Сайт бўлимлари
Биринчи гурунг: ОТА МЕРОС
- Подробности
- Бўлим: Куёв болаларга...
- Чиққан санаси: 02 Апрель 2013
- (Нашр қилинган санаси)
Биродар, Худо ўғил берганини эшитиб нақадар қувонганингиз ёдингиздадир? Дояларга суюнчи улашганингиз, улфатларга чойхонада ош қилиб берганингиз ёки ресторанда қулинг ўргилсин зиёфат берганингизни ҳам унутмагансиз. Фарзанд туғилган куни сизни табриклаганларнинг барчаси ўғилни куёвлик либосида кўриш тилагини билдиришган. Сиз бу ниятларга “омийн!” деганингизда юрагингизда ширин бир умид туғилган. Йигирма-йигирма беш йилдан сўнг содир бўлгувчи шодлик тантанаси кўз олдингизда гавдаланган: ҳали исм ҳам қўйилмаган гўдак куёвлик либосидаги хушсурат йигит кўринишида кўнглингизга олам-олам шодлик баҳш этган. Ўғлингиз то вояга етгунига қадар унинг камолига доир минг-минглаб дуолар қилинган. Ҳар бир дуо сизни бахтли онларга яқинлаштираверган.
Аммо... Юқорида айтилганидай, бахтли манзилга етмоғингизга дуоларнинг ўзи кифоя эмас. Агар сиз томондан талаб этиладиган яхши тарбия дуога ҳамроҳ бўлсагина мурод ҳосил бўлади. Отанинг асосий вазифаси едирмоқ, кийинтирмоқгина эмас. Иқтисодий таъминот иккинчи даражали масала. Биринчи масала – фарзандни тарбия этмоқ, гўзал хулқ билан хулқлантирмоқ.
Бугун ўғлингиз куёв тўра либосини кийишга ҳозирлик кўряпти. Сиз эса “қайнота” деган шарафли мартабага етишдингизким, қутлуғ бўлгай. Тўйдан аввал бир саволимизга жавоб беринг: ўғлингиз оила қуришга маънавий жиҳатдан тайёрми? Сиз оила ҳақида унга нималарни ўргатгансиз? Никоҳнинг муқаддаслиги ҳақида сўзлаб берганмисиз? “Талоқ” сўзини тилга олишда шошилмасликни тушунтирганмисиз? Чимилдиқдаги ва никоҳ кечасидаги ҳаракатларига доир бирон гап айтганмисиз? Аввалги саволларга иккиланиб туриб, тасдиқ ишорасини берсангиз-да, сўнггисига жавоб бера олмайсиз. Чунки, ўғиллар билан бу хусусда гаплашиш бизда иснод саналади. Чунки, ота ва бола орасида кўринмас бир девор мавжуд. Гўдак беш ёшгача подшоҳ мақомида, ота қул мақомида, бешдан то ўн беш ёшгача акси – гўдак қул мақомида, ота эса подшоҳ мақомида бўлиши, ўн беш ёшдан кейин эса ота дўст мақомида бўлиши шарт, деган шарафли ҳадисга тўла риоя қилмаймиз. Подшоҳ мартабасига чиқиб олганимиздан кейин тахтдан тушишни истамай тураверамиз. Тўй тадоригини бошлаган кунингиз уйларни таъмирлаб безашни, ёзилажак дастурхон тўкинлигини ўйлайсиз. Лекин ўғлингиздаги ахлоқ тўкинлиги, кўнгил безаги ҳақида камроқ фикрлайсиз. Сиз совчи қўйган хонадондан аёллар келиб, қўни-қўшнилардан ўғлингизнинг тарбияси ҳақида сўраб-суриштирса, ғашингиз келар эди. Чунки ўғлингиз сиз учун энг ақлли, энг одобли йигит ҳисобланади. Сигарет чекишини биласиз, лекин сизнинг олдингизда чекмаётганини яхши одоб деб ҳисоблайсиз. Аёллар суриштириб кетишгач, қиз томон сизга рад жавобини айтганда улардан ранжигансиз-у, “Боламнинг тарбиясида қандай қусур бор экан?” деб мулоҳаза қилмагансиз. Камчиликни топиб, тузатишга уринмагансиз. Қуда бўлиш таклифингизни бир эмас, бир неча оила рад этса-да, айбни ўзингиздан қидирмагансиз. Афсуски, сиз бу борада ёлғиз эмассиз, бундай оталарни ҳаётда кўп учратиб турамиз. Менинг бу танбеҳим сизга малол келганини сезиб турибман. Келинг, бу танқидни “ҳазм” қилиб олгунингизга қадар тарбия мезони ҳақида суҳбатлашсак.
Отанинг фарзандга меҳри-муҳаббати чексиздир, чунки у фарзандини ўз суратидан кўчирилган нусха, деб англайди. Зотан, отанинг тасаввури тўғридир. Фарзанд отанинг бир жузвидир, суратда ва хулқ-атворда унга ўхшайди. Шунинг учун ота фарзанди тарбиясига диққат қилади. Ўзи истаган фазлу камолни фарзандига беришга, уни ўзидан кўра ҳам мукаммал қилиб етиштиришга ғайрат қилади. Шу мақсад йўлида ҳар қандай машаққатга бардош беради. Фарзанди ҳақида халқдан: «Тарбия қилган отасига раҳмат!» деган олқишни эшитса, севинади. Фарзанди орқали кўзлаган мақсадига етишни истайди, невара, эваралар кўриб, наслининг давом этишини орзу қилади. Бу ўринда отанинг ўғил кўрганда қувониши сабабига изоҳ бериб ўтсак: албатта, ота учун қиз фарзанд ҳам, ўғил фарзанд ҳам бир ҳилда суюмли. Иккови ҳам Аллоҳ берган улуғ неъмат саналади. Аммо, ўғил фарзанд насл-насабни давом эттирувчи бўлгани учун ҳам отада алоҳида қувонч уйғонади. Қувонч сабабини қизларни камситишда деб англамаслик керак. Чунки болаларни ажратиш, яъни бирини кўпроқ, иккинчисини камроқ яхши кўриш дуруст эмас. Башир ибн Саъд (р.а.) ўз ўғиллари Нуъмон ибн Баширни кўтариб Расулуллоҳ (с.а.в.) ҳузурларига келдилар-да: «Ё Расулаллоҳ! Мен шу ўғлим Нўъмонга фалон-фалон нарсаларни бердим, сиз шунга гувоҳ бўлинг», - дедилар. Шунда Расулуллоҳ (с.а.в.): «Барча болаларингга ҳам шундай нарсаларни бердингми?» - деб сўрадилар. Башир: «Йўқ, фақат Нўъмоннинг ўзигагина бердим», - деган эдилар, Расулуллоҳ (с.а.в.): «Шундай қилган бўлсанг, мен бунга гувоҳ бўла олмайман, бошқа одамларни гувоҳ қил», - дедилар. Кейин: «Ўзингнинг фарзандларингнинг ҳаммаси сенга бир хилда яхшилик қилишларини хоҳлайсанми?» - деб сўрадилар. У киши: «Албатта, шундай бўлишини хоҳлайман», - деган эдилар, Расулуллоҳ (с.а.в.): «Ундай бўлса, Нўъмоннинг ўзигагина бериб, бошқаларини маҳрум қилишинг дуруст эмас», - дедилар. Имом Бухорий ҳазратлари «мазкур ҳадисдаги Расулуллоҳнинг (с.а.в.) «Мен бунга гувоҳ бўлмайман», деган сўзларидан «бошқалар гувоҳ бўлган тақдирда болаларингдан биттасига бериб, бошқаларига бермасанг ҳам бўлаверади», деган маънони англамаслик керак», - деб изоҳ берадилар. Агар биз мазкур тарбияга амал қилмасак, қариганимизда «Битта ота ўнта болани боқиши мумкин, битта отани ўнта бола боқа олмайди», деган ҳикматга рўпара келиб қолишимиз ҳеч гап эмас. Зийрак бола ўзига нисбатан акаси ёки укаси кўпроқ эркалатилаётганини сезади ва бу сезги унинг қалбида оғриқли из қолдиради. Улғайганида ҳам бу оғриқ уни тарк этмайди. Ўша оғриқ унга «ота-онам укамни кўпроқ яхши кўрарди, ана энди ўша яхши кўрганлари кўпроқ қарасин», деган хато фикр асосида яшайди. Афсусли ери шуки, бу хатолик кейинчалик авлоддан авлодга ўтавериши ҳам мумкин.
Абдулла Авлоний ҳазратлари ёзган эканлар:
«Боланинг саломати ва саодати учун яхши тарбия қилмак - танини пок тутмак, ёш вақтидан маслакини тузатмак, яхши хулқларни ўргатмак, ёмон хулқлардан сақлаб ўсдурмакдир. Тарбия қилувчилар табиб кабидурки, табиб хастанинг баданидаги касалига даво қилгани каби тарбияни боланинг вужудидаги жаҳл маразига «яхши хулқ» деган давони ичидан, «поклик» деган давони устидан беруб, катта қилмак лозимдур. Зероки, «Ҳассину ахлоқакум» амри шарифи узра хулқимизни тузатмакка амр ўлинганмиз. Лекин хулқимизнинг яхши бўлишининг асосий панжаси тарбиядур... Ҳукамолардан бири: «Ҳар бир миллатнинг саодати, давлатларнинг тинч ва роҳати ёшларнинг яхши тарбиясига боғлидур», - демиш. Шариати исломияда ўз болаларини яхшилаб тарбия қилмак - оталарга фарзи айн, ўз миллатининг етим қолган болаларини тарбия қилмак фарзи кифоядир...»
Мазкур фикрларни яхшилаб англаш учун тарихга мурожаат қилайлик: ўтмишда диёримизда бир неча марта кучли-кучли давлатлар қад ростлаган ва кўп ўтмай нураб, яксон бўлган. Минг афсуски, давлатларнинг йўқ бўлишига ташқи душманларнинг зарбаси эмас, кўпроқ ички низолар сабаб эди. Хусусан, амир Темур салтанатининг тарихини эслайлик. Бу ҳолатни тарихчилар қандай шарҳлашса шарҳлашсин, лекин биз деймизки, дунёни лол қолдирган салтанатнинг емирилишига шаҳзодаларнинг яхши тарбия кўрмаганлари сабабдир. Ҳамонки, ёмон тарбия кучли салтанатни ҳам емирган экан, битта оилани барбод қилиши ҳеч гап эмас!
Энди бизларни бир масала кўп ўйлантиради: тарбиячи ким? Ота-онами, мактаб муаллимларими? Агар бола ножўя йўлга кирса, ота мактабни айблайди, мактаб оилани... Бир нарсани яхши билиб олиш шарт: бола «Сен тарбиялашинг керак», деб гоҳ у ёққа, гоҳ бу ёққа оширадиган копток эмас. Фарзанд тарбиясига ота-она, аниқроғи, биринчи галда ота масъул, мактаб эса бу соҳада кўмакчи. Ҳа, айнан шундай. Чунки фарзанднинг оилада олган тарбиясига қараб ота-онасига роҳат ёки жазо келтиришини ҳамма билади. Отанинг иш-амали фарзандига сингса, унинг хулқида жилвагар бўлади. Болани тергаб-назорат қилиш ота-она юзининг ёруғлигини таъминлайди. Тарбиядан ташқаридаги бола бебош ва ярамаслик сари оғади. Эрка бўлиб ўсган ўғил-қизлар ҳатти-ҳаракати ота-онага мунг ва алам келтиради. Шу боис ҳам Абдулла Авлоний таъкид этганларидек: «тарбия бизлар учун ё ҳаёт - ё мамот, ё нажот - ё ҳалокат, ё саодат - ё фалокат масаласидур» дейилмиш фикрни барчамиз бирдек шиор сифатида қабул қилмоғимиз лозим бўлади.
Афсусларким, айрим оталарнинг кўнгиллари кўчага боғланган. Ишга, улфатга муҳаббат оилага бўлган муҳаббатдан ортиқ. Чойхоналарда, ресторанларда, турли зиёфатларда яйрашга умримизнинг ҳисобсиз соатларини беҳуда сарфлаймиз. Бола тарбиясига эса вақтни қизғанамиз. Сариқ чақага арзимас матоҳларимиз фарзандларимизга нисбатан қийматлироқ. Пиёлани синдириб қўйса аямай урамиз, гулдонни синдирса дўппослаймиз. Агар ака укасини урса яна жазолаймиз. Ҳолбуки, каттанинг кичик, кучлининг кучсиз устидан ҳоким эканини ўзимизнинг айнан шу ҳаракатимиз билан ўргатяпмиз: гапга кирмаган кичикни ёки кучсизни уриш мумкин! Бола шўхлик қилса она «ҳали қараб тур, дадангга айтаман», деб қўрқитади. Ота келганда бола ёмонланади. Айни шу ҳолатда ота-бола орасига душманлик уруғи сочилганини фаҳм этмайди. Отани жазоловчи инсон сифатида кўрсатиш ўрнига ота келганда уни иззат-ҳурмат билан кутиб олишни ўргатиш афзалроқ эмасмикин? Уйига кеч келувчи ота нотўғри тарбия тузоғига тушиб қолганини ўзи ҳам билмай қолади. Она боладан шикоят қилишни тугатмай, ширакайф ота ўғилни жазолашни бошлайди. Келинг, хаёлимизда бир маънавият тарозисини тиклайлик-да, бир палласига ўғилнинг ўқиши ва тарбияси билан қизиқиб неча марта мактабга борганимизни, иккинчи палласига чойхонадаги, ресторандаги улфатчиликларимизни қўяйлик. Менга бир паллада чивин, иккинчисида фил турганга ўхшаб кўриняпти. Юз мингларча оталардан “Нима учун ота-оналар мажлисига бормайсиз”, деб сўралса, битта жавоб олинади: вақт йўқ! Улфатчиликдан ортмайдиган ота учун энг тўғри жавоб шу! Қариганида боласининг эмас, ўша улфатчиликларининг “роҳати”ни кўради. Ҳаддан зиёд улфатчиликларнинг тиббий жиҳатдан қандай хасталиклар туғдириши маълум, тарбия соҳасида орттирилган хасталик эса тан азобидан минг карра оғирроқ эканини англаш наҳот шунчалар қийин бўлса?!
Фарзанд ота-онага омонат. Имом Ғаззолий таъбирлари билан айтганда, бола қалби пок, нозик, содда ва ҳар қандай нақш ва суратдан холи гавҳардир. Унга қандай нақш солинса, шунга кўра шаклланади, эгган томонга эгилади. Агар бола яхшиликка ўрганиб, яхшилик ичида вояга етса, дунё ва охират саодатини топади. Албатта, бу савобга унинг биринчи галда ота-онаси, муаллими ва унга тарбия берган ҳар бир киши шерикдир. Агар бола эътиборсиз ташлаб қўйилса, ёмонлик ичида ўсса, бадбахтликка юз тутади ва ҳалок бўлади. Бунда гуноҳ юки болани шу кўйга солганларнинг, ота-онанинг зиммасига юкланади.
Ота фарзандини дунё оловидан қанчалик ҳимоя қилса, охират оловидан ундан-да кўпроқ ҳимоя қилмоғи керак. Одобу тарбия воситасида яхши хулқларни ўргатиш, ёмонликлардан қайтариш, тўкин-сочинликка одатлантирмаслик, зийнатга муҳаббат уйғотмаслик билан ота фарзандини охират оловидан асрайди. Аксинча, бола дунё талабида улғайса, нафсга қарши жанг қилмоқ нима эканини билмай ўсса, ҳалокатга юз тутади.
Илм олмоқлик бешикдан фарз қилингани каби, нафс тарбияси ҳам бола дунёга келган ондан бошланиши керак. Ундан аввалроқ, ҳомила пайтида бошланса, янада яхши! Чунки ҳаромдан ҳосил бўлган сутда ҳосият, барака йўқ. Агар ундан истеъмол қилса, боланинг қонига ҳаром аралашади ва табиати ҳаромга мойил бўлиб қолади. Яхши-ёмонни фарқлаш ҳисси болада шакллана боргани сайин назоратни кучайтирмоқ лозим бўлади. Бунинг аввалги белгиси – унда ҳаёнинг илк нишоналари зоҳир бўлади. Аммо шунчаки тортиниб туриш ҳали ҳаё эмас. Балки, ақл нури ёришиб, бола баъзи ишларнинг бошқасига зид эканлигини кўради, хунук деб топган ишларни қилишдан уяла бошлайди. Бу Аллоҳ талонинг унга ҳадяси, хулқнинг поклигидан, қалбнинг софлигидан дарак берувчи башорат, ақлнинг камолга етаётганидан хушхабардир. Бундай бола нафснинг зарбаларидан гангиб қолмайдиган солиҳ бандалар қаторида вояга етади. Шу боис ҳаёли болани эътиборсиз ташлаб қўйиш ярамайди. Балки унга ҳаё одобини ўргатиш билан ёрдам бермоқ зарур. Кўпинча болаларда таомга очкўзлик билан ташланиш туйғуси ғолиб бўлади. Бунда тарбия таом ейиш одобидан таълим бериш билан бошланади. Масалан, таомни ўнг қўлда ейиш, «бисмиллаҳ» билан бошлаш, катталардан аввал лаганга қўл чўзмаслик ва таомни фақат ўзининг олдидан олиш, еяётган кишининг оғзига қарайвермаслик, шошмасдан, яхшилаб чайнаб ейиш, луқмани оғзига кетма-кет тиқавермаслик, таом юқини кийимига артмаслик, баъзан зиравор ёки ширинликларсиз қуруқ ноннинг ўзини ейишга одатлантириш... Шунингдек, кўп таом ейишнинг ёмонлиги, бу ҳайвонларга ҳос хусусият эканлиги, одобли бола таомни кам ейиши, борига қаноат қилиши, таом танламаслик ҳақида гапириш ҳам риёзатун-нафс, яъни нафс тарбияси, аниқроқ айтилса, бу тарбиянинг зарраларидир. Кийимга зеб бермаслик, кўп уйқу ва ялқовликдан асраш, дарс тайёрлаш одоби... Бу каби кундалик тарбия дарслари энг аввал ота-она зиммасидаги бурчдирким, мазкур исбот талаб этилмас бир ҳақиқатдир!
Ўз фарзандига бўлган меҳр-муҳаббат билан жамиятга бўлган меҳр-муҳаббатни айри-айри ҳолда кўриб бўлмайди. Ўз боласига меҳри бўлмаган одамда Ватан севгиси бўлиши мумкинми?
Ривоят қилурларким, ҳазрати Умар (р.а.) бир мўътабар одамни шаҳар ҳокими этиб тайинламоқчи бўлдилар. Котиб фармонни ёзишга киришган онда бир гўдак кириб амиралмуслиминнинг тиззаларига чиқиб, ўтириб олди. Халифа болакайни ўпиб, эркаладилар.
Ҳокимликка тайинланаётган киши буни кўриб:
- Бу гўдак ўз ўғлингизми?-деб сўради.
- Йўқ, бу бир камбағалнинг фарзанди. Ота-онаси вафот этган. Болани ўз тарбиямга олганман, - дедилар ҳазрати Умар.
У киши халифанинг мулойим қалбли, шафқат, марҳаматли эканликларига ажабланиб, деди:
- Менинг ўнта фарзандим бор. Мен ўз болаларимни ҳам эркалаб, ўпмайман. Болаларим мени кўришганда зириллаб туришади. Ота шундай бўлиши керак эмасми?
Халифа бу сўзларни эшитиб, ёзилган фармонни олиб йиртиб ташладилар-да дедилар:
- Бу одамни ҳоким этиб тайинлашни истамайман. Ўз фарзандларига тошкўнгил бўлган одам халққа қандай манфаат етказиши мумкин?
Афсусларким, орамизда «бола отадан қўрқиб, зириллаб туриши керак», деган нотўғри қоидага риоя қилувчилар ҳам топилади. Агар умр бўйи болаларини шундай тутишга интилган одам вафот этса, фарзандлари «қутулганимизга шукр», дейишмасмикин?
Яна шарафли ҳадисларга қайтсак:
Абу Ҳурайра (р.а.) айтадилар: «Расулуллоҳ бир куни набиралари имом Ҳусайнни ўпдилар. Бу вақт ҳузурларида Ақраъ ибн Ҳобис ўтирган эдилар. У киши: «Менинг ўнта болам бор, улардан биттасини ҳам мен ўпган эмасман», - дедилар. Жаноби Расулуллоҳ (с.а.в.) унга қарадилар-да, дедилар: «Марҳаматли бўлмаган кишига Аллоҳ таоло ҳам марҳамат назари билан қарамайди».
Бугун ўз фарзандларига меҳр беролмаганлар қариганларида хорлансалар, бошқалардан ўпкаланмасликлари керак бўлади.
Кўрдикки, ота-онанинг фарзанд олдидаги бурчи ҳам улуғ экан. Болани дунёга келтириб қўйган билан иш битмайди. Ота-онанинг фарзандларига илм ва яхши ахлоқ тарбиясини, хусусан бадан тарбиясини ҳам бериш, жисмонан чиниқтириш, хусусан сузишни ўргатиш каби вазифалари бор. Ота-она болани одобли, ахлоқли қилиб вояга етказганлари учунгина олқишга сазовор бўладилар.
Биз оталар ва болалар хусусида сўз юритганимизда кўпроқ фарзанд бурчи ҳақида гапирамиз. Отанинг бурчини камроқ тилга оламиз. Ҳолбуки, ҳар иккала бурч оила ҳаловати тарозисининг икки палласини эгаллаб туради.
Халифа Умар (р.а.) яқинлари билан суҳбат қуриб ўтирганларида бир кекса одам хонага ўғлини бошлаб кириб шикоятини баён этди:
- Ё амирал-мўъминин! Кўриб турганингиз бу йигит каминанинг ўғлидир. Аммо у фарзандлик бурчидан бўйин товлайди, сўзларимга қулоқ осмайди.
Бу шикоятни эшитиб ажабланган ҳазрат Умар нобоп ўғилга хитоб қилдилар:
- Эй ўғил, сен Аллоҳдан қўрқмайсанми! Ўғилнинг отага қарши чиқмоғини қайдан ўргандинг? Отангнинг сендан ҳақлари бор, уларни қандай узмоқчисан?
Йигит бир оз мулзам бўлгани ҳолда аста жавоб қайтарди:
-Менга бағоят тўғри танбеҳ бердингиз. Отанинг ўғилга бўлган ҳақлари бениҳоядир. Аммо фарзанднинг ҳам ота-онада ҳақлари борми? Отанинг ўғил олдида бурчлари йўқми?
Ўғилнинг итоат ҳудудида туриб, донолик билан берган саволи ҳазрат Умарни таъсирлантириб, у зот батафсил жавоб қайтарибдилар:
-Шубҳасизки, отанинг бурчлари мавжуд. Бу бурчларнинг айримларига ҳали бола туғилмасидан аввал риоя этмоққа мажбур. Хусусан, уйланиш вақти келганида номусли аёлни никоҳига олиши керак, токи бола туғилгач, онасининг ўтмишидан уялмасин. Фарзанд туғилгач, унга яхши исм қўйиши жоиз, токи бола ўзининг исмини эшитганида изза чекмасин. Болага яхши тарбия бериши, хусусан, ақли етганича динни ўргатмоғи шарт, токи фарзанд болалик чоғиданоқ тўғри яшамоқликнинг сирларидан хабардор бўлсин, ҳаётнинг тиконли сўқмоқларида қоқилиб азият чекмасин. Сўнг эса уйланиш ёшига етганида бесабаб пайсалга солмай, ақлли, иффатли, бокира қизга уйлантириши зарур. Бунинг акси бўлса, фарзандига ёмонлик қилган бўлади. Чунки ота-онанинг ёмон феъли болага ҳам ўтади. Шунинг учун номус аҳлидан бирини топиш ота-она бурчидир.
Ҳазрат Умарнинг жавобини эшитган йигит, сўзламоққа изн сўраб дебдики:
- Айни ҳикматларни сўзладингиз, эй амирал-мўъминин. Аммо ҳақиқат шуки, сиз баён этганларнинг ҳеч бирини отам адо этмаганлар. Бу бурчларини бажармаганлар. Онам бўлмиш аёлни қул бозоридан сотиб олиб, феъл-атворларини, насл-насабларини билмаганлар. Сиз чиройли исм қўймакликни таъкид этдингиз. Отам эса «Жуал», (яъни саҳронинг қора қўнғизи) деб исм қўйганлар. Тарбия бермакни, динни ўргатмакликни буткул унутганлар. Ёшим анчага борди, бироқ, уйлантириш ҳақида ўйламайдилар.
Йигитнинг сўзларидан таъсирланган ҳазрат Умар шундай дебдилар:
- Эй одам! Сен ўзингни «отаман» деб даъво қиляпсан. Яна «Ўғлим менга исён қилади, гапларимга қулоқ солмайди, менга азоб беради», деб нолияпсан. Аслида эса сен ўғлингга исён этгансан. Сен ўғлингга ёмонликларни раво кўрибсан. Унга сен ўзинг жафо қилибсан. Хатони сен қилгансан. Энди мен сенга нимани раво кўришим мумкин? Энди сенга мен қандай ёрдам берай? Энди ҳарна бўлса ҳам чидайсан - бошга тушганни кўз кўрар. Сен ўзингга ўзинг ёмонликни раво кўрибсан, бошқалардан айб қидирма...
Эътибор берган бўлсангиз, вояга етганда уйлантириш вазифасини вақтида бажариш шартлиги таъкидланди. Баъзан эшитиб қоламиз, айрим ота-оналар турли баҳоналар билан бу вазифани галга солаверадилар. Оқибатда ўғил никоҳсиз уйланиб олади, қиз эса ҳомиладор бўлиб қолганини айтишдан бошқа чораси қолмайди. Бундай бўлишдан Аллоҳ сақласин! Ота-оналик бурчини тўғри адо этганларни Аллоҳ турли балолардан ва маломатлардан, беномусликлардан асрайди. Агар ота-она ўз бурчини бажармаса, охиратда фарзанднинг даъво қилиши ҳам айтилган. Даъво нималардан иборат бўлиши мумкин? Гуноҳ дафтари тўлиб тошган одам ота-онаси ёқасига ёпишиб дейиши мумкинки: «Ё Раббим, мен бу ота-онамга даъвогарман. Менга гўзал хулқни ўргатмади. Мени театрга юборди, лицей, коллежга юборди, чет тилини ўргатди, лекин донолар ҳикматини ўргатмади. Ҳалол-ҳаромни англатмади. Шунинг учун мен сенга қуллик қила олмадим. Булар айбдордир...» Шундай бўлишидан барчаларимизни Аллоҳ сақласин! Айрим бандаларнинг эса ўлганидан кейин нуфузи кўтарилиб қолар экан. Шунда у ажабланиб: «Эй Раббим, бу даражамнинг кўтарилиши нимадан ҳосил бўлди?» деб сўрайди. Шунда Аллоҳ томонидан маълум этилар эканки: «Эй бандам, орқангда қолган бола-чақаларингнинг сен учун қилган истиғфорларининг натижасидир». Аллоҳ барчаларимизга шундай ажр насиб этсин!
Абдурауф Фитрат ҳазратларининг бизга бир оз кескинроқ, ҳатто қўполроқ туюлиши мумкин бўлган баёнлари бор. Бирга ўқийлик: «...кўрайлик-чи, биз мусулмонлар, хусусан туркистонликлар, ўз фарзандларимизга тарбия беряпмизми ёки йўқми? Саволнинг охиридаги сўз бунга жавоб бўла олади, яъни «йўқ!» Мен буни шундай исбот қиламан: биз, туркистонликлар болаларимиздан кўра молларимизга яхшироқ қараймиз. Эшак ва қўйларимизни фарзандларимиздан ҳам кўпроқ яхши кўрамиз, деб айтмаяпман. Йўқ-йўқ, болаларимиз жонимиздан ҳам азиз. Улар назаримизда ҳаммадан суюкли ва ардоқли. Лекин бахтимизга қарши шуни эътироф қилиш лозимки, шунча муҳаббат ва меҳрга қарамасдан, эшак ва қўйларимиздан камроқ тарбиялаймиз! Менинг бу сўзларимдан ҳайрон бўлманг, сабр қилинг, даъвомни исботлайман. Фалон нарсани тарбиялаш, яъни уни аста-секин камолга етиштиришдир. Назаримизда, қўйнинг камоли унинг семизлиги ва соғломлигидадир. Эшакнинг камоли унинг кучи, оёқларининг бақувватлиги ва яхши юришидадир. Фараз қилинг, қўзи ёки хўтик сотиб олиб уйга келтирасиз. Диққат билан уларга қараб, бир муддатдан кейин қўйни семиртириб, эшакни бақувват ва йўрға қиласиз, яъни уларни тарбиялаб, камолга етиштирасиз. Аммо азиз фарзандларингизга шундай диққат билан тарбия бермайсиз. Баҳона қиласизки, болангиз ҳам камолга етишган. Эътироз билдиришингиз мумкинки, биз молларимизни боқишга қанча уринсак, фарзандимиз тарбиясига улардан юз баробар кўпроқ ҳаракат қиламиз, деб.
Бу даъвоингиз маълум бўлса-да, аммо тўғри эмас. Далил шулким, кимнинг уйида моли бўлса, текширса кўрадики, йил давомида унинг молларидан биттаси ҳам касал бўлмаган, аммо фарзанди ҳеч бўлмаса, уч марта хасталикка чалинган. Бас, маълум бўладики, у киши молининг касал бўлмаслигига кўпроқ эътибор берар экан. Сўзингиз тўғри бўлса ҳам, менинг даъвойимга ҳеч зарари йўқ, чунки боланинг соғлиғига эътибор бериш ҳам фарзанд тарбияси билан шуғулланишни билдирмайди. Ҳақиқатдан агар одам қўй ва эшакка ўхшаб камол топиши, соғлиқ, билакларининг кучлилиги билан чегараланиб қолганида эди, биз ҳам фарзанд соғлиғи учун бўлган ҳаракатни, фарзанд тарбияси деб атардик. Тану тўшли ва соғлом болани камолга етишган деб қабул қилардик.
Одамнинг камоли фақат соғлиқ ва кучдан иборат бўлмай, балки жисмонан, ақлан ва ахлоқан юксалишдан иборат. Одамнинг жисми, ақли ва ахлоқи турли касаллик ва нуқсонлардан узоқ бўлиши лозим. Одам ҳам ўз манфаатини ўйлаб, ҳам яқинларини бахтиёр қилишга қодир бўлиб ўсиши лозим. Зотан, бу мантиқий олишувларга нима ҳожат бор?»
Бу фикрлар тўқсон йил муқаддам баён этилган, лекин айрим жиҳатларидан бугун айтилаётганга ўхшайди, шундай эмасми? Демак, тарбияда ҳали етарли илгарилаб кетолмабмиз. Бугун биз бола тарбияси деганда уни яхши кийинтиришни тушуняпмиз, катта пул сарфлаб ўқишга киритишни, тўйларида “лимузин”у “мерс”ларни қатор-қатор териб қўйишни англаяпмиз... Агар автомашинамиз бузилиб қолса, устахонада бир кун ёки бир ҳафта ўтиришимиз мумкин, аммо фарзандимиз билан бир соат ёнма-ён ўтириб, дарс тайёрлашга тоқатимиз етмайди.
“Меҳрибон” оталардан бири мақтанди: «синфдошларимиз билан дўстлигимизни ҳеч бузмаймиз. Ҳар куни ишдан кейин фалончи ўртоғимизникида учрашамиз, чой-пой ичиб, шахмат-нарди ўйнаб, телевизор томоша қилиб, кечқурун баъзан ўн бир - ўн иккигача ўтирамиз...» Албатта, дўстликни узмаслик яхши, бироқ, оила бағрига барвақт бориш ундан аълороқ. Ҳар куни уйига кеч борса, болалари бу вақтда ухлаб қолган бўлади. Тарбия билан қачон шуғулланади? Назаримизда бу биродарларимиз дўстликни мустаҳкамлаш ҳақида нотўғри тушунчага эгалар, оила, фарзанд тарбияси, деган тушунчадан эса бутунлай маҳрумлар. Оила ҳақида сўз кетганда “ҳар куни ўғлим билан бирга дарс тайёрлайман”, деб фахрланувчи оталарни кам учратамиз.
Ўзларича дўстлик ришталарини мустаҳкамлаётган бу оталар ўйлаб кўрсинлар: қиёматда «нега ўртоқларингникида чой ичмадинг, нега тун ярмигача ўтирмадиинг?» деб сўралмайди. «Сен ўзингни қандай тарбия қилдинг ва фарзандларингга нега тарбия бермадинг?» деб сўралади. Қиёматдаги жазога анча вақт бор. Бу дунёдаги жазо кўп куттирмайди. Агар фарзанди гиёҳвандларга қўшилиб кетса (Аллоҳ сақласин!), бузуқликни касб этса (Аллоҳ сақласин!) дардини кимга айтади? Кимни айблайди? Кимдан нажот сўрайди?
Кейинги йилларда болаларнинг бўш вақтлари кўпроқ телевидение ва видео томошалари билан банд бўляпти. Ҳатто ҳазил аралаш «телебола» деган атама ҳам пайдо бўлди. Бу «телебола»лар атрофларидаги барча гўзалликларни рад эта бошлайдилар. Францияда қизиқарли тадқиқот ўтказишибди. Уч мингта болага «телевизор яхшими ё отангми?» деган саволни бериб, қарийб икки мингтасидан «Телевизор яхши», деган жавобни олишибди. Буни бир неча давраларда айтиб, эшитганлар юзида ташвиш кўрмадик. Деярли барча латифа эшитгандай кулимсиради. Аслида бундай хабар барчани ўйлантириб қўйиши керак. Францияда бу тадқиқотни шунчаки бекорчиликдан ўтказишмагандир. Тарбияга доир ишларида нималарга эътибор қаратиш лозимлигини аниқлаш учун қилишгандир. Шунга яраша чоралар кўришар. Хўш, бу ҳолатнинг бизга алоқаси йўқми? Тўғри, бизда икки мингта бола «отамдан телевизор яхшироқ», деб жавоб бермас. Агар уч мингта боладан учтаси шундай жавоб қайтарса ҳам ташвишланишимиз зарур эмасмикин? Бугун учта бола шундай деб турса, эрта-индин уларнинг сони ошмасмикин? Орадан кўп вақт ўтмай ўша Франциядаги натижа бизда ҳам қайд этилмасмикин? Бу муаммо хусусида қачон бош қотирамиз? Уч мингта боланинг ҳаммаси бир овоздан отадан кўра телевизор афзаллигини таъкид этгандами?
Ана энди шу болаларимизга четдан разм солайлик: китоб ўқиш улар учун азоб, театрда юраклари сиқилади, музейларда роҳатланмайдилар. Мусиқанинг фақат енгил турларини тинглашлари мумкин. Ёзувчилар бу «телебола»ларни бадиий адабиётга қайтариш керак, дейдилар. Бу соҳадаги тарбиямизда битта камчилигимиз бор. Аввало кўп хонадонларда оиланинг катталари китоб ўқимайдилар. Ўзлари ўқимай туриб фарзандларини китобга жалб қила олармикинлар? Ўша ота-оналар ўйлаб кўрсинлар, фарзандлари бўш вақтларини кўча безорилари ёки беҳаё кинолар қуршовида ўтказганлари маъқулми ё фикр тарбиясини берувчи китоб билан дўстлашганлари афзалми? Донолардан бири «Китоб ўқимаган киши фикрлашдан тўхтайди», деган экан. Кимдир бунга қарши чиқиб айтарки: «Мен умримда китоб ўқимаганман, лекин фикрлайман-ку?» Тўғри, ўқиган ҳам, ўқимаган ҳам фикрлайди. Бироқ қай тарзда фикрлайди? Фикрининг маъноси борми? Бу саёз фикри билан ўзгалар орасида эътибор қозона оладими? Дуруст, ота ёки она ўқишнинг афзаллигини тушуниб етдилар. Фарзандларини ўқишга даъват эта бошладилар. Лекин ёши улғайган бола бу даъватга дарров бўйсуна қолмайди. Ҳатто қизиқарли китобни ҳам четга суриб қўяди. Баъзи ота-оналар мана шундан зорланишади. «Фалон сўмлик китоб олиб келдим, ўғлим бир бет ҳам ўқимади», дейди. «Ўша китобни ўзингиз ўқидингизми?» деб сўраймиз. «Бе, ўқишга вақт борми?» деган жавобни эшитамиз. Оталар маишатга вақт топадилар. Бешик тўйларидами соатлаб валақлаб ўтиришга оналарнинг фурсати бор, аммо фарзанднинг тарбиясига вақт йўқ. Шахсий намуна деган тушунчадан эса узоқмиз. Бизнинг назаримизда “Мана, сенга китоб олиб келдим, ўқи”, дейиш - тарбия. Шу билан биз бурчимизни бажардик. Боламизнинг китоб ўқимаслиги эса... Худодан. Уни Худо шундай яратган...
Бир киши фарзандини донишманд ҳузурига олиб келиб: «Тақсир, насиҳат қилиб қўйинг, ўғлим жуда кўп хурмо ейди. Бир ўтиришда эллик хурмони кўрдим демайди. Кўп емоқлик зарар эканини тушунтиринг», деб илтимос қилибди. Донишманд «Икки ойдан кейин келинглар», дебди. У одам яна рўпара бўлганида донишманд «Эй ўғил, кўп хурмо емоқлик зарарлидир», дебди. Бу қисқа насиҳатни эшитган киши «Шу гапни икки ой олдин айтсангиз бўлмасмиди?» деб ажабланибди. Шунда донишманд: «Икки ой аввал бундай дейишга ҳаққим йўқ эди. Чунки мен ҳам хурмони яхши кўриб, кўп ердим. Икки ой давомида нафсимни тийиб, озга келтирдим ва насиҳат қилмоқ ҳуқуқига етдим», деган экан. Айтмоқчимизки, тарбиянинг барча кўринишларида, хусусан китоб ўқишга даъватда шахсий намунанинг фойдаси кўп. Тарбиянинг барча турлари каби китоб ўқишга ўргатиш ҳам болаликдан бошланади. Европа мамлакатларидаги нашриётларда «Ойижон, ўқиб беринг», туркумида китоблар кўп чиқарилади. Номидан кўриниб турибдики, бу китоблар мактаб ёшигача бўлган болаларга аталган. Бу ёшдаги болаларда «китобни кўрсам бошим оғрийди», деган гаплар бўлмайди. Барчаси қизиқиш билан китобни варақлайди. Баъзилари расмлардан завқ олади, унда нима акс этганини билишни истайди. Баъзилари китобни йиртиб ҳузурланади. Ота ёки онанинг китобни ўқиб бериши ёки расмлар мазмунини тушунтириши боласининг келажаги учун жуда-жуда зарурдир. Бола учун ажратилган беш-ўн дақиқа вақт келажакда ойлаб-йиллаб давом этадиган қайғу-аламлар олдини олишини англаб етган ота-она нақадар бахтли!
Боласига атаб китоб сотиб олган ота-онага офарин! Чунки боласига китоб олмайдиганларнинг сони-саноғи йўқ. Бозорга бориб боласига қуртми, сақичми ёки бирон қимматбаҳо ўйинчоқми олишни унутмайди. Лекин китоб растаси ёнидан ўтаётганида «боламга мос китоб бормикин?» деб қайрилиб ҳам қарамайди. Ҳозир бу даъвони айтсангиз «Китоб қиммат», деб баҳона қилишади. Аввало китоб жуда арзон бўлганда ҳам аҳвол шундай эди. Қолаверса, ўзини «ота», деб, фарзанди тарбиясига масъул деб ҳисобловчи кимсанинг бир кунда чекадиган сигарети пулига ёки маишатига сарф қиладиган маблағига қанча китоб сотиб олса бўларкин. Биз «Болажонмиз!» деб кериламизу, болажонлигимизни фарзандларимизни яхши кўриш билангина чеклаймиз. Эҳтимол, бу гапларимиз баъзилар учун малол келар. «Ошириб юбордингиз», деб маломат қиларлар. Унда мана бу далилларга диққат қилинг: мактаб ўқувчиларининг сони тахминан беш миллион атрофида бўлса керак. Шу ўқувчиларга мўлжаллаб чиқариладиган китобнинг нусҳаси ўн-йигирма мингдан ошмайди. Гап китобнинг қимматлигида эмас, гап ота-онанинг эътиборсизлигида!
Болалар қамоқхонасида ўтказилган сўровларимиздан маълум бўлди-ки, у ерга тушганларнинг қарийб тўқсон фоизи битта ҳам бадиий китоб ўқимаган. Етмиш фоизи театр остонасини босиб ўтмаган. Юз фоизи рассомларнинг кўргазмаси нима эканини билмайди.
Бир куни болалар қамоқхонасида адабий учрашувга бордик. Бу ерга илк марта кирган шоир биродаримиз болаларнинг жиноятлари ҳақидаги ҳикояни эшитиб гангиб қолди. Ҳаяжонга берилиб, «Мен бу ерда шеър ўқий олмайман», деди. Мен ундан Усмон Носирнинг «Муҳаббат» шеърини ўқиб беришни илтимос қилиб, аранг кўндирдим. Бир хил кийинган, сочлари бир хилда қиртишланган, кўзлари бир хилда маъносиз боқувчи бир неча юз бола тўпланган жойга кирганимизда шоир биродаримиз бу нигоҳларга қарай олмай кўзларини юмиб олди. Шу ҳолда шеърни ўқиди. Бу шеърни ўқитишдан мақсад - кичкина ижтимоий тадқиқот ўтказиш эди. Йиғилганларнинг барчаси севги ёшидаги ўсмирлар. Кўпчилиги севишга, аёл билан бўлишга улгурган. Севги туйғуси бегона эмасдир, деган фикрни синаб кўрмоқчи эдим. «Севги! Сенинг ширин тилингдан ким ўпмаган, ким тишламаган!» деб бошланувчи шеър ҳар қандай ёшнинг дилини қитиқлаши тайин. Аммо жиноятчи ўсмирларга бу таъсир этмади. Уларнинг юзларида, қарашларида ўзгариш сезилмади. Оддий гапни эшитгандай ўтираверишди. Шеърда «Уфқда ботар қуёшни шарт кесилган бошга ўхшатдим», деган сатр бор. Шу сатр ўқилганда, не ажабки, ўтирганларда жонланиш сезилди. Бундагиларнинг оз қисми қотиллиги туфайли қамалган, лекин бошқа жиноятлар билан ўтирганларга ҳам «шарт кесилган бош» таъсирли бўлди.
Ҳаёт - имтиҳон эканлигини биламиз. Имтиҳон бор жойда бурч, жавобгарлик, масъулият бўлади. Инсон ана шу масъулият билан дунёга келади. Ҳар бир ота зиммасига омонат юклатилган, имтиҳонда турган инсон ҳисобланади. Бу дунё нашъали, аммо асл жойимиз эмас. Ота фарзандлари тақдири учун ҳужайраларнинг энг олис нуқтасигача, вужуднинг ҳар бир заррасига қадар жавобгар бўлган кишидир. Ота жаннатга кирса-ю азоб фаришталари фарзандини жаҳаннам ўтига отса, юрак бардош берармикин? Агар бирон киши фарзандимизнинг қўлига чўғ босаман, деса ҳотиржам қараб турамизми? Ўйлаб ҳам ўтирмасдан ҳимояга ташланамиз! Хўш, нима учун жигарбандларимизни дўзах ўтларидан ҳимоя қилишни ўйламаймиз? Бу бир масала. Иккинчи масала - дўзахий фарзандларни «тарбиялаган» ота-онага жаннат насиб этармикин? Бу ўринда жумла тузишда хатога йўл қўйдик: эҳтимол «дўзахий болаларни «тарбиялаш» эмас, «болаларни дўзахбоп қилиб тарбиялаш» десак тўғрироқ бўлар? Йўқ, энг тўғриси - «болаларни умуман тарбия қилмаган»...
Ота ўз фарзандларига мерос этиб молу дунё эмас, одоб-ахлоқ қолдириши керак. Мол-дунё мероси кундан кун камайиб, одоб-ахлоқ мероси эса ошиб боради. Бу ривоят фикримизнинг далили:
Миср ҳукмдори билан Рум ҳукмдори ўзаро келишиб, дўстлик аҳдини туздилар ва орадаги адоватга барҳам бердилар. Ҳатто Миср ҳукмдори Рум ҳукмдорининг қизини ўғлига никоҳлаб, қизини эса Рум шаҳзодасига узатди. Уларнинг дўстлик ва қариндошлик алоқалари узоқ давом этди. Бир куни Рум ҳукмдори қудасига бу мазмундаги мактубни йўллади:
- Кўзларимизнинг нурлари бўлмиш азиз фарзандларимизнинг бизлардан кейин ҳам фароғатда яшамоқликлари учун ҳозирдан чора-тадбир кўришимиз керак. Мен ўғлим учун жуда кўп олтин жамладим. Чиройли боғ ва сарой барпо эттирдим. Сиз ҳам шундай қилгандирсиз?
Миср ҳукмдори мактубни ўқиб табассум қилди ва бу жавобни йўллади:
- Азизим, мен сиздан кўра сал бошқачароқ йўл тутдим. Вафосиз мол-дунё ва матоҳларига илтифот этмаганим туфайли ўғлимга олтину жавоҳир эмас, илм, ҳунар, одоб, ахлоқни мерос этиб қолдиришни истадим. Уни илмли, ҳунарли, хушахлоқли қилиб тарбияладим. Уни яхши адаб либоси билан безадим. Мол-дунёга қачондир завол етади, аммо мен қолдираётган меросга ҳеч замон завол етмайди. Бу мерос фарзандимни ҳар қандай бало-офатлардан омон сақлагай...
Бирга ўйлайлик: тарбиясиз одам жонсиз жасад каби эмасми?
Даврага қўшилгувчи ҳар бир одам аввал ўзининг ташқи кўриниши, қиёфасига қараб қабул қилинади, сўнг эса тарбияси ва фазилатига қараб тақдир этилади. Кишидаги фазилат гўё фарзанд кабидир, уни авайлаб сақлаш ва янада баркамол этиш лозим. Ҳар бир одам ўзини ўзи тарбия қилишга ўрганиши кераклиги, сиз – азизлар учун янгилик эмас. Инсоннинг улуғлиги ўзини идора ва тарбия қилиш кучига эга бўлиши билан билинади. Буни тушуниш учун бир ривоятни эслаймиз: Ийсодан (алайҳиссалом) сўрадилар: «Сизни ким тарбия қилди?» Жавоб бердиларки: «Мени ҳеч ким тарбия қилмади. Жоҳилнинг жаҳолатини, ахлоқсизнинг ахлоқсизлигини қусур ва айб сифатида кўрдим. Жаҳолат ва ахлоқсизлигидан қочдим». Мазкурни тушунуш учун қисқа изоҳ лозим. «Ҳеч ким тарбия қилмади» деганларида албатта атрофларидаги одамлар назарда тутилган. Чунки барчанинг тарбиячиси - Раббиси Аллоҳдир. Аллоҳ ўзининг элчисини жаҳолат ва ахлоқсизликни қусур ва айб сифатида кўрадиган қилган. Улардан қочиш эса бу иллатлардан нари туриш, ҳоли бўлиш деган маънода.
Киши ўзини ўзи тарбия қилишга ўрганиши лозим, деган фикрни қувватлаш учун шарафли ҳадиснинг маъно таржимасини ўқиймиз: Расулуллоҳ (с.а.в.) марҳамат қиладиларки: «Ҳар бир мўъмин банда ўз биродарининг кўзгусидир. У биродарида бир айбни кўрса, ўзида кўрган шундай айбни тузатишга ҳаракат қилиши керак». Яъниким, биз биродаримизда ҳасад ёки чақимчилик иллатини кўриб турибмиз. Уни тарбия қилишимиздан аввал биз ўзимиздаги ўша иллатни тузатишга киришмоғимиз керак экан.
Ўзини ўзи тарбия қилмоқ қандай бўлади?
Оғзаки насиҳатларни эшитамиз, китобларда ўқиймиз, масалан, бу каби:
Луқмони Ҳаким ўз ўғилларига дебдилар:
«Қариндош уруғлардан алоқангни узма, ўйлаб иш тут. Одамларни ғийбат қилма, одамлар ёмон ишга бош қўшса, сен уларга қўшилма. Шошилиб иш тутма, бойлик деб ўзингни ғам-қайғуга ташлама. Ўз қадрини билмаган одамдан яхшилик умид қилма. Ўтиришлардан ўз жойингни бил, одамларнинг сўзларига қулоқ сол, одамлар сўраса, гапир, ўзингдан улуғлар олдига тушиб юрма, одамлар ичида бошингни қуйи солиб ўтирма, ўнгу чапга қарайверма, меҳмонлар олдида бировга ўшқирма, меҳмонга эса иш буюрма. Маст ва девона одамлар билан ҳамсуҳбат бўлма. Бекорчи одамлар билан кўчада ўтирма. Ўз фойдангни ўйлаб обрўйингни тўкма. Ўзига бино қўювчи такаббурлардан бўлма. Хусуматдан узоқ бўл, сенга иш буюрсалар бажар, ваъда қилсанг, албатта уддасидан чиқ. Ҳеч кимни ранжитма...»
Ҳиндистонлик донишманд эса ўғлига бундай насиҳат қилибди:
«Азиз ўғлим, қўлингга кирмаган ёки қўлингдан кетган нарса учун қайғурма. Ҳар ерда куракда турмайдиган беҳуда сўзлар сўзлаб юришдан йироқ бўл. Нокас, қурумсоқ кишидан қарздор бўлма. У билан асло муомала қилма, кейин пушаймон қиласан. Шарм-ҳаёсиз ва бахил киши билан суҳбатдош бўлма, шундай ярамас одамлар билан қўшни бўлмасликка ҳаракат қил. Ўз кучинг орқасида нон топиб егил, текинхўрликка ўрганма, олижаноб мард одамлар билан суҳбатдош бўлсанг, яхшилик билан ном чиқарасан. Мақтанчоқ ва эзма одамлардан ҳазар қил...»
Бошқа бир донишманднинг насиҳати будир:
«Фалокатга дучор бўлишни истамасанг - мағрур ва мутакаббир бўлма. Роҳатда яшашни истасанг - дилингни ҳирсдан пок қил. Хору зорликни истамасанг - таъмагир бўлма, ўзингга яхшилик қилинишини истасанг - яхшилик қил, ҳеч кимга озор берма, яхшиликни улуғ иш деб бил. Қадр-қимматинг ошишини истасанг - баланд ҳимматли бўл. Ишинг пушаймонлик билан натижаланишини истамасанг - аввал яхшироқ ўйлаб, доно, тажрибакорлар билан кенгашиб, сўнгра ишга кириш. Ўзингни ҳаммага севдиришни истасанг - феъл-атворингни тузат, адабли, тарбияли бўл. Обрўга, иззат ва ҳурматга эга бўлишни хоҳласанг - ҳалол меҳнат қил. Ҳамманинг қошида ишончли, марғуб ва мақбул одам бўлишни истасанг - ёлғончиликдан сақлан, чақимчи, иғвогар бўлма, маънисиз, тутуруқсиз сўзларни айтиб юришдан ҳазар қил. Мабодо ўнғайсиз ҳолда қолсанг, ишингда муваффақиятсизликка учраб, қайғу-ҳасрат ичида қолсанг - дод-фарёд қилиб юрма, сабр қил. Ўнғайсиз ҳолдан қутулиш чорасига кириш...»
Бу каби насиҳатлар доноларнинг бизларга берган йўл-йўриқларидир. Таъбир жоиз бўлса, кишининг ўзини ўзи тарбиялашидаги бир режадир. Энди режани қандай тарзда амалга оширади - унинг ақлига, тоқатига, иродасига боғлиқ.
Юзаки қаралса, бу насиҳатларга амал қилиш унча оғир эмас. Айтайлик, одамлар орасида бошни қуйи солмаслик, меҳмонга иш буюрмаслик... Агар бу фазилат ўзимизда бўлмаса, тез кунда ўрганиб кетишимиз мумкин. Лекин айрим фазилатлар - ахлоқи ҳамидалар борким, унга эришиш кунлар, ойларни талаб этади. Яъниким, киши ҳар дақиқа, ҳар соат, ҳар кун бу соҳада ўзини ўзи тарбия қилиб бормоғи талаб этилади. Бир кун тарбия этмадими, яхши фазилатни бир кун унутдими - издан чиқиб кетиши ҳеч гапмас. Фазилатнинг ўрни узоқ вақт бўш турмайди, у бизни тарк этдими, дарҳол ўрнини иллат, ёмон хулқ эгаллайди. Баъзан киши яхши хулққа эришишни истайди аммо бунинг уддасидан чиқиш ёлғиз ўзига боғлиқ эмас. Ёмонлар билан ҳамсуҳбатлик масаласи бу фикрга мисол бўла олади. Бир кишининг зулмкорлигини ёки разиллигини биласиз, лекин ундан нари туришнинг иложи бўлмай қолади.
Ўзгага тарбия беришдан кўра ўзни тарбия этмоқ юз чандон оғирроқдир. Ўзгага тарбия бериш учун билимга ёки ҳаёт тажрибасига таяниб, тоқатингиз етганича насиҳат қиласиз. Тарбияланувчи насиҳатларингизни қулоққа олмаса, қўл силтаб қўя қоласиз. Киши ўзини тарбия қилиши учун эса жуда мустаҳкам иродага эга бўлиши керак. Чунки ўзни тарбия этмоқлик вужудингизга ҳукмронликни даъво этаётган нафс ва шайтон билан олишиб, енгмоқликдир.
Ақлингиз дейдики:
- Илм ол, онгингни мунаввар эт! Умрингни беҳуда гаплар ва кераксиз юмушлар билан совурма!
Шайтон дейдики:
- Илм олмоққа шошилма, бугун ресторандаги хослар зиёфатига таклиф этилгансан, маишатингни қил.
Ақлингиз дейдики:
- Чақимчилик қилма, гуноҳга ботасан.
Шайтон дейдики:
- Шу одамнинг шу ишини хўжайинга кириб айтсанг, ишдан ҳайдалади, унинг ўрнига ўзинг ўтирасан...
Ақлингиз яна дейдики:
- Хизматчи подшоҳга бошқа хизматчини ёмонлади. Шунда подшоҳ: «Гапларингни текшираман, агар тўғри сўзлаган бўлсанг, чақимчилигинг учун сендан нафратланаман, сени душманим деб биламан. Ёлғон сўзлаган бўлсанг туҳматчилигинг учун жазолайман» деган экан, сен ўша хизматчи ҳолига тушиб қолмагин.
Шайтон яна дейдики:
- Бу сафсаталарга қулоқ солма, ҳозир унақа подшоҳлар йўқ...
Шу ўринда баҳсни и р о д а ҳал қилиб беради. Агар ирода чинакам ақл билан қувватланган бўлса - енгади. Ўзини ўзи тарбия қилишда яна бир муҳим қийинчилик борким, уни «муҳит» деб атаймиз. Кишининг атрофида қандай муҳит бор? Яхшилар бўлса, тарбия жараёни енгилроқ кечади. Залолатдагилар бўлса... оғир, жуда оғир... Шу боис киши атрофини ақл кўзи билан кузатиб, ёмон давраларни тарк этишга жазм этмоғи шарт. Ботқоқда туриб ювиниб, покланишга уринишдан наф йўқ.
Энди тарбиянинг асослари нималардан иборатлиги хусусида фикрлашиб олсак:
Фазилатни қўриқлайдиган гўзал ахлоқни ва ярамас йўлдан, ёмон аҳволга тушишдан сақлайдиган ҳушёрликни донолар муҳим асослардан ҳисоблаганлар. Яна: ваъдага - вафо, насибага - ризо, ҳар бир бахтсизликка қарши чидамли бўлиш, ҳақиқат ва тўғриликка риоя қилиш...
Инсонни инсон бўлишига боис тарбиядир ва уч нарсага эҳтиёж сезади: истеъдодга, илмга ва машққа.
Ҳазрат Навоий дебдиларким: «Қобилиятли одамни тарбия қилмаслик -зулмкорликдир. Ноқобил одамга эса тарбия хайфдир. Тарбиянгни аяб, унисини нобуд этма, бунисига тарбиянгни зое қилма.
Қобилға тарбият эрур ул навъким, гуҳар,
Тушса нажосат ичра югай кимса они пок.
Гар ит узумига киши май бирла берса сув,
Бу тарбият била қила олғайму они ток.»
(Қобилиятли кишига берилган тарбия гавҳар каби қимматлидур. Гавҳар нажосатга тушса ҳам ювилса- тозаланади, қимматини йўқотмайди. Итузум май билан суғорилса ҳам итузумлигича қолади, ҳеч замон токка айланмайди.)
Бош ақл ва илмга тўлиб тошса ҳам, ахлоқни сира унутмаслик керак: инсон ўзидаги маънавий жиҳатларни, виждон ва нафсни тарбиялаши, эҳтиросини бошқара олиши, хунук одатларни тарк этиши, илмий ютуқларини инсоният фойдасига йўналтириши керак. Йўқса, у тўғри йўлдан озиши мумкин. Яъни Ватан ва халқини мудофаа қилишга масъул ҳарбий одамнинг тарбияси дуруст бўлмаса, Ватанига хиёнат этишдан ҳам қайтмас. Беморларни ҳалол ва холис равишда даволашга қасам ичган шифокор қасамини бузар. Ҳатто порахўр ва судхўр мол-дунё эвазига юртини бошқалар қўлига мустамлака қилиб беришдан ҳам тап тортмас.
Тарбиялаш шахсий намуна, оғзаки ёки ёзма насиҳат йўли билан амалга оширилади. Ана шу насиҳатларни олмайдиган одам бахтли бўладими? Баъзиларга насиҳат қилсангиз малол олади, ҳатто ғазабланади.
- Ўғлингизнинг қадам олиши чакки, димоғидан наша ҳиди келадир, - дейсиз. Сизнинг ниятингиз холис, бироқ, яқин танишингиз буни фикр қилмайди, унга айни дамда сизнинг ақл ўргатишингиз ёқмайди ва дейдики:
- Менинг ўғлим билан ишинг бўлмасин, ўзингнинг болаларингни тарбия қилавер.
У нодон жаноби Расули акрамнинг (с.а.в.) «Икки мусулмон ўзаро учрашганида Аллоҳ албатта уларни бир-биридан фойдалантиради», дейилган муборак ҳадисларидан бехабардир балки? Мазкур ҳадисда дейилмоқчики, икки мусулмоннинг бирлашгани икки қўл кабидир: бир-бирини ювиб поклайди. Битта қўл чала ювади, ўзидан бошқасини юволмайди. Аммо икки қўл бир-бирини тозалайди. Масаланинг иккинчи томони ҳам борки, ёмон йўлга тушган йигитча эртага яхшилик сари интилаётган тенгдошларини заҳарлаб, ўзи томон тортиши мумкин. Яъни, унинг ёмонлиги фақат ўз оиласига бало келтириш билан чекланмайди, ўзга оилалар ҳаловатини, демакки, жамият ҳаловатини бузади. Хайрли насиҳатга, танбеҳга қулоқ солмаган ота ўғлининг ёмонлигини яширишга уриниб, уйлантиради, оқибати нима билан якунланиши эса маълум.
Нодонларга насиҳат бир ривоятни ёдга солади:
Қуёш ботиб, дунё юзини зулмат пардаси қоплаганда жиловсиз изғирин ҳар томонга югуриб, маймунлар тўдасига ҳужум қила бошлади. Бечора маймунлар совуқдан титрар ва исиниш учун чора ахтарар эдилар. Улар ногоҳ ялтироқ қуртни кўриб қолдилар. Уни чўғ деб ўйлаб, талай ўтин йиғиб, атрофига қаладилар ва ҳадеб пуфлайвердилар. Дарахт тепасидаги қуш уларнинг бу нодонликларидан кулиб: «Бу олов эмас, кечалари ялтираб кўринадиган қурт», деса ҳам эътибор бермадилар. Шу аснода ўткинчи бир одам аҳволни кўрди ва қушга қараб: «Ўзингни кўп койитма, улар сенинг сўзингга қулоқ соладиган, фойдасиз ишдан воз кечадиганлардан эмас. Уларга насиҳат қилиш - қилични тошга уриш ва шакарни сув остига беркитиш билан баробардир», - деди. Қушнинг нодонлиги маймунларникидан қолишмас эди, у одамнинг насиҳатига қулоқ солмай, маймунларнинг хатосини тушунтириш учун дарахтдан тушиб, улар ёнига келди. Маймунлар эса... уни ўраб олиб, бошини узиб ташладилар...
Ҳазрат Навоий бежиз айтмаганлар: «Телба қулоғига панд - қуюн оёғига банд» - яъниким, нодонга насиҳат қилганинг - бўроннинг оёғини кишанлаб олишга уриниш кабидир...
Айрим оталарнинг насиҳатга муносабатлари сал бошқачароқ. Улар насиҳатни кескин рад этмайдилар, аммо яхшилик йўлидан юришни галга солаверадилар.
- Ичманг, биродар, ҳаромдан ҳазар қилмасангиз ўғлингиз ҳам изингиздан кета бошлайди, - дейсиз.
- Хўп, ташлайман, фалон ташвишимдан қутилиб олай... - дейди.
- Қимор ўйнаманг... Ўн яшар ўғлингиз эски қарталарингизни олиб чиқиб, кўчада ўртоқлари билан ўйнаб ўтирибди.
- Хўп, кейинги ойдан ташлайман...
- Аввал ўзингизни ўнгланг-у, сўнг фарзандингиз тарбиясига рағбат қилинг...
- Хўп... хўп...
Ўнлаб ҳатто юзлаб «хўп», «хўп»... аммо аҳдида турмайди. Насиҳатни давом эттирсангиз «иродам бўшлик қиляпти», каби баҳоналарни тахлаб ташлайди. Эҳтимол чинданам иродаси бўшдир. Бироқ, бунинг имон заифлигидан эканини англайдими у биродаримиз? Насиҳатга кўнса-да, галга ташлаётган, амалга оширишни орқага сураётган бу ота “ўғлимнинг уйланишига беш йил вақт бор, тарбиялашга улгураман”, дер ёки “ҳали узоқ умр кўраман, маҳшаргоҳда орқалаб олиб борадиган савоб қопини секин-секин тўлдираман”, деб ўйлар? Эртага бўлмаса индинга албатта тузалишига умид қилар? Аммо бу умид инсонни маҳв этувчи туйғу эканини англаб етолмайди. Ахир киши фарзанд тарбиясини ҳам, савобли ишни бир кун эмас, ҳатто бир дақиқа ҳам ортга суриши мумкин эмас-ку! Ҳар бир одам, ёшми-қарими - фарқи йўқ, «ҳозир ёки бир оздан сўнг ўлиб қолишим мумкин. Дарҳол тавба қилиб, яхши одам бўлай, ёмон ишларимни ташлай, фарзандим яхши яшаши учун унга гўзал фазилатларни кўпроқ ўргатишга улгириб қолай», дейиши зарур эмасми? Лоқайдлик, айшу фароғат билан умр ўтказиш, фарзанди келажаги ғамини емаслик кўнгилни ўлдиради, бора-бора инсонни маҳв этади.
Тарбиячилик, насиҳатгўйлик - масъулиятдир. Фарзандингиз оғзаки насиҳатларни кунда кўп марталаб эшитади. Насиҳатнинг таъсири насиҳатгўйнинг ақлига, билимига боғлиқ, тўғрими? Шунингдек, қандай вазиятда насиҳат қилиш ҳам муҳим. Маст одамга «ичма» деб насиҳат қилиш - шамолга қарши қичқириш кабидир. Ғазабга миниб бировни сўкаётган одамнинг қулоғига ҳам сўкишнинг гуноҳ экани ҳақидаги насиҳатлар кирмайди. Насиҳатгўй тарбиясидаги одамнинг ёши, ақл даражасини, айни дамдаги руҳий ҳолатини ҳам ҳисобга олиши шарт. Айнан бир мавзу, масалан, сўкиш ҳақида ўн ёшли болага ва йигирма ёшли йигитга бир ҳилда, бир ҳил услубда гапирилмайди. Тарбия жараёнида доноларнинг «ёшлик - бепарволик, йигитлик - бир мусобақа, қарилик эса таассуфдир», деган таъкидларини унутмасак дуруст бўлади. Ўгит деганда биз отанинг болага насиҳатини тушунадиган бўлиб қолганмиз. Айтайлик, бир ўғилни уйлантириб, икки қизини куёвга узатган отага насиҳат қилиш бизга ғалати туюлади. Ҳолбуки тарбия ҳатто набира куёв, набира келин кўрган кексалар учун ҳам зарур. Тарбия маълум ёшга етгач тўхтамайди. Барчамиз яхши биладиган «Бешикдан қабрга қадар илм эгалла» дейилгувчи ҳадиси шариф бизларни шунга даъват этади. Алҳол, илм олиш ҳам тарбиянинг муҳим асосидир.
Илм ўргатадиган даргоҳлар кўп: ўрта мактаблар, лицейлар, коллежлар, институтлар, университетлар, магистратуралар, аспирантуралар... Ўрганиш, ўргатиш илм олиш бор, аммо азиз фарзандимиз яхши тарбия таълимини қаерда ўрганади? Яъни севгини, марҳаматни, ўз манфаатимиздан кечиб, бошқа бир инсонни қувонтиришни, холис, мухлис бўлишни, бир-бирига ҳурмат кўрсатишни қаерда ўрганиши керак? Бунга ҳам устоз лозим...
Мактабларда одоб дарслари бор... ҳафтасига бир соат... Саҳрода ҳафтасига бир томчи сув билан суғориб дарахт кўкартириш мумкинми? Яна... мактабда «сўкма» деб ўргатадилар, уйга борганида сўкишдан бошқа нарсани эшитмайди...
Мавлоно Румий: «Модомики, юнонларнинг фалсафасини ўрганибсан, иймонлилар фалсафасини ҳам ўрган, у ҳам керак!» - деган эканлар. Энди гап бошқалардан ўрганиш ҳақида. Тўғри, Америкадан ёки Европадан ўрганадиган жиҳатларимиз ҳам бор. Айтайлик, китобга бўлган қизиқиш каби. Аммо инкор этадиган томонларимиз кўпроқ. Уларнинг ўзларига хос одоб-ахлоқларини камситмаган ҳолда агар холис равишда таққосласак, кўп жиҳатдан ўзимизники афзал эканини кўрамиз. Масалан: уларнинг олижанобликлари бизнинг олижаноблигимиз каби эмас. Уларнинг меҳр-оқибатлари бизларнинг меҳр-оқибатларимиз сингари эмас... Оиладаги эр-хотин мавқеи ва ўзаро муносабатлари, вафо ва хиёнат хусусидаги тушунчаларида ҳам сезиларли фарқ бор. Ўтган йигирманчи асрда жадидлар тарбия ҳақида фикр юритганларида Европадан кўп нарса олишга ундаганлар. Миллатнинг равнақини шу билан боғлаганлар. Европанинг илм-фанда, маданиятда илғор эканига маҳлиё бўлганлар. Уларнинг даъватига бугун тўғридан-тўғри эргаша олмаймиз. Чунки тарбия соҳасида Америка ҳам, Европа ҳам кейинги юз йил ичида таназзулга юз тутган. Буни ўзлари ҳам баъзан тан оладилар ва ижтимоий соҳаларда турли тадқиқотлар ўтказадилар. Франциялик адиб Албер Камюнинг «Бегона» деган асарига Нобель мукофоти берилган. Асар қаҳрамони ҳатто ўзининг онаси ўлимига ҳам бефарқ, севги ҳам унинг қалбини юмшата олмайди, хуллас у ҳар қандай меҳр-мурувватдан бегона, руҳсиз бир тана. Асар қаҳрамони оддий бир йигит эмас, балки бугунги Европанинг рамзий тимсоли. Буни ўзлари ҳам тан олганликлари учун юқори мукофотга лойиқ кўришди.
Биз маҳлиё бўлаётган Ғарб жиноятчиликка қарши чора тополмаяпти. Ёшлар томонидан содир этилаётган кўз кўриб, қулоқ эшитмаган ваҳшийликлар ўша томонларда туғиляпти ва жаҳонга тарқаяпти. Кўз кўриб, қулоқ эшитмаган аҳмоқликлар ҳам ўша ерларда туғилиб, юқумли касаллик каби тарқаяпти.
Омматан – жамият, хоссатан ҳар бир одам ўзини атроф таъсирларидан иҳота қилиб яшай олмайди. Биз Ғарб иллатларини олмаймиз, деб рад этсакда, ҳайвоний ахлоқларни тарғиб қилувчи омиллар турли китоблар, интернет тармоқлари, телевидение орқали уйимизгача кириб келяпти-ку? Уларни қандай даф қиламиз? Бу ҳақда ҳеч ўйлаб кўрганмисиз? Ўзимизда, айтайлик, «эротик тарбия» деган аҳмоқона йўналиш тарафдорлари бор. Улар ўсмирларнинг шаҳвоний ҳирсини уйғотувчи суратлар, фильмларни кўрсатиш билан болаларни тарбия қилишмоқчи. Отас сифатида сиз бунга нима дейсиз? Шундай беҳаё фильмни телевизорда ота-бола ёнма-ён ўтириб томоша қилаверсизларми? Хўш, зарарли тарбия таъсирига қарши қандай чора-тадбир қўллашимиз мумкин? Бир биродаримиз уйидаги телевизорни беркитиб ташлабди. Шу билан мақсадга етамизми? Кўчалардаги интернетклублар, видеобарлар, дискотекаларчи?.. Уйингиздан анча узоққа жойлашган лицей ёки коллежга «ўқишга кетдим», деган фарзандингизнинг бу жойларга кирмай келишига ишончингиз комилми? Қўни-қўшни, қариндош-уруғ билан ош-овқатни баҳам кўрамиз. Зиёфатларда тинмаймиз, бир-биримизга гап бермаймиз. Ана шу суҳбатларга диққат қилайлик: тарбия ва унинг усуллари ҳақида ҳеч сўз юритамизми? Йўқ! Нари борса бировимиз фарзандимизнинг қайсар бўлиб бораётганини айтиб шикоят қилиб қўямиз. Энди эсимизни йиғиб олайлик! Агар сел келса якка-ёлғиз ҳолда жон сақлаш маҳол. Бир-биримизнинг ёрдамимизга муҳтож бўламиз. Қарайлик: ёмон тарбия сели ёпириляпти, ўзимизнинг руҳиятимизни, фарзандларимизни, яқинларимизни бу бало селидан қутқариш учун қўлни қўлга бериш вақти етмадимикин? Қўлни қўлга бериш - шунчаки қуруқ гап эмас. Полшаликлар буни амалда исбот этишган. Бир кун, бир соат бутун мамлакат аҳолиси кўчага чиқиб, қўлни қўлга бериб, жонли занжир ҳосил қилишган ва гиёҳвандликка қарши курашиш йўлида якдил эканликларини ифода этишган.
Кейинги йилларда илм даргоҳларида ислоҳотлар бўляпти. Қандайдир инглизча соҳаларни ўргатадиган муассасалар, жамиятшунослик, руҳиятшунослик, иқтисодиёт ва шу каби даргоҳлар мавжуд. Яна Ғарбдаги турли фондларнинг бўлимлари катта-катта пуллар сарф қилиб, нималар биландир шуғулланишади. Булар яхшидир, булар жамият учун зарурдир, балки.
Лекин, такрор сўраймиз, инсонга қаерда ахлоқ ўргатилади? Инсон қаерда ахлоқ илми билан таъминланади? Гап илм бериш ҳақида бораётгани йўқ. Ўргатмоқ - қайсидир соҳага оид маълумот бериш деганидир. Ўқув даргоҳларида илмли, маълумотли бўлади, аммо одам бўлиш... Халқимиз бекорга «Олим бўлиш осон, одам бўлиш қийин», демаган. Шунинг учун тарбиянинг зарурлигини яна қайта-қайта таъкидлаймиз. Адабни, тарбияни олганидан сўнг киши ҳақиқий комил инсон даражасига етиши мумкин. Ўзимиздаги ёки четдаги университетда фақат илм олиш билан чекланган замонавий бир инсон комил одам бўла олармикин? Чинакам гўзаллик нима эканини ҳис эта олармикин?
Инсонда гўзаллик туйғуси, гўзал ахлоқ бўлиши шарт. Гўзалликка мафтунлик - ҳар бир ишни гўзал тарзда, яъни гўзал ахлоқ билан бажариш талаб этилади. Абу Райҳон Беруний ҳазратлари гўзалликни «ташқи ва ички» деб бўлиб, шундай фикр билдирган эканлар:
-Ташқи гўзаллик, қиёфадаги жамол - булар иккови ҳам ёқимли бўлиши керак, одамлар ўзаро учрашганларида ушбу гўзал жамолни кўришга рағбат қиладилар. Лекин шакл чиройи она қорнида ато қилинади, уни ўзгартиришга ҳеч бир зот қодир эмас. Аммо хулқ-атворга келсак, уни Аллоҳнинг амрларига мувофиқ даволаб, тарбиялаб, гўзал - покиза тутиб, ёмон ҳолларга туширмаслик мумкин.
Бутун дунёда гўзал ахлоққа эҳтиёж бор. Турли динлар, гуруҳлар, жамоалар ҳар хил йўллар орқали бу гўзалликка эришиш учун ҳаракат қиладилар, йўллар ахтарадилар. Уларнинг аксари адаш йўлларда сарсари бўлиб ўтадилар бу дунёдан, айримлари эса ҳалокат жарига ҳам қулайдилар.
Инсонларни қандай тарбиялашни, сўздан - маънога, шаклдан - руҳга, зоҳирдан - ботинга кириб боришни боболаримиз яхши билишган. Шакл алалоқибат амалда гўзал маънавиятни юзага келтиради. Масалан, салом берилиб-берилиб ўзаро муҳаббат пайдо бўлади. Муҳаббатнинг буюк савоби бор. Бир-бирлари билан хафалашганларнинг одатлари маълум: салом-алик қилмайдилар ва шу ҳаракатлари билан муҳаббатни бўғадилар. Оқибат эса бу муҳаббатни бутунлай ўлдириб қўйишлари ҳам мумкин. Ҳолбуки, бир инсон бошқа бир инсоннинг тўғри йўлга киришига васила бўлиши, уни жаҳаннам йўлидан қайтариб, жаннат йўлига бошлаши, жаннатий мартабасига етмоғига сабабчи бўлиши дунёдаги барча нарсага эга чиқишдан кўра яхшироқ ва хайрлироқдир.
Баъзан бир айб иш қилиб қўйган биродаримиз афсус чекади-да, «шайтон йўлдан урди», деб ўзини ўзи ҳимоя қилиб ҳам қўяди: агар шайтон адаштирмаса, шу айбни қилмас эди. Лекин нима учун шайтон айнан шу биродаримизни йўлдан оздира олди? Нима учун бошқа биродаримиз шу гуноҳ ишни қилмади?
Энди тарбияда шахс намунасининг ўрни ҳақида фикрлашсак. Ўғлига насиҳат қилаётган ота тилидан «Фалончига ўхшасанг бўлмайдими?» ёки «фалончидан ўрнак олсанг-чи!» деган дашномни эшитиб қоламиз. Чиндан ҳам одамда бошқа бир одамнинг яхши фазилатларига интилиш мавжуд. Баъзан бунинг акси ҳам бўлиши мумкин, яъни ёмонликларини эгаллашга интилиш эҳтимоллари ҳам бор. Ўтмиш жамиятда шахс намунасига жуда катта эътибор бериларди. Бунинг учун сохта қаҳрамонлар ясаларди. Болага боғча ёшидан бошлаб Лениндай бўлиш тарбияси бериларди. Сохталикнинг қандай оқибат билан тугагани маълум. «Ботил мокисун ъалайҳ» - ботил ўрнак бўла олмайди (ботил - бузуқ, беҳуда демакдир). Ҳа, ботил ўрнак бўла олмайди. Ҳақ ўрнак бўла олади. Баъзи биродарларимиз дейдилар:
- Тақсир, фалончи бундай қилади-ки, менам қилсам-чи?
- Тақсир, фалончи ҳожи тўйига ароқ қўйибди-ку, менам қўяверайинми?
Азиз биродарим, сиз бунинг ўрнига «Пайғамбаримиз (с.а.в.) шундай қилганлар, саҳобалар, авлиё ва олимлар ҳаётидан шундай фазилатларни ўқиб билдим, энди мен ҳам шундай қилайин», деб айтинг ва шундай қилинг. Лекин шайтон қилган бўлса, бу ишдан қайтинг. Ёмон хулқ шайтонникидир, ундан қайтинг. Ёмон хулқ эгаси сизга ўрнак бўла олмайди. Бир куни Расулуллоҳ (с.а.в.) даврадагилардан: «Қиёмат куни менга энг яқин бўлучиларингиз кимлигини айтиб берайми?» - деб сўраганларида саҳобалар жим туришди. Бу саволларини икки ё уч марта қайтарганларидан кейин улар: «Ё Расулаллоҳ, айтиб беринг», - дейишди. Расулуллоҳ (с.а.в.): «Улар ахлоқда халққа ёқимлироқ бўлганларингиздир», - деб марҳамат қилдилар.
Азизим, назар солайлик, дунёдан неча-неча аждодлар яшаб ўтишди. Ҳозир улар қанилар? Уларнинг номларини бизнинг замонларгача етказиб келган ишларни қилишга аввало ўзимиз интилайлик, сўнг бу хайрли йўлга фарзандимизни чорлайлик. Шунда хонадонимиз осмонига тўпланаётган ҳар турли ташвиш булутлари арийди. Ўтмиш донолари ўлимлари арафасида нималардан афсус-надоматлар чекишган бўлса, ўша ишлардан аввало ўзимиз тийилмоғимиз, сўнг фарзандимизни қайтармоғимиз шарт!
Абдураҳим исмли бир йигитнинг гўзал отига Маҳмуд исмли йигит ишқибоз эди, «сотгин», деб кўп ялинарди, аммо Абдураҳим унинг илтимосларини рад этарди. Охири Маҳмуд отга макр-хийла билан эга чиқишни ихтиёр қилди. Кекса ва хаста одам қиёфасига кириб Абдураҳимнинг йўлини пойлади. Сўнг гўзал отга миниб ўтаётган йигит қаршисига чиқиб ялинди:
- Эй марҳаматли ўғлим, мен манзилимга етолмай қолдим, қарагин, эҳтимол яна озгина юрсам жон таслим қиларман, менга раҳм қилиб, отингга мингаштириб ол. Ҳаққингга дуолар қилай.
Абдураҳим унинг макрини англамай, отига миндирди. Маҳмуд эса отни чоптириб қочди. Сал нари боргач, тўхтаб, манманлик билан деди:
- Эй нодон, сен мени танимадинг, мен - Маҳмудман! Отингни сот, деб қанча ялиндим, сотмадинг. Ана энди отингдан умидингни уз!
Абдураҳим унинг гапини эшитиб, дебди:
- Майли, отни сенга бердим, лекин бу қилган ишингни бировга айта кўрма. Чунки бу алдамчилигинг, хийла-найрангинг халқ орасида тарқалса, кўп кишилар сенинг ярамас йўлингга кириб кетишлари мумкин. У вақтда биров-бировнинг ҳолига раҳм этмайди. Халқимиз орасида шафқат, марҳамат, мурувват каби гўзал хислатлар йўқолади. Алдамчилик, муғомбирлик ва инсофсизлик каби ярамас иллатлар авж олади. Ўтинаман, қилган ишингни ҳеч кимга айтма, мен ҳам яширин тутаман.
Бу хитоб Маҳмудга таъсир қилиб, изига қайтибди, узр айтибди. Абдураҳим эса отни унга сотишга рози бўлиб, ораларида дўстлик қарор топибди.
Қиссадан ҳисса: ҳар биримиз қандай ишни қилмайлик, кимгадир ўрнак бўлишимиз эҳтимоли борлигини унутмаслигимиз керак. Агар кимса залолат сари қадам ташладими, билсинким, фақат ўзи гуноҳлар олами сари кетмаяпти, қайси бир оми ҳам унга эргашяптиким, унинг гуноҳи ҳам зиммасидадир.
Ахлоқ тарбияси - ўзимизни ярамас майл-ҳаваслардан сақлаш, таъбимиздаги олий фикрларни тараққий эттириб, ҳаракатимизни тўғри бир нуқтага йўналтириш демакдир. Ахлоқ тарбиясининг ғояси - инсонларнинг комил ва гўзал бўлишларини таъмин этишдир. Хулоса қилиб айтсак: Тарбия - инсон табиатининг бутун қобилиятларини мунтазам, мутаносиб ва келишган бир сувратда орттиради, инсонни хайрли мақсадларга етказади. Тарбия - ҳақиқий ҳаёт мактабида талабаларга илм беришдир. Тарбия - инсонларни фазилатли, жамиятга фойдали қилиб етиштириш учун энг қисқа йўлдир. Тарбиянинг мақсади - инсонларнинг авлоддан авлодга тараққий эттириб, инсониятнинг умумий юксалишига хизмат қилдиришдир.
Азал-азалдан ота ва ўғил ўртасида каттами ё кичикми зиддиятлар мавжуд бўлган. Бу зиддиятлар ҳар бир даврда, ҳар бир жамиятда ўзига хос тарзда кечади. Европа оилаларидаги зиддият билан бизникини сира солиштириб бўлмайди. Ўғилнинг ўз ҳаддида туриши ёки чегарадан чиқиши отанинг тарбиясига боғлиқ. Агар ота тарбия бобидаги ўз бурчига етарли аҳамият бермаган бўлса, тарбиясизлик дарахтининг аччиқ мевасидан татийди. Шарқона тарбияда ўғил ҳар қандай шароитда ҳам ўз ҳаддида туриши керак.
Атодин хато келса кўрма хато,
Савоб бил хато қилса доғи ато.
Атонинг хатосини билгил савоб,
Сени юз балодин қутқарғай Худо.
Қуръони карим оятларида зикр этилганидек, ота ҳатто кофир бўлганда ҳам ўғил унга (агар ширкка бошламаётган бўлса) тик боқмаслиги лозим. Зиддият боланинг ота гапига қулоқ солмаслигидан бошланади. Бола отаси буюрган ишни бажармайди: дангасалик қиладими, буйруқнинг моҳиятини яхши англамайдими, ўйинқароқлиги туфайли унутиб қўядими, ҳар ҳолда унда ғараз бўлмайди, отасига қарши исён кўринмайди. Ота учун эса бу сабаблар аҳамиятсиз туюлади. У сабр эмас, ғазаб қулига айланади-ю, ўз фарзандини аёвсиз жазолайди. Болага жазо бериш ҳақида сўз кетганда олимларнинг бир тадқиқотига эътиборингизни жалб этсак: тадқиқот жараёнида ўрганилган оилаларнинг 46 фоизида болани шафқатсиз равишда калтаклаш кузатилган, 15 фоизида айб иш қилиб қўйган бола уйдан ҳайдаб чиқарилган, 11 фоизида ўз фарзандларини таомланишдан маҳрум қилишган, яъни оч қолдиришган, 13 фоизида боғлаб қўйишган ёки ертўлага қамашган, 10 фоизида уриб, майиб қилишган. Болаларга оғирми, енгилми жазо берилаётганини кўрсам ё эшитсам туркларнинг ашуласини эслайман, ўзбекча ифодаси бундай: «Бизим жўжаларимиз улар, бизим авлодларимиз, меҳрга, шафқатга эҳтиёжлари бор. Севинг уларни, севинг уларни, пешонасидан ўпинг уларни!»
Тез-тез жазога тортилувчи бола ҳамиша қўрқув, хавотир, ваҳима тўрига ўралиб, тўлғониб яшайди. Унинг қалбини меҳр-муҳаббат, шафқат фазилатлари билан бойитиш қийин бўлади. Аксинча, айрим иллатлар айнан жазога тортиш туфайли бола онгига сингади. Оддий мисол, у жазодан қутилиш учун ёлғон гапира бошлайди.
Японияда узоқ йил ишлаб келган одамдан «Японлар болаларини қайси усулда жазолашади?» деб сўралганида «Японларда болани жазолаш, деган гап йўқ», деб жавоб қайтарган эди. Худди шунга ўхшаш, яхудийларнинг тарбиясида ҳам болалар қаттиқ жазоланмайди, балки ҳар томондан авайлаб-асралади. Уларда фарзанд илоҳий мўъжиза сифатида улуғланади. Биз бирон танишимиз ёки меҳмонга боламизни таништирсак «Ўғлингиз азамат йигит бўлиб қолибди-ку», деган лутфига жавобан «азамат-ку, лекин сал ялқовроқда (ёки сал аҳмоқроқда)» деймиз. Яхудийларда бунақасини учратмайсиз. Улар болаларини фақат мақтайдилар. Зехни паст бўлса ҳам «менинг болам шундай ақлли-ки...» деб алқайдилар. Биз эса ҳалиги «сал аҳмоқроқда» деган гапимизни боламизнинг ўзига эшиттириб айтамиз ва бу билан ундаги яхшилик уруғларини қуритишга хизмат қилиб қўйганимизни (ўзимиз ақллимизда!) фаҳмламаймиз. Японлардаги гўзал тарбиянинг мевасини 2011 йилнинг 11 март куни юз берган кучли зилзила ва цунамидан сўнг кўриш мумкин бўлди. Зилзила бошланиши билан мактаб ўқувчилари талвасага тушмай, устозлари раҳбарлигида тартибли равишда синфни тезлик билан тарк этдилар. Уйсиз қолганлар бир спорт залига жойлашишган экан. Совуқда жунчойшабга ўралиб ётган ёшлар ўша фожиали соатларда ҳам қўлдан китоб қўймай, мутолаа қиляптилар! Уларнинг ҳолидан хабар олгани келган мамлакат императори, одатларига биноан, таъзим қилиб улар билан саломлашди. Шунда мен дедимки, бундай баодоб ёшлар таъзимга лойиқлар!
Фарзандларини жазолашни ҳуш кўрувчиларга шарафли ҳадислардан бирини эслатмоқни лозим кўрдик. Абу ад-Дардо (р.а.) «Расулаллоҳ менга тўққизта амални буюрдилар», деб бу амалларни баён эта туриб таъкид этмишларким: «... хотин ва болаларингга калтак кўтарма, тўғри йўлдан юрмаса, бола-чақаларингни Аллоҳ таолонинг қаҳри-ғазабига дучор бўлишлари билан қўрқит.»
Баъзи ота-оналар фарзандидан ранжиб «Ҳеч гап тушунтиролмайман» деб нолишади. Чиндан ҳам болага гап уқдириш осон эмас. Хўш, ўзимизчи, фарзандларимизнинг гапларини, хоҳишларини дарров тушунамизми? Ота-она билан фарзанд ўртасида тушунишлик бобидаги келишмовчилик қачон пайдо бўлади-ю, у қандай ҳал этилади? Ҳал этиш чоғида боланинг ўзини таниш, англашга интилаётгани ҳисобга олинадими? Баъзи ўсмир отаси ёки онасига мақсадини англата олмай «Сиз тушунмаяпсиз!» деб юборади. Ота-она буни эшитиб: «Ҳа, энди биз тушунмайдиган бўлиб қолганмиз», деб ранжишади. Ранжиш ўрнига боламиз айтаётган масалага унинг кўзи билан қараб, унинг онги билан фикрлаб кўрсак-чи?
Афлотун ҳаким дебдиларки: «Фарзандларингиз илм ва адабини ўзингизнинг илм ва адабингиз билан чекламанг, уларни келгуси замон учун тайёрланг, чунки улар сизнинг замонангиз эмас, келгуси замон одамлари бўладилар.»
Таъбир жоиз бўлса, болаликдан ўсмирлик оламига ўтишлик - кишининг қайта туғилишидир. Энди фақат атрофни кузадиган одамча эмас, бу борлиқда ўзини ҳам кўра оладиган, фикрлайдиган шахс туғилади. Биринчи туғилишда гўдак чинқириб гўё дейдики:
«Мана мен ёруғ дунёга келдим. Қувонинг ва бундан буёғига мен учун ташвишлар чекинг. Мен ҳозирча сизнинг ёрдамингизга муҳтожман. Бир дақиқа бўлсин, мени унутманг. Мени авайланг, ҳар бир нафасимни кузатиб, бешигим ёнидан жилманг. Сизларнинг меҳрингизга, шафқатингизга эҳтиёжим бор! Сал ўтмай мени атак-чечак қилиб юрғизинг, йиқилсам - турғизинг, бошимни силанг...»
У балоғат ёшига етиб, иккинчи бор туғилишида бутунлай ўзгача оҳангда дейдики:
«Энди мен қанотларингиз остидаги полопон эмасман, ҳадеб қўлимдан ушлаб етаклайверманг, ҳадеб изимдан юраверманг. Босган қадамларимга ишончсизлик билан қараманг. Йўргакда тутишга интилманг, бешикдаги ҳолимни унутинг. Мен мустақил одамман. Қўлимдан етаклашга уринманг. Мен рўпарамда баланд тоғни кўриб турибман Унинг юксак чўққилари бор. Бу тоғдан ўзим мустақил равишда ошиб ўтмоқчиман. Бу - менинг ҳаётдаги мақсадим. Мен чўққига кўтарилишни бошлаяпман. Ҳар бир қадамим билан мен юқорига кўтарилаяпман. Рўпарамдаги уфқ тобора кенгайяпти. Янада кўпроқ одамларни кўряпман. Уларни тушунишга ҳаракат қиляпман. Меҳр ўрнига адолатсизлик, илм ўрнига жоҳиллик, шафқат ўрнига зулмни кўрганимда қўрқиб кетяпман. Мен бу борлиқда таянчга муҳтожлигимни сезяпман. Мен ақлли, доно, адолатли одамга зорман. Мен ёнимдаги кучли ва донишманд одамга суянсамгина чўққига чиқа оламан. Аммо мен буни ҳеч кимга айта олмайман. Муҳтожлигимни тан олишим - мен учун иснод. Ҳамма мени «мустақил қадам ташловчи одам бўлиб етилибди, чўққини ўзи забт эта олади», деб ҳисоблашини хоҳлайман.»
Агар ўсмирлик оламига ўтган фарзанд ота-онасига бир нима демоққа журъат ва истак топа олса эди, эҳтимол шуларни айтармиди.
Азизлар, фарзандларингизда 10-11 ёшдан то 14-15 (ўғил болаларда баъзан 16) ёшгача тиббий тил билан айтганда, анатомо-физиологик жиҳатдан кескин ўсиш содир бўлишини ва бу ўзгариш унинг руҳий аҳволига жиддий таъсир этишини, ота-бола орасидаги зиддият кўпроқ шунинг натижаси эканини ҳеч ўйлаб кўрганмисиз? Бола вужудида ўзгариш бошланганда гўё табиат ҳайкалтарошу ўзининг ижодига хос бу жонли ҳайкални тезроқ такомилга етиштиришга уринаётгандай бўлади. Бу жараён сиртдан қараганда овознинг дўриллашида (буни «овози раста бўлбди», деймиз) сезилади, бўйнинг ўсишида кўринади ва биз асосан шунигина пайқаймиз. Ички тўлқинларни, ўзгаришларни сезмаймиз. Биз ҳайкалтарошга ўхшатган табиат ўсмирнинг ҳам жисмоний, ҳам жинсий ўсишини ҳисобга олишга улгуролмаётганга ўхшайди. Боланинг суяклари шу даражада тез ўсади-ки, унинг мушак тўқималари бу ўсишга монанд ривожлана олмай қолади. Ана шунда ўсмирнинг мушакларида оғриқлар пайдо бўлиб ўзини ҳам, ота-онасини ҳам ҳавотирга солади. Боланинг ташқи кўринишида (айниқса 13-14 ёшида) кескин ва сезиларли ўзгариш содир бўлади. Унинг қомати қўполлашади, узун ва ингичка қўл-оёқларини қандай бошқаришни билмай қолади. Бу ўсиш ёшида қадларини эгиброқ юришга одатланиб қоладилар. Агар айнан шу ёшда болаларнинг ўзларига, юриш-туришларига эътибор беришлари ортажаги инобатга олинса, уларнинг бу беўхшовликдан қанчалар изтиробга тушишлари, оқибатда асабий ва қайсар бўлиб қолишлари сабабини тушунишимиз мумкин. Ўсмир доимий равишда ўзининг қомати билан бошқаларникини солиштиради. Агар бошқалардаги фазилат, айтайлик, адл қоматни ўзида кўрмаса сиқила бошлайди.
Бу ёшда бадандаги қувватнинг асосий қисми жисмоний ўсишга сарф этилиши натижасида ўсмир ўзини беҳол сеза бошлайди. Қўшимча дам олишга, тартибли равишда қувватли таом истеъмол қилишга эҳтиёжи кучаяди. Агар бола биз айтган ишни бажара олмаса, асабийлашамиз, уни уришамиз. «Чарчадим», деса буни баҳона сифатида қабул қилиб «Ёш бола нарса уялмайсанми, шу ёшда ҳам чарчайдми?» деб кўпчиликнинг ҳузурида ҳам изза қилаверамиз. Ота-оналарнинг жуда оз қисми фарзандидаги бу жисмоний ва жинсий ўзгаришларни ҳисобга олади. Ўзининг ҳам бир пайтлар шу жараённи босиб ўтганини унутиб қўяди. Тиббиётчи олимларнинг кузатишича, бу ёшда юракнинг ҳажми ҳам кенгаяр экан. Қон томирлари эса шунга мос равишда кенгаймай икки-уч йил аввалги ҳолатини сақлаб қоларкан. Қон босими ошишини биз катталарга хос касаллик деб биламиз. Ҳолбуки, айнан шу ўсмирликка ўтиш ёшида (ўғил болаларда 12-13, қиз болаларда 10-12 ёшда) қон босими 140, баъзан 150га қадар кўтарилади. Тўққиз ёшли боланинг қон босими 90 экани ҳисобга олинса, бу ўсишнинг миқёсини ҳис этиш мумкин. Босимнинг бундай ошиши вақтинчалик ҳолат. Бу пайтда ўсмирнинг боши айланади, овқат ҳазм қилиши ҳам бузилади, қорин атрофида оғриқлар сезади.
Ўсмир ўзидаги бу нохуш ўзгаришлар сабабини англаёлмай қийналади. Сабабларни ота-онасидан сўрашга уялади. Ҳаракатларини жонлантириш эвазига бу нохушликлардан қутулмоқчи бўлади-ю, аммо баттар ҳолсизланиб қолади. Бадандаги турли аъзоларнинг бир хилда, бир-бирига мос равишда ўсмаслиги кўкрак қафаси ва ўпкада ҳам сезилади. Қон босими ошиши оқибатида боланинг кўкраги қисилади, юрак уриши тезлашиб, кечалари ухлай олмайди. Ҳатто юрак уришида меёр бузилади.
Биз, катталарнинг камчиликларимиздан бири - фарзандларимиздаги мана шу жисмоний ўсиш жараёнида жинсий уйғониш бошланишини эътиборсиз қолдирамиз. «Боламиз катта бўлиб қолди, улғайяпти», деб қувониб юраверамиз. Бу жараён туфайли боланинг фикрлашида, ҳис-ҳаяжонларида, катталар билан, ҳатто ўз тенгдошлари билан муомаласида жиддий ўзгариш содир бўлаётгани эса бизларни ташвишлантирмайди, сергаклантирмайди. Тўғри, фарзандимиз муомаласидаги ўзгаришни сезамиз, аммо биз ҳам муомаламизни ўзгартиришимиз зарурлигини фаҳм этмаймиз. Афсусли ери шундаки, кўп оилаларда жинсий тарбия масаласи иккинчи, ҳатто учинчи даражали ҳисобланади. Ота-она фарзандлари билан бу ҳақда гаплашишни уят деб биладилар. Яхшики, айрим оналар қизларига керакли эътиборни қаратадилар. Оталар эса, юқорида айтганимиздек, ўғиллари билан бу ҳақда деярли гаплашмайдилар Шунинг натижасидамикин, ота билан ўғилнинг орасидаги масофа яқинлашиш ўрнига узоқлашиб бораверади. Зарур тарбия ота-она томонидан берилмагач, ўсмир ўзига керакли одобни ҳорижнинг беҳаё фильмларидан оладиган бўлиб қолган.
Танишимизнинг ўн еттига тўлмаган фарзанди бир қизни зўрлашда айбланиб, қамалди. Иккинчи танишимиз бу воқеани шарҳлаб, дедики: «Айб отасида. Бир куни ҳожатхонасига кирсам, яланғоч аёлларнинг суратларини осиб ташлашибди. «Бу нима қилганинглар?» десам, «Ҳозирги ёшларнинг эротик тарбиясига эътибор бериш керак, шунақа суратларни кўрса кўзи пишади-да, ёмон йўлдан тийилади», дейди. Мана, оқибат - кўзи ҳам пишмади, ўзи ҳам тийилмади, баттар бўлди, эротик тарбияси ўзининг бошига ташвиш солди». Европаликлар «эротик тарбия», деб атаётган нарсани биз «жинсий тарбия», деб тушунадиган бўлсак, бу соҳада ниҳоятда эҳтиёт бўлиш шарт. Чунки «эротика»нинг нечоғли зарар эканига бу тарбиянинг тарафдорлари бўлмиш Европа ва Америка қитъаси мамлакатлари гувоҳ бўлиб туришибди. Ўсмирлар орасида жинсий хасталикларнинг ва қамалишларнинг ортиб бораётганини биз таъкид этмасак ҳам бўлар. Бу тарбия аламини тотаётган мамлакатларнинг фиғони кўкка учаётган дамда шарққа олиб келмоқликка уриниш ақлсизлик эмасми? Америка ёки Европадаги «донишмандлар» «Санъатдаги эротика тарбияга ёрдам беради, сексни кўрсатиш эса зарарлидир», дейишади. Биз уларга ўзбек мақоли билан жавоб берайлик: «Оқ ит - қора ит, барибир ит эмасми?» Энди атаманинг луғавий маъносига келсак, “эротика” асли юнонча бўлган бу сўз жинсий хирсларни бениҳоя даражада қўзғотишни, ишқий маишатга интилишни англатади. Эси бутун одам учун бунда ижобий маъно мутлақо йўқ. Ижобий тарбия ҳақида гапирмасак ҳам бўлади. Баъзилар «Эротикага доир филмларни ўсмирлар ҳам кўрса бўлади, фақат унинг оқибатини тушунтириш керак», дейдилар. Бу «донолар»га деймизки: «Афандилар, сиз ўсмирга беҳаё лавҳани кўрсатдингизми, тамом, унинг кўзи кўр, қулоғи кар бўлди. Яхши нарсани кўришни, яхши гапни эшитишни истамайди. Унинг хаёли фақат кўрган лавҳаси билан банд». Шундай экан, эротикани жинсий тарбия усули демоқлик - аҳмоқликдан бошқа нарса эмас (Ҳалол ва ҳаромга доир гурунгимизда бу мавзуда яна сўз юритиш ниятимиз бор).
Вояга етган ўсмирнинг мия қобиқларида, асаб ҳужайраларида ҳам жиддий ўзгаришлар кузатилади. У болаларча фикрлашдан воз кечиб мавҳум фикрлашга ўта бошлайди. Ўсмирларнинг (қизларда эртароқ, йигитчаларда сал кечроқ) фикрлаш тарзида муҳим ўзига ҳосликни кўриш мумкин. Яъни: мактабда эшитганлари, китоблардан ўқиб билганлари, атрофни кузатиш натижасида тушунганларини ўзининг шахсий ўй-хаёллари, хислари, ташвишлари билан солиштириб кўради. Кўрган-эшитганларидан ўзининг манфаатига, қизиқишига, қарашларига мосларини айириб олади. Айириб олиш, солиштириш вақт ўтган сайин кучайиб бораверади. Ўзини ўзи англаш жараёнидаги муҳим омил ҳисобланмиш бу нарса руҳшунослар тилида ўз қилмишига ўзича баҳо бериш, ўзича фикр билдириш, ўзича кузатиш, ўзича қабул қилиш деб аталади ва ота-оналар, муаллимларни ташвишга солувчи турли келишмовчиликларни юзага чиқаради. Ўсмир онгида «Ота-онам каби, ўқитувчиларим ва бошқа катталар сингари мен ҳам алоҳида шахсман», деган фикр уйғонади. Бу фикр ажиб бир кашфиёт сингари уни аввалига ҳайрон қолдиради сўнг янги-янги фикрлар оқимига йўл очади. Гўдаклик чоғида ҳеч ким ўзини отаси ёки муаллими билан тенглаштирмайди. «Мен ҳам отам каби шахсман», деган ишонч ўсмир онгидаги шохсупада ўтирган ота-онани, муаллимни пастга туширади. Энди ўсмир катталарнинг ҳатти-ҳаракатларини диққат билан кузатиб олам-олам камчиликлар топа бошлайди. Бошқаларни кузатгани сайин ўзига бўлган эътибори ҳам кучаяди. Ўзига бўлган эътибор ҳамма вақт ҳам ўзини яхшилашга қаратилмайди. Мана шу нуқтада атроф муҳитнинг тарбия кучи, маънавий бойликлардан фойдаланишнинг қай даражада экани муҳим аҳамият касб этади.
Ёш бола тарбиячининг (ота-она ёки муаллимнинг) «бу яхши - бу ёмон, бу мумкин - бу мумкин эмас», деган гапларига ишонади. Бу гапларни у ҳақиқат ўрнида қабул қилади. Тарбиячи ҳам ўзини ёш боладан устун қўйиб ўрганиб қолади. У кечаги ёш боланинг бугун ўсмирлик оламига кирганини, унда катталар билан тенгҳуқуқлик даъвоси уйғонганини, катталар сингари энди ўзини ўзи эркин бошқариш истагида ёнаётганини, атрофида фақат борлиқни эмас, бу борлиқда ўзини ҳам кўраётганини, ўзи учун жой - ўрин талаб қилаётганини тасаввур ҳам этмайди. Тасаввур этмадими, буйруқ ва талаб йўлидан воз кечмадими, демак, у янги шахснинг туғилаётганини сезмабди, тарбияда хатога йўл қўйибди. «Болам (ёки ўқувчим) менинг гапларимни сариқ чақага олмайди», деган нолишлар айнан мана шунинг оқибатидир. Бу ўринда сабабни боланинг қайсарлигидан эмас, ўзимиздан ҳам қидиришимиз керак бўлади. Сергак ота ўғлининг феълидаги ўзгаришларни назардан четда қолдирмайди. Ўғилнинг катталар гап-сўзларига эҳтиётлик, баъзан танқидий муносабатда бўлиши, ўжарлиги, арзимаган нарсага ҳам тез асабийлашиши, баъзан эса қўполлашиб қолиши тарбиясининг бузилишдан нишона эмас, балки вужуддаги табиий ўзгаришларнинг таъсиридир. Бунақа пайтда «Тамом, бола бузила бошлабди!» деб ҳукм чиқариб, дарров кескин чоралар кўра бошлаш ярамайди.
Биз - катталар болаларни кузатиб юрамиз, уларнинг ҳатти-ҳаракатларига баҳо берамиз, турли давраларда улар ҳақида сўз юритамиз. Бу соҳада биз осмонда, болалар ерда. Биз ерда ҳам шундай ҳаёт давом этишини ўйлаб кўрамизми? Болалар бизни синчиклаб кузатишларини, тилимиздан учган гапларни муҳокама этишларини, баъзан бизнинг шаънимизни ҳимоя қилиб, баъзан эса балчиққа булғашларини, энг муҳими айтган гапимиз билан ишимизнинг бир-бирига мос ёки мос эмаслигини таҳлил этиб, хулоса чиқаришларини биламизми? Ким «Фарзандим мен ҳақимда мана бу, мана бу фикрда», деб аниқ айта олади. Бир хонадонда кузатган эдим: ота сигаретни бемалол тутатиб олиб, чекишга ўрганаётган ўғлига танбеҳ берган эди. Ўзича чекишнинг зарари ҳақида гапиргач, агар гапга кирмаса калтакланиши аниқлигини маълум қилиш билан “тарбиявий соат”ни якунлади. Бола «Ўзингиз-чи?» деган саволни бергиси келади аммо ваъда қилинган калтакка муддатидан олдин етишиб қолишидан қўрқиб индамайди. Индамайди-ю, пана-панада чекишини давом эттираверади. Ичкиликнинг зарари тўғрисида гапирган бобога набира «Ўзингиз ҳам роса ичгансиз-ку?» деб таъна қилади. Ҳақиқат олдида ноилож қолган бобо эса «Ҳа, ичганман, ўшанинг зараридан ҳозир кўп касал бўламан», деб фатво топади. Бироқ, ўсмирга бу гап таъсир қилмайди.
Ўсмирнинг биологик томондан тез ўсишини айтдик. Атроф-муҳитни англаши, яъни ижтимоий жиҳатдан камолга етишуви эса бу ўсишдан анча ортда қолгани сабабли катталар билан зиддият келиб чиқишини ҳам таъкидладик. Энди тасаввур қилайлик: ота ва ўғил ёнма ён туришибди. Кўзлари бир нуқтага қадалган. Бу нуқтани «борлиқни баҳолаш», деб атайлик. Ўғил биологик ва ижтимоий етуклик орасидаги фарқни ажрата олмайди - ота эса бу икки етукликни фарқлайди. Ўсмир биологик ва ижтимоий етукликни бир деб билади – ота эса ўғлини ҳали камолга етмаган шахс сифатида кўради. Ўғил балоғат ёшига етганини англаб, ўзини катталар сафида кўришни истайди - ота ўғилнинг бу даъвосини инкор этади.
Айни шу нуқтада фарзанд ва ота-она орасида келишмовчилик, ҳатто кучли зиддият пайдо бўлади. Ўсмир ўзини камситилган ҳисоблайди, кўнгли оғрийди. Камситган одамга нисбатан, агарчи у ота ёки онаси бўлса-да, нафрат уйғонади. Катталарнинг меҳрибонликлари ҳам ёқмай қолади, ҳатто ғашини келтира бошлайди. Ўзини катта, мустақил одам эканини исбот этиш чорасини излайди. Одоб доирасидан узоқлаша бошлайди. Катталарнинг иллатларидан нусҳа кўчиришга уринади. (Чекишга ёки майхўрликка ўрганиш бунга мисолдир).
Бу ўринда ота-она муносабатининг икки ҳил кўринишини кузатамиз. Бир тоифа боласини ҳали ҳам гўдак фаҳмлайди ва ҳаёт йўлларида доимо қўлидан ушлаб, етаклаб юришни хоҳлайди. Бошқа тоифа эса «болам энди катта бўлиб қолди», деб уни ўз ҳолига ташлаб қўяди. Бизнингча, ҳар иккала йўл ҳам хатарлидир. Тарбиячи олимлар орасида «Бола эмас, катта ҳам эмас», деган ибора юради. Мана шу нарса ҳам зиддият келтириб чиқарувчи омилдир. Биз боламизни тергасак: «Энди ёш бола эмассан, каллангни ишлат!» деб танбеҳ берамиз. Бошқа ҳолатда эса «Сен ҳали ёш боласан, бунақа ишларга ақлинг етмайди», деб камситамиз. Ҳолбуки, бу даврга келиб, фарзандимиз биз сезмаган даражада маълум оқиликка ҳам эга бўлади.
Ровийлар айтмишлар: «Подшоҳнинг ўнг томонида ўз ўғли, чап ёнида хос хизматкорининг фарзанди ўтиришарди. Подшоҳ ўғлидан сўради-ки:
-Ўғлим, сен бу фоний дунёда нималарни орзу қилурсан, кўнглинг нималарни қўмсайдур?
-Молу мулким беҳадлиги билан шуҳрат қозонмоқликни, ҳамиша шароб ичмоқлигу бетўхтов шикорларга чиқмоқликни, айшу-ишрат денгизидан сузмоқликни орзу қилурман,-деди шаҳзода.
Шунда подшоҳ мазкур саволни хос хизматкорнинг ўғлига берди.
-Давлатпаноҳим, мен шафқатли ва марҳаматли, хайр-саҳоватли бўлмоқликни, халққа хизмат этмоқликни, жамиятга фойда етказмоқликни, барчанинг меҳру муҳаббати, олқишини олишга етишмоқликни орзу қиламан,-дебди хизматкорнинг ўғли.
Ҳикоятдан муддао шулки, ҳар икки фарзанд оламни ўз отасининг ёнида туриб кўрди ва унда шунга яраша дунёқараши шаклланди. Уларнинг айтганлари шунчаки ҳавога учувчи орзулар эмас. Айнан шу орзулар уларнинг ҳаёт йўлларини белгилайди. Қобил фарзанд - ота-онаси учун мисли гавҳар бўлса, ноқобил фарзанд улар бўйнини бўғиб турувчи мисли илондир, дейдилар. Унинг гавҳар ёки илон бўлмоғи бизнинг тилимиздан учувчи сўзларнинг маънисига, босажак қадамимизнинг пок ёки нопоклигига боғлиқ.
Донолар дерларким: «Фарзанд - ота-она учун жондир. Борди-ю, фарзанд ноқобил бўлса - озори жондир. Ёмон фарзанд ота-она учун бадандаги оғриқ бармоқдир. Кесиб ташласа оғрир, кесмаса яна бир балодир. Фарзанд ота-она кўзининг меҳргиёси бўлса ҳам, ноқобили хас-хашак билан баробардир. Демишларким, агар фарзанд ёмон йўлга кирса, ундай фарзанднинг боридан йўғи яхшидир. Бирон аъзони илон чақиб олса, ўша ер кесиб олиб ташланмаса, одам ўлим топади...»
Албатта, донолар фикри анчайин қатъий ва аёвсиз кўринади. Лекин начора? Ота ёки она жуда камдан кам ҳолларда фарзандидан воз кечади. Агар илон чаққан ерни кесиб ташламоқ фикрини бугунги кун тилига ўгирсак - ёмонликни касб этган фарзанднинг қамоққа ҳукм қилиниши ёки бевақт ўлим топиши бўлиб чиқар? Ҳар нима бўлганда ҳам бундан Аллоҳнинг ўзи асрасин!
Тоҳир Малик
Кўп манзур бўлган мақолалар
- Оилали фоҳишалар
- Эр-хотин ўртасида муҳаббатни кучайтириш учун 10 та восита
- Хар дарднинг шифоси бор
- Жинсий қарамлик (шаҳватпарастлик)
- Зинонинг “замонавий” тури
- Эр ўз аёлидан зерикканлигининг аломатлари
- Рамазонда хотини билан қўшилишлик
- «Мен ичмайман» дейсизми?
- «Сен буюк ялқов бўлиб етишасан!»
- Mаданий ҳордиқдаги маданиятсизлик
Ҳозир сайтимизда 220 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ
Оила, никоҳ, талоқ (фатволар)
- Ота-онамни бориб кўришдан тўсишга эримнинг ҳаққи борми?
- Аёл кишининг машина ҳайдаши
- Ажраш ҳуқуқи хотинга ҳам бериладими?
- Аёлларга тааллуқли масалалар
- Аёлларнинг қабристонга бориши
- Аёлларни эркакларга ўхшаб намоз ўқиши
- Сафар қилиш
- Махсус кунларда Қуръон ушлаш, тиловат қилиш ҳақида
- Етимни фарзандликка олса бўладими?
- Аёлларга қўйиладиган тақиқлар
- Депиляция
- Иккинчи турмуш
- Кўз зиносидан эркаклар қандай сақланади?
- Аёл киши телевидениеда журналист бўлиши, кўрсатувлар олиб бориши мумкинми?!
- Сочи узун эркаклар ва сочи калта қизлар