1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Жигарларим отган ўқдан юрак пора

Дадам қазо қилганларида эндигина бешинчи синфда ўқирдим. Акаларимнинг бири мактабни тамомлаш арафасида, бири саккизинчи синфда ўқирди. Онам отасиз эканимизни, кўнглимиз кемтиклигини ҳеч сездирмадилар.
Ўша йили акамни Тошкентга ўқишга юбордик. Оиламизнинг моддий етишмовчилигига қарамай, акамни пойтахтда ўқитдик. Катта акам тўртинчи курсга ўтган йили иккинчи акам ҳам талаба бўлиш истагида пойтахтга йўл олди. Онам иккимиз кам еб, кам кийиб акаларимни ўқитдик. Улар ўқисин, бир касбни эгаси бўлса бизга нафи, деб қўлимиздан келган-келмаган юмушни бажариб, пул топиб уларга юбордик. Вақт соати етиб, уйланадиган фурсати келганда, онам уларни бировдан кам қилмай қишлоқнинг энг олди қизларига  уйлантириб қўйдилар. Бир кунда икки келин туширдик. Ҳаммаси яхши эди. Ҳаммаси ўз ўрнида эди. Акаларимнинг қўллаши билан иқтисодиёт коллежида ўқиб, ҳисобчилик касбини эгалладим. Кичкинагина бир ташкилотда иш бошладим. Ишим юришиб кетди. Жамоамда нуфузим ошиб, ҳамкасбларим ҳурматини қозона бошладим. Шундай кунларда ўзимиз билан бирга ишлайдиган Нигора исмли қиз билан муносабатларимиз илиқлашиб, аҳду паймон ғилдик. Бу хабарни келинойиларим орғали онамга етказганимда, бояғишнинг боши осмонга етиб, дарҳол дастурхон-тугунини кўтариб Нигораникига йўл олди. Икки-уч марта совчилар борганидан сўнг, бизни унаштириб қўйишди. Онам кенжа ўғлининг тўйида катта ўғилларининг болаларини суннат қилишни мўлжаллаб, яна пул жамғаришга тушди. Топганимни онамга тутқазиб, яхши кунлар илинжида югуриб-елиб юрган пайтларимда тўсатдан бошимизга мусибат оралади. Келинойимнинг қўнғироғи сабаб учиб-қўниб уйга борсам, «Тез ёрдам» машинаси онамни олиб кетяпти экан. Касалхонанинг жонлантириш бўлимига ётқизишди. Юраги хуруж қилган экан… Ҳаммамиз ҳайрон эдик: онагинам бояқиш умрида бирор марта «вой» демаганди. Эсимни таниганимдан бери онамнинг битта дори ичганини ёки битта укол олганини эслолмайман. Юрак хуружи… Демак, ҳамма изтиробларини, аламларини, армонларини юрагига кўмган экан-да, шўрлик. Дардлари ич-ичидан онамни адо қилиб бораётган экану биз ғофил фарзандлар, онам соппа-соғ, деб бемалол юрган эканмиз.
Ётиб қолганларининг учинчи куни онамдан айрилиб қолдик. Бу — энг катта йўқотиш эди… Бу — энг машъум айрилиқ эди… Бу — шум етимликнинг адоқсиз азобларига очилган эшик эди, мен учун…
Онамни тупроққа топширганимиздан кейин дунё кўзларимга қоронғу бўлиб юрган кунлар, акаларимнинг мендан олислаб кетаётганини англадим. Келинойиларим-ку, етти ёт бегона, улардан меҳр-оқибат кутишим ақлга сиғмас ҳодиса эди, аммо ўз жигарларимнинг ўқ отиши мени  тамоман изтиробга солди.
Қисқаси, кенжа ўғил бўлганим учун уй менга қолишидан қўрққан келинойиларим, қандай бўлмасин мени уйдан йўқотишга ҳаракат қила бошлади. Аввал мени Нигорадан айириш тараддудига тушишди. Уларнинг фисқу-фасод иғволарига ишонмадим. Ахир Нигора биздан бир маҳалла нарида яшарди, бир мактабда ўқиганмиз, бир жойда ишлаймиз, уни жуда яхши билардим-да. Бироқ севгилим қиз болалигига, ишонувчан, кўнгилчанлигига борди. Келинойиларим томонидан менга қарши уюштирилган бўҳтонларга ишониб, мендан юз ўгирди. Эмишки, мен гиёҳванд моддаларга ружу қўйган эканман. Соппа-соғ юрган онам менинг дардимда ўлиб кетган эмиш… Қудалар унаштирувни бекор қилиб, дастурхонимизни қайтаришганида мен учун яна бир бор онам ўлган кун қайталанди. Лекин уй дардидаги келинойиларимнинг макр-ҳийлалари олдида бу кунларим ҳам ҳолва экан. Улар аллақаердан гиёҳванд моддаларни топиб келиб, хонамга яшириб қўйишган экан. Мени наркотик моддалар олди-сотдисида айблаб жиноий жавобгарликка тортишди. Ўзимни ҳимоя қилолмадим. Бунга аввало кучим йўқ эди, қолаверса орқамда менга ҳамдард бўладиган одамим йўқ эди. Улар илондай акаларимнинг қўйнига кирволиб, ўзлари тўқиган ёлғонларига акаларимни ҳам ишонтиришди. Онамнинг тўсатдан вафот этганига мени айбдор қилганларида эса, таниш-нотаниш борки, мендан нафратланарди. Тушкунликка тушиб қолганим, онамдан айрилганим, севгилимнинг воз кечгани боис ҳаётнинг қизиғи қолмаганди. Шунинг учун ўзимга қўйилаётган ёлғон айбловларни индамай тан олгандим. Аммо қамоқда ўтирган кезларимда кўзим очилди. Тегишли жойларга мурожаат қилиб, менинг ишимни қайта кўриб чиқишларини сўрадим. Маълум бўлишича, ўша пайтда мени қамоққа тиққан терговчи ва судья келинойиларимга «сотилган» экан. Шукр, ҳақиқатни буткул йўққа чиқарадиган одам ҳали туғилмаган экан. Оқланиб чиқдим. Қамоқ менга кўп нарсаларни, жумладан ҳақ-ҳуқуқимни ўргатган эди. Ота-онамдан қолган уйни ўз номимга ўтказишни мўлжаллаб уйга кириб бордим. Туҳматчи келинойиларимнинг дами ичида эди: судда менга туҳмат қилганлари ва давлат органларини алдашга уринганлари учун уларга жазо муқаррар эди, аммо мен даъво қилмадим. Уларни Яратганнинг ҳукмига ҳавола қилиб қўя қолдим. Уй масаласида ҳам унча қийинчиликка учрамадим. Гўри нурга тўлгур онам ҳаётлигида ҳовли-жойни менинг номимга расмийлаштириб, келинлик сандиқларига солиб қўйган эканлар. Қамоқдалигимда уйни ағдариб-тўнтариб ҳужжатларни кўрган келинойиларим билан акаларимнинг тарвузи қўлтиғидан тушиб қолганди.
Ҳаётимни изга солгунимча анчагина машаққат чекдим. Кўп кўргуликларни бошдан кечирдим. Шукр, ҳозир ҳаммаси изга тушиб кетяпти. Аммо дил яраларим ўрнида кетмас чандиқлар қолди-да…

Одилбекнинг атйганларини Хонзода оққа кўчирди.

Ҳозир сайтимизда 128 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ