1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Туғадиган ким? (Иккинчи мактуб)

 

 

 

 

Ассалому алайкум, дадаларнинг энг яхшиси! Соғ-омонмисиз?
Турмуш ташвишлари билан бўлиб, бизни унутиб қўйганингиз йўқми? Унутиб ҳам кўринг-чи! Бу, эрталаб ишга кетаётиб, иссиққина овқат чиқариб юборганингиздан маълум. Суюнчингизни ҳам олдим, раҳмат! Лекин са-ал “чўғи” камроқми?
Майли-майли, хафа бўлманг. “Оз бўлса ҳам, баракасини берсин!” деймиз-да.
Мабодо, кўнглингизга тегадиган гаплар айтиб қўйган бўлсам, узр сўрайман. Айбимни ювиш мақсадида сизга “сюрприз” қилмоқчиман. Ҳой, хаёлларга берилмай қўяқолинг, “сюрприз”им “кир ювадиғон машина”ям, “рангли дилбузар” ҳам эмас! Яъни туғруқхонада содир бўлган энг ичакузди ҳангомалардан сизни бохабар қилмоқчиман.
Шу десангиз, кеча бир ёшгина келинчакни келтиришганди. Бирор хонадоннинг арзандаси бўлса керак, эрка-тантиқроқ ўсгани юз-кўзидан, хатти-ҳаракатларидан шундоқ кўриниб турибди. Муомаланиям қийвораркан, ким савол сўраса, осмондан тушгандай тасир-тусир жавобларни беради, денг.

Хуллас, туғруққа тайёргарлик кўраётган дўхтирларни салкам жинни қилиб қўяёзибди. Кутилмаганда қаватимизда бирдан югур-югур бошланди. Туғруққача тайёргарлик бўлимида ётган аёллар йўлакка чиқиб олишган. Ичкаридан эшитилаётган қий-чув тўполон овозига тушунолмай лол бўлиб турсак, ранги докадай оқарганча ҳамшира чиқиб келяпти. Аёллар ҳамон ўтиш йўлагида воқеанинг ривожини кутиб туришганди. Уларнинг довдираганча келаётган ҳамширани худди йўлтўсарларга ўхшаб ўраб олиб, баравар савол ёғдира кетганларини кўриб, бирам кулгим қистайди. Четдан қараган одамга аёлларнинг бу ҳолати айнан хорижлик журналистларни эслатиб юборади. Улар шов-шувли воқеаларни ўз газеталарида ҳаммадан биринчи бўлиб ёритиш мақсадида жон бериб ишлайдилар. Фақат шифохонадаги аёлларнинг фарқи, қўлларида микрофон, диктофон ва суратга тушириш аппаратининг йўқлигида! Яна битта фарқи, елиб-югуриб ишлайдиган мухбирлар сал “ихчамроқ” бўлишади...
“Қуршов”да қолган ҳамшира дудуқлана-дудуқлана нима дейди, денг?
–    Ўзи шу бугун ишга келмасам бўларкан. Бунақа бўлишини билганимда бошқа биров билан ўрин алмашиб олардим. Одам деганам шунақа жинни бўладими? Ота-онаси қанақа тарбия берган бу жувонга, ҳайронман! Қизларини ўн олти-ўн етти ёшдан узатиб юборишни билишади-ю, аввал ҳаётга тайёрми-йўқлигини ҳисобга олишмайди. Ҳе, ўргилдим!..
Асабийлашганимга қон босимим ошди-ёв.
–    Нима бўлди, тушунтириб гапирсангиз-чи? – қизиқувчанлиги билан орамизда танилиб қолган Заҳро гапга аралашди.
–    Нима бўларди, билагига уланган осма укол нинасини юлиб олганча отворди-да, югуриб деразанинг олдига бориб олди. Қўрқиб кетганимиздан ўтакамиз ёрилаёзди. Тағин иккинчи қаватда бўлсак! Яхшиям, ҳозир баҳор. Кунлар салқинлиги учун деразалар ёпиқ. Ҳай-ҳайлашиб, зўрға тинчлантирдик, – бўғилишга тушди ҳамшира.
–    Ҳозир аҳволи яхшими? – дея, хавотирланганимдан гапга аралашганимни билмай қолдим. Ахир, учинчи бор туғруқхонага тушган бўлсам ҳам, бунақасини илк марта эшитиб туришим эди-да!
–    Хайрият, сал тинчиди. Тепасида беш киши парвона бўлиб ўтирибди, тўғрироғи, қўриқчи бўлиб, – деганча аёл “тўсиқ”ни ёриб ўтмоққа уринди.
Аммо уни осонликча қўйиб юборадиган аҳмоқ бор эканми? У ҳолда, бу ерда зерикиб ётган бемор аёлларни ким шундай “қайноқ” янгиликдан бохабар қилади?
Аёллардан бири савол ташлади:
–    Нега бундай қилади?
– Жони оғриётганмиш. Нима, бошқаларнинг жони оғримасканми? Додлаганча йиғлаб ўтирибди. Тағин нима дейди, денг? – бир амаллаб аёлларни ёриб ўтганча мен томон одимлади ҳамшира.
– Нима дейди? – ҳар галгидек Заҳронинг қизиқиши ҳамманикидан кучли чиқди. Шундан мен савол беришга кеч қолдим. Аслида, мен ҳам шуни сўрамоқчи эдим.
–    “Ким туғса-туғаверсин, аммо мен туғмайман, уйимга кетаман!” дея йиғлаб ётибди. Шунга пастдан уйидагиларини чақиришга кетяпман... – шундай деди-ю, ҳамшира бир амаллаб биздан йироқлашишга муваффақ бўлди. У кетиши билан “маҳаллий мухбирлар” ўртасида муҳокама бошланиб кетди:
–    Бу келинга нима бўлган ўзи? Ҳомиладор у бўлса, унинг боласини ким туғиши керак экан?
–    Ёш бўлганидан кейин оғзига келганини гапираверади-да!
–    Ҳа-а, ОНА бўлиш осон эканми? Шунинг учун ҳам “Аёлнинг жони қирқта!” дейилган-да!
Орадан сал ўтмай, елкасига оқ халат ташлаган йигит билан ўрта ёшлардаги бир аёл ҳовлиққанча чиқиб келишди. Онаси билан турмуш ўртоғи шекилли. Ёки қайнонасимикан? Иккаласининг ҳам юз-кўзида хавотир зоҳир.
Тўпланган хотинларга яхши мавзу топилди. Энди улар воқеа ечимининг тагига етмасдан туриб, “мухбирлик” қолиб, “изқуварлик”дан асло воз кечишмайди, дея ўйладим. Айтганимдек, пешинги муолажалариям эсларидан чиққан кўринади, навбатчи ҳамшира уларни бирма-бир чақириб олди.
Э, буниси ҳолва! Буларни шу ерда қўя турайлик-да, энди гапни бошқа ёқдан эшитинг.
Ўтган куни ажойиб ва ғаройиб ҳолат рўй берди. Учинчи қаватда даволанишга ётган жувоннинг бир “куйдирги” эри бор экан. На хотинининг ҳолидан тузук-қуруқ хабар оларкан, на келганида яхши муомала қилар экан. Эри келиб-кетганидан кейин шўрлик палатага кириб олиб, роса йиғларкан. Бир куни аёлнинг қон босими кўтарилиб кетибди. Дўхтир сабабини билишга уринибди. Ноилож қолган жувон жонидан ўтиб кетгани учун бор гапни дўхтирига айтиб беришга мажбур бўлибди.
“Шунақами? Ҳали у номард жони қил устида турган ҳомиладор аёли билан ҳазиллашишга журъат қиляптими? Ахир қорнингиздаги унинг зурриёди-ку! Худо кўрсатмасин, эртага болангизга бир нарса бўлса, ўзининг айбдор эканини тан олармикан, ёки яна бор айбни бизга ёки сизга ағдариб, ўзи сувдан қуруқ чиқиб турармикан? Шошмай турсин, мен унга ҳомиладор аёлга қандай муомала қилиш кераклигини ўргатиб қўяман! Ўша бетайин эрингиз келганида секингина мени чақиртиринг. Ўзим боплайман!” дебди аёлга ачинган дўхтир.
Икки кундан сўнг аёлнинг хабари билан эрни ҳузурига чақиртириб олгач, гапни узоқдан бошлабди:
“Баъзи бир номард оталар бор. Хотини туғаётган паллада иложи бўлса, туғруқхонагаям келмайди. Сиз мард экансиз. Мана, ҳар куни келиб, далда бўлиб турибсиз. Хабарингиз бор, хотинингизнинг қон босими тез-тез ошиб турибди. Бу туғруққа жиддий хавф солади. Ўзингиз бир намуна кўрсатиб, то гўдак дунёга келгунигача хотинингизнинг ёнида турсангиз! Унга таскин берган бўлардингиз”, дея бир амаллаб алдаб-авраб кўндирибди.
Эртасига аёл туғруқ хонасига олинибди. Хотинининг олдига “қўриқчи” бўлиб эр ҳам киритилибди. Туғруқ бошланибди. Бир маҳал ҳомиладор аёлининг бошидан ўтаётган оғир ва даҳшатли жараёнларни, жон талашиб чинқиришларини кўрган эрнинг мазаси қочиб, “шилқ” этиб ҳушидан кетиб қолибди! Шўрлик дўхтирлар туғаётган аёл бу ёқда қолиб, ҳушдан кетган эрни ўзига келтиришга тушиб кетишибди.
Тавба қилдим, туғадиган хотини, ҳушдан кетган эри бўлса-я? Юракдан ҳам берган экан-да! Ана сизга, баъзи “муҳтарам” эркакларнинг асл башараси!.. Зора шу “тарсаки”дан сўнг хотинининг қадрига етадиган бўлса ажабмас, дея ўйладим.
Ўша дўхтирни кўрмаган бўлсам-да, унга нисбатан қалбимда чуқур ҳурмат ҳисси уйғонди. Кошки, кошки ҳамма унга ўхшаса, ўхшай олса!.. Ўша аёл дўхтир бўлса бордир, бу муҳим эмас, асосийси, у — ҳақиқий ИНСОН!
Биласизми, нимани ўйлаб қўйдим? Худо хоҳласа, то уйга кетгунимгача ўша шифокор билан бир бор бўлсин кўришиб, қалбимда ғунчалаган туйғуларимни изҳор қилишга ҳаракат қиламан.
Шунақа гаплар... Беморлар муолажадан аввал кўпроқ МЕҲРга муҳтождирлар! Баъзи пайтларда “Нимага шифокорликка ўқимаган эканман-а?” дея ўйлаб қоламан. Аммо... муолажадан қўрқаман-да!

Бўпти, қолган гапларни кейин ёзаман. Кечки муолажаларим бошланиб қолди. Учинчи мактубим орқали кўришгунча, хайр! Ҳа, айтганча, мактубларимни йўқотманг. Эсон-омон уйга борсам, биргаликда қайта ўқиб, ўтган кунларни эслаймиз.

КУМУШИНГИЗ

Лойиҳа муаллифи: Гулбаҳор АБДУЛЛОҲ

Туғруқхона ҳаётига оид фикр ва мулоҳазаларингизни, шахсан бошингиздан кечирган ҳолатларни баён қилишингизни кутиб қоламиз.

 

 

 

 

Ҳозир сайтимизда 66 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ