1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Бозор кўрган хотин

Қиз-аёлларнинг тижорат билан шуғулланиши, бозорларда ўзларини эркин қўйиб, бепарда гап-сўзларни тортинмай гапиришларига кўникиб қолдик чоғи. Негаки, бир пайтлари бозорга чиққан қизга биров юрак ютиб харидор бўлмасди ёки бозорда бозори юришган хотинларнинг қизига тузукроқ хонадон совчи бўлмасди. Орадан бирмунча вақт ўтиб, бу ҳолат мутлақо терс айланди. Яъни тижорат билан шуғулланадиган қизга кўзи тушган ўғил уйлаш тадоригидаги она, биринчи навбатда қизнинг шарму ҳаёси, одобу андишасини эмас, унинг тижоратчилик ортидан йиққан сеп-сидирғасини кўз олдига келтиради ва ... ҳеч иккиланишсиз ўша қизни келин қилмоқчи бўлади. Бу ҳол бозорчи хотинлар билан ҳам шу тарзда  рўй беради. Савдо билан шуғулланадиган хотинларга қуда бўлишни истаганлар аксарият ҳолларда уларнинг мол дунёсини кўзлаган бўладилар. Негадир замонамизга келиб, тарозининг андиша, одобу ҳаё тортилган палласи, бойлик ва сеп тортилган палласини кўтаролмай қолди. Кўпчилигимизни маънавиятли, оқил ва инсоний фазилатлар эгаси бўлганлар эмас, моддий дунёси тўкин бўлган кишилар қизиқтирадиган бўлди. Аммо, моддий ҳаётга ўчлик оқибатида айримлар

Маънавиятдан йироқлашяпти

Оқибатда миллатга ахлоқий ва маънавий буҳрон хавфи зўраймоқда.  Тўкин ҳаёт, бадастир турмуш кечириш учун маънавиятдан кечиш... кечирасизу, бу тахлитда одамзоднинг ҳайвондан фарқи қолмайди-ку! Инсоннинг чинакам нсонлигини далолат қиладиган хусусиятлари унинг маънавияти, дунёқараши, одобу андишаси эмасми? Айниқса, қиз бола, аёл кишининг юқорида тилга олинган хислатлардан айро бўлиши жуда хунук-ку!?
—    Бозорчи қиз-аёлларга назар ташласангиз, кўча кўрган, шаллақироқ бўлади,- дейди таниш аёл.- Ахир кексалар бозорни шайтоннинг уяси, дейишади-ку.  Кўпчилигининг юз-кўзида ҳаё кўринмайди. Ҳатто ёш-ёш қизчалар ҳам бегона эркаклар олдида ҳар хил гап-сўзларни бемалол гапиришдан хижолат чекмайди. Шундайларни кўрганимда уларга раҳмим келади, тўғриси. Мол-дунё кишига ҳар доим ҳам бахт, обрў-эътибор бермаслигини тушунмайдиганлар учун ҳаётнинг қизиғи бўлмаса керак...

“Бозорчи” хотинлар нега эркакшода бўлади?

Аёлнинг гапларини мулоҳаза қиларканман,  кўпдан бери ўзимни ўйлантириб келаётган бир савол яна тафаккуримда айлана бошлади: Чиндан ҳам бозорчи, умуман савдо- тижорат ишлари билан шуғулланадиган аёлларнинг юриш- туриши, феъл-атворидаги эркакшодалик, ярашмаган, салбий маънодаги шаддодлик бошқаларга нисбатан бир мунча кўпроқ кўзга ташланади. Бунинг сабаби нимада? Бу саволга айнан тижорат билан шуғулланадиган аёлларнинг ўзларидан жавоб  излашга уриндик. Исм-фамилиясини сир тутган, пойтахт бозорларининг бирида савдо қиладиган юртдошимиз юқоридаги саволга қуйидагича жавоб бердилар:
—    Ҳаёт инсонни ҳар турли куйга солиб синайди, синглим. Мен ҳам бир пайтлари, бир оғиз гапни эплаб, тузук гапира олмайдиган, тортинчоқ, уятчан аёл эдим. Турмуш ўртоғимнинг ишлари юришмай, рўзғорда етишмовчилик, қийинчиликлар бўлиб эр-хотин кўп жанжаллашадиган бўлдик. Бир дугонамнинг маслаҳати билан бозорга чиқа бошладим. Аввалига хўжайиним қаршилик қилди, кейин ўзи ҳам ҳар куни уруш-жанжал қилиб, оиладаги бор баракани ҳам учирмайлик, дедими, ҳартугул рози бўлди. Хуллас, шундан бери эр-хотин бозордамиз. Турмушимиз ҳавас қилгулик, муҳтожлик кўрмаймиз. Китобларда ҳам тижоратда барака бор, дейилган экан-ку. Бозорга чиққанимдан ҳеч қачон афсусланмайман.  Аллоҳ ризқимизни шу ерда сочиб қўибди, бозорда ишлашнинг нимаси ор экан? Феълимиздаги қўрсликка келсак, бусиз бўлмайди. Кўчада юмшоқтабиатлилик, мулойимлик қилсангиз бирингиз икки бўлмайди.Уриб, тепкилаб кетадиганлар кўп. Шаддод, бетгачопар бўлсак, бизни ҳаёт шу ҳолга солган...
—    Нега фақат бозорчи аёллар ҳақида гап кетса, шаллақи, шарму ҳаёси йўқ деган гаплар айтилаверади?- деб суҳбатга аралашди ёймачи аёллардан бири бизнинг суҳбатимиз маъносидан хабар топиб.- Биз ҳам бошқа хоним хотинларга ўхшаб, уйда эримиз топганини еб, чиройли кийиниб, қошимизга ўсмаю сурма қўйволиб ўтиришни хоҳлаймиз. Аммо ҳаёт бизнинг хоҳишимиз билан ҳисоблашмайди. Унинг ўзига хос меъёр-мезонлари бор. Одамлар икки гапнинг бирида бозорчи аёлларни ундоқ, бозорчи хотинлар бундоқ, деяверишади. Ўзлари ҳам бир келиб бозорнинг нонини татиб кўришсин-чи, кўрамиз, аҳволлари қандай бўлар экан?! Бошида мен ҳам бозорга чиқишни ор билиб, эримни савдога жўнатдим. Бир қайтишида пулини ўғирлатиб борди, яна бир қайтишида “мелисалар ноқонуний жойда савдо қиляпсан, деб нарсалармни олиб қўйишди”, деб икки қўлини бурнига тиқиб борди. Охири мажбур бўлдим ўзим чиқишга. Бир этак бола-чақамиз бор, уларнинг еб-ичиши, кийиниши, орзу- ҳаваси, ўқиши учун пул керак. Дадаси эплолмаса, мен бозорчи хотин шаллақи бўлади, деб уйда ўтиравермайманку. Ҳолатга баҳо бераётганда яхши-ёмон, плюс-минус томонларини ҳисобга олиб гапириш керак-да...
Иш юзасидан кўпчилик билан мулоқотда бўлишга, одамларни қийнаётган ўй-хаёллар, муаммоларни тинглашга тўғри келади. Ҳар гал кимнингдир кечинмаларидан бохабар бўлгач, ўйга толаман: эри ёки хотинининг хиёнатидан зорланганлар ёхуд шунга  ўхшаш ҳолатлардан “куйган”ларнинг аксарияти бозорда ишлайдиганлар бўлиб чиқади. Сизга ажабланарли туюлиши мумкин, аммо таҳририятга қўнғироқ қилиб ёки мактуб ёзиб, эрининг бошқа аёлларга ўралашиб қолгани, ё бўлмаса, аёлининг қадам олиши ўзгарганидан нолиб мурожаат этадиганларнинг деярли кўпчилигини бозорда ишлайдиганлар ташкил қилади.
Шундайларнинг ҳасратини эшитганимда ўйланиб қоламан, қизиқ, нимага  энди айнан шулар орасида бунақанги қилмишлар авж олган экан? Ё бозорни уят, андиша, ор-номус деган нарсалар четлаб ўтадими? Ёхуд бозорда савдо қиладиганлар молига қўшиб, иймон-у инсоф, виждон-у диёнатини ҳам сотиб юборишганми?..
—    Бундайлар ҳақида оддийгина қилиб пул топиб

Одамийлигини йўқотган одамсифатлар

-дейилади, дейди мақола юзасидан мулоҳазаларини билдирган юртдошимиз Абдумажид Абдураҳмонов.- Пулдан бошқа нарсани тан олмайди. Улар учун оқибат, андиша, шарму ҳаё деган нарсалар бир тийинлик аҳамият касб этмайди. Биров ҳақида гап кетса, энг аввало “Машинаси қанақа, уйи нормальнийми?” деб сўрайди. Мен шундай хотинлар билан бирга яшаётган эркакларга ачинаман. Бояқишлар, паспортининг жинси кўрсатилган жойда “ЭРКАК” деб ёзилганини ҳисобга олмаганда эркаклик сийратидан ҳам айрилганлар улар. Ундай хотинлар ҳай-ҳайламаса эрига бир коса овқатини ҳам пулга сотади. Хотинларни-ку майли, эрга тегиб, болали бўлгач тирикчилик ташвиши шу йўлга бошлаган, бозордан уч –тўрт сўм топиб, асл ўзлигидан йироқлашган, десангиз, ҳозир ёш-ёш қизчаларнинг бозорга чиқиб кетаётгани одамни ҳайрон қолдиради. Наҳотки ота-оналар пул, моддиятни ўйлаб фарзандларининг тақдирига бефарқ қарашади. Анча аввал бир танишим бозорда ўзи гувоҳ бўлган хунук бир манзарани гапириб берганди. Айтишича, узоқроқ вилоятдан ўн етти- ўн саккиз ёшлар чамасидаги бир қизча Тошкент бозорларидан бирида олиб сотарлик қилиш учун келган экан. Ҳалиги қизчага бозорда ишлайдиган йигитлар, “кечқурун бизникига борасанми?” деб тегажоқлик қилишса, қиз ҳам индамай, “ҳа, бораман” дермиш. Шунчаки гапиряпти-да, ҳеч замонда бу болалар билан кетмас, деб ўйлагандим, дейди танишим, кечки пайт бир қарасам, икки йигитга эргашиб уларнинг ижара уйига қараб кетяпти. Танишимнинг гапларини эшитиб юрагим орқага тортиб кетди. Ундайлар қизлар бозорларда камми?! Уларнинг тақдири, келажаги нима бўлади?..
Бу воқеага изоҳ-у шарҳ бериб ўтиришнинг ҳожати бўлмаса керак. Фарзандининг  бахтини мол- дунё, дабдаба ва ҳашаматда кўриб, уни бегона ерларга, бозорларда тирикчилик уммонига ғарқ қилган ота-она алалоқибат, уни саодатдан маҳрум этмоғи кўнгилга ҳам оғриқ солади. Бу дунёда моддият билан эришиб бўлмайдиган нарсалар ҳам бор. Мол-дунё, зар-зевар уйни тўлдириши, нафсни қондириши мумкин, лекин кўнгил кемтиклигини бут, инсон шаънига ёпишган қора доғни пана қила олармикан?..

“Сепли қиз...  иффатсиз қиз экан!..”

-дейди изтироб билан таҳририятга қўнғироқ қилган бир муштарийимиз, янги келинчагининг иффатсизлигидан куйиниб.-  Бозорга ўзимга уст бош харид қилиш  учун бориб, шу қизга рўпара бўлгандим. Афт-ангоридан тузуккина, бинойидек қизга ўхшади. Манзил –маҳалласини сўраб суриштириб совчиликка бордим. Бозорда ишлайдиган қизни келин қиласизми, деб таниш-билишлар эътироз билдиришди. “бу қизнинг сеп-сидирғаси бадастир, ўғлимнинг уйи тўлади” дебман-а, бойликка учмай кетайин... Энди мана бу шармисорликка қандай чидайман? Ўғлим ҳам бошида унча унамаганди, боламнинг олдида ҳам юзим шувит бўлди. Мен бозорда ишлайдиган, хорижий давлатларга тижорат учун қатнайдиган қиз-аёлларни умуман нотўғри тушунмасдим.  Уларни эпчил, уддабуро деб ҳисоблардим. Аммо минг афсуски, ҳаммаси ҳам шундай эмас экан. Ёмон куйиб қолдим...

 Хулоса ўрнида

Ҳар қандай нарсанинг яхши-ёмон томони бўлади. Шунингдек ҳар қандай ҳолатга берилаётган баҳо нисбий тарзда берилади. Масалан, бугунги мулоҳазаларимиз, юртдошларимизнинг фикри билан биз бозорларда савдо қилаётган қиз-аёлларнинг ҳаммасини енгилтак, суюқоёққа чиқариш фикридан мутлақо йироқмиз. Демоқчи бўлганимиз, турмушдаги етишмоқчиликларни баҳона қилиб кўчага чиқиб, бозорлардан паноҳ топаётган, тижоратни касб қилаётган қиз- аёлларимиз ўзларига энг аввало она, насл давомчиси ва албатта ИНСОН дея қарашларини, одамзоднинг йўқотилган обрўси, шаънининг ўрни ҳеч қандай мол-дунёю  зару зеварлар тўлдиролмаслигини англаб етсалар, аъло нур бўларди. Ахир чиндан ҳам инсоннинг энг катта бойлиги юксак обрўси ва гард қўнмаган шаъни эмасми?..

Умида АЗИЗ

Ҳозир сайтимизда 96 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ