Сайт бўлимлари
Овқатланиш маданияти
- Подробности
- Бўлим: Саломатлик
- Чиққан санаси: 31 Март 2013
- (Нашр қилинган санаси)
Узоқ умр кўришнинг сир-синоатларидан бири овқатланишни тўғри ташкил этишдир. Амалиётда озиқ-овқат маҳсулотлари асосан 5 та турга ажратилган: углеводлар, ёғлар, оқсиллар, витаминлар ва минерал тузлар.
Қайсики мамлакатда нима кўпроқ етиштирилса, маҳаллий аҳолининг асосий овқати ўша маҳсулот ҳисобланади. Ҳиндистон, Жанубий Корея ва Жанубий-Шарқий Осиё халқлари гуручни, хитойликлар лапша ва юмшоқ булочкани, Марказий ва Жанубий Америкада маккажўхорини, Шимолий Америка ва Европада картошка ҳамда буғдойни кўпроқ истеъмол қилишади. Марказий Осиё халқлари, юртимиз аҳолиси гуруч, нўхат, ловия, мош кабилардан таом тайёрлашни хуш кўришади.
НИМАНИ ҚАЧОН ЕЙИШ КЕРАК?
Кам е, кам гапир, кам ухла. Нафсга эрк бериш ёки вақтида овқатланмаслик киши организмидаги мўътадилликнинг бузилишига олиб келади.
...Унинг қорни ниҳоятда оч эди. Кечки пайт қовун-тарвуз, аччиқ-чучук билан кифояланди. Оч қоринга тушган ҳўл маҳсулотлар тун ярмига борар-бормас уни безовта қила бошлади. Оғриқ йўқ, аммо қорни ғалдир-ғулдур қиларди, тонгга бориб ичи сувдек кетди. У шундагина оч қоринга ҳўл мева еб бўлмаслигини англади. Ошқозон-ичак фаолиятини меъёрига келтиргунча уч-тўрт кун керак бўлди.
Тошкент тиббиёт академияси қошидаги гастеронтология маркази директори, тиббиёт фанлари доктори, профессор Мамлакат Рустамова бу воқеага доир ўз фикр-мулоҳазаларини шундай шарҳлайди.
— Овқат ҳазм қилиш органлари оғиздан бошланади. Биз овқатни кўрганимизда ёки иштаҳа очувчи бирор ҳидни сезганимизда, оғиз бўшлиғимизда сўлак ажралиб чиқади. У оғизга тушган таомни ҳўллаш учун керак. Сўлак бўлмаса, оғиздаги овқатни чайнаш ва ютиғи қийинлашади. Сўлак билан ҳўлланган ва чайналган луқма қизилўнгачга, ундан сўнг меъдага тушади. Меъда деворларидаги махсус безлардан оқсил, углевод молекулаларини парчалайдиган нордон шира ажралиб чиқади. Одам учун бир кеча-кундузда 100 грамм оқсил, 85 грамм ёғ, 400 грамм углевод ва бошқа турли-туман витаминлар зарур. Ана шу моддалар таркибида ёки бўлмаса, сабзавот, мева-чевалар кўринишида бўлсин, камида 1 литр сув ҳам истеъмол қилиниши керак.
Юқорида келтирилган воқеада қандай хатога йўл қўйилди? Сабзавот, полиз маҳсулотлари, мева-чевани оч қоринга эмас, балки ҳазм қилиш хусусиятини ҳисобга олиб, овқатдан кейин тановвул қилиш мақсадга мувофиқдир. Бўш турган ошқозонга ҳўл мева ва полиз маҳсулотлари тушганда, 8 метргача узунликдаги йўғон ва ингичка ичаклар ҳам уларни осонлик билан суриб юборади. Натижада безовтагарчилик бошланади. Хоҳ суюқ, хоҳ қуюқ таом билан бўлсин, аввало ошқозонни озиқлантириб, сўнгра мева ва сабзавотлар истеъмол қилинса, овқат таркибидаги оқсил ва ёғлар меъёрида парчаланади.
Айрим кишилар фақат қуюқ таомларни хуш кўришади. Ёғли, қовурилган, бунинг устига қуюқ таомлар меъда-ичак фаолиятининг бузилишига олиб келади. Айни пайтда фақат суюқ овқат ичиш ҳам ярамайди. Овқатланишни тўғри ташкил этмаган кишиларда сурункали гастрит, ўт қопи фаолиятининг бузилиши, ошқозон ости бези, ўн икки бармоқли ичак яраси касалликларининг учрашига шифокорлар кўп гувоҳ бўлишади.
Саломатлиги жойида бўлишини истаган киши кунига уч маҳал овқатланиши керак. Овқатлар таркибида оқсил, ёғ, витамин ва углеводлар бўлишига алоҳида эътибор қаратиш лозим. Соғлигида муаммоси бўлган кишилар эса кунига 4-5 маҳал кам-камдан овқатланиши, тақиқланган маҳсулотларни истеъмол қилишдан ўзларини тийишлари лозим.
СИЗ ҚАНДАЙ ОВҚАТЛАНАСИЗ?
Ҳар ким ўз таъбига кўра, шарт-шароити ва соғлигига қараб овқатланади. Ҳазрат ибн Синонинг бундан минг йил муқаддам овқатланиш тадбирлари, қоидалари ҳақида айтган фикрлари ҳамон ўз аҳамиятини йўқотгани йўқ.«Соғликни истаган киши иштаҳаси чин бўлмай, меъдаси ва юқори ичаклари аввалги овқатдан бўшамай туриб ҳеч нима емасин. Гавдага энг зарарли нарса меъдада овқат етилмасдан ва ҳазм бўлмасдан туриб яна овқат киритишдир».
Дарҳақиқат, саломатликни сақлашнинг муҳим шарти — тўғри овқатланиш ҳар биримизга тегишли. Эрталабки овқатни ўзинг учун е, тушликни дўстинг билан баҳам кўр, кечки таомни эса душманингга узат, дейишади. Бундан шундай хулоса чиқадики, эрталабки ва тушки таом хавфсиздир. Кўпинча халқимиз ҳазми оғир таомларни кечқурун истеъмол қилишга одатлангани боис, уни душманга бериш мажозий маънода айтилган. Хўш, замондошларимизнинг овқатланишга муносабатлари қандай?
Ёрқин Абдуллаев, иқтисод фанлари доктори, профессор:
— Касаллик қўзғатмайдиган даво шуки, қорнинг очмай туриб овқат емайсан, овқатланаётган пайтингда қорнинг тўйиб кетмасдан аввал овқатдан қўл тортасан. Агар шунга амал қилсанг, ўлимдан бошқа ҳеч қандай иллат сенга ҳужум қила олмайди, деган эди донишмандларимиздан бири. Жуда кўп ишлашим туфайли бўлса керак, овқатланишга соатлаб вақт ажратмайман ва соғлигим ҳам жойида. Наполеон кечки овқатга 12, тушликка 8 дақиқа сарфлаган экан. Демак, ўтмишда ҳам ҳозиргидек вақтини тежовчилар бўлган.
Баъзан кечки овқатга икки соат фарқи билан бирданига иккита таклифнома оламан ёки наҳорги ош кетма-кет 3-4 жойда бўлади. Кам-кам еб, кейинги ош учун жой қолдиришимга тўғри келади. Овқатни кўп ҳам, кам ҳам эмас, меъёрида ейиш қоидасига амал қиламан. Саломатликни сақлаш учун ҳеч қандай дори ичиш ёки клубларга қатнаш шарт эмас, фақат соғлом турмуш тарзига риоя қилинса бас.
Мавлуда Абдужалилова, Дўстлик туманидаги 6-мактаб ўқитувчиси:
— Ҳаддан ташқари ишга берилиб кетиш, ўз вақтида овқатланмаслик ёки оч қоринга бирданига кўп нарсани ейиш оқибатида айрим ҳамкасбларимиз турли касалликларни орттириб олишади. Ўн икки бармоқли ичак фаолиятьим бузилгандан буён овқатланишга нисбатан жуда эҳтиёткор бўлиб қолганман. Юқори калорияли ёки ёғли овқатларни истеъмол қила олмайман. Уч маҳал овқатланиб юрган кишининг соғлигида муаммо бўлмайди, буни ҳар бир киши соғлигида муаммо пайдо бўлмасидан аввал тушунса қани эди.
БЕШ КОМПОНЕНТДА ҚАНДАЙ ХУСУСИЯТ БОР?
Оқсил — жароҳатларни тузатиш ва шикастланган аъзоларни тиклашдаги энергия манбаи бўлиб, бундан ташқари, танада ҳужайралар алмашинувини таъминлайди. Жигар, буйрак, гўшт, пишлоқ, тухум, балиқ, сут, ловия, нўхатда у жуда сероб.
Ёғлар ҳам организмни қувватлантирувчи восита бўлиб, сариёғ, сметана, қаймоқда кўп учрайди. Ёғда углеводга нисбатан икки баравар кўпроқ энергия бор. Аммо уни кўп истеъмол қилиш тери ости қатламларини кенгайтириб, семиришга олиб келади.
Углеводлар асосан ширинлик таркибидаги қувват манбаи бўлиб, крахмалга бой нон, картошка ва гуручда ҳам бор. Улар овқат ҳазм қилишга ёрдам беради.
Витамин ва минерал тузлар организмда рўй берадиган биокимёвий жараёнда иштирок этади. Аксарият витаминларни одам мева-чевалардан олади, улар модда алмашинувини яхшилайди. Минерал моддалар эса организмдаги суяк, тиш, тирноқ каби қаттиқ аъзолар фаолиятини мўътадиллаштириб туради. Кальций, фтор, фосфор, темир, йод каби минерал моддалар озиқ-овқатлар орқали танамизга кириб, саломатлигимизни яхшилайди.
Абдуваҳоб Тоҳирий — Тошкент врачлар малакасини ошириш институти «Соғлом турмуш тарзи» кафедрасининг катта ўқитувчиси:
— Иқлим шароитига ва йил фаслларига қараб овқатланиш муҳим аҳамиятга эгадир. Шуни тан олишимиз керакки, халқимиз бир хилликка ўрганган. Ёз бўладими, қиш бўладими, нима топсак шуни еймиз. Вахоланки, фаслларнинг хислатига қараб кўпхилликка ўтишимиз керак. Ҳозир мевалар сероб, танамизни витаминлар билан тўйинтириб олсак, кейинги фасллар учун қувват тўплаган бўламиз. Бундан ташқари, ёз фаслида қази, балиқ, мош, асал, сут каби иссиқлик бахш этадиган неъматлардан тийилиш даркор. Худди шу таомларни қишда кўпроқ ейиш тавсия қилинади. Баҳорда эса кўпроқ кўкат истеъмол қилиш организмимиз учун фойдали.
Ҳулкар ТЎЙМАНОВА тайёрлади
Кўп манзур бўлган мақолалар
- Оилали фоҳишалар
- Эр-хотин ўртасида муҳаббатни кучайтириш учун 10 та восита
- Хар дарднинг шифоси бор
- Жинсий қарамлик (шаҳватпарастлик)
- Зинонинг “замонавий” тури
- Эр ўз аёлидан зерикканлигининг аломатлари
- Рамазонда хотини билан қўшилишлик
- «Мен ичмайман» дейсизми?
- «Сен буюк ялқов бўлиб етишасан!»
- Mаданий ҳордиқдаги маданиятсизлик
Ҳозир сайтимизда 347 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ
Оила, никоҳ, талоқ (фатволар)
- Ота-онамни бориб кўришдан тўсишга эримнинг ҳаққи борми?
- Аёл кишининг машина ҳайдаши
- Ажраш ҳуқуқи хотинга ҳам бериладими?
- Аёлларга тааллуқли масалалар
- Аёлларнинг қабристонга бориши
- Аёлларни эркакларга ўхшаб намоз ўқиши
- Сафар қилиш
- Махсус кунларда Қуръон ушлаш, тиловат қилиш ҳақида
- Етимни фарзандликка олса бўладими?
- Аёлларга қўйиладиган тақиқлар
- Депиляция
- Иккинчи турмуш
- Кўз зиносидан эркаклар қандай сақланади?
- Аёл киши телевидениеда журналист бўлиши, кўрсатувлар олиб бориши мумкинми?!
- Сочи узун эркаклар ва сочи калта қизлар