Сайт бўлимлари
Ризқи танг бўлиб қолган кишига насиҳатлар
- Подробности
- Бўлим: Оилам
- Чиққан санаси: 30 Январь 2015
- (Нашр қилинган санаси)
Савол: Ризқи танг бўлиб қолган кишига қандай насиҳат берган бўлардингиз?
Жавоб:
الحمد لله رب العالمين و الصلاة و السلام على أشرف المرسلين و على آله و صحبه أجمعين. أما بعدُ:
Суюкли биродарим, менинг сизга ва барча мусулмонларга насиҳат беришим вожиблик даражасидаги бир талабдир. Чунки, Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам уни диннинг хулосаси деб қўйганлар. Чунончи, у зот соллаллоҳу алайҳи васалламдан саҳобалари бўлмиш Тамим ад Дорий Муслим у кишидан ривоят қилган ҳадисда – бу ҳадис Нававийнинг “Арбаъийн”ида ҳам келган, - шундай деганлар: “Дин (бу,) насиҳатдир”. Биз: “Ё Расулаллоҳ, кимга?” – дедик. У зот дедилар: “Аллоҳга, Унинг Расулига, Унинг Китобига, мусулмонларнинг имом(раҳбар)лари ва оммаларига”. Ана шу насиҳат Китоб ва суннатдан олинган бир нечта ишларда ўз ифодасини топган.
Сизга батафсил насиҳат беришдан аввал шуни билиб қўйишингизни истардим: ризқнинг кенг ва тор бўлиши нисбий масаладир. Зеро қанча – қанча одамлар ўзларининг ризқларини тор деб биладилар. Лекин барака уларнинг ризқдаги торликларини кенг қилиб қўяди, Аллоҳ уларга ризқ қилиб берган нарсага қаноат қилишлари уларга кифоялик қилади ва Аллоҳнинг қисматига рози бўлишлик уларни беҳожат қилади. Бир шоир шундай деган эди:
Ҳаётингга қасамки, шаҳар ўз аҳлига торлик қилмаётир,
Торлик қилаётган нарса - бу, одамларнинг ахлоқидир.
Ҳадисда шундай келган: “Аллоҳ сенга тақсим қилган нарсага рози бўлгинки, одамларнинг энг бадавлати бўлурсан”.
Бошқа бир шоир шундай деган:
Агар сен қаноатли қалбнинг эгаси бўлсанг,
Демак, сен ҳам моли дунёинг ҳам баробардир.
Ана шу менинг сизга ва ўзимга берадиган насиҳатимнинг бошидир. Эҳтимол, сиз кўп нарсанинг эгасисизу, аммо унга қаноат қилмайсиз ва у сизга камлик қилади. Нега? Чунки сиз доим, яна борми, деяверасиз.
Нима бўлганида ҳам, мен Аллоҳ таоло инсоннинг ҳалол ризқини кенг қилиб қўйишига восита бўладиган сабабларни баён қилиб беришни бошласам ва улар қуйидагилардир:
Биринчидан. Аллоҳ таборака ва таолодан тақво қилишлик:
Мана шуниси ризқнинг кенг ва баракали бўлиши сабабларининг биринчисидир. Зотан, Аллоҳ таоло тақводорларга ана шуни ваъда қилиб, ўзининг буюк Китобида шундай дейди:
“Ким Аллоҳга тақво қилса, У зот унинг йўлини очиб қўюр. Ва унга ўзи ўйламаган тарафдан ризқ берур”. (Талоқ сураси: 2,3;), “Агар қишлоқлар аҳллари иймон келтирганларида ва тақво қилганларида эди, Биз, албатта, уларга осмону ердан баракотларни очиб қўяр эдик. Лекин улар ёлғонга чиқардилар, бас, уларни қилган касблари туфайли тутдик.” (Аъроф сураси: 96;), “Агар улар Тавротга, Инжилга ва уларга Роббиларидан нозил бўлган нарсага амал қилганларида эди, албатта, тепаларидан ҳам, оёқлари остидан ҳам (ризқ) еган бўлардилар”. (Моида сураси: 66;)
Аллоҳдан тақво қилишлик Унинг амрларини бажариш, У қайтарган ва ман қилган ишлардан тийилишлик билан бўлади.
Иккинчидан. Тавба ва истиғфор:
Инсон Аллоҳ таоло: “Ва инсон заиф яратилгандир”, (Нисо сураси: 28;) дея марҳамат қилганидек, табиатан заиф қилиб яратилган. Бинобарин, у камчиликка йўл қўйишдан, осийлик қилишдан, буюрилган ишларни қилмаслик ва тақиқланган ишларга қўл уришлик билан хилоф иш тутишликдан холи эмас. Гуноҳнинг хатарларидан бири унинг ризқдан, ризқдаги баракадан маҳрум бўлишлик сабабларидан бири эканидир. Бу борада Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Ҳақиқатда банда ўзи қилган гуноҳи сабабли ризқдан маҳрум бўлади”. Аҳмад ривоят қилган. Ҳадиснинг ровийлари уни ҳасан лиғойриҳи деганлар. Яҳудийлар ўзлари қилган зулмлари ва маъсиятлари сабабидангина покиза нарсалардан маҳрум қилинган эдилар. Аллоҳ таоло шундай деган:
“Яҳудий бўлганларга уларнинг зулми, Аллоҳнинг йўлидан кўп тўсганлари учун ўзларига ҳалол қилинган нарсани ҳаром қилдик. Ва қайтарилган бўлсалар ҳам, рибо олганликлари ва одамларнинг молларини ботил йўл билан еганлари учун. Ва уларнинг кофирлари учун аламли азобни таёрлаб қўйдик.”(Нисо сураси: 160, 161;)
Инсон ана шу машаққатлардан нажот топиши, ризқи (бутунлигича) сақланиб қолиши ва маъсият унга зарар қилмаслиги учун у ўзи қилган гуноҳ ва хатоларига тавба қилгувчи, истиғфор айтгувчи ва надомат чеккувчи ҳолида тезда ўз Роббисига мурожаат қилиши керак бўлади. Натижада, қилган истиғфори гуноҳларни барбод қилади, унинг тавбаси тавбадан олдинги нарсаларни кесиб юборади. Бундан ташқари бу иккиси ризқнинг сабабларидандир. Аллоҳ таоло Ўзининг пайғамбари Ҳуд алайҳиссалом тили билан шундай дейди:
“Эй қавмим, Роббингизга истиғфор айтинг, сўнгра Унга тавба қилинг, шунда У устингизга осмондан барака ёмғири юборади ва қувватингизга қувватни зиёда қилади. Жиноятчи бўлган ҳолингизда юз ўгириб кетманг», деди”. (Ҳуд сураси: 52;)
Ибн Касир раҳимаҳуллоҳ шундай дейди: “Ҳуд алайҳиссалом ўз қавмини ўтмиш гуноҳларга каффорат бўладиган истиғфор айтишга ва ўзлари қиладиган ишлардан тавба қилишга амр қилди. Ким ана шу сифат билан сифатланса Аллоҳ унинг ризқини осон қилиб қўяди, ишини ўнглаб қўяди ва шаънини ҳимоя қилади”. (Иқтибос тугади)
Аллоҳ таоло Нуҳ алайҳиссаломнинг тилида шундай деган:
“Бас, ўз Роббингизга истиғфор айтинг, албатта у гуноҳларни кўплаб мағфират қилувчидир, дедим. У зот осмондан устингизга кетма-кет (барака ёмғирини) юборадир. Ва сизга молу мулк ва бола-чақа ила мадад берадир ва сизларга боғу роғлар ҳамда анқорларни берадир.” (Нуҳ сураси:10,11,12;). Қуртубий раҳимаҳуллоҳ шундай дейдилар: “Ана шу ва Ҳуд сурасидаги оят истиғфор ёрдами билан ризқ ва ёмғир тушишини сўрашга далолат қилади”. (Иқтибос тугади). Ибн Касир раҳимаҳуллоҳ дейдилар: “Яъни, агар Аллоҳга тавба қилсангиз, Унга истиғфор айтсангиз ва Унга итоат қилсангиз сизларнинг ризқингизни кўпайтирур, осмон баракотлари билан сизларни суғорур, сизлар учун ернинг баракотларини чиқарур, сизлар учун зироатни ундириб берур, сизлар учун соғиладиган ҳайвонлар сутини мўл қилиб қўюр, сизларга моллар ва фарзандлар билан қувват берур, яъни сизларга моллар ва фарзандлар берур, сизлар учун анвои мевалари бор боғларни яратиб берур ва у боғларнинг ораларидан оқиб тургувчи дарёларни оқизиб қўюр”. Иқтибос тугади.
Муторриф Шаъбийдан ривоят қиладики, мўминлар амири Умар одамларни олиб ёмғир сўрагани чиқдилар. Бас, токи у ердан қайтгунга қадар истиғфордан бошқасига ўтмадилар. Шунда у кишига дедилар: “Ёмғир сўраганингизни эшитмадикку?”. Умар дедилар: “Мен ёмғирни осмоннинг калитлари билан сўрадимки, улар сабабидан ёмғир ёғишини сўралур. Сўнгра: “Бас, ўз Роббингизга истиғфор айтинг, албатта у гуноҳларни кўплаб мағфират қилувчидир, дедим. У зот осмондан устингизга кетма-кет (барака ёмғирини) юборадир”ни ўқидилар”.
Бир одам Ҳасан Басрий олдиларига қурғоқчиликдан шикоят қилиб келди. Шунда у киши: “Аллоҳга истиғфор айт”, дедилар. Бошқа бир одам фақирликдан шикоят қилди. Унга: “Аллоҳга истиғфор айт”, дедилар. Бошқа бир одам келиб, у кишига: “Менга фарзанд беришини сўраб Аллоҳга дуо қилинг”, деди. Унга: “Аллоҳга истиғфор айт”, дедилар. Бир киши у кишининг олдига келиб боғи қуриб қолаётганидан шикоят қилди. Унга: “Аллоҳга истиғфор айт”, дедилар. Бу ҳақида у кишига: “Сизнинг олдингизга одамлар ҳар турли нарсалардан шикоят қилиб келдилар. Сиз бўлсангиз уларнинг барчасига истиғфор айтишни буюрдингиз”, дедилар. Шунда у киши дедилар: “Мен ўзимдан олиб ҳеч бир гапни айтмадим. Аллоҳ таоло Нуҳ сурасида: “Бас, ўз Роббингизга истиғфор айтинг, албатта у гуноҳларни кўплаб мағфират қилувчидир, дедим. У зот осмондан устингизга кетма-кет (барака ёмғирини) юборадир. Ва сизга молу мулк ва бола-чақа ила мадад берадир ва сизларга боғу роғлар ҳамда анқорларни берадир.” – деган, дедилар”.
Учинчи. Ота – онага яхшилик қилиш ва силаи раҳм:
Дарҳақиқат, бу борада кўплаб ҳадислар ворид бўлган. Шулардан:
Бухорийнинг Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан қилган ривояти. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу деди: “Мен Расулуллоҳнинг шундай деяётганларини эшитдим: “Кимни ризқи кенгайтирилиши ва ажали ортга сурилиши масрур қилса, қариндошларига силаи раҳм қилсин”.” Яна Бухорийнинг Анас ибн Моликдан қилган ривояти: Расулуллоҳ дедилар: “Кимки ризқи кенгайтирилиши ва ажали ортга сурилишини яхши кўрса, қариндошларига силаи раҳм қилсин”. Бухорий ана шу иккала ҳадисга “Силаи раҳм сабабидан ризқи кенг қилинган кишилар боби”, деб сарлавҳа қўйган.
Имом Аҳмад Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Насабларингиздан силаи раҳм қиладиган нарсангизни таълим олинг. Чунки, силаи раҳм аҳлнинг муҳаббатидир, молу мулкнинг кўплигидир ва умрнинг зиёдалигидир”, дедилар.
Яна Имом Аҳмад Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимни умри узун бўлиши, ризқи кенгайтирилиши ва ёмон ўлим ундан узоқ бўилиши масрур қилса, Аллоҳдан тақво қилсин ва силаи раҳм қилсин”, дедилар.
“Ал Адаб ал Муфрад”да: Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумо деди: “Ким Роббисидан тақво қилса, силаи раҳм қилса, ажали ортга сурилади ва молу мулки кўпаяди, аҳли уни яхши кўради”.
Демак, булар бир қанча ҳадислар жумласи бўлиб, уларни тааммул қилган киши силаи раҳмнинг қийматини, унинг самараларини билиб олади. Унинг энг асосий самаралари: ризқи кенг бўлиши, умри узун бўлиши, ёмон ўлим топишдан ҳимояланиши ва аҳлининг муҳаббатини қозонишидир.
Одамлар ичидан силаи раҳм қилинишга энг ҳақлироқлари булар ота – она, яқин қариндошлар, сўнгра узоқ ва узоқроқ қариндошлардир.
Силаи раҳм бир қанча нарсалар билан бўлади. Шулардан: уларга яхшилик қилиш, уларни зиёрат қилиб туриш, уларга меҳрибон бўлиш, уларни суриштириб аҳволларидан хабар олиш ва фақирларига моддий ёрдам бериш, катталарини ҳурматини жойига қўйиш, ғам ва қайғуларида ҳамдард, шодликларида шерик бўлиш, шунингдек, уларнинг ортларидан дуои хайрлар қилиш, улар ҳақида яхши гумонда бўлиш, уларга нисбатан кўнгилни тоза қилиш, чақирсалар бориш, уларни ҳидоятга чорлаш, уларга амри маъруф ва наҳйи мункар қилиш, молу давлат билан, керак ва зарур вақтларда ёрдам бериб, елкадош бўлиш ва ҳоказолар билан.
Тўртинчи. Аллоҳ йўлида инфоқ қилишлик:
Буниси ризқнинг кенг бўлишидаги энг асосий сабаблардандир ва Аллоҳнинг йўлида инфоқ қилишга тарғиб қилиб Китоб ва Суннатда кўплаб насслар ворид бўлганига қарамасдан кўпчилик одамлар фақирлик ва йўқчиликдан қўрқишини даъво қилиш билан унда нуқсонга йўл қўядилар. Шулар жумласидан:
“Айт: «Албатта, Роббим ризқни Ўз бандаларидан кимни хоҳласа ўшанга кенг қилур ва тор қилур. Ҳар бир инфоқ қилган нарсангизнинг ўрнини У тўлдирур. У зот ризқ бергувчиларнинг яхшисидир»” (Сабаъ сураси: 39;) Ибн Касир раҳимаҳуллоҳ шундай дейдилар: “Яъни, сизларга амр қилган ва рухсат берган йўлларда қанча нарсани инфоқ қилсангиз, бас, У сизларга дунёда ўрнига ўрин билан, охиратда эса мукофот ва савоб бериш билан унинг эвазини беради”.
“Эй иймон келтирганлар! Касб қилган пок нарсаларингиздан ва Биз сизларга ердан чиқариб берган нарсаларимиздан садақа қилинглар. Нопокни қасд этиб садақа қилманг. Ҳолбуки, уни ўзингиз ҳам олувчимассиз, магар кўз юмсангизгина оласиз. Ва билингки, албатта, Аллоҳ бой ва мақталган зотдир.
Шайтон сизга фақирликни ваъда қилади ва фаҳш ишларга буюради. Аллоҳ сизга ўзидан мағфират ва фазлни ваъда қилади. Ва Аллоҳ кенг қамровли, билувчи зотдир”. (Бақара сураси: 267,268)
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида ворид бўлган насслардан:
У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Аллоҳ таборака ва таоло деди: “Эй одам боласи! Инфоқ қилгинки, Мен ҳам сенга инфоқ қилай”.”. Муслим рифояти.
У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бандалар тонг оттирадиган ҳар бир кунда, албатта, икки фаришта нозил бўлади.
Улардан бири:
“Эй бор Худоё! Инфоқ қилгувчига ўринбосар бергин”, дейди.
Иккинчиси эса:
“Эй бор Худоё! Мумсикка йўқотиш бергин”, дейди”, дедилар. Икки шайх ривоят қилганлар.
Демак, ана шу ҳадисларнинг барчаси яхшилик йўлларига инфоқ қилишга тарғиб қилади ва инфоқ қилган кишига Аллоҳ таолонинг фазлидан иборат бўлган ўринбосарнинг башоратини беради, инфоқ қилгувчининг қалблардаги шаънини юксалтиради.
Бешинчи. Заифларга эҳсон қилишлик:
Бу, энди, Аллоҳ улар сабабидан бандаларга ризқ берадиган ва ёрдам берадиган ишлардандир. Буни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Мусъаб ибн Саъд розияллоҳу анҳунинг ҳадисида баён қилиб берганлар. Унда Саъд ўзидан пастларга нисбатан ўзида устунлик бор деб билган жойида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизларга бериладиган нусрат ва ризқ фақатгина заифларингиз сабабидан эмасми?!”. Бухорий ривоят қилган. Абу Дардодан: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деяётганларини эшитдим: “Мени заифларингизнинг орасидан излангиз. Чунки, сизларга заифларингиз сабабидангина нусрат ва ризқ берилур”.”. Абу Довуд ва Термизий ривоят қилган. Аллоҳ Қалам сурасида бизга хабарларини сўзлаб берган боғ эгаларининг қиссасида (ҳам биз учун) ибрат ва эслатма бор.
Олтинчи. Ибодатлар вақтида қалбни бир жойга жамлаш:
Ризқни келтирадиган сабаблардан яна бири ибодатни адо этаётган вақтда қалбни ибодат учун бўшатиб беришдир. Зеро, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам (бундай) деганлар: “Албатта, Аллоҳ таоло дейди: “Эй одам боласи! Сен менинг ибодатим учун фориғ бўлсанг Мен сенинг қалбингни бойлик билан тўлдираман, фақирлигингни кеткизаман. Агар шундай қилмасанг, қўлингни иш билан банд қилиб қўяман ва фақирлигингни кеткизмайман”.”. Термизий ва Ибн Можа ривояти.
Маъқил ибн Ясор розияллоҳу анҳудан: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Роббингиз таборака ва таоло дейди: “Эй одам боласи! Эй одам боласи! Сен менинг ибодатим учун фориғ бўлки, Мен сенинг қалбингни бойлик билан тўлдирай, қўлингни ризқ билан тўлдирай. Эй одам боласи! Сен Мендан узоқлашмагинки, қалбингни қашшоқлик билан тўлдираман, қўлингни иш билан билан тўлдираман”.”. Ҳоким ривоят қилган.
Демак, ана шу икки ҳадисда Аллоҳ таоло Ўзининг ибодати учун фориғ бўлган кишига иккита нарсани – қалбини бойлик билан, қўлини ризқ билан тўлдиришни ваъда қилмоқда.
Ҳадисда ишни ташлаб қўйиб, бекорчи бўлиб ўтиришга, ризқни талаб қилишдан тийилишга даъват қилинмаяпти. Мақсад ибодат вақтида қалбнинг ҳозир бўлиши, бандани ўзининг олий Роббисидан тўсиб қўядиган ишлар ва ўй – хаёллардан фориғ бўлишидир. Қалб ана ўша вақтда ўзини Ер ва Самонинг Эгасига муножот қилаётганини ҳис қилади, натижада У билан кифояланиб Ундан ўзгасидан беҳожат бўлади. Қалб эса тоат сабабли бахтиёр бўлади, ҳаёт эса ризқлар билан кўпаяди.
Еттинчи. Бор бўлган неъматлар учун Аллоҳга шукур қилишлик:
Ризқнинг зиёда бўлишига сабаблардан яна бири бу, берилган неъматлар эвазига Аллоҳга шукур қилишдир. Аллоҳ таоло дейди:
“Ва Роббингиз сизга: «Қасамки, агар шукр қилсангиз, албатта, сизга зиёда қилурман», деб билдирганини эсланг”. (Иброҳим сураси: 7)
Демак, шукур қилишлик мавжуд неъматларни боғлаб туради, қўлдан кетганларини чақиради. Ана шу ҳақида Умар ибн Абдул Азиз розияллоҳу анҳу: “Аллоҳнинг неъматларини Аллоҳга шукур қилиш билан боғлаб қўйингиз. Зеро, шукур қилиш неъматларни боғлагувчи, кўпайишининг сабабидир”, деган. Аллоҳга шукур қилишлик қалбнинг неъматга иқрор бўлиши, тил билан Аллоҳга сано айтиши ва ана шу неъматни Аллоҳ субҳаанаҳу рози бўладиган ўринларга ишлатиш билан бўлади.
Саккизинчи. Уйланишлик:
Аллоҳ таоло марҳамат қилади:
“Ораларингиздаги никоҳсизларни ва қулу чўриларингиздан солиҳларини никоҳлаб қўйинг. Агар фақир бўлсалар, Аллоҳ уларни Ўз фазлидан бой қилур. Аллоҳ (фазли) кенг, ўта билгувчи зотдир”. (Нур сураси: 32). Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу дедилар: “Бойликни никоҳдан изламайдиган кишидан ажабланаман. Ваҳоланки, Аллоҳ: “Агар фақир бўлсалар, Аллоҳ уларни Ўз фазлидан бой қилур”, деб турибди”.
Тўққизинчи. Ҳаж ва Умрани бирга бажаришлик.
Ислом фақирликнинг кетиши ва ризқнинг кенгайишига сабаб қилиб қўйган ишлардан яна бири: Ҳаж ва Умранинг ўртасини бир бирига тобе қилиб бажаришлик(яъни, ҳаж қилганда ортидан умра ҳам қилиш ёки умра қилганда ортидан ҳаж ҳам қилиш)дир. Зеро, Ибн Аббосдан ривоят қилинган марфуъ ҳадисда: “Ҳаж билан Умранинг ўртасини тобе қилинг. Чунки, бу иккиси темирчининг босқони темир, олтин ва кумушнинг кирини кеткизгани каби фақирлик ва гуноҳларни кеткизади. Ҳажжи мабрурнинг савоби жаннатдан бошқа нарса эмасдир”, дедилар. Термизий ва Насоийлар ривоят қилишган.
Ҳаж билан Умранинг ўртасини тобе қилиш ҳақида уламолар наздида икки хил фикр бор:
Биринчиси: шу ишга қодир бўлган одам учун такрор – такрор Ҳаж ва Умра қилиш билан тобе қилиш;
Иккинчиси: Ҳаж ва Умрадан бирини иккинчисига тобе қилишлик. Яъни, Ҳаж қилса Умра ҳам қилади, Умра қилса Ҳаж ҳам қилади.
Ўнинчи. Касб қилиш сабабларини ушлашлик:
Касбнинг сабабларини ушламайдиган бўлса, юқорида ўтганлар кифоя қилмайди. Зеро, Аллоҳнинг суннати шундай жорий бўлганки, киши меҳнат ва саъй қилмаса ўз ризқига эришмайди. Ким меҳнат қилса топади. Кимки экса, ҳосилини кўради. Аллоҳ таоло дейди:
“У сизларга ерни бўйсундириб қўйган зотдир. Бас, унинг турли жойларида юринг ва Унинг ризқидан енг ва қабрдан чиқиб бориш ҳам Унинг ҳузурига бўладир”. (Мулк сураси: 15)
Демак, ким бўйсундирилган ернинг турли жойларида юрса Аллоҳнинг ризқидан ейди. Ким – узрсиз, - ўтириб олиб бепарволик қилса, емасликка муносиб бўлади. Еганда ҳам ернинг турли жойларида юриб меҳнат қиладиганларнинг ҳақларидан олиб ейди.
Шунинг учун ҳам ислом меҳнат қилиш ва ишлашга чақиради. Бекорчилик ва дангасаликдан қайтаради.
“Бас, намоз тугагандан сўнг ер юзи бўйлаб тарқалинг ва Аллоҳнинг фазлидан талаб қилинг”. (Жумъа сураси: 10)
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Киши ўз қўлининг меҳнати ортидан еганидан кўра яхшироқ таомни ҳеч ҳам емаган”. (Бухорий ривояти) ва мана бу гапни айтиш билан одамлардан тиланчилик қилишдан қаттиқ қайтарадилар: “Киши одамлардан тиланчилик қилишда давом этар экан ҳатто Қиёмат кунида юзида эти бўлмаган ҳолда келади”.
Ана шуларнинг хулосаи каломи сўзнинг бошида айтиб ўтганимиз – тоатларни бажариш ва маъсиятлардан четланиш орқали Аллоҳга тақво қилишдир. Зеро, тоат сингари Аллоҳнинг неъматларини жалб қиладиган ҳеч нима йўқдир ва маъсият каби уларни кеткарадиган ҳеч нарса йўқдир.
Мен Аллоҳ азза ва жалладан сизга ва мусулмонларга ҳалолу пок ва баракали ризқ беришини сўраб қоламан. Оламлар Робби бўлмиш Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!
Доктор Ю. Қаразовий.
Алоуддин Ҳофий таржимаси
Кўп манзур бўлган мақолалар
- Оилали фоҳишалар
- Эр-хотин ўртасида муҳаббатни кучайтириш учун 10 та восита
- Хар дарднинг шифоси бор
- Жинсий қарамлик (шаҳватпарастлик)
- Зинонинг “замонавий” тури
- Эр ўз аёлидан зерикканлигининг аломатлари
- Рамазонда хотини билан қўшилишлик
- «Мен ичмайман» дейсизми?
- «Сен буюк ялқов бўлиб етишасан!»
- Mаданий ҳордиқдаги маданиятсизлик
Ҳозир сайтимизда 353 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ
Оила, никоҳ, талоқ (фатволар)
- Ота-онамни бориб кўришдан тўсишга эримнинг ҳаққи борми?
- Аёл кишининг машина ҳайдаши
- Ажраш ҳуқуқи хотинга ҳам бериладими?
- Аёлларга тааллуқли масалалар
- Аёлларнинг қабристонга бориши
- Аёлларни эркакларга ўхшаб намоз ўқиши
- Сафар қилиш
- Махсус кунларда Қуръон ушлаш, тиловат қилиш ҳақида
- Етимни фарзандликка олса бўладими?
- Аёлларга қўйиладиган тақиқлар
- Депиляция
- Иккинчи турмуш
- Кўз зиносидан эркаклар қандай сақланади?
- Аёл киши телевидениеда журналист бўлиши, кўрсатувлар олиб бориши мумкинми?!
- Сочи узун эркаклар ва сочи калта қизлар