1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

“Дадаси, келинг, ярашайлик...”

— Алло, ассалому алайкум, кечирасиз, мен  таҳририятга тушдимми?
— Ҳа, таҳририят. Эшитаман? — Қўнғироқ қилиб тушган мухлисамиз бироз хижолатланган кўйи сўзсиз туриб қолди.
— Ҳалиги... Мен дардимни айтсам, ёзиб чиқарасизларми?
— Бемалол, аввал сиз айтинг-чи, эшитиб кўрайлик. Биз мухлисларимиз истагини имконимиз даражасида бажаришга ҳаракат қиламиз.
— Ёшим йигирма иккида. Турмушга чиққанман. Икки яшар ўғлим бор. Маълум сабабларга кўра турмушимиз бузилган эди.
— Ўғилчангиз сиз биланми?
— Ҳа. Ўғлимни ўзим катта қилдим. Эндиликда турмуш ўртоғим билан ярашмоқчиман. Шунга сизлардан ҳам маслаҳат сўрай дегандим.
— Биз ҳам нима дердик, бирорта ҳам оила бузилмаслигини, фарзандлар тирик етим бўлиб чирқилламаслигини истаймиз-да! Албатта ярашинг! Турмуш ўртоғингизнинг ўзи келиб ярашиш таклифини айтяптими?
— Йўқ. Ажрашганимизга икки йил бўлди. Аммо шу фурсат ичида турмуш ўртоғим уйланмади. Мен ҳам уйга сўраб келган совчиларнинг ҳеч бирига рўйхушлик бермадим. Биринчи марта ота-онам ўзлари хоҳлаган йигитга мени узатиб, хотиржам бўлмаганликлари учун, турмушга чиқишимни айтиб қисташмади. Ўйлаб қарасам, совчи қўйганларнинг барчасидан эрим яхши экан. Шунинг учун кўз очиб кўрганим, боламнинг отаси билан ярашганим маъқул, деган хулосада тўхтадим.
— Уйингиздагилар ҳам бу қарорингизни қўллаб-қувватлашгандир, ҳойнаҳой?
— Ота-онам, жигарларим қароримни маъқуллашмади ҳам, тасдиқлашмади ҳам. Уларнинг оғзи куйган-да, “Ўзинг биласан, сен нима қарорга келсанг, биз қарорингни ҳурмат қиламиз”, дейишяпти. Аслида уйдагилардан тайинли бир гап чиқмагани учун ҳам, газета таҳририятига қўнғироқ қилаётгандим.
— Хўш, болангизнинг отаси-чи, у ярашишга кўндими?
— Йўқ... - Мухлисамизнинг кўнгли тўлиб, йиғлаб юборди. - Собиқ турмуш ўртоғим ярашишимизни истамаяпти.
— Нега ахир? Фарзандини яхши кўрмайдими?
— Боламизга меҳрлари баланд. Мен уларга истаган пайтларида ўғилларини кўришга рухсат берганман. Энди ярашаман, десам кўнмаяптилар.
— Тавба, нима дейди?
— “Ярашмоқчи экансан, ўшанда нега ажрашдинг?! Ҳаммага овоза бўлдик, мен нуфузли даргоҳда ишлайман. Жамоамда обрўим қолдими?! Ўзинг ажрашасан, яна бир қарасанг ўзинг ярашайлик, деб келасан”, деди. Хуллас, ярашиш нияти йўқ-да.
— Ҳа... Энди бир гап-да синглим, айни пайтда мен айб кимдалигини  ва нима сабабдан ажрашиб кетганингизни ҳам билмайман. Аммо шуниси аниқки, ажрашиш фикри сиздан чиққан кўринади. Майли, ўтган ишга саловат, сиз шошма-шошарликка йўл қўйгансиз. Аёл кишининг бахти оиласи, турмуш ўртоғи ва фарзандлари билан мукаммал. Айни пайтда мудроғ ағлингиз уйғониб, оилангизни тиклашга уринаётганингиз хайрли, лекин катталар ҳам сизни қувватлаб, бу савоб ишга ўзлари бош-қош бўлишса, яхши бўлармиди, деб ўйлаяпман...
— Гапингиз тўғри. Лекин ўшанда мен ноиложликдан ажрашганман. Қолаверса, ёш эдим, қўрққанман. Ажрашмасам, охири ёмон бўлади, деб ўйлаганман... Нимага деганда, ўша пайтлари турмуш ўртоғим гиёҳванд модда истеъмол қилишини билиб қолганман. Ажрашганимиздан сўнг турмуш ўртоғимнинг ишлари юришиб, лавозими кўтарилди. Биласиз, пули кўп, амали бор кишиларга хотин топилиши осон. Аммо у ҳалигача ёлғиз. Шундан ўзим ўйладимки, энди ёшликдаги бебош одатларини ташлаб, яхши томонга ўзгарган бўлиши керак. У мени ва ўғлини яхши кўради, шунинг учун бошқа турмуш қилмаган...
— Бўлиши мумкин. Нима бўлганда ҳам сиз яхши қарор устида ўйланяпсиз. Бу борада катталардан ҳам ёрдам сўранг ва оилангизни тикланг. Юқорида ўзингиз тўғри бир гапни гапирдингиз, қадимгилар бежизга “биринчи бахтим — ой бахтим”, дейишмаган. Хайрли мақсадни Аллоҳ ҳам қўллайди.
— Раҳмат сизга. Қандайдир куч олдим яна.
— Саломат бўлинг.

Рухшона ФАРРУХ суҳбатлашди

Ҳозир сайтимизда битта меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ