1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Ўзингизни бошқара олинг

Халқимиз жуда андишали, муросагўй, бағрикенг ва ҳамиятли. Лекин советлар тузуми жорий қилган таги пуч «коммунистик ахлоқ» халқимизга хос бўлган жуда кўп ахлоқий фазилатларни, одамлар ўртасида урфда бўлган яхши хислатларни йўқ қилишга, ҳеч бўлмаганда муомаладан чиқариб ташлашга ҳаракат қилди. Оқибатда жамиятда тинчлик-осойишталик, аҳиллик ва тотувлик ришталари узиб юборилди. Асл қадриятлардан айрилиб қолинди, ахлоқ-одобимизнинг минг йиллик тарихга эга анъаналарига риоя қилинмай қўйди, юқорида тилга олинган фазилатлар узоқ вақт унут бўлди.
Ҳозир телевидениеда ғарб сериалларини кўрсатиш урфга кирган. Уларга ҳамма шу даражада мубтало бўлиб кетдики, ҳаёт тарзини, юмушларини ана шу сериаллар вақтига мослаб режалайдиган даражага келиб қолди. Бу соҳанинг билимдонлари сўзига қараганда, мазкур сериалларнинг одамларни бунчалик қизиқтириб, ўзига боғлаб олишига унда асосан чигал ҳаётий муаммоларнинг кўплиги, уларни ечиш учун топилаётган минг хил турфа тадбир ва ҳаракатларнинг ранг-баранглиги сабаб бўлаётган эмиш. 
Бу гапларда асос бор-йўқлигини билмоқчи бўлиб, шу сериаллардан бирини икки-уч кун мобайнида томоша қилдим. Ҳақиқатан, каттагина хонадоннинг бошидаги ғавғо-машмашаларнинг кўплигидан филм қаҳрамонлари у ёқда қолиб, мен «дод» деб юборай дедим. Оилада бирор кун тинч, осойишта, фароғатли куннинг ўзи йўқ. Бирор киши хотиржам овқатлана олмайди, егани ичига тушмайди, уйқусидан хуш кайфият билан турмайди. Ҳали бирининг хотини ажрашаман, деб пўписа қилади. Ҳали қизи ота ёқтирмаган кишига турмушга чиқмоқчи бўлади. Ҳали ота-бола ёки қайнона-келин орасида қора мушук ўтиб қолади. Ҳали фарзанди кўчадан бир «иш кўрсатиб» келади. Билолмадим, эҳтимол филм ижодкорлари томошабинни экран қаршисига «михлаб қўйиш» мақсадида шундай йўлни танлашгандир? 
Лекин масаланинг бошқа томони ҳам бор. Ана шу сериалларда таъкидланганидай, ҳозир аксари одамлар аллақандай жиззаки, муросага юрмайдиган, жаҳлдор бўлиб қолишгандай туюлади. Кўча-кўйда, оилаларда, ишхоналарда, жамоат жойларида арзимас нарсалардан жанжал чиқиб кетаётгани, эр-хотин, ота-болалар, қўни-қўшни, қариндош-уруғлар ўртасида муносабатларнинг тобора «кескинлашиб», «чирсиллаб» бораётгани шундай хулоса чиқаришга мажбурлайди. 
Буни айримлар ҳозирги бозор шароитида пул топиш, турмуш кечиришнинг мураккаблашгани билан боғламоқчи бўлишади. Бу фикрда  жон бормикин? Агар шундай бўлса, ҳаёт ниҳоятда оғирлашган уруш йилларида, қимматчилик ва қаҳатчилик замонларида одамлар ҳозиргидай қўрс, бемуроса, худбин бўлишмаган-ку! Оталаримиз ҳикоясига қараганда, юрт бошига бало-мусибат тушганида одамлар аксинча бир-бирига меҳрибон, оқибатли, ғамхўр ва самимий бўлган экан-ку! 
Менимча, ҳозирги пайтда ҳавойи нафсга қул бўлиш, орзу-ҳавасга интилиш, нима қилиб бўлса ҳам бошқаларга ўхшаб «яхшироқ, тўкинроқ» яшаш илинжи ҳамманинг тинчини олган, оромини ўғирлаган, асабини қақшатган, асабий ва жиззаки қилиб қўйган. Кишилар ўртасидаги чин инсоний муносабатлар ўрнини зўравонлик, ҳасад, аламзадалик, кўролмаслик каби қусурлар эгаллаб олаётгани ҳам сир эмас.
Мана шундай нозик даврда қандай қилиб инсоний фазилатларни сақлаб қолиш, одамлар билан муносабатларда ахлоқимиз талабларига мос тартиб-қоидаларни жорий қилиш мумкин? Қандай йўл билан муроса, яхши қўшничилик, меҳр-оқибат, одамийлик каби хислатларга эришиш мумкин?
Бу саволларга жавоб битта: унут бўлаёзган шарқона одобимизга, ота-боболардан узоқ йиллар давомида мерос бўлиб келган анъаналаримизга қайтилсагина, муросагўйлик, яхши хулқ ва исломий тарбияга суянилсагина мақсадга эришиш мумкин. Аксинча, энг номдор ва улуғ олимлар тавсияларини ўрганманг, тарбия соҳасидаги жилд-жилд китобларни ўқиманг, энг машҳур назария ва таълимотларни эгалламанг, бари бефойда!
Барча билан бирдай яхши муносабат ўрнатиш, тотувлик ва муроса ришталарини маҳкамлашнинг йўллари, усуллари кўп. Қуйида буларнинг айрим кўринишлари билан танишиб ўтамиз.
Ҳаммага бирдай ёқишнинг асло иложи йўқ. Кимдир сизни ёқтирмайди, кимдир ҳасад қилади, ўзингиз билмаган ҳолда кимнингдир дилини оғритиб қўйгансиз. Демак, атрофингиздаги барча одамлар сизга бирдай чиройли муомала қилишидан, яхшилигингизга яхшилик билан жавоб қайтаришидан, ҳамманинг айланиб-ўргилишидан умидингизни узаверинг.
Атрофингиздаги одамлар билан илиқ, самимий муносабатлар, тинчлик-тотувлик алоқаларини ўрнатишни истасангиз, унда энг аввало кучингиз ўзингизга етсин! Бошқалардан ранжу алам кўрсангиз ҳам сиз уларга фақат яхшилик, эзгулик билан жавоб қайтаринг. Ўқрайганга жилмайинг, мушт кўрсатганга таъзим қилинг, сўкканга сукут қилинг, бирортаси сиздан ноўрин ранжиб қолган бўлса, узр сўрашдан орланманг.
Ўзгалар сизга туҳмат тошларини отиб, қалбингизни яраласа ҳам уларга жавоб қайтаришга, ўзингизни оқлашга, ҳатто қасос олишга уринманг. Ҳаммасини Яратганга ҳавола қилинг. Душманларингиздан ўч оламан, деб ўзингиз ҳаракат бошласангиз, унда Аллоҳ сизни ўз ҳолингизга ташлаб қўяди, Ўзигагина суянсангиз ёрдамга келади. У ғанимларингиздан ўчингизни шундай олиб берадики, ўзингиз ҳам ҳайратдан ёқа ушлайсиз. Агар дунёда қасосингизни олиб бермаса охиратда албатта ҳисоб-китоб қилиши, адолат ўрнатиши, бу озорларнинг сиз ўйлаб кўролмайдиган ажр-мукофотлари борлиги ҳақидаги ишонч ўксик қалбингизга тасалли бўлсин.
Оилада, кўча-кўйда, ишхонада яқинларингиздан ёки дўстларингиздан бирортасининг «қовоғидан қор ёғаётган», кайфияти ниҳоятда бузуқ, юрагида қил сиғмай қолган нохуш бир ҳолатда учратиб қоласиз. Бунинг сабаини сўрасангиз, у албатта мужмалгина қилиб: «Ўзим ҳам ҳайронман, негадир сал нарсага жаҳлим чиқиб, тутоқиб кетаверяпман», ёки «Билмасам, эрталаб уйқудан турсам, табиатим тирриқ, феълим бузилиб қолибди», дейди.
Дунёда ҳеч нарса бесабаб бўлмайди, якка қўлдан қарс чиқмайди, шамол бўлмаса теракнинг учи қимирламайди. Бир киши бировнинг дилини оғритмаган бўлса, бесабаб унинг жаҳли чиқмайди. Эҳтимол, кеча кимдир автобусда қўполлик қилиб, унинг жиғига теккан, ғазабини қўзғаган. Ёки уйда хотини кеч келганини сабаб қилиб чеҳрасини очмаган, совуқ муомала қилган. Балки бошлиғининг кечаги таъна-дашномлари юрагида жароҳатли изини қолдиргандир? 
Нима бўлганда ҳам одам ўз-ўзидан тутоқиб, салдан-салга кайфиятини бузавермайди. «Мушт кетди» деганларидай, табиати тирриқ, асаби таранг, вужуди портлайман, деб турган киши ҳам жаҳлини ва ғазабини индамай ичга ютиб, ҳамма нарсани тезда унутиб кета қолмайди. У ҳам ўз навбатидан кимдандир аламини олади, кимнингдир ғашига тегади, кимнидир дунёсини зулматга айлантиради. Озор чеккан бошқаси эса ўз навбатида яна бошқа бировнинг асабини бузади, қалбини жароҳатлайди. Шу тариқа ранжу аламлар ва азиятлар занжирининг халқалари кўпайиб бораверади. 
Кўпинча жаҳли чиққанида, ғазабга минганида, уриш-жанжалларда тилини тийган, бир гапдан қолган одам ғалаба қозонади, зафар нашидасини суради. «Яхшиям бундай демаганим, яхшиям гапига жавоб қайтармаганим» деб севинади. Чунки инсоннинг доимий ҳамроҳи ва ашаддий душмани бўлган шайтон одамларни бир-бирига гиж-гижлаб, уриштириб, ўрталарига гина-адоват солиб яйрайди. «Сени изза қилдию сен жим қараб турасанми, сен киму у ким бўлиб кетди, наҳотки боплаб тузлаб ташлолмайсан», деб ҳамиша васвасага солиб туради. 
Шундай ҳолларда сиз ҳам тилга эҳтиёт бўлинг. Шеригингиз ҳақорат қилса ҳам, шаънингизга туҳмат ёғдирса ҳам, орқаваротдан ғийбатингизни қизитса ҳам, парво қилманг. Қимматли вақтингизни, асабингизни, тоқатингизни беҳуда тортишувлар, баҳс-мунозаралар гулханида совуриб юрманг. Ҳаммасига қўл силтанг! 
Сизга зулм қиличини яланғочлаганлар, ништар каби аччиқ сўзлари билан қалбингизни яралаганлар бугун устун келгандай кўринса ҳам эртага, индинга қилмишидан афсусланиши, етказган озорларига яраша ўзи ҳам бошқалардан зулм-жабр кўриши аниқ. Чунки «Қасосли дунё» деб қўйишибди, ҳеч бир ёмонлик, разолат, қабиҳлик изсиз кетмайди. «Нима эксанг, шуни ўрасан», деганларидай, бировларга қилинган энг майда-чуйда ёмонлик ҳам бошингизга ўн, юз баробар бўлиб қайтиши бор. Шунга ўхшаш ҳеч бир яхшилик ҳам унутилмайди, «балиқ билмаса Холиқ билади».
Ҳаётга жиддийроқ назар солсангиз, одамлар билан муомала-муносабат қилиш жуда қийин ва мураккаб ишга ўхшайди. Оиладаги эр-хотин, ота-она, катталар ва болалар муносабатлари, қариндошларга силаи раҳм, маҳалла-кўй, қўни-қўшни билан алоқалар, ишхонадаги бошлиқлар ва ҳамкасблар билан муроса қилиш, дўст-оғайнилар, давлат идоралари ходимлари билан муносабатлар – буларнинг барини маълум тартиб ва рисолада ушлаб туриш кишидан катта бардош, сабр-тоқат, уддабурролик, муомала санъати,  кечиримлилик, бағрикенглик ва матонатни талаб этади. 
Сиз ана шу ҳолатларда бор маҳоратингизни ишга солмасангиз, бошингизга келаётган бало-мушкулотларга сабр қилишни уддалай олмасангиз, ёмонлик қилганни яхшилик эҳсонлари билан сийлай билмасангиз, ҳеч ким билан муроса қила олмайсиз. Бошингиз ташвиш, уриш-жанжалдан чиқмай қолади. Ҳар бир кунингиз муаммолар уммони ичра ғарқ бўлиб кетади. Саломатлигингиздан ажрайсиз, жамиятдан узилиб ёлғизланиб қоласиз.
Тошкент маҳаллаларидан бирида яқинда содир бўлган мана бу воқеа ҳаммага яхши ибрат бўлиши зарур: Эсли-ҳушли яхши бир инсоннинг ҳовлисидаги ариқ тошиб кетиб, ертўлага сув кира бошлаган. Қўшнилар ариқни тозалаб турмагани учун авваллари ҳам бу ҳол бир неча марта такрорланган эди. Сув тошаверса, бир куни келиб уйи қулаб тушиши мумкинлигини кўз олдига келтирган бояги киши белкурагини кўтариб қўшнисиникига кирган. Ундан ариқни тозалаб қўйишни сўраган. Кеча ичган ароғидан табиати тирриқ бўлиб турган қўшни унинг бу илтимосига қўполгина қилиб: «Керак бўлса ўзинг тозалайвер» деган. У киши бу гапдан тутоқиб кетган ва ўзини бошқара олмай белкурак билан қўшнисига ҳамла қилган. У эса ўз навбатида бу ишни судга берган. Икки қўшнининг можароси судда кўрилиб, ҳар икки томонга ҳам қанча нотинчлик, асаббузарлик, моддий ва маънавий зарар келтирди.
Бундан чиқадиган хулоса шуки, агар ўша яхши одам ҳақиқатан яхшилигини кўрсатганида, яъни қўшнисига мулойимлик билан «ҳовлимизда сув тошиб кетибди, сизга ҳам зарар бўлмасин, шуни тозалаб, сув йўлини очиб қўйсам, майлими» деганида балки иш бошқачароқ якун топган бўлармиди! Бордию қўшни шунда ҳам қўполлик қилса, бепарволик билан индамай ариқни тозалаб чиқиб кетаверса, олам гулистон эди. 
Йўқ, таранг асаблар воқеани бошқа ўзанга солиб юборди. Муроса санъатини, инсоний муомалани тан олмаслик икки қўшнини узоқ муддатли ғанимларга айлантирди. Ўртада икки кап-катта, эсли-ҳушли одамни уриштириб, шайтон муродига етди, мазза қилиб улар устидан кулди. Жиндай муросасизликнинг тўлови, ўлпони ана шундай салмоқли бўлди. 
Атрофингиздаги кишиларнинг ҳар бири билан яхши муносабат ўрнатиш учун бор имкониятингиз, иқтидорингиз ва салоҳиятингизни ишга солинг. Эрталаб кимдир сизга хўмрайиб қараса, сиз унга жилмайиб боқинг. Кимдир сизни ғийбат қилса, ортингиздан ёмонласа, иғво-туҳматни авж олдирса, сиз уни ҳаммага мақтанг, Яратгандан унга инсоф-диёнат тиланг. Кимдир сизга ёмонлик тилаётган бўлса, сиз уни яхшилик билан сийланг. Йўлингизга фасод, фитна чоҳларини қазиётганларга сиз карамли ва марҳаматли бўлиб, уларнинг қабиҳ қуролларини синдириб ташланг. 
Олишувлар, можаролар, қасослар билан ҳеч ким устунликка эриша олмайди. Аксинча, мулойим, кечира оладиган, муросагўй, андишали кишиларнинг ҳамиша дасти узун, тили бурро, ошиғи олчи бўлиб келган. Улар жамиятда доимо обрў-эътиборга сазовор бўлишган. Бир дўстимизнинг бундай гапи бор: «Майли, мени ёмонлаб ғийбат қилинглар, йўлимда чоҳ қазинглар, душманлик режаларини тузинглар. Аммо мен сизларга фақат яхшилик тилайман, барча озорларингга фақат самимийлик билан жавоб қайтараман. Ва бу билан сизлардан устун келиб, Аллоҳ ҳузуридаги мукофотларимни кўпайтираман».
Шуни ёдда тутингки, илк пайтдаги ғазабни ичга ютиш, озорнинг биринчи зарбасига сабр қилиш, шаънингизга отилган балчиқларга парво қилмаслик келгусидаги улкан зафарларнинг дебочаси бўлади. Бошда сиз ютқазгандай, иззат-шарафингиз поймол бўлгандай туюлса-да, унинг ортида улкан ғалаба, зафар нашидаси мўралаб турган бўлади. Аччиқ фироқ ортидан лаззатли висол дамлари келганидай, ҳар бир йўқотиш, ҳар бир машаққат орқасидан бир топилдиқ, бир хайрият албатта кириб келади. Бошқалар ёмонликка ёмонлик билан жавоб қайтариб, мухолифларидан қандай ўч олиш режаларини тузиб, қийналиб юргани ҳолда сиз ҳарқалай бу нохушликлардан, асаббузишлардан ҳам ҳимояланган бўласиз.
Руҳингизни ҳамиша хотиржам қилишга тиришинг. Оилада хотинингиз нимадандир хафа бўлиб ёки турмушидан нолиб сизга итоатсизлик қилдими, дилингизни оғритдими? Шунда ҳам сиз босиқ бўлинг, ўзингизни қўлга олинг, асабингизни бузманг. Ҳаммаси ўтиб кетади, у ҳовридан тушади, ҳали қилмишидан афсусланиб узр ҳам сўрайди. Сиз фақат сабр қилинг, кута билинг.
Фарзандингиз айтганингизга кўнмай, ўз билганидан қолмай режалар тузяптими? Бунга ҳам кўп қайғураверманг, азиятлар чекаверманг. Уни ўз ҳолига қўйинг. Эҳтимол мўлжали нотўғридир, балки хато ўйлаётгандир? Тузган режасини амалга ошираверсин, мустақил одимлайверсин, тажриба орттираверсин. Фақат ҳақ йўлдан тоймаса, ахлоқ чегараларидан чиқмаса, ҳалокат сари юз бурмаса бўлди. Бошқа ҳолларда ҳаётнинг икир-чикирларида унинг ишларига кўпда аралашаверманг, ҳар бир ҳатти-ҳаракатини назорат қилиб тураман, деб ўзингизни койитаверманг.
Яқинларингиз, қариндошларингиздан бирортаси сизни тушунмай, ноўрин аразлаб, тўнини тескари кийиб юрибдими? Бунга ҳам жаҳлингиз чиқмасин, хунобингиз ошмасин. Унинг аразига терслик қилиб, сиз ҳам алоқаларни узиб юборманг, борди-келдини йиғиштирманг. Вақт ўтиши билан сувлар тинади, гиналар унутилади. Гумон-шубҳаларнинг пучлиги очилиб қолади. Фитначиларнинг найранги ўтмай қолади. Энг асосийси, шайтон орадан чиқиб қочади. 
Нима сабабдандир ишхонадаги бошлиғингиз сиздан ноўрин ранжиб, дилингизни хуфтон қилдими? Бундан ҳам ҳикмат қидиринг. Эҳтимол, Аллоҳ сизни шу йўл билан синовга солаётгандир ёки қайсидир гуноҳларингизнинг жазосини бераётгандир ёхуд ўзингиз инсофни унутиб, вазифангизни сидқидил бажармаётгандирсиз? 
Нима бўлганда ҳам ҳар куни, кун оша ҳаётда содир бўлиб турадиган бундай кўнгилсизликлар, дилхираликлар сизни мувозанатдан чиқариб юбормасин, ҳаётдан бездирмасин, жонингиздан тўйдирмасин. Сиз хоҳлайсизми-йўқми, барибир улар сиз билан ҳамиша ҳамроҳ. Буларнинг дастидан ҳеч қаёққа қочолмайсиз. Қанчалик тадбирли, заковатли, ақлли бўлманг, турмушда дуч келинадиган барча муаммолар, келишмовчиликлар ва зиддиятларнинг олдини ололмайсиз. Зарбанинг қаердан келишини тўла ҳис қилиб, унга қарши тайёргарлик кўролмайсиз. Иш шундай экан, урушда катта талофотлардан қутилиб қолиш учун кичикроқ мағлубиятларга осонгина кўнадиган ҳарбий саркардаларнинг йўлини тутсангиз, асло ютқазмайсиз.
Одамлар билан муомала-муносабатларда энг яхши йўл – ҳар вақт, ҳар ишда ўзни бошқалардан бир поғона паст тутиш, янада аниқроқ айтадиган бўлсак, бошқаларни ўзингиздан донороқ, тажрибалироқ, уддабурророқ санаш. Қаршингизда сичқон эмас, шер турганини, овсар эмас, бир донишманд турганини ҳис этиб муомала қилинг, шунда ҳамманинг эътиборини қозонасиз, бошқалар сизга талпинадиган бўлади. 
«Менинг айтганларим ҳақиқат» дея қайсарлик қилмасдан бошқанинг ҳам фикрига қулоқ солишдан, унинг гапларини тинглашдан, маслаҳатини эшитиб кўришдан орланманг. Атоқли олимлар суҳбатдошларининг ноҳақлигини сезиб туришса ҳам «эҳтимол мен адашаётгандирман», деган истиҳолада кўпинча уларнинг сўзини бўлишмайди ёки раддия билдиришмайди. Кўп можаро, жанжалларнинг боши томонлардан бирининг қўрслиги, қўполлиги, манманлиги, ахлоқсизлиги, дин-диёнатдан йироқлиги туфайлидир.
Ҳаётда хотиржам, ҳамма билан бирдай аҳил, тотув яшамоқчи бўлсангиз, бир олтин қоидани эслаб қолинг: дунё ҳаётидаги ҳар бир ҳаракатингиз, ҳар босган қадамингиз, нафас олиб-чиқаришингиз, бошингизга келадиган ғам-кулфатлару шодмон-бахтли кунлар, хулласи ҳамма нарса тақдир ёзуғидир, Яратганннинг китобида битиб қўйилгандир. Буларни ўзгартириш ёки балоларни қайтариш бандасининг қўлида эмас. 
Агар дунёдаги ҳамма одам бирлашиб сизга бир ёмонлик қилмоқчи бўлсаю агар буни Аллоҳ истамаса, уларнинг қўлидан ҳеч нарса келмайди, ниятларини амалга оширолмай доғда қолаверади. Бордию дунёдаги ҳамма инсонлар жам бўлиб сизни бирор ишда қўлламоқчи бўлишсаю, аммо буни Аллоҳ хоҳламаган бўлса, улар ҳам мақсадларига етолмай қолишаверади.
Ҳақиқат шу бўлгач, ҳаёт пўртаналарида кемангизни бир текис ҳайдаб кетаман деб уринаверманг, жон койитаверманг, азият чекаверманг, Яратганга юкунинг, кемани оқимига топширинг, тақдир ҳукмига тўғрилаб қўйинг. Шунда манзилингизга эсон-омон етиб олишни Яратганнинг ихтиёрига топширган бўласиз.