1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Алдовларга кўникиб қолманг, одамлар!

Инсон ёлғизликда бахт ва ҳаловат топмайди. У ҳамиша жамият,  ундаги мавжудот ва предметлар билан бирга узвий алоқада бўлади. Ана шу муомала-муносабат самараси инсон кишилик жамиятида ўз ўрнига эга бўлади. Инсоний муносабатларнинг энг аввалида ота-она, туғишганлар, қариндош-уруғ, умуман, ҳаётда кишининг ўзига алоқадор одамлар билан муносабати ҳисобланади. Қолаверса, киши ўзи яшаётган жамият ва ундаги муҳит билан ҳисоблашишга мажбур. Одам боласи  “бошқалар билан нима ишим бор, муҳими,

Менда ҳаммаси яхши бўлсин”

деган ақида билан яшашга ҳақли эмас. Бу - бепарволик, лоқайдлик ва албатта худбинликнинг энг разил  кўриниши! Бундай  характердаги кишилар маънавий олами хароб ва ахлоқ тушунчалари заиф одамлардир. Бирор кишига қандайдир зарар етса хурсанд бўладиган, мамнунлик туядиган одамда ахлоқ туйғулари қайдан бўлсин? Бошқаларнинг ғамгинлигидан шодлик истаган кишини одам деб аташ  тўғри бўлармикан?..
 Афсусларки, орамизда шундайлар ҳам учрайди. Атрофидагиларнинг кўнглини оғритиб ҳаловат топадиган, бировнинг мусибатига  севинадиганлар, кимларнингдир кўз ёшлари эвазига куладиганлар... Одамларнинг ғурури, номуси ортидан манфаат кўриш истагидагилар, содда кўнгилларни беҳаловат қилиб хотиржамлик топишга уринмоқчи бўлганлар. Шайтоннинг лашкари улар. Бирови порахўр врач ниқобида кўринади. Икки дунё ўртасида, жон талвасасида ўртанаётган беморнинг соғлиғи, яқинларининг изтироби кўринмайди кўзига. “Ҳаётини сақлаб қолсам, қанча бераркин?” деган малъунона ўйлар чарх уради миясида. Шиори: “Ўлиб кетавермайдими, чўнтагимга пул кирса бўлди”. Одам нуқсидаги иблис. Иблис ҳам шундай разил ўйлардан ҳаё қилса керак...
“Одам савдоси” деган жумла кўп ишлатиляпти  бугун. Инсон қадр-қиймати, номуси, шаънини бозорга чиқаришяпти. Ўз биродари, юртдоши, миллатдоши, қишлоқдоши ва ҳатто қариндош-уруғларини хориж корчалонларига сотиб юбориб, шу жирканч “тирикчилиг”и ортидан келаётган мўмай даромадига ҳаволаниб юрадиганлар кўпаяяпти орамизда. Улар қилмишлари на инсоний, на шаръий ва на амалдаги қонунларга мутлақо зид эканлигини билмайди, деб ўйлайсизми? Йўқ, аслида ҳаммасини жуда яхши билишади. Лекин таъкидланганидек, “Бошқалар  баттар бўлмайдими, энг асосийси, менда ҳаммаси яхши бўлсин” деган кир ният нафсоний истакларига куч беради.

Ҳаёти хатога айланганлар

-    Онам дадамдан ажрашиб, ўз юртига қайтмай бир пайтлари техникумда бирга ўқиган курсдош дугоналарини орқа қилиб шу ерларга келиб қолганлар,- дейди бухоролик қиз.- Ўша дугоналари қандайдир оилали киши билан таништириб қўйган ва у онамни никоҳига олган экан. Хуллас, онамнинг биринчи турмушидан мен ва укам, кейинги турмушидан синглим ва укам  туғилган. Уларнинг отаси – онамнинг иккинчи эрининг иши юришган, топиш-тутиши яхши бўлган кезлар, ҳаётимиз шоҳона эди. Бирдан унинг ишлари чаппасига кетиб, қамалиб кетганди, биз кўчада қолдик. Маълум бўлишича, биз яшаётган уй ҳалиги одамнинг ўғлининг номида экан...
Онам тўрт болани етаклаб  қишлоғига боролмайди. Чунки бир пайтлари севги-муҳаббатни деб етим қолганида бошини силаган, паноҳига олган тоғасининг юзига оёқ босиб, дадам билан қочиб кетган... Қишлоғидаги қариндошлари тоғасининг юзидан ўтиб онамни қабул қилолмайди. Шундай қилиб биз онамнинг худбинлиги жабрини ҳануз тортиб келмоқдамиз. Ёшим ўттиздан ошди. Энг кичик укам ҳам аллақачон уйланиш ёшига етган. Онамнинг хатолар туфайли биз  ҳозиргача ҳаётда ўрнимизни тополганимиз, оила қурганимиз йўқ. Ҳаётимиздаги чигалликларни ўйласам, одам “ўзим” деб ҳеч нарсага эришолмаслигига, атрофидагиларнинг фикри, қараши билан ҳисоблашмаганнинг ҳаёти хатога айланишига иқрор бўламан...
Ҳақиқатдан ҳам жамиятга қарши борган, жамият манфаатини ўз манфаатидан устун қўймаган кишининг умри хатолар устида омонат туради. Инсон қачон бахт ва ҳаловат топади? Қачонки у “Ҳаммада бўлсин”, “Кўп қатори менда ҳам бўлсин” дея олса. Бироқ, таассуфки орамизда манфаатни “Ман фақат”га айлантирганлар       
ортаяпти. Саломингизга эринибгина алик оладиган қўшнингиз, жамоада ҳамкасбларнинг ижтимоий мавқеъи, молиявий аҳволи, кийиниши (бу ҳол кўпинча аёлларга хос) ва ҳоказоларига қараб муомала қиладиган ҳамкасбингиз, қариндошлик ришталарини таъма илинжида боғлаётган яқинингиз...
 Бундайлар рўйхатини кўпайтириш мумкин. Хўш, нега кўпайгандан кўпайиб боряпти манфаат қуллари?
Бегоналарни қўя турайлик, фарзандидан манфаат кутадиган ота-оналар ҳам бор. Шундай одамни биламан. Пул, мол- дунё ҳирси исканжасида кўнгил кўзгуси кирланиб кетган. “Яна бўлсин”, “Кўпайсин” вавасасида дийдаси қотиб кетган нафс бандасининг уйланиш ёшидаги ўғли бойлик илинжи йўлида қурбон бўлди. Қандайдир таъқиқланган товарлар савдоси билан шуғулланиши ҳақида гап юрарди элда. Ўша “олам”нинг корчалонлари ўзларига рақобатчи “тадбиркор”ни синдириш учун фарзандидан фойдаланишади. Кечки пайт қаердандир овқатланиб келган йигит, тонгга яқин узилади. Фарзандини йўқотиш ҳам отага зарба бўлмади. Аксинча, бу йўлга яна бир ўғлини бошлади. Неажабки, иккинчи ўғилга ҳам “ҳужум” уюштирилди. “Бизнесмен” ниқоби ортига биқинган жиноятчилар давраларининг “гули” бўлган қизни рақобатчи шерикларининг ўғлига рўпара қилишди. Шарт шундай эди: “Бу қизга уйланмасанг, қамалиб кетасан!” Манфаат қули учун ор, номус, фарзанд тақдири, оила шаъни деган нарсалар мутлақо бегона экан. Шунинг учун рақобатчи “ҳамкор”ларининг жазманига ўғлини уйлантиришдан тоймади...

Фарзандидан таъма қиладиганлар

 ҳақида эшитиш бугунимизга келиб одатий ҳолга айланиб қолди. Болаларини мавқеи, касбу кори, умуман, топадиган пулига қараб муомала-муносабат қиладиган ота-оналарни кўрганда юрак увишади. Дил зирқиррайди. Аммо таассуфки, ундайлар бор, ҳатто ҳайратланмайдиган даражада кўп улар...
-    Ота- она фарзандини таъмасиз, фақат  фарзанди бўлгани учун яхши кўради, дейишади. Мен ота-онамнининг биз болаларига муносабатини ундай таърифлай олмайман,- дейди Бахтиёр исмли йигит. - Ота-онамга пул топиб олиб берганимда бошқача муомала қилишади, ишим юришмай қолганида дарров муносабатлари ўзгаради.. Алам қиларлиси, тушкунликка тушиб, чорасизликдан  синиб қолганимда, бегоналар яхши гаплар, кўнгил кўтариш билан оғир кунимга ярайдию, мени дунёга келтирган ота-онамнинг қовоғи ҳеч очилмайди. Қийин кунингда ўзингникилар юрагингга ўқ отса, бегоналардан ўпкалашга на ҳожат... 
 Биз фарзанд ота-онани айбдор қилишга ҳақли эмас, дейишга ўрганиб қолганмиз. Негадир, фарзанд ва ота-она муносабатига фақат бир ёқлама фикр билдирамиз. Ота-она дегани авлиё ёки хатолардан фориғ фаришта дегани эмас-ку!?..

“Дуоларим ижобат бўлмаяпти”

деб зорланамиз. Қандай ижобат бўлсин, феълимизда кибр ҳукмрон бўлса. “Аллоҳ сўраганимни бермаяпти” деб иддао қиламиз. Қандай берсин, сўровимиз илтижо эмас, ТАЛАБ бўлса. “Ишларим юришмаяпти” деб ёзғирамиз. Қандай юришсин, атрофдагиларни унутиб, “фақат менга бўлсин!” деб турган бўлсак. “Тинмай югураман, ҳеч топганимга барака йўқ” деб нолиймиз. Яқинларимиз, жон- жигарларимиз кунига ярамаймиз, жилла қурса ойда бир хабар олгани ҳафсала қилмаймиз, қандай барака қўнсин топганимизга? Кўнглимизда хотиржамлик йўқ, руҳимизга ҳаловат бегона. Нега? Чунки, бошқаларнинг кўнгли билан ҳисоблашмай қўйганмиз. Инсон кўнгли мисли Каъбатуллоҳ эканини билмаймиз. Кўнгил шишадан ҳам нозик, у бир синса, ҳаммаси тамом бўлишини тушунмаймиз. Бизга ҳатто буларнинг қизиғи ҳам йўқ. Ҳаётимизни “ўзим бўлай” ибораси чигаллаштириб юборяпти. Биз эса ўзимизни қўлга олиб, амалларимизни ақл тарозусида ўлчаб кўриш ўрнига манфаат кетидан овораю сарсонмиз...
Вафодорлик, садоқат, аҳдга содиқлик, ротсгўйлик каби фазилатлар борган сари

Ноёб матоҳлар

сирасига кириб бормоқда. Мунофиқ, ёлғончи, ваъдабоз, бевафоларга йўлиқавериб, ҳаммадан шубҳаланадиган, одамларга ишонмайдиган бўлиб қоляпмиз. Бир-биримизни алдаш одатий ҳолга айланиб қолган. Ёлғон дунёнинг ёлғонларига кўникиб боряпмиз. Бозорда сотувчи харидорни алдаб тарозининг “нағма”сига ишонтириб жиғилдонини тўлдиряпти. Кўчада меҳнатга бўйни ёр бермас ялқов ота- онасиз етимлиги, синглисининг хасталигини айтиб одамларни авраб тиланчилик қиляпти. Беҳаё қиз шўрпешона йигитни алдаб- авраб бокира қиз қиёфасида чимилдиққа киряпти. Одамзод алдовларга кўникиб қоляпти. Одам боласи алдовларга ишониб қоляпти. Эътибор беряпсизми, ҳамма инсон табиатига хос бўлмаган хислатлар мақсади бир илдизга – манфаатга тақаляпти. Манфаат истаги нафсга куч бериб ақлимизни ўтмаслаштиряпти. Моддият истаги устун келиб ўзлигимиздан узоқлаштиряпти. Бу дунёда пул, мол-дунё, манфаат билан битмайдиган ишлар ҳам борлигини мулоҳаза қилмаяпмиз. Кун келиб бу фаромушлик  жабри бизга қимматга тушмайдими? Сўз сизга, муҳтарам сайтдош!

Умида АЗИЗ

Ҳозир сайтимизда 346 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ