1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Эркак нега оиласидан безади?

 

 

 

Таҳририятга бир йигит кириб келди. Ўттиз ёшлар атрофидаги муштарийимиз яхшигина иши, оиласи, икки нафар фарзанди борлигини айта туриб, хижолатомуз алпозда мақсадини ифода этди:
— Рафиқам билан турмуш қурганимизга етти йил бўлди. Укам уйлангач, ота-онам бизни алоҳида ҳовлига чиқаришди. Бошида ҳаммаси яхши эди.
Рафиқам пазанда, меҳрибон келин бўлди. Янги келинлик пайтлари ҳам давлат ишини, ҳам рўзғор юмушларини, ҳам яқинларимнинг ҳурмат-иззатини ўрнига қўярди. Аммо алоҳида ҳовлига кўчиб чиққанимиздан кейин аҳвол тамоман терс томонга ўзгарди. Ишдан чарчаб уйга борсам хоналар бетартиб, болаларнинг кийимлари, ўйинчоқлари ҳар томонга сочилиб ётган, овқат қилинмаган, ошхонада бор идишлар ишлатилиб, овқат юқлари билан ивирсиб ётган бўлади. Бир неча марта танбеҳ бердим, койидим, бироқ ҳеч фойдаси бўлмаяпти. Аксинча, мендан хафа бўлади, зарда қилади, айтишади, «Нима қилай, болалар шўх! Уларни бир ўзим эплай олмайман!», деб бақиради. Болаларимизнинг бири уч, бири беш яшар. Ахир уларни ухлатиб қўйиб ҳам бир-икки соатда ҳамма жойни саранжомлаб, ширингина овқат тайёрлаш мумкин-ку?! Танбеҳ берсам жанжал бўлаверишидан зерикиб, дам олиш кунимда кийимларимни ўзим ювиб, ўзим дазмоллайдиган бўлдим. Хотиним буни кўриб хижолат чекар, ўзини ўнглар дегандим, йўқ, парвосига ҳам келмаяпти. Лекин... уйимизга онам ёки опаларим меҳмонга келадиган бўлишса, дарров ўзгариш бўлади: уйлар тозаланади, ошхона саранжомланади. Болаларнинг шўхлигини баҳона қилмай, тансиқ таомлар ҳам тайёрланади. Уларнинг олдида менга ширин сўзлайди. Бошқа пайт эса... ўз уйимга киргим келмайди, ивирсиган уй, заҳар тилли хотин таъбимни кир қилади. Онамга, опаларимга айтиб, хотинимнинг феълини ўрнига келтириб қўйиш қўлимдан келади. Лекин аёлим билан жигарларимнинг орасини бузишни хоҳламайман. Нима қилишга бошим қотган. На яхши гапга кўнади, на ёмон гапга тоқат қилади...
Йигит оғир хўрсинди-да, андак қизариш билан гапида давом этди:
— Биласизми, мен... хотинимнинг пала-партишлиги, эътиборсизлиги, жиззакилиги оқибатида оилам бузилиб кетишидан чўчияпман... Ҳамкасбларимнингми, бирор ўртоғимнингми уйига бориб қолсам, у ердаги орасталик, батартиблик, ширин муомала ҳавасимни келтиради. Менинг хотиним ҳам истаса ўшандай бўла олади-ку, нега энди қўлидан келадиган нарсани менга раво кўрмайди, деб сиқиламан. Бунақада у мени бой бериб қўяди...
. Мукаррам Самандарова, ўқитувчи, Тошкент шаҳридан:
— Сиз гапириб берган ҳолатга ўхшаш вазият менинг оиламда ҳам бўлган эди. Биласизми, биз ишлайдиган аёллар, ишхонада кўп ҳориганимиз учунми, кечки пайт уйга бориб қовоқ-тумшуқ қилиб оламиз. Апил-тапил осонроқ бирор таом тайёрлаб турмуш ўртоғимиз, болаларимизга едирамиз-у, яна эртанги ишимиз учун тайёрланишга тушамиз. Ана шундай бир хил ҳаёт тизимига тушиб қолган чоғларимда, назаримда эрим менга беэътибор бўлиб қолгандек туюлган. Арзимаган нарсаларга тортишиб қолардик, тушунмовчиликлар, келишмовчиликлар бўларди... Чуқурроқ мулоҳаза қилсам, бу кетишда оилам бузилиб, болаларимга жабр бўляпти экан. Дарҳол феълимни тафтиш қила бошладим ва англадимки, эрим менга эътиборсиз эмас, аксинча мен уларга бепарво эканман. Турмуш ўртоғимни, болаларимни ва албатта ўзимни қийнаб қўйганим учун хижолат чекдим. Ўша кундан бошлаб мен учун энг муҳими оилам — эрим ва фарзандларим бўлди. Шукр, ҳозир ҳаммаси изига тушиб кетди. Айтмоқчиманки, агар аёл киши эрини ўзига нисбатан эътиборсиз деб ҳисобласа, аввало ўзининг турмуш ўртоғига муносабати қандайлигини аниқлаштириб олиши керак. Нега деганда, эркаклар меҳр-муҳаббатга, айрича эътиборга муҳтож бўлишади. Уларни қадрлаб, ҳурматларини жойига қўйган аёлни бошга кўтаргудек бўладилар. 
Одинахон Раҳмонбердиева, тадбиркор, Андижон шаҳридан:
— Болаларим учун яшаяпман, деган эркакни учратганмисиз? Камдан кам ҳолларда, а? Чиндан ҳам эркак зоти аёл кишига нисбатан бироз худбинроқ бўлади. Ўз хотиржамлигини, ўз ҳаловатини кўпроқ ўйлайди. У табиатан шундай яралган. Эркак кишини бу борада айблаб ҳам бўлмайди. Эркак зоти жуда мўрт яралган: бамисоли гўдак болага ўхшайди. Унга таъсир ўтказиш, уни чалғитиш осон. Шундайлигини билиб туриб ҳам, биз аёллар уларга бепарволигимизда давом этамиз. Пировардида ўзимизга қийин бўлади. Сиз айтган йигитнинг гап-сўзларидан ақлли, уйим-жойим деб тиришадиган эркаклар тоифасидан эканини пайқадим. Қаранг, «онамга, опаларимга айтиб аёлимнинг танобини торттириб қўяйин десам, яқинларим билан хотинимнинг муносабатини чигаллаштиришдан чўчийман», деяпти экан. Наҳотки, хотини шундай эрнинг қадрини билмаса?! Ахир, «Пул топиб кел, менга уйда оёғини чўзиб еб ётадиган хотин керак эмас», деб аёлини кўчага чиқариб қўйганлар қанча! Эртадан кечгача бозорда тирикчилик қиладиган аёллар ҳам уй-рўзғорини саранжомлаб юришибди-ку. Кичкина болакайларни ўз эпсизлигига, ҳафсаласизлигига сабаб қилиб, оиласини парокандалик ёқасига олиб борган аёл эрта-индин пушаймон еб қолади-ёв...                    
Акмал Абдушукуров, ҳуқуқшунос, Навоий вилояти:
— Эркакнинг оиласидан безишига сабаб қилиб кўрсатилиши мумкин бўлган ҳолатлар кўп. Аммо энг асосий важ бу — аёл кишининг ҳафсаласизлиги, деб ўйлайман. Ана шу ҳафсаласизлик оқибатида келишмовчилик, тушунмовчилик ва албатта жанжал келиб чиқади. Аввало оила мустаҳкамлиги икки томоннинг ҳам елкасидаги масъулиятни тўла ҳис қилиши ва зиммасидаги мажбуриятларни бажаришига боғлиқ. Шу билан бирга аёл кишининг масъулияти эркакникидан кўра икки баравар ошиқроқ. Ўзингиз ўйлаб кўринг, ишдан ҳориб-чарчаб уйига келган эркакни уст-боши бир аҳволда, қовоқлари уйилган, юз-кўзидан қаҳр-ғазаб ва норозилик ёғилаётган хотини қарши олса... Эркак уйига қадам босганда очиқ чеҳрали аёлидан: «Дадажониси, хуш келибсиз! Чарчамадингизми? Яхши ишлаб келдингизми? Ҳозир дастурхон тузайман» деган илтифотли навозишни эшитгани яхшими ёки зардали оҳангдаги: «Ҳа, келдингизми?! Қаерда эдингиз?! Иш вақтингиз тугаганига анча бўлди-ку! Ошхонадаги охирги масаллиқлардан бир амаллаб овқат қилдим, эртага нима қиларкинмиз, буларни ҳеч ўйлайсизми?!» деган иддаога дуч келганими?..
Қолаверса, халқда «онангни отангга бепардоз кўрсатма», деган нақл бор. Кўча-кўйда юрганида ўзига ораста оро берган, бежирим кийинган аёлларга кўзи тушган эркакнинг уйига борганида афт-ангори бетартиб, сочлари тўзғиб ётган хотинига қарагиси келадими? Йўқ албатта. Ҳурматли аёлларимиз ана шу томонларини ҳам ҳисобга олиб қўйсалар яхши бўларди... Шу ўринда яна бир мулоҳаза: аксар ҳолларда аёлларимиз уй-рўзғорни саранжом тутишни, мазали овқатлар тайёрлашни, турмуш ўртоқлари ва фарзандларининг озода уст-бошига аҳамият беришни қойиллатадилар-у, эрнинг кўнглини олишни уддалай олмайдилар. Эркакнинг хизматини қилиш, айтганини сўзсиз бажариш бошқа, унга сирдош, кўнгилдош бўлиш, уни тушуниш, меҳр-муҳаббат билан ардоқлаш ва шу орқали эркакнинг муҳаббатига сазовор бўлиш бошқа! Аёлларимиз ана шу нарсалар устида бирозгина бош қотиришса, ўйлайманки, биз эркаклар ҳеч қачон оиламиздан совиб кетмаймиз.
Нурмуҳаммад Комилов, иқтисодчи, Тошкент шаҳридан:
— Болалигимда дадамнинг ишдан қайтишлари уйимизда байрамга айланиб кетарди. Онам кечга томон биз болаларга ҳамма ишларни тақсимлаб берардилар ва «Ишингизни яхши бажарсангиз, отангиз хурсанд бўладилар», деб уқтирардилар. Ўзлари ҳам қош-кўзларига ўсма-сурма дегандай енгилгина оро бериб, чиройли кийиниб, дадамни очиқ чеҳра билан қарши олардилар. Дадам раҳматли оддий ҳайдовчи эдилар, лекин ҳеч қачон остонадан қуруқ қўл билан кирмасдилар. Ҳеч бўлмаганда ярим килогина печенье кўтариб келардилар. Биримиз обдастада қўлларига сув қуярдик, биримиз сочиқ тутардик, опа-сингилларим дадам учун алоҳида кўрпача ёзишар, дастурхон тузашга киришиб кетишар, онам овқатни тезлаштирардилар. Ҳозир бу гаплар айримларга эриш туюлади... Оилада эркак кишига нисбатан совуқ муносабатда бўлиш, беҳурматлик уни оиласидан бездиради. Кейин аёл кишида сабру қаноатнинг бўлмаслиги ҳам эркакнинг шўришларидан бири. Ношукрлик кўп эркакларни зада қилиб қўяди. Аммо афсуски, кўпчилик хотинларда айни ана шу иллатлар авж олган. Эркакнинг оиласидаги яна бир «душман»и — вайсақилик. Агар аёл сабрли, борига қаноат қилгувчи, мулоҳазали, ширин сўз бўлса, эркак ҳеч қачон кўчадан ҳаловат изламайди! Киши оиласида тополмаган нарсани кўчадан қидиришга уринади-да...
Шарофат Муҳаммадиева, маҳалла фаоли, Самарқанд шаҳридан:
— Оила муҳитининг соғломлиги асосан аёлга боғлиқ, десангиз, кўп аёлларимиз «Нуқул айбни аёлларга ағдарасизлар-да», дея норози бўлишади. Лекин истаймизми, йўқми, бу ҳақиқат! Халқимизда:
Эпли хотин арпа ундан ош қилади,
Кал эрини маҳаллага бош қилади.
Эпсиз хотин уй супурса, чангитади,
Мирзо эрни ҳар кўчада гангитади,
деган гап бор. Лекин сиз айтган воқеада ҳолат бироз бошқачароқ. Қаранг, йигитнинг аёли жуда унчалик уқувсиз, эпсиз эмас экан, уйига одам келгудек бўлса, ҳаммаёқни ораста қиларкан, ҳаммасига улгураркан. Эрига келганда эса... Бу иккиюзламачиликнинг ўзгинаси!  «Эр  меники — никоҳидаман, иккита бола туғиб берганман, қаёққаям борарди!», деса керак-да. Тағинам ўша йигит инсофли экан...
Маҳалламизда бир аёл бўларди. Ўқимишли, тўрт боланинг онаси. Оила бошлиғи ҳам топармон, уддабурон инсон эди. Лекин ўша оилада тинчлик, ҳаловат йўқ эди. Ҳар куни жанжал. Хотин эрини бўлса-бўлмаса рашк қилиб, тўполон кўтаргани-кўтарган. Ҳовлисига кирсангиз, чиройли қурилган уйлар ивирсиб ётган бўларди. На аёлда ва на уйда одамни ўзига тортадиган ҳеч нима йўқ. Охири ҳалиги аёл эрига: «Мен сизга хизматкор эмасман! Олий маълумотлиман!» деди-ю, ишга жойлашди. Ана ундан кейин болалар ҳам ўз ҳолига ташлаб қўйилди. Отанинг гапи уларга ҳам бир тийин... Бу эркак бечора бир-икки марта менга арз қилди, «Ажрашай десам, бўйга етган қизларимнинг тақдирини ўйлаяпман, яшайверай десам, юрак тамом бўлган. Хабарингиз бор, асабий зўриқиш туфайли икки-уч бор касалхонага ҳам тушдим», дейди. Унга нима маслаҳат беришга ҳам ҳайрон бўлади киши. Хотини гап уқмаслар хилидан, ҳар қандай ҳолатда ҳам фақат ўзини ҳақ деб билади. Бу эркак ҳам болаларини ўйлаб тишини тишига босиб юрганди, болаларидан умид қилганди. Лекин ўғли онасининг ёнини олиб, отага қўл кўтарди... Ана ундан кейин эркак уйдан бош олиб чиқиб кетди. Бир йил ўтмай уйланиб ҳам олди. Хотин узоқ вақт ҳаммага ўзини жабрдийда кўрсатиб юрди. Кейин келин олди. Бадфеъли туфайли келинини ҳам чиқиштирмади. Ўғил ҳам онасининг феълидан безиб, хотинининг ортидан кетди. Лекин барибир рўзғори бўлмади. Отага қўл кўтарган бола кўкарармиди! Алкаш бўлиб қолган... Онаси бўлса, қариганида қизларининг йўлига кўз тикиб ўтирибди. Катта қизи рўзғорда уқувсизлиги, боз устига ҳавойи кибри туфайли эри билан яшаб кетолмади, ажрашгач, Тошкентга кетди. Онасига: «Ҳовлини менинг номимга хатлаб берсангиз, ёнингизда яшаб, сизга қарайман», деганмиш... Мен бу воқеани айрим ёшларимизга, баъзи аёлларимизга ибрат бўлсин деб сўзладим. Бу дунёда эр-хотин бир-бирига тиргак, суянч, юпанч бўлмоғи лозим. Айтинг-айтинг, ҳеч кимни фарзанд қўлига қаратгулик қилмасин. Эр-хотиннинг аҳил-иноқ яшаб, қўша қариганига ҳеч нима етмайди, айланай...   
Дарҳақиқат, оила мустаҳкамлигини асраш, бахт-саодатга эришиш эркак ва аёлдан баб-баравар масъулият талаб этади. Бир онахонимиз: «Турмушни ҳам, рўзғорни ҳам чидаганга чияарган», деган эдилар. Муҳтарам замондошимизнинг бу хусусдаги фикр-мулоҳазалари қандай экан?

Умида АЗИЗ тайёрлади

 

 

 

Ҳозир сайтимизда 330 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ