1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

“Бетоблигимни айтолмаяпмаяпман...”

—    Ассалому алайкум… Кечирасиз, бу таҳририятми?

— Ҳа, адашмадингиз, таҳририят.
—    Ҳалиги… Хуллас мени яқинда тўйим бўляпти…

— Яхши-ку, табриклаймиз. Илоҳим, бахтли, саодатли бўлинг.
— Раҳмат… Аммо бахтли бўлармикинман, опажон? — Кутилмаганда гўшакдан мухлисамизнинг, ҳўнграб йиғлаб юборган овози эшитилди.

— Қўйсангиз-чи, тўй олди яхши ният қилинг-да. Тақдир ниятга боғлиқ, сингилжон.
— Шундайку-я, лекин… Тўғриси бу ҳақида қандай айтишни билмаяпман. Тасаввур қиляпсизми, изтиробларим ҳақида айтган сарим улар мени баттарроқ қийнай бошлайди.

— Бўлди, ҳадеб йиғлайвермай, бундоқ кўнглингизни очинг-чи, йиғи билан бирор муаммо ҳал бўлармиди? Қайтанга йиғлайвериб юрагимни эзиб юбордингиз.
— Айтмоқчиман, ўзи дардимни айтиш учун қўнғироқ қилганман.  Мен касалман. Ўпкамда шамоллаш бор. Яна шунчаки шамоллаш эмас, ўпка саратонига йўлиққанман… — Бир муддат жимликдан кейин гўшакдан яна йиғи товуши эшитилди. Очиғи бу сафар ўзимнинг ҳам юрагим титраб, кўзларимга ёш келди. Шунинг учун индамай қизнинг ўзига келишини кутдим. — Буни яқинда билиб қолдик. Анчадан бери соғлигимда муаммолар пайдо бўлиб, йўталиб, қийналиб юрардиму буни шунчаки шамоллаш, гриппга йўйиб унчалик аҳамият бермасдим. Оилада икки қиз, бир ўғилмиз. Мен тўнғичиман. Касаллигимни билишдан олдин шунақанги шўх, шаддод, қувноқ қиз эдим. Энди эса кўнглимга ҳеч нима сиғмайди. Одам учун умрининг кун сайин, соат сайин тугаб бораётганини билишдан ҳам ортиқ азоб борми?! Уззукун уйда йиғлаб ўтираман. Тўйни баҳона қилиб ишимдан ҳам бўшаб олдим. Ота-онам, укам-синглим ҳам менга қараб адойи тамом бўлишди. Ишонасизми, уйимиз азахонага ўхшаб қолган.

— Худо сақласин-ей. Яхши ният қилинг, даволансангиз тузалиб кетарсиз. Ҳали олдиндан бунчалик тушкунликка тушиб қолиш  яхши эмас. Айтмоқчи, яқинда тўйим бўлади, дегандай бўлдингиз?..
— Ҳа, ўтган йили фотиҳа қилингандим. Унда касаллигимни билмасдим, билиш тугул ҳатто хаёл ҳам қилмасдим. Бўлажак куёв билан кўнгил қўйишганимиз учун тўй бошлагандик. Унаштирилганимиздан кейин у хорижга ишлагани кетди. Яқинда қайтяпти. Икки ой илгари қудалар тўйни белгилаб кетишганди. Энди менинг касаллигим аён бўлди. Буёғи қандоқ бўлишини ўйласам юрагим увишиб кетади.

— Бу гапдан қудалар хабар топишдими?
— Ҳамма гап шунда-да. Онам билан шу масалада ҳар куни тортишамиз. Мен тўйни қайтариб, у йигит билан орани очиш кераклигини айтсам, онам «йўқ, мен тўй қайтарилишини кўтара олмайман. Унақа ёмон хаёлларга берилмай, Худодан бахтингни сўра. Сен тузалиб кетасан. Қайтанга тўй қайтарилса, ўйлайвериб баттар касалинг зўраяди. Шояд тўйдан кейин тузалиб  кетсанг», деб мени қайтаряптилар. Ўзим ҳам шундан умидворман, аммо… Барибир бу дард тузалмаслигини, умрим оз қолганини била туриб, бир йигитни, айниқса, ўзим севган йигитнинг бахтини ярим қилишни ўйласам, виждоним қийналиб кетяпти, опажон. Ахир улар умид билан, шу қиз билан ўғлимиз қўша қариб, бахтли бўлсин, деган ниятда тўй қилишяпти. Бир оилани орзуларини била туриб синдиришим, топган-тутганини кулини кўкка совуришим инсофдан эмас-ку ахир! Онам буни тушунишни истамаяптилар. «Сен йигитингни, унинг ота-онасини ўйлайсану, мени ўйламайсан-а?! Мен онаман-ку, фарзандимнинг ном-нишонсиз ўтиб кетишига қандоқ чидай, ахир?! Аввал мени тушунишга ҳаракат қил, ана ундан кейин бошқаларнинг вазиятига баҳо берасан», деб йиғлаяптилар. Очиғи, уларни ҳам яхши тушуниб турибман. Бироқ, тарозининг севгилим томонидаги палласи тортиб кетяпти. Севган одам қандоқ қилиб азиз инсонига бахтсизлик ва айрилиқни раво кўрсин?! Бу борада менга қандай маслаҳат бера оласиз?

— Тўғриси, менинг ҳам бошим қотди. Чиндан-да мушкул муаммо юзасидан қўнғироқ қилибсиз. Бир томондан онангизнинг гапларида ҳам жон бор ва ўз ўрнида сизнинг ҳам мушоҳадаларингиз тўғри. Лекин ҳалитдан умидсизликка тушиш яхши эмас, Аллоҳдан астойдил, ихлос билан сўранг, у чексиз марҳамат Соҳиби, зора дардингизга шифо берса. Тушкунлик одамни емириб, эзади. Агар ҳозир тўйни қайтарсангиз, одамларнинг гап-сўзи, миш-мишу ғийбатлар болалаб кетади. Бу сиз учун ҳам, яқинларингиз учун ҳам дард устига чипқон бўлади-да. Ундан кўра, тўйни бироз кечиктиришларини сўранг, ўша вақт мобайнида даволаниб олинг. Балки, турмуш қурганингиздан кейин ҳаммаси изга тушиб, бу кунларингиз ҳам эртакка айланиб кетар. Фақат яхши нарсаларни ўйланг, яхши кунларга ишонинг, ҳаммаси яхши бўлади.
— Сиз шундай ўйлайсизми?

— Ҳарқалай яхши нарсадан умидвор бўлиб, сизга олдинга интилиб яшашни тилайман!
— Раҳмат. Кўнглимда аллақандай умид учқунлаяпти…

— Умидингизнинг қайтгани қутлуғ бўлсин! Саломат бўлинг, ҳаммаси яхши бўлиб кетганида тўйга бизни ҳам айтарсиз-а?

— Худо хоҳласа!

Рухшона ФАРРУХ суҳбатлашди

Ҳозир сайтимизда битта меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ