1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

“Никоҳ” — хотинимнинг машинасидан фойдаланаман, дегани эмас...”

Ҳар кун рулга ўтираркан, ҳайдовчиларни машинаси билан боғлиқ у ёки бу турдаги маиший муаммолар бошини қотириши тайин. Қуйида берилган саволларга жавоблар сизни қийнаб юрган баъзи масалаларнинг ечимида асқотиши мумкин.
Саволларга Халқаро ҳуқуқий ишлар бўйича адвокатлар ҳайъати аъзоси, юрист Малика Мазбудова жавоб берди.

Автоойнани “қорайтириш” мумкинми?
Давлат стандарти талаблари бўйича автоойналарнинг қуёш ўтказиш фоизи қанча бўлиши керак? Орқа ойналарга неча фоизли тонировка рухсат этилган?
С.Наримонов, Тошкент шаҳри
“Йўл ҳаракати қоидалари”га асосан “Давлат стандарти нормаларига мос келмайдиган (номувофиқ) ҳайдовчи ўриндиғидан кўришни чеклайдиган қўшимча буюмларни ўрнатиш ёки қоплама суртиш, шунингдек, қорайтирилган, акс қайтарувчи ойналарни ўрнатиш таъқиқланган”.
Ташқи орқани кўриш кўзгулари ҳар икки томонида бўлган тақдирда, енгил автомобилларнинг орқа ойналарига штор (жалюза), шунингдек, транпорт воситаларида ён ва орқа ойналарининг давлат стандартига мос равишда ёруғлик ўтказувчанлиги 70% дан кам бўлмаган ҳолда ўрнатишга рухсат этилади. Автомобилнинг томига ўрнатилган люк ойналари бундан мустасно. Шу билан бирга, МДҲ доирасида Давлатлараро стандарт ГОСТ 5727-88 “Ерда ҳаракатланувчи транспорт воситалари учун хавфсизлик ойналари. Умумий техник қоидалар.” ҳам амалда қўлланилади. Ушбу меъёрий ҳужжатда ҳам автомобил воситаларида ойналарнинг ёруглик ўтказиши 70%дан кам бўлмаслиги кераклиги кўрсатилган.

“Bluetooth”да гаплашсам бўладими?..
Транспорт воситасини бошқаришда уяли телефонлардан фойдаланиш таъқиқланган. Лекин уяли телефонимдаги Bluetooth ёки транспорт воситасида ўрнатилган Hand-free қурилмаларидан фойдаланган ҳолда машинамни бошқарсам бўладими?
"Йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидалари"га асосан, транспорт воситасини бошқариш вақтида ҳайдовчининг телефондан фойдаланиши таъқиқланган ва бу турдаги ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий жавобгарлик белгиланган.
Мазкур “таъқиқ”да транспорт воситаси ҳаракатланиб кетаётганда ҳайдовчининг Hand-free комплектлари ёки телефоннинг бошқа функцияларидан фойдаланиши кўзда тутилмаган.

Телефонни ўчиринг
Канадалик олимларнинг фикрича, автомобилни бошқарув чоғида телефондан қандай усулда фойдаланманг, барча вазиятда хаёлингиз бирдек чалғийди. Айримларнинг йўлда Bluetooth ёки баланд микрофон орқали гаплашиб кетаётганига гувоҳ бўламиз. Энг тўғри йўл телефонни вақтинча ўчириб қўйишдир. Мобил операторлари “Сизга телефон қилишди” хизмати учун пул олишмайди. Бундай пайтда “гаров”га ҳаётингиз “тикилаётгани”ни унутманг.

“Никоҳ” бу — хотинимнинг машинасидан фойдаланаман, дегани эмас...”
Оилавий автомашинамиз хотинимнинг номига расмийлаштирилган. Бир дўстим менга: машинани бошқаришинг учун никоҳ гувоҳномасини олиб юрсанг бас, деганди. Лекин яқинда йўл ҳаракати хавфсизлиги ходими менга, хотинимдан ишончнома бўлмаса, автомашинани бошқаришга ҳуқуқим йўқлигини айтди. Шу тўғрими?
Ғ.Мардонов, Гулистон шаҳри
Тўғри. Бундай ҳолда хотинингиз билан ўртангизда никоҳ тузилганлиги ҳақидаги гувоҳнома сизга автомашинани унингсиз бошқариш ҳуқуқини бермайди. Хотинингиз нотариал идорага бориб, автомашинани бошқариш, ундан фойдаланиш, транспортнинг техник ҳолатидан хабардор бўлиш учун вакил бўлишингиз тўғрисида ишончнома расмийлаштириб берганидан сўнггина бундай ҳуқуққа эга бўласиз.
Оила дарз кетганда...
Малика Мазбудова, юрист:
Айрим ҳолларда, масалан, оила дарз кетган тақдирда ҳам хотинининг (ёки эрининг) машинасини ҳайдаб юрган турмуш ўртоғи ўз ҳоҳиши билан автомашинани қайтариб бермаса, фуқаролик ишлари бўйича туманлараро судига, унга берилган ишончномани ҳақиқий эмас, деб топилиши учун даъво аризаси бериши мумкин. Шунда ҳам автомашина ўз эгасига қайтарилмаса, суд ижрочиси орқали машинани қайтариб олиш ҳуқуқига эга. Бироқ унутманг: эр-хотиннинг мулки никоҳ даврида орттирилган бўлса, уларнинг ўртасидаги мол-мулк тенг тақсимланади. Агар бу борада уларнинг ўртасида низо бўлмаса, ўзаро келишган ҳолда, тасдиқлаб берган нотариус орқали ҳам (эр ёки хотини) ўзлари берган ишончномани бекор қилиши мумкин.

Дўстимга ишончнома бермоқчиман...
Автомашинани бошқариш учун дўстимга ишончнома бермоқчиман. Уни қандай расмийлаштирсам бўлади?
М.Сатторов, Фарғона шаҳри
Яқин қариндошларга (ота-она, эр-хотин ва уларнинг ота-оналари, болалар ва уларнинг эр-хотинлари, ака-ука, опа-сингиллар, набиралар, жиянлар) автомототранспорт воситаларидан фойдаланиш ва уларни тасарруф қилиш билан боғлиқ ишончномаларни нотариал тасдиқлаш чоғида энг кам ойлик иш ҳақининг бир баравари миқдорида, бошқа шахсларга эса автомототранспорт воситаларидан фойдаланиш учун энг кам ойлик иш ҳақининг беш баравари, тасарруф қилиш билан боғлиқ ишончномаларни расмийлаштиришда ўн баравари миқдорида давлат божи ундирилади. Яқин қариндошлар ўртасида бу турдаги ишончномаларни расмийлаштиришда қариндошлик даражасини тасдиқловчи ҳужжатлар (туғилганлик гувоҳномаси, никоҳ тузилганлиги ҳақидаги гувоҳнома кабилар) нотариусга тақдим этилади.
Йўлларда ҳаракатланиш хавфсизлигини таьминлаш мақсадида 18 ёшга тўлмаган шахсларга автомототранспорт воситалари, 16 ёшга тўлмаган шахсларга мототранспорт воситалари ишончномаларини расмийлаштиришга йўл қўйилмайди.
Мавзуга оид: маслаҳат
“Ишончнома”га ишониб куйиб қолманг
Айримлар автомототранспорт воситасини сотиб олган бўлса-да, уни тегишли тартибда ўз номига расмийлаштиришдан эриниб, амалда автомашинани сотиб олганликлирини нотариусдан яширган ҳолда, ишончномадан фойдаланиб юрадилар. Аммо вақт ўтиши билан транспорт воситаси эгасининг ўз фикрини ўзгартириши ёки унинг вафот этиши, кейинчалик уни сотиб олиб, амалда ўз номига қонуний расмийлаштириб олмаган фуқарога турли муаммоларни келтириб чиқаради.

Хорижий давлат йўлларида машина бошқариш “осон”ми?..
Россияда машина ҳайдай олган инсон бошқа исталган давлатда бемалол рулни бошқариши мумкин, деб эшитдим. Қизиқ, шу тўғрими?
А.Равшанов, Тошкент шаҳри
Афсуски, ушбу саволнинг аниқ жавобини билиш учун “кичкина тадқиқот” ўтказишга тўғри келади. Аммо эътиборимизни тортган бир фикрни сизнинг ҳам ҳукмингизга ҳавола қиламиз.
Россиянинг "Зенит" клуби ҳимоячиси Николас Ломбертс Санкт-Петербургда ўтказган тўрт йиллик даври ҳақида шундай деганди: "Россиядаги ҳаётга тўлиқ мослашиб кетганимни ҳис қиляпман. Бу ерда бўлган даврим мобайнида "русчасига" машина минишни ўрганиб олдим!” Футболчининг фикрича, Россия йўлларида автомашина бошқариш жуда қийин бўлиб, бундай малакага эга бўлган инсон учун дунёнинг бошқа давлатларида машина миниш ҳеч нарса бўлмай қолар экан.

Бунга ишониш қийин
25 йил гувоҳномасиз автомобиль бошқарган одам
Япон полицияси 25 йил ҳайдовчилик гувоҳномаси бўлмасдан автомобиль бошқарган фермерни қўлга олганди. Чорак аср давомида гувоҳномасиз автомобиль бошқаргани унинг юк машинаси мотоцикл билан тўқнашиб кетгандан сўнг аён бўлди. Ушбу йўл транспорт ҳодисасида 68 ёшли фермер — юк автомашинасининг эгаси айбдор деб топилгач, ҳайдовчилик гувоҳномасининг амал қилиш муддати 25 йил илгари тамом бўлгани аниқланди.

ЎҒЛИМГА МОТОЦИКЛ СОВҒА ҚИЛМОҚЧИМАН...
Ўғлим энди 16 тўлади. Мотоцикл олиб бермоқчиман. Неча ёшдан бошлаб мотоцикл бошқариш мумкин?
Б.Тоғаев, Жиззах вилояти
Ҳайдовчиларни тайёрлаш машғулотлари ўқув якунида автомобиль бошқаришни ўрганувчи 18 ёшга, автобус, трамвай ва троллейбус бошқаришни ўрганувчи 21 ёшга, мотоцикл бошқаришни ўрганувчи эса 16 ёшга тўладиган шахслар билан олиб борилади.
16 ёшга тўлмаганларга мототранспорт воситалари билан боғлиқ битимларни расмийлаштиришга йўл қўйилмайди.
Шунингдек, мотоциклни бошқараётганда ҳайдовчи тугмали махсус бош кийим (шлем) кийиши ва махсус бош кийим киймаган йўловчиларни ташимаслиги шарт.

Янги шиналар қаерга ўрнатилгани дуруст?
Автомашинамнинг орқа томонига янги шиналар ўрнатмоқчиман. Аммо баъзи ҳамкасбларим янги шиналар автомобилнинг олд ўқларига ўрнатилиши лозим, дейишмоқда. Нима қилишни билмай қолдим. Бу борада бирор маслаҳат бера оласизми?
М.Йўлдошев, Андижон шаҳри
Тўғри, шу пайтгача ҳайдовчиларнинг аксарияти янги шиналар машинанинг олд ўқларига ўрнатилиши керак, деб ҳисоблашарди. Лекин яқинда ўтказилган тадқиқот натижалари шиналарни орқа ғилдиракларга ўрнатиш кўпроқ самара беришини кўрсатди.
Тадқиқот шуни исботладики, орқа ўқларга ўрнатилган янги шиналар сувни яхши қайтаради, бу эса ўз-ўзидан тормоз бериш хусусиятига ижобий таъсир қилади. Бундан ташқари, орқа ғилдираклардаги шиналар секинлик билан ейилади, демак, у сизга узоқ вақт хизмат кўрсатиши мумкин.

Сарвар Сафаров тайёрлади