1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Етим бўлган ука ва сингилларимга...

Одамларда бу дунёда бахтга эришиши учун, бахтнинг тўлиқ бўлиши учун албатта ота-она бўлиши керак деган тушунча бор. Бироқ, биз етимлар – ота ёки она доғида хаста диллар, бу нарсаларни нисбий деб тушунамиз. Бу дунё ва охиратда тўлиқ бахтли бўлиш учун Аллоҳ таолога ибодат қилиб, Унинг розилигига эришмоқ керак. Мана, Мусо алайҳиссалом етим ва ташландиқ бўлгани билан Аллоҳ таоло у зотни улуғ пайғамбарлардан қилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалом ҳам етим бўлмаган эдиларми?
Мен асранди бола бўлиб ўсганман. Буни ёшлигимдан билганим боисми, менга жуда оғир бўлган. Билганимдан билмаганим яхши эди, бироқ афсуски, билардим ва изтироб чекардим. Атрофимдагилар ҳам билишарди, бироқ хафа қилиб қўймайлик дебми, ёки бошқа сабаб биланми, ҳарқалай, ўзларини билмаганга олишарди. Мен ҳам ўзимни билмаганга олардим, бироқ қийналардим, куярдим, ичимдан ёнардим. Ўзи дунёда бирон бир етим бормикан, ичи куймаган, бу шиддатли оловдан омон бўла олган? Бундай ҳаёт жуда қийиндир, ишонинг…
Етим ўсган боланинг ҳар бир оҳи, нигоҳи шу бир нарсага қадалган ва бир нарса атрофида айланган бўлади. Менинг ота-онам ким? Нега мен бировларнинг қўлидаман? Нега бундай? Нега айнан мен? Албатта, буларнинг ҳаммаси тақдирда шундай битилгани, ҳатто пайғамбарлар ҳам етим ўсганлигини кейинчалик, Исломни таниганимиздан сўнг била бошладим, қалбим хотиржамлик чашмасини топгандек бўлди. Қиёмат борлигининг яхши бир тарафи шу эканки, бу дунёда сир бўлиб қолган нарсалар очилар экан. Ҳақиқий дийдор ўшанда бўлади, ота-онасини кўра олмаганлар қиёматда кўришади, иншааллоҳ. Етимлар қиёматга кўпроқ интизор яшасалар керак. Қиёмат кунининг подшоҳи Аллоҳ таоло ҳар бир банданинг заррача амалларини ҳам қолдирмай ҳисоб-китоб қилади. Ҳеч кимнинг ҳаққи бир-бирида қолиб кетмайди. Синовни Ўзи беради, биз уни тақдир деймиз ва тақдирга тан берамиз… У Зот меҳрибонлигини кўрсатиб, оғир қисматнинг юкини енгиллатиш учун сабру жамил ҳам ато этади… Ва охиратда мукофот билан ҳам сийлайди…
Туғилганимдан бир неча кун ўтиб, онам раҳматлик туғуруқхонанинг ўзида вафот этган экан (Аллоҳ таоло шаҳодатларини ҳусни қабул айласин!). Отамиз эса тушкунликка тушибми ёки бошқа сабаблари ҳам бормикан, хуллас, мени туғруқхонадан олиб чиқмаган эканлар. Бир ойча туғруқхонада ҳар кимнинг сути билан озиқланиб яшаган эканман. Сўнг бошқалар, яхшилар боқиб олишди… Кейин билсам, отамиз икки катта акамизни мактаб-интернатга берган эканлар. Опачам ва энди икки ёшга тўлган кичик акамни раҳматлик онамизнинг ота-оналари ўзларига олишган экан. Онамизнинг ўлими билан катта бир оила парчаланиб кетган экан. Кейинроқ эса отамиз бошқа турмуш қилган эканлар. Албатта, онасиз қолган болаларнинг додини, оҳ-ноласини ким ҳам эшитар эди? Тўғри, отамизнинг уйланишга тўлиқ ҳақлари бўлган. Мен отамни садоқат, вафо ва меҳрдан юз ўгирди, деб айблай олмайман. Бунга ҳаққим ҳам йўқ. Ўзлари нимани тўғри деб билган бўлсалар, шуни қилганлар. Ҳар ким қилганига яраша ўзи жавоб беради.
Ёшлигимда ёлғиз қолсам, йиғлаб олардим. Кейинроқ, ёшим ўндан ошгач, йиғи ҳам қолмади, йиғлаш нималигини унутиб ҳам юбордим. Кўз ёшсиз, ич-ичимдан йиғлайдиган, ҳасрат чекадиган бўлдим. Ғам-қайғуларимни ўзгаларга кўрсатмасликка ҳаракат қилардим. Аммо ҳар доим, ҳамма вақт ота-онамни қўмсар, соғинар, улар билан дийдор кўришишни истар эдим. Бу илинж мени бир дақиқа бўлсин тарк этмаган.
Уларни топсам, учрашиш насиб қилса, нима дейишим кераклигини ўзимча пухта ўйлаб, гап-сўзларни ич-ичимдан тайёрланар, кунига бу сўзларни ичимда такрорлардим. Вақт эса шафқатсиз тарзда тез ўтар, мен ҳануз ҳижрон ўтида ёнар эдим. Дийдорларини кўриш ҳеч насиб қилмасди. Қарасам, ёшим ҳам қирққа келиб, қарилик ҳам яқин. Сўнгги умид учқунлари ҳам сўниб бормоқда эди.
Ёшлигимдан етимликнинг оғир юкини кўтарган бўлсам ҳам, Аллоҳ таоло Ўз раҳматига олган эди. Яхши одамлар қўлида ўсиб-улғайдим, ўқидим. Уйлантириб қўйишди. Уйлик-жойлик, бола-чақалик ҳам бўлдим. Бироқ чидаб бўлмайдиган, шиддатли олов каби куйдираётган, етиб бўлмайдиган армоним қалбимни асир этган эди. Мен ҳам ўз ота-онамни кўраманми? Улар ким? Нега бундай бўлди?
Мендек ғариб, қалби ўксиклар ҳам мендек азоб чекадиларми?
Йиллаб кутган орзуим кутилмаганда ушалди. Ўтган йили ёз фаслининг сўнгги ойларида кичкина акам мени топди, телефон орақли суҳбатлашдим, танишдим. Сўнг кўришдим… Тавба, одам ҳам ўз туғишган акаси билан танишадими, қирқ йил ўтиб кўришадими? Отамиз ва бошқа қариндошларимиз бошқа шаҳарда, қўшни давлатда яшашар экан. Виза ва бошқа масалалар бўлиб, беш-олти ой ўтгач, ниҳоят, улар билан кўришдим, алҳамдулиллаҳ… Бироқ, ёшлигимдан улар учун атаб қўйган, бир умр орзиқиб, энтикиб кутган ана шу қувончли дамларимда айтишим керак бўлган сўзларни уларга айта олмадим… Шунча вақт юрагимнинг туб-тубида йиғиб юрган дардимни, айтмоқчи бўлиб юрган сўзларимни уларга айтишим тўғрими ёки нотўғри, била олмадим…
Кунларнинг бирида устозимиз шайх ҳазратларига арз қилиб, дилимдаги дардимни қуйидагича тўкиб солдим:
«Сизга маълумки, бундан 5-6 ой олдин йўқотган қариндош-уруғларим билан топишдим. Ўшанда уларнинг кўплаб таклифларига қарамай, туғилган юртимга бориб, қариндошларим билан кўришиб кела олмадим. Паспорт ва виза масалалари муаммо эди. Бироқ, орадан тўрт ой ўтгач, муаммо ҳал бўлди, янги паспорт олдим. Энди виза олишим керак (икки ойдан бери моддий муаммолар туфайли бунинг уддасидан чиқа олмаяпман). Бундан ташқари, йўл харажатлари бор, бемор отамга бир-икки сўм ҳам бериб келишим керак…
Хуллас, бора олмаслигимга тобора амин бўлиб боряпман. Вақт эса ўтмоқда… Энди хаёлимда бормасликка баҳона излаяпман. Масалан, ўзлари ташлаб кетган, нега боришим керак ва ҳоказо фикрлар. Шу тўғрими?
Қалбим ҳижрон ўтида ўртанаётгани рост, аммо боришга, кўришишга имкон йўқ… Отам, акаларим кунига чақиришади, қалбимдаги шундоқ ҳам ёнаётган оловга мой сепишади. Ўзи улар мени нега топишди, қийнамоқ учунми..?
Бормасам гуноҳкор бўлмайманми? Боришни тоқатимдан ташқаридаги нарса деб ҳисоблаяпман… Шундан ўзимни бахтсиз ҳис қиляпман. Шу тўғрими?
Отам ёшлигимда ташлаб кетган бўлса ҳам, унга ғаразим йўқ, начора, тақдир экан… Бироқ, ташлаб кетган бўлса ҳам хизматини қилиб, дуоларини олишим керакми? Оталик ҳаққи фақат дунёга келтириш билангина ҳосил бўладими ёки фарзанди олдидаги ҳақларини адо қилсагинами?
Акаларим билан, уларнинг фарзандлари билан деярли ҳар куни интернет орқали гаплашиб тураман… Дадам ҳар куни мени сўрар эканлар… Бормаётганимга қалби ранжиса, гуноҳкор бўлиб қоламанми? Ёки парво қилмайинми?»
Шайх ҳазратлари роҳимаҳуллоҳ «Қариндошлик алоқаларини узманг, уларнинг олдига боринг, аммо бу ёқдагиларни ҳам хафа қилманг», деб жавоб бердилар…
Шундан сўнг ота юртга отландим…
Отам билан илк бор кўришганимда йиғлаб юбордим. Ўзимни тута олмай қолдим, ҳиссиётларга берилиб кетдим. Йўқ, берилиб кетдим эмас, балки ўзимни ҳиссиёт уммонига отдим, десам тўғри бўлса керак. Ёши қирққа етган, ўн ёшидан бери кўз ёши нималигини билмаган одамнинг кўзидан беихтиёр сел каби ёш оқса, қизиқ бўлар экан. Ўттиз йил ичида йиғилиб қолган кўзёшларим ҳам кўп экан, битта томчиси ҳам қолмай, дарёдек оқиб чиқди. Ўзимдан жуда ҳайратда қолдим. Мен ўзимни билмас эканман, мен ўзимни назорат қила олмас эканман… Хиссиёт кучли экан, балки бу хиссиёт эмас, балки аламдир кўзимдан сув бўлиб оқиб чиққан, энди ичимда алам, дард йўқми?
Мақсадимга, ушалмасдек туюлган армонимга энди етдимми?
Мени ёшлигимдан парвариш қилиб, не-не орзу-ҳавас билан катта қилган яхши одамларга, азиз инсонларимга энди нима дейман? Биламан, уларга яхши қараш, яхшилик қилиш инсонийлик бурчимдир. Бироқ, уларга бор ҳақиқатни қандай айтаман? Айта оламанми ўзи? Айтишим керакми ёки йўқ?

Давоми бор…

Абу Муслим

Ҳозир сайтимизда 78 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ