1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Аёллардаги ютуқ - Аёл кишининг семизи яхшими, озғиними?

Мени айни дамда парҳез билан умуман иши йўқ аёллар қийнайди, нафақат қийнайди, балки ҳайрон қолдиради. Уларнинг фикрлари фақат оилага қаратилган бўлса-да, мен уларни оқлай олмайман.

Уларни турфа навларга бўлиб чиқса бўлади:

1. Овқат ҳар қанча истеъмол қилса-да, семирмайдиган аёллар (Аммо бундайлар 100 тадан бир нафарни ташкил этади. Аслида нозик жинс эгаларининг танаси ёғ йиғишга мойил бўлади)

2. Тез-тез овқат истеъмол қилиб туриш лозим ҳисобланган бирор касалликка дучор аёллар.

3. НАФСини тия олмайдиган аёллар. Учинчиси бир оз ранжитадиган бўлиб чиқдими? АСЛО, бу сўз парҳез тутадиганларга қаттиқ таъсир қилса қиладики, аммо фақат нафси баланд бўлгани туфайлигина семириб кетган аёлларнинг дилига мутлақо оғир ботмайди. Чунки улар барча нарсадан нафсларини устун қўядилар. Улар учун ўз жуфти ҳалолига ёқиш биринчи ўринда эмас, улар бирор ерга борганда ҳам дастурхонни бўшатиб қўйишдан уялмайдилар. Ким билсин, бир кун ейишга нонлари қолмаса, қайси йўлга кирар эканлар?!

Инсоннинг нафси ҳар нарсага етакловчи балодир. Аслида бу мавзуга тўхталишимизга телевидениемизда намойиш этиладиган баъзи кўрсатувлар туртки бўлди. Бирма-бир санамайману, аммо сўнгги пайтларда кўнгилочар кўрсатувлар семизликни тарғиб этадигандай туюлади менга. Гўёки одамларни кулдиришда хўппа семизлардан фойдаланмасликнинг имкони йўқдай. Бўйидан кўра, энига йўғон бўлиб кетаётганлар билан суҳбатлар уюштирилади. Улар эса кунига қанча овқат истеъмол қилишларини, яъни нафсларини мутлақо тия олмасликларини мароқ билан сўзлаб берадилар. Бу қандай кўргулик бўлдики, семизликдан уялиш ўрнига, ундан мағрурлансак ва бу миллионлаб томошабинлар эътиборига ҳавола этилса. Ўтмишдаги боболаримиз семизликни қоралаганликларини наҳот унутиб қўйган бўлсак?!

Энг ғашимга тегадигани унда гўзаллик тимсоли саналмиш аёлларимиз ҳам ФАОЛ иштирок этишмоқда. АЁЛнинг вазифаси ўзи нима: келажагини ўйлаб, оилали, фарзандли бўлишга интиладими, ёки фақат фикри хаёли овқат бўлгани сабаб бу ўйлар унга ётмикин? Балки, энди ўзини тўхтата олмаслигига шу қадар ишонганки, бунинг ҳеч ёмон томони йўқ ва бадқомат бўлиш фазилат деб бошқаларни ҳам ўзига эргаштиришга интиляптимикан? Уларга қараб хитоб айлагим келади: «нега энди бунчалар нафсингнинг қулига айландинг. Гўзал қоматли, хушрўй бўлишинг мумкин эди-ку, агар ўзингни овқатдан торта олганингда. Наҳот буларнинг барчасидан ошқозонингни тинимсиз тўлдириш қимматли бўлса...». Ахир дунёда овқат истеъмол қилишдан-да муҳимроқ нарсалар борку. Инсон дунёда фақат ейиш ва ичиш учунгина яшайдими?

Аслида семизлик икки жинс эгаларига ҳам катта зарар. Инсон оғирлашади, ҳаракатланиши қийин бўлиб қолади ва семизлик ортидан танамиз фаолияти ҳам бузилади. Натижада ўзимизга ортиқча касаллик орттириб оламиз. Эркакларимиз овқатни ҳаддан зиёд кўп истеъмол қиладиган ёки ниҳоятда гавдали бўлишса, «ҳа, эркак кишида, унга ярашади, куч керак, нари борса эркаклар ўзи шунақа нафсни жиловлай олмайдиган бўлишади», деб қўярмиз. Аммо аёлларимизга бу таърифлар сира ҳам «ўтирмайди».

Мен фақатгина нафси қули бўлиб семириб кетган аёллар билан суҳбатлашганимда, қуйидаги баҳоналарни такрорлашганига гувоҳ бўлганман: «Эрим, семиз бўлсанг ҳам менга ёқасан, дейди»... «...бизнинг зотимиз ўзи шунақа», «семизлигим менга ҳалақит бермайди»... «Баъзи озғинлардан чаққон ҳаракат қила оламан» ва ҳоказо.

Аммо вазнларининг ҳаддан зиёд ортиқчалиги оқибатида дуч келаётган кўплаб муаммолари ҳақида гапиришни лозим топишмайди. Чунки бу — уларнинг нафс йўлидаги манфаатларига тўғри келмайди-да (вазни ниҳоятда ортиқчалар тез чарчайдиган, тез терлайдиган бўлишлари аввалдан маълум. Ҳеч кимни ҳақорат қилмоқчи эмасмизу, аммо бундайлар қайси тоифа эркакларга ёқиши мумкин?)

Америка ва баъзи ривожланган мамлакатларда ўта енгил ҳаёт тарзи, ҳаракатсизлик туфайли вазни ҳаддан зиёд ортиқча бўлиб кетганлар, нақадар беўхшов эканига бир неча бор ойнаи жаҳон орқали гувоҳ бўлганмиз ва улар қандай азият чекаётганини ҳам кўп эшитганмиз. Айнан нафс муаммоси туфайли ҳам бугунги кунда турли жарроҳлик йўллари билан вазнни камайтириш авжига чиқиб кетди. Аммо шифокор аралашуви ҳар доим ҳам муваффақиятли кечавермайди. Бир кунда озиб қолишни истаганлар орасида касалманд бўлиб қолганлар қанча. Ёки бир ойда ақл бовар қилмас даражада оздирадиган, аммо танамизнинг бошқа аъзоларини ишдан чиқарадиган турли дориларни истеъмол қилганларнинг ҳам аҳволи фожеали бўлиб қолганини эшитмаганлар бормикин?!

Энди асосий мавзуга ўтсам. Эркаклар асосан бели ингичка бўлган аёлларни ёқтирадилар. Бу ўрганилган ва исботланган далилдир. Шу ўринда бугунга қадар ёзилган бадиий асарларга ҳам эътибор қаратилган. Сабаб ҳозирги замон эркаклари билан аввалгиларининг дидларини солиштиришдир. Бирорта ҳикоя, роман йўқки, унда аёл иштирок этмасин ва унинг гўзаллигига алоҳида тавсиф бериб ўтилмаган бўлсин. Ана шундай асарларда инсониятнинг гўзал бир бўлаги бўлмиш биз аёллар муаллиф томонидан турлича таърифланганмиз. Қайсидир асарда гўзал кўзлар, бошқасида унинг ой каби нурли юзи, сийнаси ва жисмидаги бошқа бир қисм эътибор билан тилга олинади. Аммо романларда аёл гўзаллигини таърифловчи қисмлар ўрганиб чиқилганда ҳам шу нарса аниқландики, кўпгина ёзувчилар асардаги гўзал хилқатни тавсифлаётганда аксарият ҳолларда унинг ингичка белига урғу бериб ўтишган.

Хулоса шундай бўладики, аввал ҳам, ҳозир ҳам эркакларга кўпроқ нозик белли аёллар маъқул келади. Шуни ҳам унутмангки, тўлалик ёшни ҳам катта қилиб кўрсатади.

Ҳурматли аёллар, сизларни эркакларга ёқиш учун емай-ичмай юришга ундаш ниятимиз йўқ. Фақат ўзингизга эътибор қилинг, нафсни вақтида жиловлаб олиш лозимлигини эслатиб қўймоқчимиз, холос. Ваҳоланки, шариатда шарм йўқ, деб бежиз айтмишмаган. Парҳезга тўхталадиган бўлсак, унга ҳам ортиқча эътибор бериб юборманг. Европада доимий парҳез билан юриш шу қадар аянчли аҳволга келиб қолдики, дастлабки намуна деб қаралиши сабаб бугунги кунда ўта озғин моделлар ҳаттоки кўргазмалар подиумларига қўйилмаяпти. Моделларнинг қувватсизликдан азият чекишлари у ёқда турсин, уларга эргашган ва улар кийган кийимларни сотиб олмоқчи бўлган европалик кўплаб (асосан балоғат ёшига етаётганлар) қизлар танага витамин етишмаслиги оқибатида турли касалликларга ҳам чалиниб олмоқда. Сўнгги йилларда дармонсизликдан моделларнинг оламдан ўтиш ҳолатлари ҳам кузатилаётгани сабабли машҳур кутурьерлар яратадиган либослар рекламасини ўрта ванзли моделларга топшириш масаласи муҳокама қилинмоқда. Шу ўринда қўпол бўлсада, халқ орасида юрадиган бир ибора ёдимга тушди. «Эркаклар ит эмаски, суякка ташлансалар». Бу ниҳоятда озғин бўлган аёлларга қарата айтилганига шубҳа йўқ. Чунки чиройли қоматли, нозик белли бўлиш билан ўта озғин бўлиш ўртасида катта фарқ бор.

Азиз аёллар, доимо гўзал ва ёш бўлинг. Хоҳлардимки, нафс туфайлигина Аллоҳ томонидан инъом этилган жозибадор қоматимиздан воз кечмайлик, гўзаллигимиз кўча-куйда юрадиган дуч келган эркакка эмас, жуфти ҳалолимизга бағишланган бўлсин!

Хуршидабону НАЗАРОВА,

Ҳозир сайтимизда 278 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ