидир маънода тобеъ бўлган одамга зарар етказишади. Турмуш ўртоғингиз аввалдан ноўрин рашк туфайли сизга қўл кўтарганларидаёқ, бу муносабатга ойдинлик киритишингиз зарур эди. Бошида индамаганингиз сабаб ҳам эрингиз ўзининг шубҳа-гумонларини ўзича асослаб,   тўполон кўтарадиган бўлиб қолган.  Бу борада энди ҳам эрингиз билан гаплашиб олишингиз мумкин. Бунинг учун аввал унинг кайфиятига аҳамият беринг, сўнг эса у ёқтирган мазали таомни тайёрланг ва имкони даражасида ёлғиз қолиб муаммони муҳокама қилиб олишингиз лозим. Яна бир нарса, балким сиз кўнглингиздан кечаётган ҳиссиётларни турмуш ўртоғингизга билдиролмассиз, Балким фақат уларни яхши кўришингизни, қадрлашингизни вақт-вақти билан айтиб турсангсиз, эрингизнинг кўнглидаги шубҳа-гумонлар  ҳам тарқаб кетиши мумкин.

ФАРЗОНА тайёрлади

Ҳозир сайтимизда 269 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ