Сайт бўлимлари
Чимилдиқли уйга кирма, эй қиз!
- Подробности
- Бўлим: Парда ортида
- Чиққан санаси: 04 Апрель 2013
- (Нашр қилинган санаси)
Оқшом чўкаяпти... Шафақранг уфқ заъфароний кўйлак кийган борлиқ ҳуснига янада ўзгача фусункорлик, жозиба ва сеҳр бағишлайди. Ишдан чиқиб автобус бекатида бироз муддат улов кутдим. Мен гўёки автобус тўхтамайдиган бекатда турибман... Бахт автобусини кутиб... Мен қачон келиши номаълум бўлган автобусни кутаяпман. Бу бекатда манзилим сари олиб борадиган автобусни кутавериб гул ёшлигимни вақт шамширига қурбон қиляпман. Шаҳар шовқинини босиб кетаётган қушлар чуғури хаёлларим сарҳадини эгаллаб, мени ёлғизлик ва соғинч аро орзулар сайрига чорлади. Оҳиста қадамлар билан мақсадсиз юра бошладим. Дунёдан қочиб, бу оламдан узилиб қайларгадир кетгим келяпти... Аммо қайга кетайин?.. Уйга боргим келмаяпти. Бекатда эса муқим яшаб бўлмайди... Уйга кетгим йўқ.
Бир уй бор.
Бу уйда,
қачон қараманг,
совуқ ҳашам ҳоким,
ва қаттиқ тартиб.
Бу уй жуда тоза.
Кирадилар унга
фақат юракларга оёқни артиб...
Шоирнинг кўнгилни музлатадиган бу таърифи менинг уйим ҳақида ёзилган бўлса неажаб...
Кетяпман. Оёғим остида майдаланаётган хазон барглари гўё, “мен яшашни истайман” деб илтижолангандек шитирлайди. Мен бағритошга айланганман, эй, хазон фаслининг умиди кесилган болалари. Мен ўзимга ҳам раҳм қилмай қўйганман. Бу бағритошлар, номардлар, нокаслар дастидан озор чекавериб, оғриқ туявериб дард нелигин ҳис қилмас тош юракка айланганман. Сиз ўзига раҳм қилмайдиган алам бандасидан шафқат кутяпсизми, эй япроқлар? Бу ишингиз қайси ақлга сиғади?..
Мен ҳам худди сизга ўхшайман аслида. Умрим баҳорида гул-гул очилиб яшнагандим. Орзуларим осмон, оқ булутлар бошимга рўмол эди. Тунда Ой манглайимда тож, юлдузлар қулоқларимга сирға эди. Кундузи нигоҳларимда Қуёш куларди. Мен орзунинг эркатой қизи эдим. Эшитяпсизми, япроқлар, мени Умид опичлаб, Орзу кўтариб юрарди. Кейин... кейин... бу қандоқ рўй берди билолмай қолдим.
— Қизим, сенга совчи келди...- Биринчи марта онажоним совчилар ҳақида паст ва дардчил оҳангда менга гапираётгандилар. Мен гумроҳа мунисамнинг изтиробларини англамабман:
— Келса келади-да, аяжон, ҳали узатадиган қизим йўқ, демадингизми?..
— Болам... Қизим...- Меҳрибоним негадир ўксиб йиғлаб юбордилар.- Сенга икки марта хотин қўйган, бефарзанд йигитдан совчи келди...- Бу совуқ хабардан изғирин шамол қўлида чирпирак учаётган япроқдек ўзимни англаёлмай, ўзимни идрок этолмай қолгандим... Осмондан ерга қулаб тушиш... Бу шунчалар аёвсиз зарбаки...
Кейин бундай зарбалар кунба кун кўпайиб бораверди. Йиллар, йиллар, қўли қийшиқ наққош ва уқувсиз косметолог йиллар... Тун кетидан тонг, тонг кетидан кун қувалаб ёшимга ёш қўшилиб бораверибди, ажинлар ёшимни сотадиган бўлибди, мен эса бехабар қолаверибман.
Япроқлар... Нега мендан ўпкалайсиз?! Мен тошбағирман, дедим-ку сизга! Мендан шафқат кутманг! Оёқларим остида эзғиланаётганингиздан изтироб аралаш қувонч туяман мен!.. Чунки... Чунки кўнгил Аллоҳнинг уйи эканини билмай ўтаётган гумроҳлардан озор кўравериб, азият чекавериб мен ҳам улардай темир одамга айланганман...
Яқинда ўзим ўқитган ўқувчи қиз узатилди. Тўйга айтса, яхши кунида шерик бўлай деб борибман. Дил яраларим бир худобехабар иримчининг тирноқлари зарбидан қонталаш бўлди. Чимилдиқли уй экан мен билмай остонасидан қадам қўйган хона. Ўқувчи қизнинг аммасимиман деган хотин нафрат билан менга тикилиб:
— Чимилдиқли хонага кирманг!- деб оёғим тагидаги кўрпачани тортиб олгани етмагандек, атай менга эшитттириб “Хосиятсиз қари қиз, ёр-ёр эшитмай чимилдиқли уйда нима қиласан?!” деди ғудраниб. Эҳ, япроқлар, япроқлар, хазон фаслининг чорасиз армонлари, одамлар шунчалик тошбағир, шунчалик бераҳм бўлиб кетишган экан. Нетонгки, одамлар ўз қадрини билмаган фоҳишадан, нархи арзон ахлоқсиздан ҳазар қилмайдилару менга ўхшаган қадр-қийматини юксак қўйгувчилардан ижирғанишади... Ахир, мен, тақдири меникига ўхшаш қизлар никоҳсиз бола туғиб, учраган билан етаклашиб, наҳс босиб бузилиб шармисор бўлмаганмизку, шунчаки, ўзимизга бўлган муҳаббатимиз кучли, холос. Шу биргина “айб”имиз биздан нари қочишлари учун сабаб бўларми?.. Оила қуриб оила қадрини, жуфтлик илмини уқмаганлар қанча?! Арзимаган баҳонаю боис важидан муқаддас оиласини бузаётганлар, жуфти ҳалолига, никоҳидаги ёстиқдошига хиёнат қилганлар қанча? Улар ҳазар қилишга, нафратланишга маҳкум эмасмилар?! Мен, биз қайси гуноҳимиз, қайси айбимиз учун тилиқ қисиқ, боши эгик бўлишимиз керак?..
Шунақа гаплар, япроқлар... Аммо мен оғрина –оғрина оғринмай қўйдим. Мен барибир ҳаммадан яхшиман! Мен барибир энг яхшисига муносибман. Менга аталган бахтнинг оҳори тўкилмаган. Мен шундай ўйлайман... Йўқ, йўқ! Бу шунчаки хаёл ё миямдаги ўй эмас , бир куни мен кутган БАХТ автобуси менинг бекатимда ҳам тўхташига ва у мени ўзим орзу қилган ҳаёт манзили сари олиб кетишига астойдил ИШОНМАН! Умидим борки, сабр – тоқатим ва ишонч билан кутганим эвазига БАХТга етаман!..
Сен шундай хилқатсан, хаёлдай ширин
Орзудайин олис, етиб бўлмайди.
Кўнгил саройида яшайсан яширин
Остонангдан итдай кетиб бўлмайди...
Шоирнинг самимий эркалаши ўзимни, ЎЗЛИГИМни эслатади менга. Бу оташин сатрларда орзуларим акси жилваланади...
Япроқлар, мени кўп қийнаманг. Мени айбдор қилманг. Атайлаб сизни эзмаяпманку. Сиз ҳам, мен ҳам тақдирнинг вақт аталмиш эркатой қизи қўлидаги ўйинчоқмиз. Унинг измига қарши чиқолмаймиз. Унга бўйинсунишга мажбурмиз. Вақт... Япроқлар, ҳеч ўкинманг, мен учун қайғурманг, кузнинг ноумид умидлари, мен албатта бахтли бўламан!.. Дилимни оғритганлар, кўзимни ёшлаганлар, устимдан кулганларга аччиқ қилиб эмас, уларга ҳақиқий бахт қандай бўлишини кўрсатиб бахтли бўламан! Ўшанда сиз мана бу асрий чинорлар вужудида қайта кўкарган, саодат қўшиғини куйлаётган кўнглим оҳангларига мос рақсга тушаётган бўласиз. Ўша кунни бирга кутамиз-а, япроқлар?..
ФАРЗОНА
Кўп манзур бўлган мақолалар
- Оилали фоҳишалар
- Эр-хотин ўртасида муҳаббатни кучайтириш учун 10 та восита
- Хар дарднинг шифоси бор
- Жинсий қарамлик (шаҳватпарастлик)
- Зинонинг “замонавий” тури
- Эр ўз аёлидан зерикканлигининг аломатлари
- Рамазонда хотини билан қўшилишлик
- «Мен ичмайман» дейсизми?
- «Сен буюк ялқов бўлиб етишасан!»
- Mаданий ҳордиқдаги маданиятсизлик
Ҳозир сайтимизда 288 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ
Оила, никоҳ, талоқ (фатволар)
- Ота-онамни бориб кўришдан тўсишга эримнинг ҳаққи борми?
- Аёл кишининг машина ҳайдаши
- Ажраш ҳуқуқи хотинга ҳам бериладими?
- Аёлларга тааллуқли масалалар
- Аёлларнинг қабристонга бориши
- Аёлларни эркакларга ўхшаб намоз ўқиши
- Сафар қилиш
- Махсус кунларда Қуръон ушлаш, тиловат қилиш ҳақида
- Етимни фарзандликка олса бўладими?
- Аёлларга қўйиладиган тақиқлар
- Депиляция
- Иккинчи турмуш
- Кўз зиносидан эркаклар қандай сақланади?
- Аёл киши телевидениеда журналист бўлиши, кўрсатувлар олиб бориши мумкинми?!
- Сочи узун эркаклар ва сочи калта қизлар