1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Яхшиларга кун йўқми?

Телефон қўнғироқлари ва мактубларда муцштарийларимиз ўзларини ўйлантираётган муаммолар, ён-атрофида рўй бераётган воқеа-ҳодисаларга муносабат билдириш билан кишилар ҳаётига дахлдорлик ҳиссини намоён этадилар. Шундай куюнчак, узоқни ўйлайдиган ва юртдоши тақдирини ўз ҳаёти билан чамабарчас боғлиқ ҳисоблайдиган муштарийларимиз борлигидан мамнунлик туямиз. Ана шундай муштарийларимиздан ири билан сим ортида суҳбатимиз бугунги кунимизнинг энг оғриқли нуқталаридан бири бўлган – инсоний муносабатлар атрофида бўлди.
—    Одамларни кузатар эканман, кўнглимга оғриқ инади,- деб гап бошладилар Тошкент шаҳридан қўнғироқ қилиб тушган муштарийимиз.- Одамлар орасидан дўст топиш мушкулдан мушкул иш бўлиб қолди. Кимгадир кўнглингни очиб, меҳр бермоқчи бўлсангиз, бир “лекин”и чиқадию, ҳафсалангиз пир бўлади... Тўғри, беайб парвардигор, адашиш, янглишиш бандасига хос хислат. Аммо одам боласи фақат бугуни билан яшамаслиги керакда. Ҳар бир ишнинг ҳисоби, жавоби бор ахир!..
—    Тўғри айтасиз. Ҳозир айрим замондошларимизнинг қалби қаттиқлашиб, юз-кўзидан меҳр кўтарилгани бор гап. Бироқ  кишилардаги бу такабуррона хусусият сабаби нимада экан, деган саволга жавоб бериш қийин...
—    Инсонларнинг ўзаро муносабатларида ишонч йўқолган. Ким самимий, ким мунофиқ билиб бўлмайди. Ҳамма ўз манфаати истагида ҳалак. Одамлар бир-бирини алдаб ёлғон дунёдаги умрини ўтказиши мумкин, лекин қилмишларининг чин дунёдаги жавоби-чи?.. Дунё ва унинг ҳавасларига ҳаддан ортиқ кўнгил қўйган кишининг қалби тошдай қаттиқ бўлади. Қалби қаттиқ одам кўнгилни қайдан тушунсин ва кўнгилни оғритиш катта гуноҳ эканини қайдан англасин?! Ҳозир айрим одамлар учун бировнинг дилини оғритиш одатий ҳолга айланиб қолган ва қилмишларидан ҳеч хижолат чекишмайди....
—    Афсуски, одамлар орасида сиз айтаётган кишилар ҳам кўплаб топилади...
—    Мен бу салбий иллатларнинг сабабини Аллоҳни унутишдамикин, деб ўйлайман. Ахир, бандаси Худодан қўрқса, иймонли бўлади. Иймонли киши биродарининг ишончини суиъстемол қилмайди. Ишончни иймон даражасида билан киши кўнгилга озор етказмайди. Бировнинг ишончи, эътибори ҳам – омонат ҳисобида. Ишончга хиёнат қилиш, кимдир бизга илинган кўнглини синдириш ҳам омонатга хиёнат қилгандай гап...
—    Бу нарсалар ҳақида чуқур мулоҳаза қиладиган одамлар бармоқ билан санарли бўлиб қолди... Фикримча, бу иллатларнинг авж олишида ҳаммамиз бирдек айбдормиз...
—    Ҳа. Гапингиз тўғри. Ўша одамлар ҳам кинингдир акаси, укаси, опа- синглиси, жигари, дўсти... Бизда хато қилган одамга тўғри йўл кўрсатиш, янглиш йўлдан қайтариш ўрнига ўз ҳолига ташлаб қўйишади. Ҳеч ким ўзини ёмон қилгиси келмайди.
—    Лоқайдлик-да...
—    Жуда тўғри айтдингиз, бепарволик бу иллатларнинг онаси. Оқибатсиз кишига бир, икки танбеҳ бериб ёмон кўринганингиз билан, кўпингиз кам бўлиб қолмайди, лекин қанча гуноҳларнинг олдини олган бўласиз. Кимларнингдир озор чекишига йўл қўймаслик ҳам савоб. Мени ранжитадиган нарса — нима савоби, нима гуноҳлигини унутиб қўйишган айримлар...
—  Ғалати-ғалати нарсалар урф бўляпти. Шунингдек инсоний муносабатларда ҳам  диёнатсизлик, бировнинг ҳақидан ҳазар қилмаслик, инсонинг кўнгли билан ўйнашиш “урф”га айланиб кетди. Ҳатто, биров яхши муносабатда бўлса ҳам кўнгилга ғул-ғула тушадики, нега бу бунча меҳрибон бўлиб қолди, деб...
—    Секин айтасизми?! Рисоладагидек муносабатда бўлган кишига дуч келганда “ тинчликмикан, ишқилиб мулойим муомала остида бир тузоқ йўқмикан” деган гумон юракни ўртайди... Наҳотки, одамлар шунчалик тошбағир бўлиб кетишган бўлса? Бу дунё кимлардан қолмади? Не-не бойлару давлатмандлар, шоҳу саркардалар, алломайи замонлардан қолмади бу дунё. Биздан ҳам ўтади. Кимнингдир дилини оғритиш, кимнингдир ҳақига кўз олайтириб мол-дунё тўплаш, бировнинг омонатига хиёнат қилиб бойиган билан, шоҳона тўкин ҳаётга эришган билан, бизга вафо қиладигани тўрт газ оқ сурп билан, икки газ ер! Ҳаёт ҳар қадамда бу ҳақиқатни бизга уқтиришга уринганига қармай, ҳануз тирикчилик ташвишида хира тортган тафаккуримиз ва тошдай қотган қалбимиз яшашнинг асл МОҲИЯТини ҳис қилишимизга имкон бермаяпти. Беҳисоб мол-дунёга эга танишимиз ёки мутассил инсонларга озор бериб, кишилар кўнглини оғритиб келган қўшнимиз, ёхуд одамлар ҳақига кўз олайтириш билан тирикчилигини ўтказган дўстимизнинг кўрган кечирганлари, вафот этгач, кафанлиги ва ёлғон дунёда ортирган гуноҳларидан  бошқа бирор нарсани ўзи билан ортмоқлаб кетганини кўрсак ҳам барибир ўз билганимиздан қолмаймиз. Бизга нима бўляпти, ўзи?..
—       Ҳа, тўғри айтасиз. Яхши инсонларни топиш ҳам, яхши инсонларга яшша ҳам қийин бўляпти. Бироқ ҳамма нарса одамнинг ўзига боғлиқ. Менимча, одамзод ҳеч қачон ўзини жамиятдан айро ҳисобламаса, одамлардан узоқлашмаса, сиз айтган иллатларга ўралашиб қолмайди. Негаки, “мен” эмас “биз” деб яшаган миллат сизу бизни оғринтираётган ҳолатлардан йироқ бўлади. Биродарига етган озорни ўзининг азоби, фожиаси деб билган фуқароси бор юртда инсон шаъни, қадри улуғ бўлади. Биз фарзандларимизни ана шундай фазилатларни шакллантиришимиз, уларни табиат ва инсонга меҳр-муҳаббатли қилиб тарбиялашимиз керак.
—    Айни кўнглимдагиларни ўқий олдингиз. Сизга катта раҳмат. Мени эшитганингиз ва тушунганингиз учун!
—    Сизга ҳам раҳмат, куюнчаклик билан билдирган мулоҳазаларингиз учун. Саломат бўлинг,  сайтимизни кузатиб боринг.
—    Албатта. Ижодий ишларингизда омадлар ёр бўлсин!

Хонзода суҳбатлашди

Ҳозир сайтимизда 257 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ