Сайт бўлимлари
“Мерос меникими ё сеникими?”
- Подробности
- Бўлим: Парда ортида
- Чиққан санаси: 04 Апрель 2013
- (Нашр қилинган санаси)
“Биз оилада тўрт қиз, икки ўғилмиз. Онам бир пайтлари катта лавозимларда ишлаган. Энг кичик укамни уйлантирганимиздан кейин тўйдан уч ой ўтиб дадам оғир хасталикдан вафот этди. Тўғриси, онам раҳматли мансабдор лавозимларда ишлагани учунми бироз жаҳлдор, буйруқ беришни хуш кўрадиган, ортиқча гап-сўзни ёмон кўрадиган аёл эди. Бизни ҳам ортиқча эркалатганларини эслолмайман. Аммо ҳеч қачон бировга хафа қилдириб қўймаган. Биз қизларнинг турмуш ўртоқларимиз ҳам, қайнона-қайноталаримиз ҳам онамдан чўчиб туришарди. Келинларни-ку айтмаса ҳам бўлади. Хуллас, дадам қазо қилиб, онам кексайиб қолгач, келинларнинг “тили чиқди”. Онамни яккалаб, ош-овқатига, кир-чирига умуман қарамай қўйди. Бир пайтлар онамнинг оғзидан чиқадиган сўзга илҳақ бўлиб турадиган келинлар ҳатто оғир ётган қайнонасининг ҳол-аҳволидан хабар ҳам олиб қўймади. Опаларим ҳам онамнинг оналик ҳаққини андиша қилмай, “Келинга зулм қилиб нима қиларди? Қиз бола бировнинг хасми, бегонадай гап, келинга меҳрибончилик қилиши керак эди”, деб лабини буриб онамдан хабар олишмади. Охири мен турмуш ўртоғим, қайнона-қайнотамга ялиниб-ёлвориб, эрим, болаларим билан ота уйимга кўчиб келдим ва кекса онамга ўзим қарадим. Энди онам аввалгидек қўрс, шаддот аёл эмас, бир оғиз ширин сўз, меҳрга зор бўлиб қолган онаизор эди. Тўғри, кечаю кундуз онамнинг ёнларида туриб истаганларини бажо келтирдим, аммо уларнинг мендан бошқа яна беш фарзанди бор эди. Она учун ҳар бир боласининг ўз ҳиди бор, куёв минг чираниб меҳрибончилик қилмасин, барибир ўғил бўлолмайди. Онагинамнинг кўнгилларини олишга уринмайлик, барибир опаларимни, акам билан укамни кўп қўмсардилар. Шундай кунларнинг бирида куёвини олдиларига чақириб, маҳалладан бир вакил ва нотариус чақиришни буюрдилар. Хўжайиним айтганларни бажаргач, онам ўзлари яшаб турган уй ва барча тилла тақинчоқлари, банкдаги омонат пуллари ва енгил машинани бизнинг номимизга расмийлаштириб бермоқчилигини айтдилар. Турмуш ўртоғим иккимиз ҳар қанча қаршилик қилмайлик, онам: “Агар мени рози бўлсин, борган жойида хотиржам ётсин десанглар, совғамни қабул қиласизлар”, деб туриб олдилар. Ўшанда маҳалла вакили билан нотариусни кузатиб қайтган эрим “Ҳали кўрасан, буларнинг можароси бизни эл-юрт олдида кўп изза қилади”, дегандилар. Ҳақиқатдан ҳам онагинамнинг юзларига ғубори лаҳад қўниб-қўнмай опаларим, акам ва укам, келинлар бизни юмма талашга шай. Эмишки, биз онамнинг касалликларидан фойдаланиб, улардан ҳамма нарсаларини бизга мерос қолдиришини сўраган эмишмиз. Васиятномани ўзимиз ёзиб, онамга мажбурлаб имзо чектирган эмишмиз. Алам қилиб кетяпти, онамнинг давлати соясида пойтахтдаги нуфузли олий ўқув юртларида таҳсил олган, шаҳарнинг казо-казоларига келин бўлган опаларим менга ўхшаган бир ўқимаган, оддий одамнинг келинига онасидан шунча мерос нимага қолганини ҳеч тушунишмаяпти шекилли?! Бир пайтлари мен турмуш ўртоғим билан бир-биримизни ёқтириб қолганмиз, улардан совчи келавергач, онамнинг жаҳллари чиқиб “Агар ўша йигитга тегадиган бўлсанг, сени ўқитмайман ҳам, сепингга тузукроқ нарса ҳам қилмайман. Опаларингга қара, шаҳар сўрайдиган одамга келин бўлишди, сен оддий деҳқон боласининг нимасини ёқтириб қолдинг?!” деб мени роса койиганлар. Лекин ўшанда менга умуман алам қилмаган, муҳими севган одамимга узатсалар бўлди, деб хурсанд эдим. Вақт ўтиши билан ўша казо-казо куёвлари онамнинг ҳолидан бирровга хабар олишга ярамади. Онам ўлимларидан олдин “Умрингдан барака топ, кенжа куёв. Куёв эмас ўғил бўлдинг. Яхшиям ўшанда қизим мени мол-дунёимга учиб сендан кечмагани, бўлмаса бу кунимда ҳолим не кечарди”, деб дуо қилардилар. Энди опаларим онамдан қолган мерос учун мен билан талашишяпти. Билмадим қачонгача давом этади бу жанжаллар...
Жигарларим “Бу ерда ноҳақлик бўлган, онам ҳеч қачон фақат сенга бериб, бизни ажратиб қўймасдилар. Эрингнинг ака-укалари билан чиқишолмай онамникида яшаб, бор мол-давлатларига эга чиқадиган бўлдингми” дейишяпти. Аслида, ҳеч қанақа қайн-бўйинларим билан тортишмаганман. Эримни онамникида яшашга кўндиргунимча бўларим бўлган. Бизга уйнинг ҳам кераги йўқ, Худога шукр, турмуш ўртоғимнинг топиш-тутиши болаларимиз тугул невараларимизга ҳам етиб, ортади. Фақат онагинамнинг кексайган чоғида, ўз болаларидан оқибат кўрмагани алам қилади. Шу сабаб ҳам ўзимга тегишли меросдан уларга бермоқчи эмасман. Укамнинг аёли тап тортмай: “Қайнонамнинг ўзи мени ёқтирмасди, шунинг учун ҳам уларга қарамаганман” дейди. Катта опам эса, онам қазо қилганида эри билан хорижда дам олаётган эди, жанозага ҳам етиб келмади. Энди ўзингиз ўйлаб кўринг, улар қандай қилиб меросга ҳақли бўлишсин?!..”
Ҳа, азизлар, орамизда шундай кимсалар ҳам бор. Ота-онасининг мол дунёсига кўз тикиб турган, рўзи машҳарда хайрли ва савоб амаллари билан ота-онасига раҳмат ёғдиришини Аллоҳдан сўраш ўрнига, кўзига моддиюндан бошқа нарса кўринмай бир-бирининг гўштини ейишга тайёр турган ўлаксахўрлар, десак тўғримикан бундайлар ҳақида? Мерос талашиб, уй-жой талашиб судма суд, қозилашиб юрганларнинг азалий “қўшиғи” бор” “ Булар менга отагинамни эслатади!” “Буни кўриб онагинамни кўргандек бўламан!” Ўшанақа молпарастларга отасининг эски яктагини ё онасининг эски калишини бериб, “Буни отанг умр бўйи эгнидан ташламаганди”, “Онанг сенга атласу кимхобларни кийдириб, ўзи бир умр мана шу йиртиқ калишда юрганди, энди ол, уни кўзларингга сур, тавоф қил” деб кўрингчи, олармикан?..
“Фарзандларингиз сизнинг жаҳаннамингиз ёки жаннатингиздир” деб марҳамат қилинади муборак ҳадисда. Дуо қилайлик, азизлар, фарзандларимиз жаннатимиз бўлсин. Токи, эрта вафотимиздан сўнг гўримизга лаънат ёғдирмасинлар!..
Рухшона ФАРРУХ нашрга тайёрлади
Кўп манзур бўлган мақолалар
- Оилали фоҳишалар
- Эр-хотин ўртасида муҳаббатни кучайтириш учун 10 та восита
- Хар дарднинг шифоси бор
- Жинсий қарамлик (шаҳватпарастлик)
- Зинонинг “замонавий” тури
- Эр ўз аёлидан зерикканлигининг аломатлари
- Рамазонда хотини билан қўшилишлик
- «Мен ичмайман» дейсизми?
- «Сен буюк ялқов бўлиб етишасан!»
- Mаданий ҳордиқдаги маданиятсизлик
Ҳозир сайтимизда 263 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ
Оила, никоҳ, талоқ (фатволар)
- Ота-онамни бориб кўришдан тўсишга эримнинг ҳаққи борми?
- Аёл кишининг машина ҳайдаши
- Ажраш ҳуқуқи хотинга ҳам бериладими?
- Аёлларга тааллуқли масалалар
- Аёлларнинг қабристонга бориши
- Аёлларни эркакларга ўхшаб намоз ўқиши
- Сафар қилиш
- Махсус кунларда Қуръон ушлаш, тиловат қилиш ҳақида
- Етимни фарзандликка олса бўладими?
- Аёлларга қўйиладиган тақиқлар
- Депиляция
- Иккинчи турмуш
- Кўз зиносидан эркаклар қандай сақланади?
- Аёл киши телевидениеда журналист бўлиши, кўрсатувлар олиб бориши мумкинми?!
- Сочи узун эркаклар ва сочи калта қизлар