Сайт бўлимлари
Ҳомиладорликда тўғри озиқланиш
- Подробности
- Бўлим: Саломатлик
- Чиққан санаси: 31 Март 2013
- (Нашр қилинган санаси)
Фарзандингиз барча тирик жон каби ўсиши учун қувват (калория) ва озуқавий моддаларга (оқсил, ёғ, углевод, витамин, минерал моддалар) муҳтож. Болангиз бу нарсаларни агар тўғри озиқлансангиз етарлича миқдорда қабул қилиб соғлом туғилади.
Она организми табиатан болани керагича таъминлаш учун мослашган.
Ҳомиладорлик албатта вазн ортиши билан кечади. Ҳар қандай соғлом аёл бу даврда ўртача 12 кг қўшимча вазн йигади. Бу кўрсатгич умумий берилган. Ҳар бир аёлда вазн ортиши турлича бўлиши мумкин. Тўладан келган, гавдали аёлларда кўпроқ, аксинча озғин, жуссаси кичкина аёлларда кўрсатгичдан камроқ бўлиши мумкин. Лекин боланинг соғ - саломат ту гилиши учун кўп ҳам ортиқча вазн тўпламаган маъқул.
Калория (тўғрироғи килокалория) организмда ёқилғи сифатида аъзолар ўз вазифасини бажаришига хизмат қилади. Ҳар бир озуқа моддаси таркибига кўра турлича калорияга эга. Масалан: оқсил ва углеводлар бир грамм моддада 4 калория атрофида, ёғлар эса тахминан 9 калория атрофида бўлади бўлади. Аёллар бир кунда 1800 – 2000 калория истеъмол қиладилар. Кўпчилик аёллар ҳомиладорлик вақтида ҳам аввалгидек овқатланадилар. Бу уларни ўзларини яхши ҳис қилишларига, ҳомилаларининг соғлом ўсишига ҳалақит қилмайди. Организмингизга қулоқ солиб егингиз келган нарсаларни енг. Икки киши учун озиқланиш икки баробар кўп ейиш керак дегани эмас, балки икки баробар сифатли овқатланиш деганидир.
ОҚСИЛ
Биринчи навбатда бўлажак онага оқсил зарур. Унинг таркибига кирувчи аминокислоталар одам тўқимаси ҳужайраларининг “қурувчи материали” ҳисобланади ва боланинг ўсишида ўз таъсирини кўрсатади. Ҳомиладор аёл кунига 75 – 100 гр. оқсил тановвул қилиши лозим. Бу тахминан ҳар куни уч стакан сут, 0,5 кг творог, 2 та тухум ва 100 гр. гўшт ёки балиқ деганидир.
Гўшт (мол, курка, товуқ), балиқ (шу жумладан қисқичбақа), сут ва сут маҳсулотлари (творог, қатиқ, пишлоқ), дуккаклилар, ёнғоқ оқсил моддасига жуда бой.
Ҳомиладор аёл таомидаги оқсил моддаси кўп бўлса ҳам енгил ҳазм бўлиши лозим. Яхшиси уларни турлича қилиб алмаштириб истеъмол қилиш мақсадга мувофиқ. Чунки, гўшт ва балиқ таркибида темир моддаси бўлса, сутли маҳсулотлар кальцийга бой, донли ва дуккаклилар эса организмга турли витамин ва минералларни етказиб беради.
УГЛЕВОДЛАР
Углеводлар организмга қувват ато этади. Уларнинг “чаққони” бир зумда очлик ҳиссини йўқотиб кучга киргизади, лекин бу кўпга чўзилмайди. Улар шоколад, шакар ва кремли ширин пишириқлардир. Бу турдаги ширинликлар танада ёғ қатлами сифатида тўплангани учун ҳам уларнинг фойдасидан зарари кўпроқ. Нон, бўтқа, макарон, сабзавотлар секин парчаланувчи аралаш углеводлардан иборат. Улар организмдаги қанд миқдорини кўтаради ва анча вақтгача ушлаб туради. Бундан ташқари ушбу маҳсулотлар ошқозон – ичак фаолиятини яхшилайди, ич қотиши ва кўнгил айнишини олдини олади. Энг асосийси, улар вазн ортишига сабаб бўлмайди.
ЁҒЛАР
Ёғлар ҳам ҳомиладор аёлнинг озуқасида бўлиши лозим. Улар организмни қувват билан таъминлайди. Гўшт, сут, зайтун каби маҳсулотларда бўлади. Шунингдек, ўсимлик ёғи, сариёғ ва маргаринда ҳам кўп миқдорда ёғ моддаси бор. Яхшиси улар тўйинмаган ёғлар бўлсин. Дастурхонингиздаги сариёғ сифатли бўлмаса унда фойдали моддалар жуда кам бўлади. Бундай сариёғ сариқ ва қаттиқ бўлади.
Ёғлар билан бирга организмимизга ишлаб чиқарилмайдиган баъзи озуқа бирикмалари ҳам тушади. Булар бола миясининг ривожланишига ўз таъсирини кўрсатувчи айрим асоаий ёғ кислоталари, А, Д, Е витаминлари шулар жумласидандир. Улар писта, зайтун, ерёнғоқда бўлиб, меъёрида истеъмол қилинса зарарсиздир.
Кундалик ёғ миқдорини 4 қошиқ ёғ ёки майонезда, ёки 400 гр. ёғсиз гўштда, ёки 8та товуқ тухумида, ёки 16 қошиқ сметанада топишингиз мумкин. Албатта энг маъқули етарли ёғ миқдорини турли маҳсулотлардан олган яхши. Бутербродларда сариёғ, салатларда ўсимлик ёғидан фойдаланиш мақсадга мувофиқ ва балиқ ёғини ҳам истеъмол қилишни унутмаслик керак.
ВИТАМИН С
Витамин С организмда тўқималарни қайта тиклаш, жароҳатларни тез битишига хизмат қилади. Бола учун эса тўғри ўсиши, суякларининг мустаҳкам бўлиши ва тишлари учун зарур. Бу витаминнинг алоҳида хусусияти шундаки, у организмда сақланиб турмайди. Шунинг учун уни ҳар куни озуқа орқали қабул қилиш керак.
Витамин С асосан цитрус меваларида кўпроқ бўлади. Харид қилишда грейпфрут, апельсин ёки мандариндандан қайси бирини танлашни билмасангиз, албатта биринчисига эътибор қилинг. Айнан грейпфрут ўзида витамин С ни кўплиги билан мақтана олади. Туғилажак фарзанднинг соғлиғига ҳам хавфсиз. Мандарин эса фойдаси озлиги ва аллергия чақирувчилиги сабаб бу рўйхатнинг охиридан ўрин олган.
Лекин бу витамин фақатгина цитрус меваларида бўлади дегани эмас. Витамин С қулупнай ва малинада, помидорда, гулкарамда, шовулда ҳам топилади.
Бу маҳсулотларни янгилигида, энди узилганида истеъмол қилиш мақсадга мувофиқ. Витамин С ни ёруғликда узоқ вақт бўлиши ва кўп қайнатилиши уни йўқолишига олиб келади.
КАЛЬЦИЙ
Кальций суяк тузилишида муҳим аҳамиятга эга моддадир. Агар ҳомилага онаси озуқасидаги кальций етарли бўлмаса ўзига кераклигини онасининг суяк ва тишларини емириш йўли орқали олади. Шунинг учун ҳомиладор аёлнинг соғлиғи ва туғтлажак боланинг соғлом бўлишида кальцийнинг аҳамяти катта. Ундан ташқари кальций қон босимига ҳам ижобий таъсир кўрсатади.
Унутмаслик лозимки, истеъмол қилинадиган кальцийнинг фақатгина 30% организм томонидан ўзлаштирилади. Шунинг учун ҳомиладор аёлга кунига 1000 – 1200 мг кальций қабул қилиш тавсия этилади.
Сут, қатиқ, творог ва кефирда кальций кўп. 3 стакан сут ёки 800 гр. творог кундалик қабул қилинадиган кальций миқдорини таъминлайди. 1 литр сутда 1200 мг кальций бор. Сут таҳсулотларидаги кальций бошқаларига нисбатан яхши ўзлаштирилади. Шунингдек у балиқда, гўштда ва нонда ҳам учрайди. Бодом, ерёнғоқ ва қуруқмеваларда ҳам кальций моддаси бор.
Албатта бу миқдордаги кальцийни бир ўтиришда қабул қилиб бўлмайди. Шунинг учун уни кун давомида уч - тўрт маротаба турли маҳсулотлардан олишга ҳаракат қилинг.
ВИТАМИН В
Витамин В гуруҳи сули бўтқасида кўп бўлади. Гречкадан қилинган бўтқа ва шургуруч кейинги ўринда туради. Витамин В дон қобиғида бўлганлиги учун камроқ ишлов берилгани мақсадга мувофиқ. Шунингдек бу гуруҳ витаминлар қора нон, карамда учрайди.
ВИТАМИН А
Витамин А ҳомиланинг ўсиши ва ривожланишида катта рол ўйнайди. У ўсаётган тўқима, тери қопламаси, кўз равшанлиги ва суяклар учун зарур.
Бу витамин икки хил: витамин А ва бета – каротин ёки провитамин шаклида бўлиб, организмимизда витамин А га айланади. Аввалгиси ҳайвон ёғларида, кейингиси эса сариқ рангдаги сабзавотларда, меваларда ва кўкатларда учрайди.
Витамин А ни керагидан ортиқча қабул қилиш хавфли бўлиб, ҳомила туғма нуқсонлар билан туғилишига сабаб бўлиши мумкин. Уни овқат билан қабул қилганингизда бундан қўрқмасангиз ҳам бўлади, лекин қўшимча витаминлар қабул қилганингизда врачингиз билан аввал маслаҳатлашганингиз яхши.
ФОЛИЙ КИСЛОТАСИ
Фолий кислотаси янги тўқималарнинг ўзаро бирикиши, уларнинг бўлиниши ва янгиланиши учун зарур. Шундоқ экан, пайдо бўлган кунидан бошлаб катта тезлик билан аъзолари ривожланиб ўсаётган ҳомила учун унинг нечоғли аҳамиятга эгалигини айтиб ўтиш шарт эмас. У туғилажак фарзандингизнинг миясини ривожланишига ижобий таъсир кўрсатади. Фолий кислотаси етишмаслиги ҳомилани ўсишдан орқада қолишига ва ҳаттоки муддатидан илгари туғруқларга олиб келиши мумкин.
Янги сабзавотлар (ширин қалампир, сабзи, карам), мевалар (ўрик, туршак, шафтоли, қулупнай, банан, қовун), пишлоқ ва жигар бу кислотага бой. бироқуни фақат озуқа орқали қабул қилиш етарли эмас. Барча витаминлар каби у ҳам организмимизда узоқ вақт сақданиб турмайди.
Ҳомиладор бўлганлигингизни билган кунингиздан фолий кислотасига бой маҳсулотлардан кўпроқ истеъмол қилинг, яна ҳам яхшиси она бўлишни истаган кунингиздан бошланг.
ТЕМИР МОДДАСИ
Темир моддаси эритроцитлар таркибида бўлиб, гемоглобин ҳосил қилишда иштирок этади. У эса ўз навбатида тўқималарни кислород билан таъминлайди. ортиқча темир моддаси жигарда заҳира сифатида туради. Ҳомиладорлик вақтида она организмида қон айланиши ва эритроцитлар миқдори ошиши; шу билан бирга ҳомиланинг эритроцитлар миқдорининг кўпайиши ва шахсий темир заҳирасини тўплай бошлаши сабаб темир моддасига бўлган эҳтиёж ортади. Охирги ойларга бориб бу талаб 6 – 8 маротабага ошади. Бу талабни қондириш учун эса олдин тўпланган заҳира бўлиши лозим.
Темир моддаси етишмаган ҳомиладор аёлда ва туғилажак фарзандида анемия бошланиши мумкин. Буни вақтида аниқлаш учун доимий тизимли қон таҳлили ўтказиб борилади. Етарлича темир моддаси заҳирасига эга бўлмаган бўлғуси онанинг анемияга чалиниш эҳтимоли кўпроқ. Агар сиз билан ҳам шундай ҳолат рўй берса саросимага тушманг. Врачингиз таркибида темир моддаси бўлган маҳсулотлардан кўпроқ истеъмол қилишингиз маслаҳат бериб, керакли дориларни ёзиб беради.
У мол гўштида, жигарда, бўтқаларда, карамда, қовунда кўп миқдорда бўлади. Темир моддаси витамин С билан яхши ўзлаштирилади. Кўп миқдорда аччиқ чой ичманг. Ундаги теин моддаси темирнинг ўзлаштирилишига тўсқинлик қилади.
ОРТИҚЧА ВАЗН ВА ШИШЛАР
Тўғри овқатланиш ҳомиладорлик давридаги бир қанча муаммоларнинг олдини олади. Маълумки, бўлажак она ўз вазнини назорат қилиб бориши керак.
Керагидан орлиқча вазн тўплаётганлигингизни сезсангиз турли кўринишларда кўпроқ карам енг. Ананас ҳам организмда ортиқча ёғлар йиғилишига йўл қўймайди.
Қўл ва оёқлар шишганда таомномангиздан таркибида туз кўп бўлган маҳсулотларни чиқариб ташланг. Булар қаторига колбаса ва сосикалар ҳам киради. Бундай шишларда врачингиз сизга камроқ сув ичишингизни тавсия қилади. У билан маслаҳатлашиб сув ўрнига бодринг ёки тарвуз ейишингиз мумкин. Шунда ҳам фойда бермаса ҳомиладорликдаги шишларни йўқотишнинг бошқа усуллари ҳам бор.
Кунига икки литр сув ичинг. Суюқ овқат ва сут таркибидаги сув миқдори ҳам шунинг ичида.
Албатта бошланишига бундай парҲез сизга қийинчилик туғдиради. Унинг устига аввал нима еганингизга эътибор қилмаган бўлсангиз. Лекин, ёдингизда бўлсин, сизнинг ихтиёрингизда фақатгина тўққиз ой бор холос. Шу вақт ичида сиз туғилажак фарзандингизнинг келажагига яхшигина мустаҳкам асос яратишингиз мумкин. Мана шу тўққиз ой ичида фарзандингизнинг соғлиғи ва ривожланиши бутунлай сизнинг қўлингиз бўлади.
* Зарарли ичимликлар ва чекишдан воз кечинг. Уларниг оз миқдори ҳам ҳомиладор аёлга ва туғилажак фарзандига зарар келтириши мумкин. Оила аъзоларингиз чекадиган бўлсалар сизнинг олдингиза чекишмасин ёки ўзингиз улардан узоқроқ туринг.
ПСИХОТРОП МОДДАЛАРНИНГ ҲОМИЛА РИВОЖИГА ТАЪСИРИ
Бу мақалада боланинг соғлом туғилиши учун нималар қилиш лозим ва нималардан воз кечиш кераклигини кўриб чиқамиз. Ҳомиланинг нормал ривожланишига салбий таъсир кўрсатувчилардан бири психоактив моддаларни қабул қилишдир. Психоактив модалар (ПАМ) – шундай моддаларки, уларни қабул қилганда кишининг кайфияти, ўзини тутиши, атрофидагини таниш, билиш, идрок этиш хусусияти ўзгаради, ҳаракат аъзолари ўзига бўйсунмайди. Алкоголь, тамаки, наркотик, инсон психикасига таъсир кўрсатувчи баъзи дорилар шулар жумласидандир. Бола ҳали эмбрион ҳолатида бўлганида бундай моддаларни қабул қилиш нафақат унинг психикасига, балки организмнинг ривожланишига ҳам ёмон таъсир кўрсатади.
АЛКОГОЛНИНГ ҲОМИЛАГА ТАЪСИРИ
Алкоголнинг озгина миқдори ҳам ҳомиладор аёлга ва унинг боласига зарарлидир. Улар кўпинча бола тушиши, туғруқдаги қийинчилик ва асоратларга олиб келади. Бундай болаларнинг 1/3 қисмигина соғлом туғилади. 1/3 қисми эса алкоголга мойил бўлади.
Кўкракдан эмизганда алкогол тўғридан тўғри она сутига бориб қўшилади. Агар она бир ёки икки стакан миқдорида пиво ичса, боласи уйқусираган, ланж бўлиб яхши эмолмайди.
ТАМАКИ (НИКОТИН) НИНГ ҲОМИЛАГА ТАЪСИРИ
Чекилаётган сигарет тутунининг олдида туришнинг ўзи қанчалар зарарли. Чекиш бачадондан қон кетишига, йўлдошда қон айланиши бузилишига олиб келади. Ҳомиланинг яхши ривожланмаслигига, бола тушишига, ўлик туғилишига сабаб бўлади. Туғилган гўдак жисмонан яхши ривожланмаган (бўйи ва вазни нормадан кам) бўлиши, келажакда ақлий ва жисмоний ривожланишдан орқада қолиши мумкин.
БЎЛАЖАК ОНАЛАРГА ТАВСИЯЛАР
1. Режалаган ҳомиладорлигингиздан бир ой олдин умуман спиртли ичимликлар истеъмол қилманг. Алкоголнинг организмдан чиқиб кетишига тахминан шунча вақт керак бўлади.
2. Чекишни ташланг. Чекадиганлар даврасидан нарироқ юринг.
3. Ҳомиладор бўлишдан илгари врач кўригидан ўтиб керакли даво муолажаларини олинг. Айниқса бу тишларга тегишли. Стоматологияда қўлланиладиган баъзи даво воситалари ҳомилангизга зарарли бўлиши мумкин. Гўдакка касал тишдаги инфекция ҳам хавф туғдиради.
* Бирор дори қабул қилишингиздан олдин врачингиз билан маслаҳатлашинг. Унинг тавсиясисиз ҳеч қандай дори ичманг. Ҳомиладорлигингиз охирги кунигача ушбу тавсияга амал қилинг.
* Ҳомиладор бўлишдан сақлайдиган таблеткалар ҳомила учун зарарли, шунинг учун дарҳол улардан воз кечинг.
* Рентгенологик текширувларга эҳтиёт бўлинг, айниқса тос ва қорин атрофини нурланишдан сақланг. Мажбурият бўлмаса рентгенга тушманг.
* Соғлиғингизга кўпроқ эътибор қилинг. Одам кўп тўпланадиган ерларда камроқ бўлсангиз, инфекцоон касалликларга чалиниш эҳтимоли камроқ бўлади. Бундай инфекциялар одатда ҳомила учун жуда хавфлидир. Оилангизда кимдир шамолласа унга ниқоб беринг, ўзингиз ҳам тақиб олинг. Бу ҳолда бурунга интерферон томизиш ёки оксолин мазини суртиш фойда беради ва асосийси ҳомила учун зарарсиз. Қўшимчасига эса пиёз ва саримсоқдан фойдаланинг.
* Асаб бузилиш ва стресс ҳолатларидан узоқроқ бўлинг.
* Уйда мушук ё кучук боқсангиз уларни ўз вақтида эмланишига эътибор қилинг. Улар билан камроқ мулоқода бўлинг. Овқат бериш, тагини тозалаш каби вазифаларни оила аъзоларингиздан бошка бирортаси қилсин.
* Ҳомиладор аёлларга мўлжалланган витаминларни қабул қилишни бошланг. Агар витаминларни ва микроэлементларни ҳаммасини озуқалардан олишга қарор қилган бўлсангиз еяётган нарсаларингизга кўпроқ эътибор қилинг. Чунки ҳомиладорларга улар ҳомила учун ҳам зарур ва кўпроқ миқдорда керак бўлади.
* Таркибида кофеин бўлган маҳсулотларни камроқ истеъмол қилинг. Улар аччиқ чой, кофе, шоколад ва кола кабилардир.
* Албатта вақт топиб мутахассисга мурожат этинг. Агар соғлиғингиздан шикоятингиз ёки сурункали касалингиз бўлса, уларни даволаш бўйича тавсиялар беради.
* Ҳар куни сайр қилишни кун тартибингизга киритинг.
Кўп манзур бўлган мақолалар
- Оилали фоҳишалар
- Эр-хотин ўртасида муҳаббатни кучайтириш учун 10 та восита
- Хар дарднинг шифоси бор
- Жинсий қарамлик (шаҳватпарастлик)
- Зинонинг “замонавий” тури
- Эр ўз аёлидан зерикканлигининг аломатлари
- Рамазонда хотини билан қўшилишлик
- «Мен ичмайман» дейсизми?
- «Сен буюк ялқов бўлиб етишасан!»
- Mаданий ҳордиқдаги маданиятсизлик
Ҳозир сайтимизда 348 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ
Оила, никоҳ, талоқ (фатволар)
- Ота-онамни бориб кўришдан тўсишга эримнинг ҳаққи борми?
- Аёл кишининг машина ҳайдаши
- Ажраш ҳуқуқи хотинга ҳам бериладими?
- Аёлларга тааллуқли масалалар
- Аёлларнинг қабристонга бориши
- Аёлларни эркакларга ўхшаб намоз ўқиши
- Сафар қилиш
- Махсус кунларда Қуръон ушлаш, тиловат қилиш ҳақида
- Етимни фарзандликка олса бўладими?
- Аёлларга қўйиладиган тақиқлар
- Депиляция
- Иккинчи турмуш
- Кўз зиносидан эркаклар қандай сақланади?
- Аёл киши телевидениеда журналист бўлиши, кўрсатувлар олиб бориши мумкинми?!
- Сочи узун эркаклар ва сочи калта қизлар