1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Текин мардикор

 

 

 

Ўғилларининг қўлига биттадан чўп бериб синдиришни сўраган ота ҳақидаги ривоят ҳаммага маълум. Эсингизда бўлса ҳар бир ўғил қўлидаги чўпни осонлик билан синдиради. Уларнинг қўлига бир нечтадан чўп берилганда биронтаси ҳам бу ғужумни синдира олмайди.

Якдилликнинг моҳияти борасида бунданда соддароқ ва теранроқ мисол топиш амри маҳол. Афсусларким, бугунги кунда бу ажойиб ривоят деярли барчамизнинг хаёлимиздан фаромуш бўлиб кетди.

Сиёсий ва диний фирқалар, оқимлар, гуруҳлар, жамоалар телеэкранларда реклама қилинаётган маҳсулотлар каби ранг-баранг ва турлича бўлиб кўпайиб кетмоқда. Аслини олганда улар ўртасида қандайдир узвийлик мавжуд. Нега дейсизми? Мақсад битта, бири харидорим кўпайсин деса иккинчиси хамфикир, сафдошим кўпайсин дейди. Мафкуравий майдонда ақллар, қалблар учун пинхона ва ошкора кураш кун сайин авж олиб бормоқда. Ҳамма ўзича ҳақ.

Усти ялтироқ, ичи кавак фирқа ва оқимлар аслида кимга ва нима учун керак? Кимгаки заиф, тарқоқ ва пароканда Ўзбекистон керак бўлса ана ўшаларга керак.

Гапнинг индаллосини айтадиган бўлсак, сўнгги пайтларда дунё харитасига кескин ўзгартиришлар киритилаётган бир тарихий давр бошланганини тан олиш лозим. Югославия, Афғонистон, Ироқ урушлари, Эронга бўлаётган тахдидлар, Украина, Грузия, Қирғизистондаги рангли инқилоблар бу реал ҳақиқатлардир. Агар ана шу воқеалардан ўзимизга тегишли хулосалар қилиб олмасак, бизни ҳам бу тажрибакор сиёсатчилар ўзларининг «лобараторияларига» тортиб кетишлари ҳеч гап эмас.

Айтиб ўтиш жойизки уларни энг синалган ва яхши кўрган тадбирлари ҳар қандай мамлакат ичида ўзларининг юқорида айтиб ўтилган «кавак» фирқалари ёрдамида фитна чиқариш ва ана шу тартибсизликларни бартараф қилиш мақсадида ўзларининг «қимматли» маслаҳатлари ва кейинчалик қуролли «ёрдамлари» билан аралашишдир. Яъни, «демократия», «умуминсоний қадриятлар» ниқоби остида, улар фақат ўзларининг сиёсий ва иқтисодий манфаатларини кўзлашаётгани ақл доираси тор инсонлар учунгина мавҳум бўлиб қолмоқда. Эътибор беринг, юқорида номи тилга олинган барча мамлакатлар ё сиёсий, ёки иқтисодий жиҳатдан халқаро майдонда жуда катта аҳамият касб этади. Манголия, Гондурас, Конго каби давлатлардаги демократик вазият ёки инсон ҳуқуқлари нима учун бу «инсонпарвар» кучларни безовта қилмайди? Нима учун бу мамлакатларда «кавак» фирқалар тузилмайди? Манфаат йўқ!

Бор-йўғи 15 йил олдин Югославия Европанинг ривожланган давлатлари қаторига кириш арафасида турган эди. Ҳозир бу давлат бири-биридан майда ва заиф бир нечта давлатчаларга бўлиниб кетди, Ироқ Яқин шарқ давлатлари ичида энг катта армияга эга қудратли мамлакат эди, хозирги куни ўзингизга маълум. Агар бу ва бошқа фитналарга мубтало бўлган давлатларга назар ташласак, уларнинг барчаси авваламбор, ичидан емирилганини ва сўнгги паллада ташқаридан берилган зарбадан пишиб кетган тарвуздай парчаланиб кетганини кузатамиз.

Айтмоқчи бўлганимиз сиёсат ўйинчоқ нарса эмас, у билан ҳазиллашиб бўлмайди. Ёшлик қилибми, бебошлик қилибми, ўз фикрича ажойиб иш қилаяпман, деб мамлакатларини қонли урушлар ва инқилоблар гирдобига солиб юборганлар энди ҳеч нарсани ўзгартира олмай минг-минг пушаймон бўлаётгани биз учун ибрат бўлиши лозим.

Бугунги кунда ҳар бир юртдошимиз, миллатдошимиз олдидаги энг долзарб масала бу миллий манфаатлар масаласидир. Нимаики миллатимиз манфаатига жавоб берса ўша ишни қўллаб қувватлаш ва нимаики миллий манфаатларимизга зид бўлса шу нарса билан муросасиз кураш олиб бориш даркор.

Хўш, миллий манфаатларнинг ўзи нима? Уни биз қандай тушунишимиз даркор? Миллий манфаатларни содда қилиб кемага ўхшатсак бўлади. У бизга аждодларимиздан меърос қолган ва биз ҳам уни такомиллаштириб келажак авлодларга топширишимиз даркор. Биз ана шу кеманинг мустаҳкамлиги, созлиги барча мурувватларини бекаму-кўст ишлашини таьминласак у бизни ҳар қандай бўрон-у, тўфондан эсон-омон олиб чиқади.

Энди кўз олдингизга келтиринг, кема аъзолари гуруҳларга бўлиниб олиб, унинг ичидаги тартиби ва борасида муросасиз мунозара олиб бориб бир тўхтамга келолмагач ташқаридан «маслаҳатчилар» чақиради. Уммон сарҳадларида иложи борича камроқ кемалар бўлишини истайдиган бу «маслаҳатчилар» кемадагиларга қандай маслаҳат бериши мумкин?

Бу билан биз ҳамма бир хил ўйлаши ва фикрлаши лозим экан, демоқчи эмасмиз, асло. Фикр ва ғоялар ўртасидаги баҳс — мунозара жуда керак ва зарурий нарса, қачонки бу мунозаралар миллий манфаатимизга зарар етказмаса.

Қачонки бу баҳслар, тортишувларга, тортишувлар тўполонларга айланар экан, билингки, бу ерда «маслаҳатчилар» йўриғида юрган гуруҳ ёки баъзи шахсларнинг манфаатлари миллий манфаатлардан устун қўйилаётганидан даракдир.

Ким учундир Ўзбекистон қадим тарих ва маданиятга эга сўлим гўша, она юрт, ким учундир эса у, минтақада жуда муҳим аҳамият касб этувчи ҳудуд, холос. Катта харита рўпарасида туриб олиб кўрсаткич таёғи билан бутун бир бошли давлатларнинг худудини торт кесгандай кесадиган, у ерда яшайдиган ҳалқларнинг тақдирини ўз билганича ҳал қиладиган, фақат ўз манфаатлари устидан бош қотираётган жаноблар учун бундай мамлакатлар мисли бир янги нефть кони ёки пахта даласи каби бойлик манбаи холос. Ана шу мақсадларига эришиш учун улар ниҳоятда пухта ишланган режалари асосида анчадан бери эҳтиёткорлик билан харакат қилиб келишмоқда. Бахтимизга ҳар доим ҳам иш улар ўйлаганидек бўлмаяпти. Бироқ, улар бўшашаётганлари йўқ, аксинча, қўлланилаётган тадбир ва воситалар борган сари мукаммаллашиб, тараққий этмоқда, холос.

Айтмоқчи бўлганимиз, огоҳ бўлинг, ўзингиз билмаган ҳолда ана шу кучларнинг тегирмонига сув қуювчи текин мардикор бўлиб қолманг!

Дилмурод ЗОКИРБЕК.

 

 

 

Ҳозир сайтимизда 334 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ