1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Бойишнинг йўли кўп

Ҳозирги давримизда камдан-кам одам фақирликни хоҳлайди, оз сонли айрим кишиларгина камбағалликка рози бўлишади. Ҳарқалай, ҳозиргача «менга дунёнинг асло кераги йўқ, мен камбағал-фақир яшашни хоҳлайман», деган одамни унча кўп кўрмадик. Аксарият одамларнинг фикри-ёди ҳамиша катта пул ва мол-дунёни қўлга киритиш, бойлигини кўпайтириш, тўкин ва фаровон яшашга қаратилган бўлади. Ҳатто ёш болалар кичиклигиданоқ «катта бўлсам кўп пул топаман, фалондақа машина оламан, фалончига ўхшаб «каттакон» (амалдор) бўламан», деган орзулар билан яшайди. Бу табиий ҳол. Парвардигор шундай бўлишини хоҳлаган, шунинг учун инсонларни дунёга муҳаббатли, иштиёқманд, рағбат кўрсатадиган қилиб яратган.  
Хўш, унда қандай қилиб бойиш мумкин? Қандай қилинса, кўп мол-дунёга эга бўлиш мумкин? Бадавлат бўлишнинг қандай йўллари бор? 
Минг афсуски, кўпчилик ана шу саволларга жавоб топиш учун Ғарбдаги пулдан бошқа нарсани ўйламайдиган, ҳамма нарсани пул-бойлик билан ўлчайдиган, фойда йўлида иймон, эътиқод, барча муқаддас туйғулар ва инсонийликдан ҳам осонгина воз кеча оладиган, бу йўлда ҳалол нима, ҳаром нима – мутлақо фарқламайдиган муттаҳам ва инсофсиз кишиларга эргашади. Шундайларга мўлжаллаб, шундайларни мисол келтириб ёзилган турли тавсиянома, китоб ва дастурларга суянади (дарвоқе, яқинда китоб бозорида «Энг харидоргир китоблар қайсилар?» деб савол берсам, «Энг аввало қандай қилиб бойиш ва бойликни кўпайтириш, сўнг бахтли ҳаёт кечириш, кейин пазандалик ҳақидаги китоблар», деб жавоб беришди). Айримлар ўзи бой бўла олмай бошқаларга бойлик ваъда қиладиган алдамчи фолбин, «башоратчи» ва коҳинлардан ёрдам кутади. Ҳеч қандай фойдаси йўқ ирим-сиримларга ишонади. Бундайлар ҳаётнинг мингта кўчасига кириб, мингта фитнасига рози бўладию, аммо  Яратган томонидан кўрсатиб қўйилган ҳалол йўл билан ризқ излашни унутиб қўяди. 
Энг аввало, ҳозирги пайтда кишиларнинг онгига «Ҳалол йўл билан асло бойиб бўлмайди, фақат бошқаларни алдасанг, чув туширсанг, ёлғон ишлатсанг, пора олсанг, судхўрлик қилсанг, заём ёки лотореяга катта ютуқ ютсанг,  пул тикиб қимор ўйнасанг, ҳаром йўллар билан пул топсанггина бойиш мумкин», деган ғоят хатарли ва бемаъни бир фикр сингиб кетган. Дўконида хамр сотаётган танишга «бу йўл билан бой бўла олмайсиз», деб кўринг-чи, ҳамма айнан шу орқали яхши фойда кўраётганини пеш қилиб, мингта мисол келтиради. Ёки ошхонасида пиво сотаётган бошқа бир танишингизга унинг бу ишида барака йўқлигини эслатиб кўринг, дарров атрофидаги ошхоналар тажрибасига қараганда пиво сотилмаётган ошхонага хўранда кирмаслигини рўкач қилади. Ёхуд бир тижоратчи дўстингизга фоизи билан катта қарз олиш ўрнига музораба (тенг шериклик) йўли билан қилган савдоси баракали бўлишини айтиб кўринг-чи, дарров сизга дунё тижорати тажрибасида айнан қарз олиб ниҳоятда бойиб кетган ўнлаб кишиларни санашга тушади. Ёки кўзингиз олдида носоз тарозида мол ўлчаб бераётган бир ноинсоф сотувчига бу ишининг гуноҳ экани ҳақида оғиз очиб кўринг-чи, шу заҳоти ҳозир тожирларга ниҳоятда қийин бўлаётганини айтиб, сизни мутлақо алдамаётгани ҳақида ўн марталаб қасам ичиб юборади. Бизларнинг бойлик ва бойиш ҳақидаги тасаввурларимиз, қарашларимиз ана шундай хато ва бузуқ!
Ваҳоланки,  бундай йўллар билан мол-дунё, бойлик орттириш ҳаромлиги, агар бошда худди бойиб кетганга ўхшаса ҳам, пировард натижа жуда аянчли бўлиши, бу усулларнинг дунё ҳаётидаги хатарлари ва кулфатлари-ку майли-я, унинг боқий дунёдаги  уқубатлари, ҳисоб-китоблари ниҳоятда оғирлиги кўп марта уқтирилган. 
 Бой бўлишнинг, бойлик, мол-дунё орттиришнинг ягона йўли ҳалол касб билан, ҳалол йўл билан қўл кучи орқали пул, бойлик топишдир. Касбларнинг энг яхшиси ҳалол савдодир. Ундан кейин эса чорвадорлик, деҳқончилик ва ҳунармандликдир. Хабарларда бундай дейилган: «Касбнинг афзали ҳалол савдогарлик ва ўз қўли билан қиладиган касбдир»; «Ризқнинг ўндан тўққиз қисми савдогарчиликда, бир қисми эса чорвачиликдадир»; «Қўй боқинглар, чунки у баракадир»; «Деҳқончилик қилинглар, чунки у баракали касбдир»;  «Бозорларимизга хориждан мол олиб келувчи одам гўё Аллоҳ йўлидаги жангчи кабидир. Бозорларимиздаги нарсаларни уйига яшириб сақловчи одам гўё Аллоҳнинг китобидаги худосиз кабидир». 
Пайғамбар алайҳиссалом ҳам, у кишининг машҳур сафдошларидан Абу Бакр Сиддиқ, Усмон ибн Аффон, Абдураҳмон ибн Авф ва бошқалар савдогар бўлишган. Исломгача ҳам, Исломда ҳам тожирлик (савдогарлик) энг шарафли, катта фойда келтирувчи ва мақталган касблардан саналган.  
Бугунги кунимизда тожирлик қилаётган айрим кишилар савдо  қоидаларини бузганлари ёки уларга риоя қилмаганлари сабабли топган молларида барака йўқ. Эртадан кечгача елиб-югуриб, ором-фароғатдан, соғлиқдан, ибодатлардан воз кечиб катта пул ёки мол-дунёни қўлга киритгандай бўлишади, аммо орадан кўп ўтмай барча топганлари ҳавога учиб, бир рус эртагида айтилганидай, яна ўша «тешик тоғора» қаршисида қолишаверади. Тожирлик касбларнинг энг яхшиси, фойдалиси, сердаромади бўлишига қарамай, унга ҳаром аралашса, савдо қоидалари бузилса, кўзланган мақсадга эришилмайди, бойлик қўлга кирмайди. Фақат ортиқча жон койитилгани, бесамар чопилгани қолади. 
Савдо орқали бойиш, давлат орттириш учун унинг одобларига риоя қилиш керак. Энг аввало,  молнинг нави, жинси, масдари, харажатлари ҳақида ёлғон қўшмай, ҳақиқий сифати билан тавсифлаш керак. Иккинчидан бағри кенг бўлиш лозим, яъни сотувчи нархдан тушиб, олувчи ошиқроқ тўлаб ҳиммат қилиши керак. Гарчи сўзи рост бўлса-да, қасам ичиш, айниқса савдода Аллоҳ номи билан қасам ичишдан мутлақо тийилган маъқул. Хабарда: «Қасам молни бозоргир қилса-да, баракасини кетказади»; «Савдо-сотиқда кўп қасам ичишдан сақланинглар, зеро у олдин кўпайтириб, кейин барбод қилади», дейилган. 
Шунингдек, тожирлар хайр-эҳсонни кўпайтиришлари, қарзни ёзиб қўйиш ва унга шоҳид қилиш каби ишларга ҳам эътибор беришлари даркор. Шундагина уларнинг савдолари баракали бўлади, қўлларига кирган мол-дунё тезда кетиб қолмайди. 
Кўпчилик мол-дунёдаги Аллоҳнинг баракаси ҳақида етарли тушунчага эга эмас. Гоҳида бозорларда нарх-навони ҳаддан ташқари баландлатиб юбораётган, тарозидан уриб қолаётган, молини ўтказиш учун ёлғон қасам ичаётган, кўз олдингизда молининг нуқсонини яшириб, сизни алдашга уринаётган «тожирлар»ни инсофга чақирмоқчи бўлиб, «қўйинг шу қилиғингизни, молингиз ва пулингизнинг баракасини берсин, ҳалол савдо қилинг», десангиз балога қоласиз. «Баракани сизга бердим, гапни кўпайтирмай мен айтган нархни бераверинг», деган нордонгина «маслаҳат» эшитиб оласиз. Бу бечоралар  қилмишлари учун  нақадар оғир ҳисоб-китоблар, азоб-қийноқларга дучор бўлишини, дунё ҳаётининг ўзида эса қанча машаққатлар, оғир  йўқотишлар эвазига топган пулида ҳам, мол-дунёсида ҳам заррача барака бўлмаслигини билганида эди, дарров ўзини ўнглаган,  ҳалол савдо қилишга ўтган бўлар эди. 
Инсофга чақирган харидор асло ютқазмайди, алдаган сотувчи ҳеч қачон ютмайди. Наздида харидорни боплаб, бир қоп пул ишлаган бўладию аммо ҳеч қанча вақт ўтмай ўшанча пулнинг сувга оққандай тез совурилганига тушуна олмай, гангиб қолаверади. Ё ўғрига олдиради, ё ўзидан кўра устамонроқ муттаҳамнинг тузоғига тушади, ёки бирорта золим зўрлик билан тортиб олади, ёхуд бирор офатга учраб, баридан бир сонияда ажрайди, ё ўзи, яқинлари бирор тузалмас оғир дардга мубтало бўлиб, топган пули уни даволашга кетади. 
Аксинча савдонинг барча одобларига риоя қилган, инсоф ва инфоқни унутмаган тожирларнинг бойлигига кун сайин барака кириб, мол-давлатлари кўпайиб бораверади. Топган фойдасини уч қисмга бўлиб, бир қисмини аҳли-оиласига нафақа қилаётган, бир улушини Аллоҳ буюрган ишларга, яъни закот, фақир-мискинларга инфоқ-эҳсон, хайрли ишларга ажратаётган, қолганини тижоратининг равнақи учун сарфлаётган тожирларимиз кўп. Иншааллоҳ, уларнинг савдоси баракали, хайрли бўлгай, пул, дунё топиш баробарида катта савобларга ҳам эришгайлар.
 Ҳаром нарсалар савдоси орқали қўлга киритилган мол-дунё ҳам эгасига вафо қилмайди. Бунга хамр,  чўчқа, ҳаром ўлган ҳайвон гўшти каби ҳаром ва истеъмоли тақиқланган маҳсулотларнинг савдоси,  кейинроқ қимматига пуллаш мақсадида  молларни яшириб қўйиб, танқислик пайдо қилиш, ҳалол молни ҳаром мол эвазига айрбошлаш (масалан, газмолни чўчқа гўштига  алмаштириш), одам аъзоларини (масалан сочи, сути) ни сотиш кабилар киради.
Омонатдорлик, яъни омонатга хиёнат қилмаслик ҳам бой бўлишнинг шартларидан биридир. Кўплар бойишни, савдоларига барака киришини исташадию аммо омонатдорликни «унутиб» қўйишади. Қарз олишади, аммо тезроқ бериш ҳақида эмас, уни қандай қилиб бермаслик, узиш вақтини ортга суриш ҳақида кўпроқ бош қотиришади. Бировнинг молини катта ваъдалар билан қўлга киритишади, аммо пулини тўлашни пайсалга солишади. Бундай йўллар билан қўлга киритилган бойликнинг ҳам баракаси бўлмайди, унинг қандай қилиб ғойиб бўлганини эгаси ҳатто сезмай қолади.  Хабарда айтилганидай, «Омонатни сақлаб, вақтида қайтариш кишининг ризқини зиёда қилади, омонатга хиёнат қилиш эса қашшоқлик келтиради». 
Ҳалол йўл билан бой бўлишнинг яна бир шарти  берилган ризқ-неъматлар учун шукрни ва ҳамдни кўпайтириш, Муҳаммад алайҳиссаломга, у зотнинг аҳли байтига саловот-саломлар йўллашдир. Чунки Аллоҳ таоло: «Агар берган неъматларимга шукр қилсангизлар, албатта сизларга зиёда қиламан», деган.   
Фақирликдан паноҳ тилаш, мол-дунё, давлат ёки кенг-мўл ризқ сўраш учун Яратганнинг зикрини кўпайтириш, буюрганларини комил суратда адо этиш, халқумни поклаш,  ривоят қилинган ишончли  дуоларни мунтазам ўқиб юриш тавсия этилган. Бу борада бир неча дуолар борки, қуйида улардан айримларини келтирамиз:
Расулуллоҳ  алайҳиссалом кўпинча «Эй Аллоҳим,  дунёда ҳам, охиратда ҳам яхшиликни бер ва дўзах азобидан бизларни сақла», деб дуо қилар эдилар. 
Абдуллоҳ ибн Умар: «Бирортангизнинг яшаши қийинлашиб қолса, уйидан кўчага чиқаётиб, қуйидаги дуони айтсин», дедилар:  «Нафсим, молим ва динимга Аллоҳнинг исмини айтаман. Эй Раббим, қазои қадарингдан мени рози қил. Ва тақдир этган нарсангни менга баракали қил. Токи, кечиктирган нарсангни тезлаштиришни ва тезлаштирган нарсангни кечиктиришни яхши кўрмайин». 
 Бир қул озод бўлиш учун шартлашилган миқдордаги маблағни топа олмай, Ҳазрати Алидан ёрдам сўради. Шунда у киши: «Сенга Расулуллоҳ ўргатган калималарни ўргатиб қўяйми, агар қарзинг тоғнинг бир тарафича бўлса ҳам ундан қутуласан», бу – «Эй Раббим, ҳаром (аралаштирмай), ҳалолинг билан менга кифоя эт! Фазлинг ила Ўзингдан бошқадан беҳожат қил», дуосидир», дедилар.  
Пайғамбар алайҳиссалом инсонларга Аллоҳдан дунё ва охиратда офият ва кенг ризқ тилаш, фақирлик фитнасидан паноҳ беришни сўраш учун бир неча дуоларни ўқиб юришни тавсия этганлар. Масалан, «Аллоҳим, Сендан ҳидоят, тақво, иффат ва бойлик сўрайман», каби.   
Мол-дунё сўрайдиганларга, бойишни истаганларга   яна бир хабарни тавсия этмоқчимиз: Расулуллоҳ алайҳиссалом бундай деганлар: «Аллоҳга риоя қил, сени сақлайди. Аллоҳга риоя қил, йўналишингни топасан. Агар сўрасанг, Ўзидан сўрагин. Агар ёрдам тиласанг, Ўзидан тилагин. Билгинки, агар уммат бирор нарсада сенга ёрдам беришга жамланса, фақатгина  сенга ёзиб (тақдир қилиб) қўйилган нарсанигина ёрдам қила олади. Агар ҳамма бирор нарсада сенга зарар беришга тўпланса, фақат  сенга ёзиб (тақдир қилиб) қўйилган нарсанигина зарар бера олади. Қалам кўтарилиб, саҳифалар қуриб бўлган».  
Бой бўлишни истасангиз, хайр-эҳсон ҳамда турли садақаларни кўпайтиринг. Чунки хабарда: «Садақа бериш билан мол-дунё камайиб қолмайди», дейилган.