1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Қиз бола пардоз қилмайди!

Дарвоқе, пардоз ҳақида. Ҳар бир халқнинг удумида қоғозга ёзилмайдиган тақиқ ва тавсиялар бор. Бизда ҳам шу. Масалан, пардоз фақат келин бўлгандан бошлаб буюрилади.  Оналаримиз ҳам: ««Қиз боланинг ўз ҳусни ўзига етади, менинг остонамда одми юр. Эсон-омон бош эгангга топшириб олай, ҳамма ясан-тусанингни ўша ерда қилаверасан!» — деган гапни тинмай айтардилар. Ва шу гапга бизни бўйсундирардилар! Ўзига тўқ хонадон қизлари ҳам турли-туман кийинавермас, қиммат матоларни-ку қиз бола зоти устига олмас эди. Ҳамма орзу-ҳавас келинликка қолдириларди.
Ёшлигимизда кўз таниш қизларни бирдан пардозу башангликда кўриб қолсак, дарров «ие, тўйи бўлипти-да!» дея пичирлашардик. Келинлик кумушдеккина қизларни мисли олтиндай ярақлатиб юборар, назаримда, куёвнинг ҳовлисига оддийгина бўлиб кирган қиз у ердан эртаклардаги парига айланиб чиқарди! Бу бир мўъжиза эди! Томларга чиқиб, дарахтларга тирмашиб, келинчак бор ҳовлига мўралар, баҳона топиб кириб, келин саломлардан ҳузурланардик! Келинлик умрда бир келадиган ороланиш фасли! Ойланиш, қуёшланиш фаслидир! Шунниг учун ҳам баҳорни унга қиёс этадилар. Шунниг учун ҳам, унга кўзи тушган заҳоти кекса-ю ёшнинг юзи нурланади. Ҳатто қўғирчоқ кўтарган қизалоқдан «катта бўлсанг, ким бўласан?» деб сўрасангиз, «келинчак бўламан!» дея жавоб беради…

* * *

Қизларнинг ихлос қўйган «пардози» ўсма қўйиш эди. Фалончиникида яхши учадиган ўсма бор деса, нариги маҳалаларга ҳам ўтиб кетардик! Ҳайит арафаларда завқу шавқ билан қўлларимизгахина қўярдик. Кечқурунлари юзимизга қатиқ суртиб, тут пишиғида тут билан ақартирар, аммо ҳаргиз упа-эллик ишлатмасдик. Суртгимиз келарди, лекин уялардик. Талаба бўлгач, бебошлик қилиб, қоидани озгина бўздик, лекин ўшанда ҳам билинмасин деб, олдин ўсма қўйиб, қаламни унинг устидан юргизардик. Лаб бўёғини эса қўлимизга олмаганмиз! Қиз бола учун лаб бўяш уят ҳисобланган. Мабодо, сафимизда битта-яримта ошириб пардоз қиладигани чиқиб қолса, дарҳол унниг шаънига «келин бўлгиси келибди-да!» деган писанда илинарди. Бу жуда оғир гап эди! Юрагининг тубида турган келинликка етиш илинжини сездириб қўйиш қиз бола учун жуа уятли эди, ғоят уятли эди!

Турсуной СОДИҚОВА
«Ўғлим, қизим, сенга айтаман»дан

Ҳозир сайтимизда 208 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ