1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Қайнона она эмасми?

 

 

 

Икки ёшнинг никоҳ тўйи ҳам бўлиб ўтди. Қайнона бўлмиш аёл, яъни сиз неча йиллик орзуингизга эришдингиз. Аллоҳ таоло хонадонингизга муборак бир келинни туҳфа этди. Ўғил  кўргандаёқ юрагингиз қатларига битилиб қолган «бир муносиб келин олиш», «келин эмас, қиз олиш» ҳақидаги ёқимли истаклар, ширин илинжлар рўёбга чиқди. Йиллаб емай йиққанларингизни эл олдига дастурхон қилиб ёздингиз. Йиллаб киймай асраганларингизни – қўлингизга тушган бир парча матоми, бирорта зиракми – барини «эгаси»га топшириб хотиржам бўлдингиз. Бугун сиз – қайнонасиз.
Маҳаллама-маҳалла кезиб келин ахтарганингизда, қариндош-уруғлар даврасида «бу йил келин олмоқчиман», деб қизи борларнинг юрагига ширин ғулув солганингизда, кўчадан ўтиб бораётган қақажон қизларнинг ортидан маъюс термулиб еру кўкка ишонмайдиган ўғлингизга муносиб жуфт излаганингизда, ниҳоят мос келинни топиб тўй тадоригини кўраётганингизда ҳам фақат бугунги қайноналик бахтини, нашъасини ўйлаб елиб-югургансиз. Энди сиз – қайнонасиз.
Ниятларингизнинг, хаёлларингизнинг чек-чегараси йўқ. Келинингиз одоб-ахлоқда, шарму ҳаёда, муҳаббат ва садоқатда, иффат ва назокатда ягона бўлади. Ўғлингиз билан ниҳоятда аҳил-тотув, ширин турмуш кечиради. Эрининг соясига кўрпача солади, имосига ҳушёр, хизматига тайёр туради. У билан гап талашмайди, ҳар ишга илашмайди.
Қайнона-қайнотанинг ҳурматини жойига қўяди: лабидан салом, қўлидан таом тушмайди. Ҳали чой кўтариб югуради, ҳали таҳоратингизга сув. Бир оғиз сўзингизга маҳтал, биргина томоқ қиришингизга шай.
Бир ёқда ўғил-қизларингиз ҳам келиннинг «хизмати»дан умидвор бўлиб туришибди. Янги келинингиз бировининг шимини дазмоллаб, бирисининг туфлисини мойлаб бериши, қайнсинглисининг сочини  турмаклаб ҳам қўйиши керак. Хуллас, барча хонадонларда бўлгани каби тўй олдидаги ширин илинжлар, ҳавойи хаёллар сизга ҳам бегона эмас. Келин тимсолида ўғлингизга бир жуфти ҳалол эмас, гўёки бир хизматкор, бир «қул» қабул қилдингиз.
Аммо орадан кўп ўтмай, қат-қат орзуларингиз сароб чиқиб қолди. Не-не умидлар билан, маблағ сарфлаб катта тўйлар билан олинган келинингиз «олтин» эмас, «мис» чиқиб қолди. Наздингизда ҳамманинг келини хизматни, ҳурматни, ҳимматни дўндириб қўйяптию, сизники ҳеч нарсага улгуролмайди. У танбал, ишёқмас ҳам эмас, қўлини совуқ сувга уришга эринадиганлардан ҳам эмас.
Унда гап нимада? Кечагина хонадонингизга келин бўлиб тушган қиз учун эрининг юмушлари зарурроқ, унинг кўрсатмалари устунроқ туюлади. У шунинг учун аввал эрининг кам-кўстини тўғрилаб, ишга жўнатишга интилади. Оқибатда бу ёқда сизнинг юмушларингиз чала қолади. Нариги томонда эрингиз «дастурхонни йиғиб олмайсизларми?» деб бақиришга тушади. У кишини тинчитай, деб чопса, бу ёқда қайнини, қайнсингиллар тўнғиллашни, ғинғиллашни бошлаб юборишади.
Ҳеч ким «Шу келин бечоранинг биттагина жони бор, эҳтимол шунча одамнинг хизматига улгурмаётгандир, бунинг устига хонадонимизга янги меҳмон, биздаги тартиб-муомалотларни, оила аъзоларининг феъл-атворини ҳали тушуниб ололмагандир?» демайди. Ҳар бир ҳаракатидан, ҳар бир қилиғидан нуқсон топиб, «ўтирса – ўпоқ, турса – сўпоқ» қилаверади. Оқибат эса бир куни келиннинг бардоши тугаб, иш катта можарога айланади.
Энди ўзингиз тасаввур қилиб кўринг. Ана шу кўзингизга мўлтираб, илиги қалтираб турган жувон – ўзга бир ота-онанинг ўн саккиз йил авайлаб, «па-па»лаб, ўзи емай едириб, ўзи киймай кийдириб, еру кўкка ишонмай вояга етказган арзанда қизи. Улар қизларининг шаъни, иффатини асраш, яхши тарбия бериш, одоб-ахлоқини ўнглаш, рўзғор ишларига ўргатиш учун қанча оромидан кечган. «Ўксийди», «бировнинг хасми», «уйда меҳмон», деб ҳатто қаттиқ гапирмаган, тергамаган. Сизнинг «Қудачилик – минг йилчилик, ўз қизимдай кўраман», деган ваъдаларингизга ишониб,  қалбининг бир парчасини сизга қўш-қўллаб тутган.
Ўн саккиз яшар қиз ҳали тажрибасиз, ғўр, ҳаётнинг паст-баландини билмайди. Эҳтимол катталарни ҳурмат қилишни ҳали ўрганмаган. Балки хонадонингизда йиллар мобайнида таркиб топган тартиб-қоидаларни, анъаналарни у ҳали тушуниб етмагандир? Оила аъзоларининг табиатини ўрганиб, кўнглини тополмагандир? Шундай экан, нега сиз бағрикенглик қилиб, раҳм-шафқат кўрсатиб, яхши гапириб, алқаб ва алдаб, айланиб-ўргилиб йўлингизга сололмайсиз?
Хўп, у хато қилибди, адашибди. Бирор юмушни сиз айтгандай, сиз хоҳлагандай қилмабди. Бундан қиёмат қоим бўлмагандир? Ахир сиз ҳам қирққа, элликка, олтмишга кириб энди тажриба орттирдингиз, ҳозирги ақлингизни топдингиз. Шундай экан, унга ҳам ўргатинг, насиҳат қилинг, ҳолатига тушунинг, йўлингизга солинг. Қизингизни унинг ўрнига қўйиб кўринг. Бордию, қизингиз, жигарбандингиз ўзга хонадонга келин бўлса, унга қандай муомала қилишларини хоҳлардингиз? Шу ҳақда бир тасаввур қилиб кўринг.
Йўқ, бу тўғрида ўйлаб ўтирмаймиз. Дарров айб қидиришга ўтамиз. Битта камчилигига ўнтасини қўшиб шиширамиз. Ҳатто қўшнилару таниш-билиш, қариндош-уруғларгача ҳасрат қилиб чиқамиз. Бунга аччиқланган келинни «Қовоғини уйди, тўнини тескари кийиб олди», деб ҳайдашга уринамиз. Не-не умидлар, қанча қийинчиликлар билан тикланган оила қасрини вайрон қилишга чоғланамиз. Агар эр-хотиннинг муросалари бўлмаса ҳам гўргайди, аксинча ўғлингиз билан келинингиз ўртасидаги муносабатлар ҳавас қилгудай: бир-бирига муҳаббатли, садоқатли, оқибатли.
«Келин олиш осон, қайнона бўлиш қийин», дейишган момоларимиз. Бу келин келиши билан қайнона ҳамма юмуш-ташвишлардан фориғ бўлиб роҳат-фароғатга ўтади, дегани эмас. Аксинча унинг зиммасига ўзга хонадоннинг фарзанди ўз оиласида палак отиши, не машаққат билан тикланган оиланинг камолга етиши, ўғли ва келини тотув турмуш кечириши йўлида катта масъулият юкланди, дегани. Ахир «Катталар – ёшлар учун бир кўприк», деб бежизга айтишмаган. Ахир бекорга келинни бир ердан бошқа бир ерга кўчириб ўтқазилган ниҳолга ўхшатишмаганки, унга алоҳида меҳр-муҳаббат, алоҳида парвариш керак.
Хўш, келин билан аҳил яшаш, оилада тотувлик ва фароғат бўлиши учун қайнона нималар қилиши керак? Бу ҳақда алломаларимиз, машойихларимиз жуда кўп панду насиҳатлар қилишган. Катта ҳаёт тажрибасига эга бўлган момоларимизнинг айтганлари, қилган ишлари ҳозирги қайноналаримиз учун бир ибрат мактабидир. Қуйидаги ана шундай ҳаёт тажрибалари, яхши қайнона бўлиш қоидалари бу борада барча қайноналарга ёрдам беради, деган умиддамиз:
1. Келинингизни ўз болангиздан устун кўриб «қизим-қизим»лаб меҳр кўрсатинг, уй-рўзғор ишларини эринмай ўргатинг, айбу хатоларини яширинг. 
2. Келин билан ўғлингизнинг муносабатлари биринчи кунданоқ самимий бўлишига ҳаракат қилинг. Келинга ўғилни, ўғилга келинни мақтанг, бир-бирининг устидан асло шикоят қила кўрманг. 
3. Фарзандларингиз олдида келиннинг шаъни ва обрўсини кўтаришга ҳаракат қилинг, чунки оилада бошқаларнинг келинга муомаласи сизнинг муносабатингизга қараб бўлади. 
4. Эр-хотин ғижиллашиб ёки уришиб қолса, сиз келиннинг тарафини олинг. Чунки ўғил ўзингизники – гапингиз ботмайди, аксинча ўша пайтда келинга айтган бир оғиз қаттиқ гапингиз можарони кучайтириб юборади. 
5. Ёш келин ота-онасини соғиниб қолса, бориб кўришига дарров рухсат беринг, чунки янги келинликда унинг яқинларидан узилиб, бошқа хонадонга кўникиши анча қийин кечади. Кейинчалик ўзидан ортиб кўпда боравермайди.  
6. Келинингиз олдида бошқа келинларнинг ҳуснини, кийим ва тақинчоқларини, эпчиллиги ва эплилигини, ўзга қудаларнинг сарфу харажатларини асло мақтаманг, чунки уни камситган, озор берган бўласиз. Фақат бошқаларнинг одоби, муомаласини ибрат қилиб кўрсатиш мумкин. 
7. Келиннинг хизматидан, тайёрлаган овқатидан, юриш-туришидан айб топаверманг. Ўзингиз янги келин бўлган даврларни бир эсга олинг. Айби бўлса, малол келмайдиган қилиб ўзига айтинг. 
8. Агар ўғлингиз хотинига совға олиб келса, «Нега менга ёки синглингга қўшиб келмадинг?» деб жанжал чиқаришга шошилманг. Балки пули етмагандир ёки фаросати! Кейинчалик буни ўзига тушунтиринг. 
9. Қайноталар келин олиш харажатларини қилган, шунинг учун кўпинча келиннинг ёнини олиб мақтаб туришади. Бундан сиз «демак, эрим уни яхши кўриб қолибди», деган нотўғри хулоса чиқариб жанжал кўтарманг. Бу ғирт бемаъниликдир. 
10. Ҳеч қачон келиним ёмон чиқиб қолди, ўғлимни қайта уйлантираман, деб ўйламаслик керак. «Яхши сўз билан илон инидан чиқади, ёмон сўз билан қилич қинидан чиқади». Қолаверса, яна тўй қилиш учун қанча ҳаракат ва харажат керак бўлади. 
Ҳа, муҳтарам онажон ва опахон, қайноналикнинг иши оғир, юмуши мушкул! Ўзга бир хонадонда, бегона бир муҳитда ўсган қизни оилангиз аъзоси, ўз болангизга айланиши учун, ўғлингиз билан бахтли, саодатли ҳаёт кечириши учун сиздан анча-мунча бағрикенглик, кечиримлилик, меҳр-муҳаббат талаб қилинади. Ўғлингизнинг эт-тирноғига, оилангизнинг аъзосига айланган келинингизга ҳам муҳаббат қўйинг, хато-нуқсонларини кечиринг, билмаганларини ўргатиб йўлингизга солинг, унинг обрўсини асранг. Ана шунда сиз комил мусулмон бўласиз, оилангизга тинчлик, тотувлик, файзу барака, фароғат ошён қуради.

 

 

 

Ҳозир сайтимизда 334 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ