1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Сариштали уйнинг фариштаси

Аёл  киши учун энг юксак мартаба, энг олий нуфуз нима эканини биласизми? Албатта аёллик бахти ва бекалик ўрни. Оддийгина бекалик илмини англамаганлар аёллик бахтини тўла ҳис қилмаганлардир. Бекалик ҳам илм бўлар эканми, дея ўйга ботдингизми, замондош? Бугунги мулоҳазаларимизни мушоҳада этсангиз, сиз ҳам бекаликнинг  жуда мураккаб илм эканига иқрор бўласиз.
Яқинда  Аъзамжон Қурбонов исмли хорижда таҳсил олаётган ўзбек ватандошимиз билан интернет орқали мулоқотда бўлганимизда, улар дабдурустдан шундай деб қолдилар:
—    Бизнинг зиёли, ўқимишли қизларимизда бир нуқсон кузатиладики, у қусур пировардида қизларимизнинг бахти кемтикланиб қолиши ҳеч гап эмас. Қайси куни тўртта тилда бемалол гаплаша оладиган, иккинчи олий ўқув юртни ҳам магистратура таҳсилини тугаллаш арафасида турган зиёли ўзбек қизи билан танишиб, гаплашиб қолдим. Суҳбатнинг дастлабки қисмидаёқ қиздан  ҳафсалам пир бўлди. Нима эмиш, тўрт тилда бемалол суҳбатлаша оладиган, қўш-қўш дипломли қиз овқат қилишни билмас эканлар. “Чой дамлашни ҳам билмаслигингиз аниқ, чунки сизлар оддий деб билган чой дамлаш энг мураккаб овқатларни тайёрлашдан ҳам кўра қийинроқ”-дедим унга. Ачинарлиси, у овқат пиширолмаслигини мақтаниб айтгандек бўлди. Бу жуда хунук ҳолат. Қиз бола, аёл кишидан ҳеч ким унинг дипломини, нечта тилни билиб, қайси хорижий давлатда ўқиганини суриштирмайди. Аёлнинг зийнати- рўзғор тутумию, уй бекалигида. Бошқа ҳар қандай нарса аёллар учун иккинчи даражали. Эркак кишининг кўнглига ошқозон орқали йўл топилади, деган гап бор. Кимлар учундир кулгили, юмористик кайфиятдаги гап бўлиши мумкин, аммо эркакларнинг бир вакили сифатида бу гапнинг айни ҳақиқат эканини тан оламан. Аёлнинг уй тутуми, пазандалиги, чеварлиги ва албатта ширин сўзию хушмуомаласи бўлмаса, бахтини ҳам, эрини ҳам бой бериши аниқ. Зиёли қизларимиз шу нарсаларни унутмаганликлари маъқулмиди, дейман. Чунки аҳамият берилса, ўқиб, касбу корли бўлган аксарият қизларимизнинг шахсий ҳаёти ҳавас қиларли эмас. Ҳалиги қиз билан бўлган қисқагина суҳбатдан, ўқимишли қизларнинг бахти кулмай, шахсий ҳаёти ўнгланмаслиги сабабини бироз англагандай бўлдим. Тўғри, ҳамма ўқиган қизлар ҳам шундай деёлмайману, лекин мен шундайларнинг кўпини кўрганман. Ўқиган қизлар ўқимаган аёллардан кўра фаросатли, оқила ва оила мустаҳкамлигини таъминловчи омилларни яхши уққан бўлишлари керак эмасми?.. Кейинги пайтларда шу нарсалар ҳақида кўп ўйлайдиган бўлдим...
Дўстимиз ҳақ. Айнан шундай қиз-аёлларни сизу биз ҳам кўп кўрганмиз. Ундайлар узун-узун тирноқларига маҳлиё бўлиб, кўзгу қаршисида ўзларига оро беришдан бери келмайдилар. Ошхонага ўтсалар чиройли уст-бошларига ёғ ҳиди қўниши мумкин, қолаверса, қўли косов, сочи супурги деган ибора уларга ёқмайди. Хонимларнинг қўли косов эмас, момиқ, бармоқлари узун-узун, чиройли бўлиши керак. Ваҳоказо ваҳоказо...
—    Бир дугонам бор, аспирант, яқинда филология фанлар номзоди бўлади,- дейди ҳамкасбларимиздан бири оғриниб.- Уйига кириб борсангиз бўсағадаёқ бурнингизга қўланса ҳид урилади. Хоналар ивирсиб ётибди. Ошхона анжомларининг бетартиблиги, овқат қолдиқлари қотиб қолган идиш-товоқларнинг нохуш кўринишидан кўнгил ағдарилгудек бўлади.  Шу туришида қачон қараманг қайнонасию қайнбўйинлари, эридан шикоят қилиб юради. Унинг дийдиёларини эшита туриб, “сени хотин, келин қилиб юрган, ўша эрингу қайнонангга раҳмат” дегим келади. Уй юмушларининг ўзи қанча вақтни олади? Овқатланганда фойдаланилган идишларни дастурхон йиғиштирилгач, беш-ўн дақиқада ювиб қўйиш, атиги икки хонали уйни бор-йўғи ярим соатда саранжомлаш мумкин-ку. Аспирант хонимнинг кўчада юришларини кўрсангиз, нақ дунё гўзали дейсиз. Кийимларининг рангига пойафзалларию сумкаларидан тортиб, кўзларидаги, ҳаттоки тирноқларидаги бўёқлари ҳам мутаносиб. Соч турмакларининг ўзига гўзаллик салони ходимлари нақ икки соат вақт ажратишади. Аммо дугонамизнинг ўзлари уй юмушларига ҳафтада атиги бир кун ҳам ажратмайдилар.
—    Ундайлар ҳозир кўпайиб кетган, -дейди суҳбатга бошқа ҳамкасб опамиз аралашиб.- Кўчада қўғирчоғу уйда ивирсиқлардан бирининг уйида яқинда меҳмон бўлдим. Айтсам ишонмайсиз, уй анжомлари, рўзғор буюмларининг ҳаммаси хорижники. Гиламу пардалар, мебелу чойшабларнинг барида ранглар мос тушган. Лекин хориждан келтирилган мебеллар ўзи ишлаб чиқарилган давлатнинг чанги билан турибди. Сиз айтгандай ошхонага мўралаб бўлмайди. Бир ойлик идишлар ювиқсиз турибди десам, ёлғончи бўлмайман. Энг ачинарлиси аёлнинг ички кийимлари меҳмонхонада бетартиб ёйилиб ётибди. Шунақа, хонимларнинг усти ялтироғу, ичи қалтироқ экан...
Аёл кишига эр уйида бахт битилган. Бошқачасига бахтли бўлолмайди у. Қиз бола борган жойида ўз бахтини, ҳурмат -эътиборини косов қўли, супурги сочи, ширин тили, пазандалигию чеварлиги билан қуради. Бошқачасига эмас.  Агар унда юқорида тилга олинган аёлликнинг чин бахтини ваъда этувчи фазилатлар бўлмаса жуда ҳам қийин бўлади. Чунки бу билан у нафақат эпсиз-шудсиз деган ном ортирради, балки эрининг кўнглини ўзидан совутиб, уйдан бездиради. Бундай аёлнинг болаларига ҳам ачинасан киши. Қизлар онанинг тутумига кўниб, ундан ранг олиб унишади, ўғиллар ҳам шундай пала- партишлик, ноосойиш ҳаётга ўрганиб улғайишади.
Таҳририятга бир йигит кириб келди. Ўттиз ёшлар атрофидаги муштарийимиз оиласи, икки нафар боласи борлигини гапира туриб, аёлининг эпсизлиги, уй юмушларига эътиборсизлигидан оғринаётганидан арз қилди:
—    Укам уйлангач ота-онам бизни бўлак қилиб ҳовлига чиқариб юборишди. Рафиқам ойимлар билан яшаган пайтимизда чаққон, пазанда, озода эди. Негадир бўлак бўлиб чиққанимиздан бери унинг аввалги фазилатларидан асар ҳам қолмаган. Ишдан ҳориб-чарчаб борганимда болаларнинг оёқ остида ётган ўйинчоқлари, ивирсиб ётган уй хунобимни оширади. Бир аҳволда ишдан чиқиб уйга борсанг, на овқат қилинган, на хотин чиройли муомала билан кутиб олади. Таъсир қилармикин, қилиқларидан хижолат тортармикан, деган ўйда бир –икки марта кийимларимни  ўзим ювиб дазмолладим, йўқ хотиним иш қилаётганимни кўриб пинагини ҳам бузмади. Бир-икки марта койигандим, “нима қилай, болалар шўх, булардан вақт ортириб иш қилолмасам” деб шанғиллаб берди. Лекин уйимизга ойим ёки опаларим келадиган бўлишса, ҳаммаёқ чиннидек ярқирраган, қозонда мазали овқатлар пишган, чиройли дастурхонлар тузоғлиқ бўлади. Хотинимнинг бу мунофиқлиги энсамни қотиради. Меҳмонлар кетгач, яна ўша аҳволга тушиб қоламиз. – Бироз ўйга ботгач йигит оғринган кўйи гапида давом этди,- Бу кетиши бўлса хотиним мени бой бериб қўйиши мумкин... Дўстларимнинг, ҳамкасбларимнинг уйига меҳмонга борсам, уларнинг хонадонидаги шойисталик, саришталик кўнгилни яшнатади. Меникида эса ҳалиги аҳвол. Аёлим олий маълумотли ўқитувчи.  Ўзи таълим тарбия  соҳасида бўла туриб, оддий аёлга хос юмушларга павро этмаслиги, эркакни оилага боғлаб турадиган фазилатларни мулоҳаза қилмаслиги мени ранжитади. Бунақада бир кун келиб ўзига қийин бўлади...
Эътибор берган бўлсангиз, йигит хотини ўзининг эпсизлиги, рўзғорига ва эрига эътиборсизлиги билан ундан айрилиб қолиши мумкинлигига шаъма қиляпти. Чиндан ҳам эркак кишини оиладан бездирадиган, аёлидан совутадиган ҳолатлардан бири хотиннинг ивирсиқ, уй- рўзғор ишларига уқувсизлиги ва эътиборсизлиги. Бундай сабаб билан оиласини тарк этган эркакни айбдор қилиб бўладими? Нега  айрим аёлларимиз бу хусусда чуқурроқ мулоҳаза қилмайдилар? Ёки озода, кўркам уй, ширин таом, орасталик уларга роҳат бағишламайдими? Уй-жойи ивирсиб ётсаю қандай қилиб одам  ўзига оро бериб, кўчада таманноланиб юриши мумкин? Ҳеч бўлмаганда шундайлар кийган кийими, пардоз андозига қараб уйидаги аҳволдан хижолат чекишмасмикан? 
... Бувим раҳматли жуда покиза, озода аёл эдилар. Уйларидаги саранжом-саришталик кўнгилни яшнатарди. Ҳатто бетоб бўлиб қолганларида ҳам уйда бетартиб сочилиб ётган кийимлар, ювуқсиз идишларни кўрмасдик. Ҳозир ҳам маҳалладошлар, қавм-қариндош бувимни хотирласа, энг аввало уларнинг озода, пазанда ва чеварлигини гапиришади.  Ҳам оила, ҳам фарзандлари, турмуш ўртоғининг кўнглини олишни, касбу коридан обрў топишни  қойиллатаётган аёлларни кўрганимда бувим раҳматлини эслайман. Раҳматли биз невара қизларини олдиларига олиб “қиз боланинг қандайлигини ҳожатхона, ўтинхонасини кўриб биладилар” дердилар. Кичкиналигимизда ўзлари бош бўлиб шу икки жойни ораста қилиб қўйишимизни назорат қилардилар. Бувим раҳматли жуда чиройли эдилар,  юз-кўзларидан ҳамиша нур ёғилиб турарди. Энди билсам, у нур, у тароват меҳрибонгинамнинг ораста ва шойисталигининг чеҳрасида балққани экан. Агар истасак, биз ҳам бувим раҳматлидек фариштамонанд, нуроний бўла оламиз, дугонажон. Фақат бунинг учун аввал кўнгилни, кейин эса уй-жойимизни тоза, озода сақлаб гўшамизни фаришталар ин қурган маконга айлантиролсак бўлгани...

Умида АЗИЗ

Ҳозир сайтимизда битта меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ