1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Адашганнинг пушаймони

—  Мен шу саҳифага дардларимни айтсам, ёзиб чиқарасизларми?- Таҳририятга қўнғироқ қилган муштарийимиз салом-аликдан кейин ийманиб сўрадилар.
- Албатта, бемалол муаммоларингизни ўртоқлашишингиз мумкин.
- Фақат илтимос, мени кимлигимни очиқ айтманглар. Дўст бор, душман бор…
-  Бизга қўнғироқ қилган мухлисларимизнинг шахси сир сақланади.
- Хуллас. Ёшим ўттиз бешда. Оилалиман.  Ота-онам, ака-опаларим бор. Мен ҳаётда қаттиқ адашганман… Одам боласига адашиш хос хислат дейишади. Лекин ҳар қандай адашиш ҳам инсоннинг улғайишига сабаб бўлавермас экан. Ҳаётда шундай хатолар бўлар эканки, ундан қолган қора доғ умр бўйи сени таъқиб қилиб юраверарэкан.
- Ҳа. Афсуски, шундай…
- Мен оилада кенжа фарзандман. Кенжа бўлганим учунми ота-онам мени бошқача кўрардилар. Ака-опаларим ҳам мени еру кўкка ишонмай, жон қадар яхши кўришарди.Мен эса уларнинг ишончини ҳам, меҳрини ҳам оқлаёлмадим… Ўқишни, келгусида яхши инсон бўлиб етишишни, нуфузли соҳаларда ишлаб, элга керакли одам бўламан деган ниятларим бор эди…
- Ҳали ҳам кеч эмас. Йигит кишини учун  илму мартабанинг кечи йўқ…
- Қайсидир маънода гапингиз тўғридир. Лекин мен ўзимга берилган имкониятларнинг ҳаммасини бой бериб улгурдим.
- Сиз очиқ гапирмаяпсиз…
- Чунки бу нарсаларни айтиш осон эмас. Мен ўзимни ўртаётган изтиробларимни айтиш билан бирга шу дардни яна бир марта бошдан кечиришга мажбур бўламан. Аммо сизга кўнгил ёриш учун қўнғироқ қилдимми, айтаман ҳаммасини… Хуллас, мактабни тамомлаганимдан сўнг ўқишга кирдим. Ота-онам мендан ката фарзандлари олий ўқув юртига кирганида ҳам шунчалик қувонишмаганди. Талаба бўлиб талабаликнинг қийинчилигини  билмаганман. Ҳамма нарса, ҳамма шароитим муҳайё эди. Мен фақат ўқишим, орзуларимни амалга ошириб ота-онамнинг, оиламнинг юзини ёруғ қилишим керак эди. Биргина шу. Афсуски мен бошқа талабалардек стипендияга кўз тикиб, мардикорчилик қилиб ўқимадим. Ҳамма шароити шай бўлган одам зерикканидан бекорчи ўй-хаёлларга берилар экан… Ўша кезларда баҳонаи сабаблар билан мутаассиб гуруҳлар тўдасига аралашиб қолдим…
- Эҳ… - Тўғриси таҳририятга қўнғироқ қиладиган  муштарийларнинг аксарияти оилавий, умумий муаммолар билан мурожаат этишига ўрганиб қолганим учунми, муштариймизнинг бу иқроридан шошиб қолдим.- Аллоҳ сақласин…
- Ота-онам шу дард, шу иснод куйида адои тамом бўлаёзди. Мен тегишли жазога тортилганимдан сўнг, отам биринчи марта мени қарғадилар. Мен ўшанда “кўрнамак” деган қарғишнинг юкини кўтаролмаганман...
- Кейин?
- Маҳалла-куй, ота-онам ишлайдиган ташкилотлар оиламиз ва мен ҳақида яхши тавсифлар беришди. Булар ҳам ўз йўлига, асосан мен ўзим хато қилганимни, адашганимни англадим. Хуллас, озодликка чиқдим. Гарчи Ватан томонидан авф этилган бўлсам-да, халқим, ота-онам олдида ўзимни гуноҳкор ҳис этаман. Мен ўзимни ўзим авф этганим йўқ...
- Виждон азобининг қийноғи оғир...
- Нимасини айтасиз, ич-ичимдан эзиламан. Аммо биласизми, мен фақат бир нарсани ўйлайман.
- Хўш?
- Биз исломий тарбия, диний илмдан йироқ бўлганимиз учун ҳам шундай мутаассиб оқимларга аралашиб қолдиммикан, дейман. Агар силомдан бохабар бўлганимда, диний таълимотдан бохабар бўлганимда ундай оқимлар адашганларнинг тўдаси эканини англаб етармидим. Ҳаммаси илмсизлигимдан бўлди деб ўкинаман.
- Ҳа. Тўғри ўйлабсиз. Аммо ўтган ишлардан тўғри хулоса, келгусидаги ҳаётингиз учун асқотадиган сабоқ олган бўлсангиз бўлди. Биласизми, бўлиб ўтган ёмон нарсаларни ўйлаш билан ҳам одам тушкунликка тушиб, яна ботқоқликка ботиб кетиши ҳеч гап эмас. Сиз яхшиси, бошингизни баланд кўтаринг. Ватанимиз, халқимиз, миллатимиз равнақи учун бор имкониятингизни ишга солиб, ўзингизни шу юрт фарзанди эканингизни кўрсатинг. Сиз чўкиб юрганингиз сари атрофдагиларнинг гап-сўзи кўпаяди. Гап-сўз кўпайгани сари эса ўтмишингиз эл оғзида айланаверади. Ҳаётда ҳамма нарса бўлади. Ҳеч ким мукаммал эмас. Менимча, гапларимни тушундингиз. Буларни сизга шунчаки йўл-йўлакай таскин бериш учун айтмаяпман. Ҳақиқатдан ҳам яхши амаллар билан ўтмишдаги хатоингизни пана қилсангиз бўлади. Муҳими сиз, хато қилганингизни англаб етгансиз ва бундан пушаймонсиз. Қолаверса, аллақачон авф этилгансиз-ку, тўғрими?
- Тўғри... Сиз айтгандек бугундан бошқача ўйлашга ҳаракат қиламан... Мен аслида бошқача инсон эканимни одамларга кўрсатаман...
- Албатта. Сизга омад ёр бўлсин.
- Раҳмат. Эшитганингиз учун, кўнглимни кўтарадиган маслаҳатларингиз учун...
- Саломат бўлинг. Ўтмишида хатоси йўқ кишини топиш маҳол. Муҳими- ўша хатолардан сабоқ олиш. Унутманг, меҳнат ва ишонч билан инсон обрў топади.

Хонзода суҳбатлашди

Ҳозир сайтимизда битта меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ