Сайт бўлимлари
Онамнинг тобутини кўтаролмадим
- Подробности
- Бўлим: Парда ортида
- Чиққан санаси: 08 Апрель 2013
- (Нашр қилинган санаси)
- Мен ҳам ўзимни ўйлантираётган айрим нарсаларни гапириб берсам, газетангизда чоп этасизми?- Таҳририятга қўнғироқ қилган муштарийимиз салом-аликдан кейин дабдурустдан шундай деб қолдилар.
— Имкониятимизга қараб, албатта. Қани, эшитайлик-чи, балки, чиндан ҳам матбуотга олиб чиқишга арзирли, кўпчиликнинг дилидаги гап бўлиб чиқар? Шундай бўлса, шубҳасиз ёзиб чиқарамиз.
— Яхши. Менимча ҳозир мен айтмоқчи бўлган гаплар кўпгина юртдошларимизнинг кўнгил дарди бўлса керак. Майли, бошқалар билан ишим йўқ, мен сизларга ўз кечинмаларимни айтиш учун қўнғироқ қилганман. Мени эшитиб кўринг, уни матбуотга олиб чиқиш сизнинг ишингиз.
— Сизни эшитишга тайёрмиз.
— Раҳмат. Тўрт йилдан бери Россияда ишлардим. Яқинда келдим. Тўрт йил мобайнида кўрган –кечирганларимни бир бошдан ёзадиган бўлсам, катталиги тахмондай чиқадиган китоб бўлади. Сизга фақата асосийларини айтаман.
— Хўш?
— Мен қайноғаларимга эргашиб кетгандим. Тўғрироғи, фермер эдим, ўн гектар ерим, мол-қўйим бор эди. Бировдан кам, бировдан кўп бўлиб, бола-чақамни зориқтирмай Худо берган ризқимни ошаб юргандим. Қишлоқдан Россияда ишлашни хоҳловчиларни олиб бориб ишлатадиган қайноғам мени ҳам, синглиси- аёлимни ҳам роса тинчимизни бузди. Кечасиям келди, кундузи ҳам келди. Топган гапи: “Ер-мол қилиб юрасизми, ундан кўра Россияда ишлаб келинг, уйларни бошқатдан қурасиз, мошина оласиз...” Ҳеч қайноғаларимнинг гапига ишонгим келмаса-да, хотинимнинг дийдиёларидан безиб, туппа тузук ўзимизга қўшиб бир нечта оилани боқаётган, кунимизга яраб турган ерларимни сотиб, Россияга жўнавордим.
— Оббо...
— Ҳа. Мен ҳам “оббо”га лойиқ иш қилганимни Россиянинг поездига чиққанимдан кейин, қайноғамларимнинг ҳақиқий башарасини кўргач, тушуниб етдим. Хуллас, англаганим шу бўлди-ки, қайноғаларим одам савдоси билан шуғулланишар экан.
— Ана холос!
— Шундай. Ўн-ўн беш чоғли киши поездга чиққанимиздан кейин тўнғич қайноғам – қулдорларнинг каттаси ишга отланганларнинг қўлидан фуқаролик паспортларимизни олиб қўйди. Ҳали чегарадан ўтмай туриб, бизга шунақанги иддао, миннат, таъна қиляптики, гўё бизни туғилганимиздан бери шу қайноғам боқяпти. Қисқаси, поезддаёқ қилган номаъқул ишим учун пушаймон бўлдим.
— Афсус...
— Кейинини эшитсангиз, ҳайратдан тонг қотиб қоласиз. Қайноғам у ёқда бир қурилиш объектини олган экан. Буюртмачилар сўраган муддатда топишириш шарти билан. Эшитишимизга қараганда, қайноғам буюртмачи ташкилотдан ҳар бир ишчига минг АҚШ доллари миқдорида маош олар экан. Лекин бизга тенг ярми тегарди. Баъзан эса ҳар хил баҳоналар билан ўша ярим-ёрти маошимизни ҳам нимталарди Худо қўрқмай...
— Астоғфурруллоҳ...
— Шундай. Тўртта қайноғам бизга – Ўзбекистондан борган элликтача одамга иш буюрувчи эди. Бошимизга ит кўрмаган, одамлар ҳайвонга ҳам раво кўрмайдиган хўрликларни солишди. Биз билан бирга қўшни қишлоқдан ҳам бир йигит ишлагани борганди. Бола бечорани ёмон хўрлашарди, шунақанги қийнашарди. Бирортамиз ёрдамга ошиқсак, ё уни ёнини оладиган бўлсак кечки овқатдан маҳрум бўлардик...
— Ё, Худойим... наҳотки, ўзимизнинг ўзбеклар?! Ўз қариндошларингиз?!..
— Ҳа, айнан ўзимизникилар шунақанги разолатга боришарди. Бир куни ҳалиги йигит бечора ишдан чарчаб келиб йиғлай- йиғлай кичик қайнимнинг кийимларини юваётганди, биз билан бирга қўшни бригадада ишлайдиган арман йигит келиб “Сиз ўзбеклар ҳеч одам бўлмайдиган халқ экансиз-да. Ўзингизникиларни ўзингиз қийнаб юрасиз. Яна меҳр-оқибатли халқмиз деб жар солиб юришларинг ортиқча. Кийимингни ўзинг юв, бу сенинг ҳаммолинг эмас” деб юртдошимизни ҳимоя қилиб қайнимни дўппослай кетди. Ҳайтовур, шундан кейин қайним ҳалиги йигитга иш буюргани, менимча армани йигитдан қўрқди-ёв. Бир неча марта биз ўзбеклар гап талашиб, ёқалашиб юрганимизда гоҳ тожик ишчила, гоҳида болгарлар, баъзида озарбайжонлар келиб ажратиб қўйишарди.
— Эҳ... Эшитгани хижолат чекади киши...
— Сиз эшитгани уяляпсиз, мен сизга гапираётганларимдан баттар ҳолатларни ўз кўзим билан кўрганман. Буларни қўя турайлик, пул дардида қутурган, одамийлик ҳисларидан, инсоний фазилатлардан бутунлай айрилиб қолган қайноғаларим ярим йил мобайнида мендан онамнинг вафотини ҳам яширишган!- Муштарийимизнинг ўпкаси тўлиб, овози бўғилди. Бироздан кейин ўзига келиб, давом этди:- онам вафот этганларида акалари хотинимга “эрингга айтиб юрма, барибир онасининг таъзиясига етиб бормайди. Шарт эмас” дейишибди. Олти ой давомида онамнинг телефонларидан овозини уларга ўхшатиб гапилашиб юрган экан. Буни билганимда ҳхотинимдан қаттиқ жаҳлим чиқди. Телефонда унга “юртга қайтсам, биринчи қиладиган ишим сен билан ажрашиш бўлади! Онамнинг вафот этганларини мендан яширишга қандай ҳаддинг сиғди” десам, йиғлаганча акалари шундай дейишга мажбурлаганини, хотиним опаларимга ҳам менга билдирмасликларини, бироз ишлаб келишимни айтиб зорланганини гапирди. Жигарларимдан ҳам қаттиқ ранжидим. Хотинимникилар-ку иймони инсофини пулга қўшиб еб юборишган, меникларни нима жин урган экан, билмайман! Хуллас, онамнинг вафот этганларидан хабар топиб, уйга қайтишга қарор қилганимдан сўнг ҳам ноинсоф қайноғаларимдан паспортимни олиш осон кечмади. Бир ҳафта зор-зор қақшаб, аранг ҳужжатимни қўлимга олдиму, “энди Россия деган жойнинг бетини Али аканинг ити кўрсин!” деб поездга осилиб юртга қайтдим...
— Шукур... Аёлингиз билан муносабатларингиз жойидами, ишқилиб?
— Ҳа. Қилғиликни қилиб бўлган-ку, энди ота гўри қозихона қилиб юришнинг нима фойдаси бор?! Қолаверса, тўртта фарзандим бор, ахир. Уруш-жанжал қилиш билан бирор наф олармидим? Акаларининг ҳам Худо жазосини беряпти бир-бир. Одамларни норози қилиб топган пулини еган болаларидан қайноғаларим хотиржам эмас. Қизларининг бахти кемтик, ўғиллари ўзларидан ҳам беш-баттар ўғри- муттаҳам, каззоб... Майли, таъна бўлмасин. Ҳар ким ўзи учун ўзи жавоб беради. Мен айтмоқчи бўлганим, узоқдаги насияга ишониб қўлимдаги нақдимдан айрилганим, онамнинг ғанимат дамларида ёнларида бўлолмаганим, биргина ўғил фарзанд бўлиб жанозада қатнашмаганим, тобутларини кўтармаганим бир умрлик юрак дардим, армонимга айланган. Қайноғаларимнинг пуч ваъдаларига ишониб ўзимга ўзим дард, армон ортирганим алами менига тинчлик бермайди. Қолаверса, ўзбекнинг ўзбекларни ковлаштириши, миллатдошларимизнинг бир-бирларига чоғ қазишлари, ўзимизникиларнинг бир-бирига ҳасад қилиши, бир элнинг, бир юртнинг одамлари бўла туриб бир-бирларига рақибона қарашлари... Бошқа миллат вакиллари орасида халқимизнинг мана шунақа хурмача, “кетса-келмас” қилиқларидан уялгулик...
— Ҳа, анча оғриқли мулоҳазаларни ўртага ташладингиз...
— Майли, сизга раҳмат. Ишларингизга омад. Агар айтганларимни газетага ёзиб чиқарсангиз, хорижнинг ҳолвасидан умидланаётганлар қаерга, кимларга ишониб бораётганларини чуқурроқ мулоҳаза қилиб кўришармиди, дегандим.
— Яхши. Сизга ҳам раҳмат. Саломат бўлинг. Ҳаётга қувноқ кўз билан қарасангиз, ҳаммаси яхши бўлади...
Хонзода суҳбатлашди
Кўп манзур бўлган мақолалар
- Оилали фоҳишалар
- Эр-хотин ўртасида муҳаббатни кучайтириш учун 10 та восита
- Хар дарднинг шифоси бор
- Жинсий қарамлик (шаҳватпарастлик)
- Зинонинг “замонавий” тури
- Эр ўз аёлидан зерикканлигининг аломатлари
- Рамазонда хотини билан қўшилишлик
- «Мен ичмайман» дейсизми?
- «Сен буюк ялқов бўлиб етишасан!»
- Mаданий ҳордиқдаги маданиятсизлик
Ҳозир сайтимизда 183 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ
Оила, никоҳ, талоқ (фатволар)
- Ота-онамни бориб кўришдан тўсишга эримнинг ҳаққи борми?
- Аёл кишининг машина ҳайдаши
- Ажраш ҳуқуқи хотинга ҳам бериладими?
- Аёлларга тааллуқли масалалар
- Аёлларнинг қабристонга бориши
- Аёлларни эркакларга ўхшаб намоз ўқиши
- Сафар қилиш
- Махсус кунларда Қуръон ушлаш, тиловат қилиш ҳақида
- Етимни фарзандликка олса бўладими?
- Аёлларга қўйиладиган тақиқлар
- Депиляция
- Иккинчи турмуш
- Кўз зиносидан эркаклар қандай сақланади?
- Аёл киши телевидениеда журналист бўлиши, кўрсатувлар олиб бориши мумкинми?!
- Сочи узун эркаклар ва сочи калта қизлар