Сайт бўлимлари
Меҳнатбезор ўғиллар
- Подробности
- Бўлим: Эркаклар учун
- Чиққан санаси: 04 Апрель 2013
- (Нашр қилинган санаси)
Аёл хорижий мамлакатда юртдошларини кўриб кўзлидан ёш чиқиб кетди.
— Беш йилга келганман, тўрт йили ўтди,- деди у ўзбек биродарларига соғинч билан термуларкан.- Болаларимни соғиндим. Уйимни, Ватанимни... Тирикчилик ташвиши-да... Ҳа майли, тан-жонимиз соғ бўлса, бир кун юртга қайтамиз, Худо хохласа.- Ўзбекистондан борганлар талаба ёшлар экан, аёл уларни ялиниб-ёлвориб ижара уйига таклиф қилди. Толиби илмлар, боз устига юртининг нафасини олиб борганлар билан бир жилла қурса бир кечагина дийдорлашишни астойдил истаб уларга илтижо қилди. Талабалар мусофирчиликда юрган ҳамюртларини ўкситишни истамай уникига йўл олдилар. Аёл топганини дастурхонга қўйиб, меҳмондорчилик қилди. Гап орасида юртни, уйини, болаларини соғинганини такрор-такрор гапрарди. Баногоҳ ёдига бир нима тушди. Эски жавонни титкилаб аллақандай диск олдида, меҳмонларга қараб:
— Болаларимдан уйимизни, ўзларини тасвирга тушириб жўнатишларини илтимос қилгандим. Соғинганда кўриб тураман, -деб телевизорнинг мурватини буради. Кадрда ҳашаматли, дабдаба билан қурилган қўшқават ҳовли, баҳайбат дарвозахонада “Ласетти” машинаси кўринди. Яна қимматбаҳо ва ҳашамдор мебеллар, техника жиҳозлари ва... Диванда ёнбошлаганча, “ойижон, ишларингиз яхшими? Чарчамай ишлаб юрибсизми? Биз дадам билан ҳамма айтганларингизни бажариб юрибмиз” деганча оғзининг танобини қочираётган семиз йигит гавдаланди. Аёл ҳалиги баҳайбат ўғлига соғинч аралаш меҳр билан тикилган куйи, ёнида меҳмонлар борлигини ҳам унутиб кўз ёши бошлади. Талабалар секингина ер остидан бир-бирларига термулишди: “Тавба, сўлоқмондай ўғил уйда ўтириб, онаси бегона юртларда ишлаб юрибди-я. Ота-ўғил ўтирган ҳовлини дабдабасию ҳашаматига боқингу, бу бечора аёл яшаётган кулбанинг ғариб ҳолига қаранг...”
Она тонг қоронғусида уйғониб, юз-қўлини чайган бўлдию, кўчага ошиқди. Бозор бошланмасидан ул-бул олмаса бўлмас. Устига чойчақа қўйиб кўпқаватли уйлар оралаб сотади. Бироз машаққатини айтмаганда, 3-4 соатда бир кунга етгулик пулни топиш, ҳатто ортирриб ҳам қўйиш мумкин. У ҳар куни ана шундай ғира-шира ёруғда, юлдузлар ҳали ўрнини тарк этмай туриб бозорга ошиқади. Пешинга яқин уйқусизликдан қизарган кўзларини қуёшдан пана қилиб уйига қайтаётганида қўшни аёллар ортидан афсусланганнамо гапириб қолишади:
— Вой бечора-ей, озиб-тўзиб бир аҳвол бўлиб қолибдику. Ҳадеб ўзи югурмай уйида ётган текинтомоқ ўғилларини ҳам ишга солса бўлмайдими? Қачон қараманг онаси минг машаққат билан топиб келган пулларга дўконларда пиво ичиб ўтиришади.
— Секинроқ айтасизми,-дейди иккинчи қўшни астойдил онага ачиниб.- Аслида ҳамма айб ўзларида. Болаларини ёшлигидан эркалаб, папалаб ўстирдилар. Бирор иш буюрмасдилар, меҳнатга ўргатмасдилар. Энди катта бўлиб уйланиш ёшига етибди ҳам, бирови кўчага чиқиб бир бурда нон топиб келай демайди. Болани меҳнат тарбиялайди, текинхўрлик эмас...
Қиз бу галги совчиларни ҳам рад этди. Ҳатто йигит билан учрашишни ҳам истамади. Бу ёшида уйланмаган бўз йигитдан совчи келиши даргумон, бундай имконият бошқа қайтарилмаслиги мумкинлигини айтиб зорланган яқинларига:
— Мен қишнинг қаҳратонию, ёзнинг жазирамасида онасини бозорда саланглатиб қўйган ялқовга тегмайман! Шунақа дангаса пешонамга битмаган бўлса, битмасин! Агар топармон-тутармон бўлганида 33 ёшгача судралиб юрмай уйланиб кетган бўларди. Бир дугонам уларнинг маҳалласига келин бўлган. “Шу хотинга одамнинг раҳми келади, учта тоғни урса талқон қилгулик ўғиллари бор. Қайнонамнинг дугоналари бўлади. Ойижон ўртоқларининг қийналиб ишлаб юрганини кўриб хафа бўлиб кетадилар, қачон қарасанг эри текинтомоқ ўғиллари билан салқин уйга кириб ухлайди, ўртоғим бечора қишин-ёзин, кечаю кундуз ҳали қишлоқма қишлоқ юриб одамларнинг қатиқ-сузмасини олади, ҳали картошка- пиёз тўла халталарни кўтариб бозор паттачиларидан қочиб, уч-тўрт сўм пулнинг дардида юради, деб ҳар куни гапирадилар. Қишлоқда буларнинг уй-жойи ҳамманикидан ажралиб турибди, харобалиги, кўримсизлиги билан. Бир синглиси узатилган, уч ўғил, бир ота биргина касалманд онанинг олибсотарлик қилиб топган пулига кун кечиришади” -дейди дугонам шу йигит ҳақида ҳар гапирганида. Ишёқмас, танбал бўлгани учун шу пайтгача ҳеч ким тегмаган-да. Қолаверса, тўй қилиш учун ҳам пул керак, бир онанинг топган чойчақасига тўрт эркак қараб туришибди ахир. Унақа беор йигитга теккандан кўра, эрсиз юрганим яхши минг марта яхши! Ҳозир ойлик маошимга ўзимни боқяпман, кейин униям қўшиб боқишим керакми?..
Қизининг гаплари ҳақ эканига ич-ичидан амин бўлган она унга қарши ҳеч нима деёлмади...
Икки ака-ука оталарининг вафотидан кейин онасига суяниб қолишди. Аввал онаси болаларим “отамиз эрта вафот этгани учун тирикчилик ташвиши жуда ёшлигимизда бизни эгалади”, деб ўксимаслиги учун уларга кўп иш буюрмас, анча –мунча оғир ишларни ҳам ўзи бажарар, кучи етмаганларига ака-укасидан илтимос қиларди. Болалар улғайгани сари шундай ҳаётга ўрганиб бораверишди. Уларга тайёр пул бўлса, сарфлашга уста. Аммо жон куйдириб пул топишни хоҳлашмайди. Ўғиллари катта бўлиб, уйланиш ёшига етгач, эл-улусдан хижолат тортган аёл уларни уйлантириш, уй-жойли қилиш учун Россияга кетворди. Болаларига ҳар ойда пул жўнатиб туради. Йигирмадан ошиб қолган икки ўғил эса онаси жўнатган пулни еб, умрларини ўтказишяпти. Тоға-холаларининг ундови билан бир –икки жойга ишга киришади-да узоқ ишлолмай яна уйга кириб олишади.
Ёшлигида касб-ҳунар ўрганишга, бир ишнинг бошини тутишга ҳеч бўйни ёр бермасди. Йигит ёшига етиб ҳам меҳнат қилишни танасига сиғдиролмади. Бу орада уйланди. Бир ярим йил деганда фарзандли бўлди. Авваллари бир ўзи онасининг пенсия пулига кўз тикиб ўтирарди, энди хотини ҳам қўшилди. Бунинг устига боласининг харажатлари... Ишлайман деса, куч-қуввати ошиб-тошиб ётибди. Лекин ҳар ойнинг пенсия тарқатиладиган маълум кунини кутиб, қари онасига давлат томонидан бериладиган пулга тирикчилигини ўтказиб юраверади...
Болани меҳнат тарбиялайди
Фарзанд киши дунёқарашини ўзгартириб юборади. Инсон боласи туғилгач, ўзини унутиб фақат фарзандининг келажаги, унинг бахту истиқболи учун яшайди. Айниқса биз ўзбекларда бу ҳол ёзилмаган қоида ва у қон-қонимизга сингиб кетган. Биз ҳар неники яхшиси бўлса, фарзандимга деймиз. Болам яхши яшасин. Болам муҳтож бўлмасин. Болам ўксимасин. Болам ҳеч кимдан кам бўлмасин. Бу деярли кўпчилигимизнинг кўнглимиздаги ният. Фарзандларимизнинг бекаму кўст яшашлари учун шунчалик берилиб ишлаймизки, ҳатто уларга ҳаёт учун асқотадиган инсоний фазилатлардан сабоқ бериш ҳам хаёлимиздан фаромуш бўлади. Бора-бора ҳамма нарсага осонлик билан эришган болада енгил ҳаётга орзумандлик пайдо бўлади. Улғайгач ҳам мустақил бир ишни эплолмайдиган, осмондан чалпак ёғилишини интиқ кутиб ётадиган ялқовга айланиб қолишади гўдаклигидан бировга нафи тегмаган, эркатой болалар. Кейин эса, қариб кучдан қолган ота-онага аллақачон улғайиб ўз аравасини ўзи тортиши керак бўлган боласининг дангасалига оғир ботади. Тарбия борасида ҳар ким экканини ўради. Текинтомоқ, ялқов болаларнинг бемалолхўжалигига аслида унинг ота-онаси айбдор, деган хулосага келдик. Шундайлардан бири оиласида кўрган тарбия хусусида айтади:
— Кичкиналигимизда укаларим бирор иш қилмоқчи бўлса, дадам, “бор сен ишама, дамингни олиб ўтир, чарчайсан” деб уйга киргизиб юборардилар. Онам эса менга етти ёшимдан бошлаб ошхона, уй-рўзғор ишларини бажартириш билан ўргатардилар. Ота-онамнинг бола тарбияси борасидаги қарашлари ҳар хил эди. Онам болани меҳнат тарбиялайди, деб бир дақиқамизни ҳам бўш қолдирмасдилар, дадам бўлсалар, бор ичкарида ухлаларинг, иссиқда ташқарида нима қиласан, ёки бор совуқда дийдирамай уйда дамингни олиб ёт, деб иш буюрмасдилар. Укаларим меҳнатга бўйин бермайдиган бўлиб ўсди. Улар тенги болалар ишлаб, пул топиб ота-онасини таъминлаяпти, уй-жойини тўғрилаб, орзу-ҳавасини қиляпти. Укаларим эса... Энг ачинарлиси энди қариган чоғида дадам ўзи томорқа-ерларимизда ишлаб юради. Укаларимнинг эса ҳали- ҳануз омади юришай демайди. Тенгдошлари уйланиб, бола-чақа ортириб, машиналарда юришибди, улар эса ўз эгни бошини, қорнини уддалай олмайди...
Меҳнатда тобланса...
Дарҳақиқат ота-она фарзанди тақдирига масъул ҳисобланади. Аммо кўпчилик ана шу масъуллик масъулиятини англаб етмайди. Болага яхши-ёмонни, оқ-қорани ўргатиш, унга ҳаёт ҳақиқатларини англашида ёрдам бериш ота-онанинг вазифасидир. Кўпчилигимиз зиммамиздаги шу масъулият юкининг тўла англаб етолмаганимиз оқибатида ҳам ўзимизга ва ҳам фарзандимизга жабр қиламиз.
Фарзанд тарбиясида меҳнатнинг ўрни хусусида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, “Шуҳрат” медали соҳибаси, “Саодат” журналининг масъул котиби, журналист, шоира Қутлибека опа Раҳимбоева билан суҳбатлашганимизда, устоз чуқур мулоҳаза билан шундай дедилар:
— Болани меҳнат тарбиялайди, деган гап ҳақ. Меҳнат кишининг сабрини синайди, неъматни қадрлашни, хусусан, инсонни қадрлашни ўргатади. Физик олим раҳматли Абдурашид Отахоновнинг тўрт ўғил, бир қизлари бор. Домла болани меҳнат тарбиялайди, деган фикрда қатъий эдилар. Уйларида болаларига иш қолмаса, ҳовлининг бир бурчагида тахлаб қўйилган ғиштни бошқа жойга кўчиртириб, у ердан яна ўз ўрнига қайтарар эканлар. Болалар меҳнатда тоблансин, бекорчиликда, бўлар бўлмас нарсаларга ўралашиб, чалғиб қолмасин, деган мақсадда шундай қилар эканлар. Ҳозирда олимнинг фарзандлари катта лавозимларда, нуфузли ташкилотларда ишлайди.
Ҳокимнинг мардикор ўғли
— Мен бадавлат оиланинг болалари аксарият ҳолларда беоқибат, тарбиясиз, такасалтанг, текинтомоқ бўлганларини кўрганман,- дейди мавзу юзасидан муносабатини билдирган бухоролик муштарийимиз Ҳикматулло Абдулаҳадов.- Аммо шукрки, биз бундай бўлмадик. Дадамиздан ёш қолгандик, онам меҳнаткаш, замонасининг тадбиркор, раҳбар аёли эдилар. Шаҳзодалардай яшаганмиз. Бирор нимага зориққанимизни, муҳтожлик кўрганимизни эслолмайман. Аммо мактабда ҳам бебошлик қилмаганмиз, бирор ўқитувчидан дакки ёки танбеҳ эшитмаганмиз. Худога шукр, вақти келиб ўзим ҳам яхши жойларда раҳбарлик қиляпман, рўзғорим тўкин. Аммо болаларимда бебошлик, тарбиясизлик кўрмаяпман. Илоҳим ҳамиша шундай бўлсин. Менимча, гап тарбияда бўлса керак. Агар шундай дейдиган бўлсак, болалигимизда онамни тузукроқ кўрмас эдик. Балки болани меҳнат тарбиялар? Чунки болалигимизда ҳаммамизга ишлар тақсимланган бўларди. Бўш вақтимиз деярли бўлмасди. Кейинчалик ўзим ҳам болаларимнинг тарбиясида шундай йўл тутганман. Битта менмас, институтда ўқиб юрган кезларим ўша пайтларда туманимизда раҳбарлик қилаётган одам (ҳоким)нинг ўғли билан курсдош эдим. Ишонасизми, дам олиш кунлари ўша дўстим мардикорчилик қилиб, пул топар, кейин ҳафта давомида ўшани эҳтиёжларига сарфлаб, ота-онасидан сарғайиб пул сўрамасди. Ҳозир ўша курсдош дўстим давлатимизнинг нуфузли муассасаларидан бирида раҳбарлик қиляпти. Инсон ҳамиша ҳар қандай вазиятга тайёр туриши керак. Ҳозир бой, бадавлат, қўли узун амалдорми, кун келиб, оддий одамга айланиб қолиши мумкин. Буни ҳаёт деб қўйибдилар. Шунинг учун, ҳар қандай бадавлат одам ҳам фарзандларини меҳнатда тоблаб, меҳнатда чиниқтириб тарбиялаши шарт деб ўйлайман.
Бахт саройи
Шу ўринда бир ривоят ёдга тушди.
Бир йигит йўлда кетаркан, унга катта бир ўрмон ичидан ўтишга тўғри келиб қолибди. Ўрмон қоронғи, қалин дарахтлар билан қопланган экан. Йигит ўрмон ичида юра-юра йўлни йўқотиб адашибди ва ҳушдан кетиб йиқилибди. Бир оздан кейин очлик ва совуқ таъсири билан ҳушига келиб кўзини очса, ёнида уч кишининг турганини кўриб, қўрқиб, нима қилишини билмай ҳайрон бўлиб қолибди. Булардан биттаси ипак кўйлак кийган, белига олтин камар боғлаган, иккинчиси қора кўйлак кийган, қора камар боғлаган ва учинчиси эса ҳаво ранг кўйлак кийган, қайишдан камар боғлаган одам эди. Бу кишиларнинг ҳаммаси бирдан:
— Эй йигит, сен бу ерда нима қилиб юрибсан? - дебилар. Йигит титраб:
— Бекорчиман, ҳеч бир иш қилмайман, ўрмондан ўтаётиб адашиб қолдим,- деди. Улар:
— Биздан нима истайсан?-деб сўраган эдилар, йигит бу қўрқинчли ўрмондан қутқазишларини ўтинди.
Улар йигитга:
— Сенга бир йўл кўрсатувчи керак экан, қани, биримизни танлаб ол, қайси биримиз сенга йўлбошчилик қилайлик?- дедилар.
Йигит ўйлаб-ўйлаб, ипак кўйлак кийган, белига олтин камар боғлаган, бой савдогар қиёфали кишини танлади. У киши кулимсираб йигитни олиб кетади. Кўп йўл юрибдилар, охири йигит чарчаб тўхтаб қолди. У киши:
— Нега тўхтаб қолдинг? Қани юр, ҳали анча юришимиз керак,- деганида, йигит юришга мажоли қолмаганини айтади. Бой савдогар қиёфали киши ёнидан катта ўткир пичоқ олиб:
— Мана шу ўткир пичоқни ол,- деб уни йигитнинг қўлига берибди. Йигит ҳайрон бўлиб:
— Менга нега пичоқ бердингиз? Буни нима қиламан?- деб сўраган экан, у:
— Мана бу чет томондаги йўлдан ҳозир отга минган бир киши етиб келади. Сен у кишига ҳужум қилиб ўлдир. Кейин унинг отига миниб, ўрмондан чиқиб кетасан,-дебди. Йигит у кишидан:
— Сиз ким бўласиз, отингиз нима?—деб сўраган экан у:
— Менинг отим — ёмонлик, кел, мен кўрсатган йўл билан юр, шогирдим бўл.
Йигит ёмонлар устодининг ярамас сўзларини эшитиб, жуда ҳам аччиғланибди. Қўлидаги пичоқни ирғитиб юборибди:
— Кет, йўқол, малъун! Мени сен кўрсатган ёмон йўлга юрмайман,- деб бақирди, ўзидан кетиб беҳуш бўлиб йиқилди.
Байт:
Ёмонларнинг сира пайванди бўлма,
Ҳаво бирла ҳаваснинг банди бўлма.
Йигит бир оздан кейин ҳушига келиб, қолган икки киши унинг ёнида турганини кўрибди. Дарҳол қора кийим кийган, қора камар боғлаган кишига мурожаат қилиб, шу қоронғи ўрмондан чиқишга ёрдам беришини сўради. У киши йигитнинг илтимосини қабул қилгач, икковлари йўлга тушдилар.
— Анча йўл юриб, бир жар ёқасига етиб келдилар. Йигит ортиқ даражада чарчаган, юришга мадори қолмаган эди, ўша ерда тўхтаб, дам олмоқчи бўлди. У киши йигитнинг тўхтаб қолганини кўриб: “Нега тўхтаб қолдинг? Йўлимиз ҳали узоқ. Дам олишни истайсанми? Хўп, дам ол, мана шу баланд ердан ўзингни ташла, пастда роҳатланиб дам оласан”, деди. Агар йигит ўзини жарга ташласа парча-парча бўлиб кетарди.
— Сен кимсан? Отинг нима, бу қандай таклиф, менинг ўлишимни истайсанми?- деб ғазабланибди йигит. У:
— Менинг отим — умидсизлик, сен ишсиз, ялқов йигитга ўхшайсан, ҳаётга умидсизлик билан қарайсан. Худди менбоп бир йигит бўлганинг учун сенга йўл кўрсатдим, кел, таклифимни қабул қил,- деб жавоб берибди.
— Кет, йўқол, сенинг кўрсатган йўлингга муҳтож эмасман, мен яшашни истайман, ялқов ҳам эмасман. Менга чин йўлни кўрсатадиган олижаноб одамлар изидан бормоқчиман,- дебди йигит.
Байт:
Ноумид бўлма, ўғил, ғайрат билан ишга кириш,
Бўл умидли, тинмай ишла, иззат, обрўга эриш.
Йигит бир оздан кейин кўзини очиб, у ёқ-бу ёққа қараганди, ҳаво рангли кийим кийган, белига қайиш камар боғлаган бир киши унинг ёнида турганини кўрди. Аввалги икки кишидан яхшилик кўрмай юрак-бағри куйган йигит бу учинчи кишига ҳам ишонмай, унинг ёнидан қочиб кетмоқчи бўлибди. Лекин у киши мулойим товуш билан:
— Ўғлим, мендан қўрқма, бери кел, мен сени бу қўрқинчли ўрмондан олиб чиқиб тўғри йўлни кўрсатаман,- дебди.
Йигит хотиржамланиб у киши билан йўлга тушибди. Тонг ота бошлабди. Ҳалиги йўлбошчи киши ерда ётган узун ва йўғон дарахт шохини кўрсатиб:
— Бу шохни елкангга қўйиб ол,- дебди.
Йигит қабул қилиб шохни кўтариб олиб елкасига қўйибди. Бироз юрганларидан кейин қўрқинчли ўрмондан чиқиб, катта ва равон йўлга тушибдилар. Йўлнинг бир томонига солинган буюк ва гўзал бир сарой кўринди. Ҳалиги одам:
— Ўғлим, бу ўрмонни ва бу дарахт шохини унутма, шохни ерга ташлаб, саройга кир, барча мақсадинг ҳосил бўлиб, бахтли умр кечирасан,- деди ва ўзи ўрмон томонга қараб кета бошлади.
Йигит шохни ерга ташлаган эди, шох ерга тушиб бир қоп олтин бўлиб сочилиб кетди. Йигит ҳайратда қолибди. Ҳалиги кишини чақириб:
— Оғажон, тўхтанг, очиқ, равшан йўлга солдингиз, сиз кимсиз? Отингиз нима? Бу қандай сарой?- деган экан, ҳалиги киши ўрмон ичидан баланд овоз билан:
— Ўғлим, менинг отим — меҳнат, лақабим саъй-ғайрат. Бу сарой — “Меҳнат саройи”. Бу гўзал саройга кириб, чин ихлос билан ишла, саъй-ғайратни қўлдан берма, меҳнатинг туфайли азиз ва мукаррам бўласан, - деб жавоб берибди. Йигит севиниб “Меҳнат саройи”га кирган экан, унга бахту иқбол эшиклари очилибди.
Байт:
Бахту иқбол, саодат, эй ўғил, меҳнатдадир,
Саъй-ғайрат бирла ҳар ким ишласа, роҳатдадир.
Хўш, бу борада сиз азиз газетхонларда қандай мулоҳазалар бор? Албатта бизга ёзиб юборинг, ёки қўнғироқ қилинг.
Умида АЗИЗ
Кўп манзур бўлган мақолалар
- Оилали фоҳишалар
- Эр-хотин ўртасида муҳаббатни кучайтириш учун 10 та восита
- Хар дарднинг шифоси бор
- Жинсий қарамлик (шаҳватпарастлик)
- Зинонинг “замонавий” тури
- Эр ўз аёлидан зерикканлигининг аломатлари
- Рамазонда хотини билан қўшилишлик
- «Мен ичмайман» дейсизми?
- «Сен буюк ялқов бўлиб етишасан!»
- Mаданий ҳордиқдаги маданиятсизлик
Ҳозир сайтимизда 349 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ
Оила, никоҳ, талоқ (фатволар)
- Ота-онамни бориб кўришдан тўсишга эримнинг ҳаққи борми?
- Аёл кишининг машина ҳайдаши
- Ажраш ҳуқуқи хотинга ҳам бериладими?
- Аёлларга тааллуқли масалалар
- Аёлларнинг қабристонга бориши
- Аёлларни эркакларга ўхшаб намоз ўқиши
- Сафар қилиш
- Махсус кунларда Қуръон ушлаш, тиловат қилиш ҳақида
- Етимни фарзандликка олса бўладими?
- Аёлларга қўйиладиган тақиқлар
- Депиляция
- Иккинчи турмуш
- Кўз зиносидан эркаклар қандай сақланади?
- Аёл киши телевидениеда журналист бўлиши, кўрсатувлар олиб бориши мумкинми?!
- Сочи узун эркаклар ва сочи калта қизлар